Пенсия ешига етган ва имтиезли пенсия олиш ҳуқуқига эга бўлган ходим билан Меҳнат кодекснинг 100 моддаси 7 банди асосида меҳнат шартномасини бекор қилишнинг қонунийлиги

Саволнинг ID си: 2080
Иш берувчи ходим 50 ёшда имтиёзли пенсия олиш хукукига эга булганда ходимни МКни 100 модда 7 бандига асосан ишдан бушатиши мумкинми?
Экспертларнинг жавоблари:

- Сизнинг ҳолатингизда қонун ҳужжатларида саволингизга аниқ жавоб мавжуд эмас, бироқ Иш берувчи 50 ёшга тўлган ва имтиёзли пенсия олиш ҳуқуқига эга бўлган ходим билан меҳнат шартномасини Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодекси 100-моддаси иккинчи қисмининг 7-бандига асосан бекор қилишга ҳақли эмас деб ҳисоблаймиз.

Меҳнат кодекси 100-моддасининг биринчи қисмига кўра номуайян муддатга тузилган меҳнат шартномасини ҳам, муддати тугагунга қадар муддатли меҳнат шартномасини ҳам иш берувчининг ташаббуси билан бекор қилиш асосли бўлиши шарт.

Меҳнат кодекси 100-моддаси иккинчи қисмининг 7-бандига кўра меҳнат шартномасини бекор қилишнинг асослилигини ходимнинг пенсия ёшига тўлганлиги, қонун ҳужжатларига мувофиқ ёшга доир давлат пенсиясини олиш ҳуқуқи мавжуд бўлганда юзага келади.

3.09.1993 йилдаги 938-XII-сон “Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида”ги Қонун билан белгиланишича, ёшга доир пенсия олиш ҳуқуқига:

эркаклар - 60 ёшга тўлганда ва иш стажлари камида 25 йил бўлган тақдирда;

аёллар - 55 ёшга тўлганда ва иш стажлари камида 20 йил бўлган тақдирда эга бўладилар. Вазирлар Маҳкамаси тасдиқлайдиган рўйхатларга мувофиқ фуқароларнинг айрим тоифалари имтиёзли шартларда пенсия олиш ҳуқуқига эга бўладилар (938-XII-сон қонуннинг 9-моддаси биринчи қисми). Мазкур меъёр талқинидан келиб чиқилганда, пенсияга имтиёзли шартларда чиқиш фуқаролар алоҳида тоифасининг имтиёзидир. Бироқ бу ҳол иш берувчига пенсияга имтиёзли шартларда чиқиш ҳуқуқиша эга бўлган ходим билан меҳнат шартномасини бекор қилиш ҳуқуқини бермайди. Мазкур ҳолда қонун чиқарувчи ходимнинг манфаатларини ҳимоя қилиб, унга меҳнат шароитларини ҳисобга олган ҳолда қонуний дам олишга муддатдан аввал чиқиш ҳуқуқини беради. Иш берувчида ходим билан меҳнат муносабатларини у умумбелгиланган пенсия ёшига тўлганда Меҳнат кодекси 100-моддаси иккинчи қисмининг 7-бандига кўра бекор қилиш ҳуқуқи пайдо бўлади.

Ҳақиқатан ҳам, Меҳнат кодекси 100-моддаси иккинчи қисмининг 7-бандида ҳам кўрсатилишича, иш берувчи ходим билан меҳнат шартномасини ходимнинг пенсия ёшига тўлганлиги, қонун ҳужжатларига мувофиқ ёшга доир давлат пенсиясини олиш ҳуқуқи мавжуд бўлганда бекор қилиш ҳуқуқига эгадир. Имтиёзли шартлардаги пенсия ҳам ходимнинг ҳуқуқи ҳисобланади ва унга муайян ёшга тўлганда, тегишли стаж мавжуд бўлганда, берилади. Бироқ Меҳнат кодексида 938-II-сон қонуннинг 7-моддасида кўрсатилган умумбелгиланган ёш назарда тутилади.

 Қонун ижодкорлари томонидан Меҳнат кодексига юқорида унинг кўрсатилган меъёрини икки хил тушунишга ва ходимларнинг ҳуқуқларини камситишга йўл қўймаслик учун тегишли аниқлаштириш киритишлари мақсадга мувофиқ деб ҳисоблаймиз.

Экспертларнинг жавоблари уларнинг фикрларини акс эттиради ва Сиз мустақил қарор қабул қилишингиз учун ахборот асосини яратади. Ушбу сервисдан фойдаланишда Сиз сайт орқали савол бера туриб, уларга рози бўлган қоидаларга амал қилинади. Барча савол ва жавобларни эркин кўриш мумкин.
Жавоблар улар эълон қилинган санада долзарб ҳисобланади.