Саволнинг ID си: 21183
Корхонада ходимларга штат жадвалида белгиланган тариф разрядлари бўйича меҳнатга ҳақ тўланади. Иш берувчи томонидан айрим мутахассисларга иш ҳажми ортганлиги сабабли қўшимча равишда устама тўланиши белгиланган. Устама миқдори ва унинг тўланиши ходим билан тузилган меҳнат шартномасига қўшимча келишув тарзида расмийлаштирилган.
Ходимга устама тўлаш бўйича корхона раҳбарининг буйруғи чиқариладими ёки ушбу қўшимча келишув хисобчи учун тўловни амалга оширишга асос бўла оладими?
Экспертларнинг жавоблари:

Аввало, таъкидлаш жоизки, устама  ва қўшимча ҳақнинг  фарқи бор.

Устама касбий маҳорат, мураббийлик, оғир, зарарли меҳнат шароитларида ишлаганлик учун, узлуксиз иш стажи, илмий даража ва ҳ.к. учун тўланадиган тўловлардир.

Қўшимча ҳақ касблар ва лавозимларда бир неча касб ва лавозим асосида ишлаганлик, хизмат кўрсатиш зонасини кенгайтирганлик, ишлар ҳажмини кўпайтирганлик учун тўланади (ВМнинг 2012 йил 18 октябрдаги 297-сон қарори билан тасдиқланган Низомнинг 23-б.).

Шунга кўра, иш ҳажми ортганлиги сабабли устама эмас, балки қўшимча ҳақ тўланади.

Агар қўшимча ҳақнинг аниқ миқдори, уни тўлаш шартлари ва муддатлари меҳнат шартномасига қўшимча келишувда белгиланган бўлса, у ҳолда буйруқ чиқариш шарт эмас. Агар меҳнат шартномасига қўшимча келишувда қўшимча ҳақ миқдори ва унинг тўланиши белгиланган бўлса-ю, лекин уни тўлаш шартлари кўрсатилмаган бўлса, у ҳолда буйруқ чиқариш лозим бўлади.

Экспертларнинг жавоблари уларнинг фикрларини акс эттиради ва Сиз мустақил қарор қабул қилишингиз учун ахборот асосини яратади. Ушбу сервисдан фойдаланишда Сиз сайт орқали савол бера туриб, уларга рози бўлган қоидаларга амал қилинади. Барча савол ва жавобларни эркин кўриш мумкин.
Жавоблар улар эълон қилинган санада долзарб ҳисобланади.