Законодательство
ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

Ўзбекистон Республикасининг 12.05.2021 й. ЎРҚ-690-сон "Психиатрия ёрдами тўғрисида"ги Қонуни (Қонунчилик палатаси томонидан 03.03.2021 й. қабул қилинган, Сенат томонидан 23.04.2021 й. маъқулланган)

Текст документа с комментариями экспертов доступен пользователям платного тарифа на сайте nrm.uz

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ

ҚОНУНИ

12.05.2021 й.

N ЎРҚ-690



ПСИХИАТРИЯ ЁРДАМИ ТЎҒРИСИДА


Қонунчилик палатаси томонидан 2021 йил 3 мартда қабул қилинган

Сенат томонидан 2021 йил 23 апрелда маъқулланган


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1-модда. Ушбу Қонуннинг мақсади


Ушбу Қонуннинг мақсади психиатрия ёрдами кўрсатиш соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат.



2-модда. Психиатрия ёрдами тўғрисидаги қонунчилик


Психиатрия ёрдами тўғрисидаги қонунчилик ушбу Қонун ва бошқа қонунчилик ҳужжатларидан иборатдир.

Агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасида Ўзбекистон Республикасининг психиатрия ёрдами тўғрисидаги қонунчилигида назарда тутилганидан бошқача қоидалар белгиланган бўлса, халқаро шартнома қоидалари қўлланилади.



3-модда. Асосий тушунчалар


Ушбу Қонунда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:


маълумотларни билган ҳолда тиббий аралашувга ихтиёрий равишда розилик бериш - ўз соғлиғининг ҳолати, руҳий ҳолати бузилганлигининг хусусияти ҳақидаги ҳамда касаллик ривожланишининг эҳтимолдаги прогнози, психиатрия ёрдами кўрсатиш мақсади, тартиби ва давом этиш муддати, ташхис қўйиш, даволаш усуллари ҳамда мазкур ёрдамни кўрсатиш жараёнида қўлланилиши мумкин бўлган дори воситалари, уларнинг ножўя таъсирлари ҳақида тушунарли тарзда тақдим этиладиган ахборотни англаб етишга лаёқатли бўлган шахс томонидан ёзма шаклда ифодаланган ихтиёрий розилик ёки унинг қонуний вакилининг ёзма розилиги;


психиатрия ёрдами - шахсларнинг руҳий соғлиғи ҳолатини текширувдан ўтказишга, руҳий ҳолатнинг бузилишларини профилактика қилишга, уларга ташхис қўйишга, руҳий ҳолати бузилган шахсларни даволаш, парваришлаш ва тиббий-ижтимоий жиҳатдан реабилитация қилишга қаратилган махсус тадбирлар мажмуи;


психиатрия муассасаси - асосий вазифаси психиатрия ёрдами кўрсатишдан иборат бўлган тиббиёт муассасаси;


руҳий ҳолатнинг бузилиши - шахс руҳий ҳолатининг Ўзбекистон Республикасида амалда бўлган Халқаро касалликлар таснифига мувофиқ тан олинган ўзгариши;


шифокор-психиатрлар комиссияси - соғлиқни сақлашни бошқариш органи томонидан тузилган, психиатрия ёрдами кўрсатиш билан боғлиқ масалалар юзасидан коллегиал равишда қарорлар қабул қилувчи уч нафар ёки ундан ортиқ шифокор-психиатрдан иборат бўлган комиссия;


қонуний вакиллар - ота-оналар (фарзандликка олувчилар), васийлар ёки руҳий ҳолати бузилган шахсларнинг манфаатларини ифода этишга, уларга психиатрия ёрдами кўрсатишда уларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари ҳимоя қилинишини амалга оширишга ваколатли бўлган бошқа шахслар.



4-модда. Ушбу Қонуннинг қўлланилиш соҳаси


Ушбу Қонуннинг амал қилиши Ўзбекистон Республикаси фуқароларига психиатрия ёрдами кўрсатишда уларга нисбатан, шунингдек Ўзбекистон Республикаси ҳудудида психиатрия ёрдами кўрсатишда иштирок этувчи юридик ва жисмоний шахсларга нисбатан татбиқ этилади.

Ўзбекистон Республикаси ҳудудида турган чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар ўзларига психиатрия ёрдами кўрсатилишида ушбу Қонунда белгиланган барча ҳуқуқлардан Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари билан тенг равишда фойдаланади.



5-модда. Психиатрия ёрдами кўрсатишнинг асосий принциплари


Психиатрия ёрдами кўрсатишнинг асосий принциплари қонунийлик, ижтимоий ҳимояланганлик, инсонпарварлик, инсон ҳуқуқлари ва эркинликларига риоя этиш, ахборотнинг махфийлигидан иборатдир.



6-модда. Психиатрия ёрдами кўрсатиш ва ижтимоий

ҳимоя қилиш кафолатлари


Давлат томонидан қуйидагилар кафолатланади:

давлат тиббиёт муассасаларида бирламчи тиббий-санитария ёрдами, ихтисослаштирилган тиббий ёрдам, тез ёрдам, шу жумладан ихтисослаштирилган тиббий тез ёрдам кўрсатиш чоғидаги бепул психиатрия ёрдами;

қонунчиликка мувофиқ барча турдаги психиатрия экспертизаларини ўтказиш;

тиббий-ижтимоий экспертиза комиссиясининг тегишли хулосаси мавжуд бўлган тақдирда, руҳий ҳолати бузилган шахсларга ижтимоий-маиший ёрдам кўрсатиш ва уларни ишга жойлаштиришга кўмаклашиш;

руҳий ҳолати бузилган шахсларнинг васийлик масалаларини ҳал қилиш;

психиатрия ёрдами кўрсатувчи тиббиёт муассасаларида, руҳий ҳолати бузилган шахслар учун мўлжалланган тиббий-ижтимоий муассасаларда ҳуқуқий масалалар бўйича маслаҳатлар бериш ва юридик ёрдамнинг бошқа турлари;

фавқулодда вазиятлар чоғидаги психиатрия ёрдами.

Руҳий ҳолати бузилган шахсларни психиатрия ёрдами билан таъминлаш ва ижтимоий жиҳатдан ҳимоя қилиш учун давлат:

психиатрия ёрдами кўрсатувчи барча турдаги муассасаларни, имконияти борича, руҳий ҳолати бузилган шахсларнинг яшаш жойида барпо этади;

руҳий ҳолати бузилган вояга етмаган шахсларнинг давлат ихтисослаштирилган таълим муассасаларида, умумий ўрта ва ўрта махсус таълим ташкилотларида таълим олишини ташкил этади;

руҳий ҳолати бузилган шахсларни реабилитация қилиш ва жамиятга қайта интеграция қилиш мақсадида улар учун мослаштирилган ишлаб чиқариш жараёнини ташкил этган ҳолда, психиатрия муассасалари ҳудудида меҳнат терапияси, янги касб-ҳунарларга ўқитиш ва руҳий ҳолати бузилган шахсларни, шу жумладан ногиронлиги бўлган шахсларни ишга жойлаштириш учун давлат-хусусий шериклик шартлари асосида даволаш-ишлаб чиқариш корхоналарини барпо этади;

руҳий ҳолати бузилган шахсларни ишга жойлаштирувчи корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар учун иқтисодий рағбатлантириш (имтиёзлар, преференциялар бериш ва бошқалар) усулларини қўллайди;

руҳий ҳолати бузилган шахсларни ижтимоий жиҳатдан ҳимоя қилиш учун зарур бўлган бошқа чораларни кўради.

Руҳий ҳолати бузилган шахсларни ижтимоий жиҳатдан ҳимоя қилиш давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, шунингдек фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари томонидан қонунчиликка мувофиқ уларга берилган ваколатлар доирасида амалга оширилади.

Психиатрия ёрдами кўрсатишни молиялаштириш "Соғлиқни сақлаш" соҳасига ажратиладиган бюджет маблағлари доирасида, психиатрия ёрдами кўрсатиш учун давлат томонидан кафолатланган ҳажмда Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.



7-модда. Психиатрия ёрдами сўраб мурожаат

этишнинг ихтиёрийлиги


Психиатрия ёрдами шахс ихтиёрий равишда мурожаат этган ва унинг маълумотларни билган ҳолда тиббий аралашувга ихтиёрий розилиги мавжуд бўлган тақдирда кўрсатилади, бундан ушбу Қонунда назарда тутилган ҳоллар мустасно.

Психиатрия ёрдами вояга етмаган шахсга ота-онасидан бирининг ёки бошқа қонуний вакилининг маълумотларни билган ҳолда тиббий аралашувга ихтиёрий розилиги мавжуд бўлган тақдирда, суд томонидан муомалага лаёқатсиз деб топилган шахсга эса унинг қонуний вакилининг маълумотларни билган ҳолда тиббий аралашувга ихтиёрий розилиги мавжуд бўлган тақдирда кўрсатилади.



8-модда. Руҳий ҳолати бузилган шахсларнинг ҳуқуқлари


Руҳий ҳолати бузилган шахслар Ўзбекистон Республикаси Конституциясида, қонунларида назарда тутилган фуқароларнинг барча ҳуқуқлари ва эркинликларига эгадир.

Руҳий ҳолати бузилган шахслар ўзларига психиатрия ёрдами кўрсатилаётганда қуйидаги ҳуқуқларга эга бўлади:

ўз шаъни ва қадр-қиммати камситилишини истисно этадиган тарзда ҳурмат билан ва инсоний муносабатда бўлинишини;

ўз ҳуқуқлари тўғрисидаги ахборотни, шунингдек ўзининг руҳий ҳолати инобатга олинган ҳолда ўзида мавжуд бўлган руҳий ҳолати бузилишининг хусусияти ва қўлланилаётган даволаш усуллари ҳақидаги ахборотни ўзи учун тушунарли шаклда, ўз вақтида ҳамда тўлиқ олиш;

психиатрия ёрдамини энг кам чекловли шароитларда, имкони борича, яшаш жойида олиш;

стационар шароитларда психиатрия ёрдами кўрсатадиган тиббиёт муассасасида фақат психиатрия ёрдами кўрсатиш учун зарур бўлган муддат мобайнида бўлиш;

тиббий кўрсатмалар бўйича даволашнинг барча турларидан фойдаланиш (шу жумладан санаторий-курортда даволаниш);

психиатрия ёрдамини санитария-гигиена талабларига жавоб берадиган шароитларда олиш;

профилактика, ташхис қўйиш, даволаш ва тиббий жиҳатдан реабилитация қилиш усулларининг, дори воситаларининг ҳамда тиббий буюмларнинг, махсус шифобахш озиқ-овқат маҳсулотларининг, илмий тадқиқотларнинг ёки ўқувнинг синовлар объекти сифатида фойдаланилишга, шунингдек фото-, видео- ёки кинотасвирга олишга маълумотларни билган ҳолда ихтиёрий равишда розилик бериш ёки уларни рад этиш, шу жумладан тиббий аралашувнинг исталган босқичида рад этиш;

ушбу Қонун билан тартибга солинадиган масалалар юзасидан исталган шифокор-психиатрни шифокор-психиатрлар комиссиясида ишлаш учун ўз розилиги билан таклиф этиш;

адвокатдан ёки қонуний вакилдан ёрдам олиш.

Руҳий ҳолати бузилган шахслар ўзига психиатрия ёрдами кўрсатилаётганида қонунчиликка мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.

Руҳий ҳолати бузилган шахсларнинг ҳуқуқлари ва эркинликларини чеклашга фақат қонунда назарда тутилган ҳолларда йўл қўйилади. Руҳий ҳолати бузилган шахсларнинг ҳуқуқлари ва эркинликларини фақат психиатрия ташхисига, диспансер кузатувида, психиатрия стационарида ёхуд тиббий-ижтимоий муассасада ёки давлат ихтисослаштирилган таълим муассасасида турганлик фактига асосланиб чеклашга йўл қўйилмайди, бундан қонунда назарда тутилган ҳоллар мустасно.

Руҳий ҳолати бузилган шахсларнинг ҳуқуқлари ва эркинликларини қонунга хилоф равишда чеклаганликда айбдор бўлган мансабдор шахслар қонунга мувофиқ жавобгар бўлади.



9-модда. Касбга доир фаолиятнинг ва ўта хавфли

манба билан боғлиқ фаолиятнинг айрим

турларини бажаришдаги чекловлар


Мажбурий психиатрия текширувидан ўтказиш натижаларига кўра шахс руҳий ҳолати бузилганлиги оқибатида касбга доир фаолиятнинг ва ўта хавфли манба билан боғлиқ фаолиятнинг айрим турларини бажаришга вақтинча (кўпи билан беш йил муддатга ва кейин қайта текширувдан ўтиш ҳуқуқи билан) яроқсиз деб топилиши мумкин.

Шахсни касбга доир фаолиятнинг ва ўта хавфли манба билан боғлиқ фаолиятнинг айрим турларини бажаришга вақтинча яроқсиз деб топиш тўғрисидаги қарор шахснинг руҳий соғлиғи ҳолатини тиббий қарши кўрсатмалар рўйхатига мувофиқ баҳолаш асосида шифокор-психиатрлар комиссияси томонидан қабул қилинади ва қарор устидан судга шикоят қилиниши мумкин.

Касбга доир фаолиятнинг ва ўта хавфли манба билан боғлиқ фаолиятнинг айрим турларини амалга ошириш учун тиббий қарши кўрсатмалар рўйхати Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланади ҳамда тўпланган тажриба ва илмий ютуқлар ҳисобга олинган ҳолда вақти-вақти билан қайта кўриб чиқилади.



10-модда. Психиатрия ёрдами кўрсатилаётган шахсларнинг

ҳуқуқларини ва қонуний манфаатларини ифодалаш


Шахс психиатрия ёрдами кўрсатилаётганда ўз ҳуқуқларини ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш учун ўз хоҳишига кўра вакилни таклиф этишга ҳақли. Вакилликни расмийлаштириш қонунчиликда белгиланган тартибда амалга оширилади.

Суд томонидан муомалага лаёқатсиз деб топилган шахсга психиатрия ёрдами кўрсатишда унинг ҳуқуқларини ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишни васий, вояга етмаган шахснинг ҳуқуқларини ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишни эса ота-онасидан бири ёки бошқа қонуний вакили амалга оширади.

Шахсга психиатрия ёрдами кўрсатишда унинг ҳуқуқларини ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишни бепул юридик ёрдам тарзида адвокат, шунингдек бепул юридик ёрдам кўрсатишга ваколатли бўлган бошқа шахс амалга ошириши мумкин.

Шахслар психиатрия ёрдамини олаётганда "Давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатиш тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига мувофиқ давлат ҳисобидан юридик ёрдам олиш ҳуқуқига эга.

Психиатрия муассасаси адвокат таклиф этиш имкониятини таъминлайди, бундан ушбу Қонун 24-моддасининг еттинчи қисмида ва 31-моддасида назарда тутилган ҳоллар мустасно.



11-модда. Шахснинг руҳий соғлиғи ҳолати тўғрисидаги

маълумотларни тақдим этиш ҳақидаги талабни тақиқлаш


Шахс ўз ҳуқуқлари ва эркинликларини рўёбга чиқараётганда унинг руҳий соғлиғининг ҳолати тўғрисидаги маълумотларни учинчи шахслар томонидан тақдим этишни ёхуд унинг шифокор-психиатр текширувидан ўтишини талаб қилиш тақиқланади, бундан қонунда белгиланган ҳоллар мустасно.



12-модда. Психиатрия ёрдами кўрсатишда

шифокор сирини сақлаш


Шахсда руҳий ҳолатнинг бузилиши мавжудлиги, у психиатрия ёрдами учун мурожаат этганлиги фактлари тўғрисидаги маълумотлар, шунингдек унинг руҳий соғлиғининг ҳолати ҳақидаги бошқа маълумотлар қонун билан қўриқланадиган шифокор сири ҳисобланади.

Руҳий ҳолати бузилган шахснинг ҳуқуқларини ва қонуний манфаатларини рўёбга чиқариш учун унинг илтимосига ёхуд қонуний вакилининг илтимосига биноан унга ва унинг қонуний вакилига мазкур шахс руҳий соғлиғининг ҳолати ҳақида ҳамда унга кўрсатилган психиатрия ёрдами тўғрисида тушунарли шаклда ва руҳий ҳолати бузилган шахснинг руҳий ҳолатини ҳисобга олган ҳолда маълумотлар тақдим этилади.



13-модда. Руҳий ҳолати бузилган шахсларга ташхис

қўйиш, уларни даволаш ва реабилитация қилиш


Руҳий ҳолатнинг бузилганлиги ташхиси умумэътироф этилган халқаро стандартлар ва таснифларга мувофиқ қўйилади ҳамда шахснинг жамиятда қабул қилинган ахлоқий, маданий, сиёсий ва диний қадриятларни рад этишига ёхуд унинг руҳий соғлиғи ҳолатига бевосита боғлиқ бўлмаган бошқа сабабларга асосланиши мумкин эмас.

Руҳий ҳолати бузилган шахсга ташхис қўйиш, уни даволаш ва реабилитация қилиш учун қонунчилик билан рухсат этилган усуллар, шунингдек белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказилган дори воситалари ҳамда тиббий буюмлар қўлланилади.

Ташхис қўйиш, даволаш ва реабилитация қилиш усуллари, шунингдек дори воситалари ҳамда тиббий буюмлар хасталикнинг хусусиятига мувофиқ фақат ташхис қўйиш, даволаш ва реабилитация қилиш мақсадида қўлланилади ҳамда улардан руҳий ҳолати бузилган шахсни жазолаш ёки бошқа мақсадлар учун фойдаланилмаслиги керак.



14-модда. Маълумотларни билган ҳолда тиббий

аралашувга ихтиёрий равишда розилик бериш


Руҳий ҳолати бузилган шахсга нисбатан тиббий аралашув унинг маълумотларни билган ҳолда ихтиёрий розилиги мавжуд бўлганда амалга оширилади, бундан ушбу модданинг бешинчи қисмида назарда тутилган ҳоллар мустасно.

Шифокор-психиатр руҳий ҳолати бузилган шахсга унинг руҳий ҳолатининг хусусияти, тавсия этилаётган даволашнинг мақсади, усуллари, шу жумладан муқобил усуллари ва даволашнинг давомийлиги ҳақида, шунингдек эҳтимол тутилган хавф, ножўя таъсирлар ва кутилаётган натижалар тўғрисида тушунарли шаклда ва унинг руҳий ҳолатини ҳисобга олган ҳолда ахборот тақдим этиши шарт. Шифокор-психиатр тақдим этилган ахборот тўғрисида тиббий ҳужжатларга ёзиб қўяди.

Вояга етмаган шахсга нисбатан маълумотларни билган ҳолда тиббий аралашувга ихтиёрий розиликни ушбу модданинг иккинчи қисмида назарда тутилган маълумотлар шундай розиликни берадиган шахсга маълум қилинганидан кейин ота-онасидан бири ёки бошқа қонуний вакили беради, суд томонидан муомалага лаёқатсиз деб топилган шахсга нисбатан эса унинг қонуний вакили розилик беради.

Суд томонидан муомалага лаёқатсиз деб топилган шахснинг қонуний вакили маълумотларни билган ҳолда тиббий аралашувга ихтиёрий равишда розилик берганлиги ҳақида васийлигидаги шахснинг яшаш жойидаги васийлик ва ҳомийлик органини хабардор қилади.

Руҳий ҳолати бузилган шахснинг ёки унинг қонуний вакилининг маълумотларни билган ҳолда тиббий аралашувга ихтиёрий розилигисиз даволаш фақат тиббий йўсиндаги мажбурлов чораларини қўллаш чоғида, шунингдек психиатрия муассасасига ғайриихтиёрий тартибда ётқизилганда амалга оширилиши мумкин.

Ушбу модданинг бешинчи қисмида кўрсатилган шахсларга нисбатан руҳий ҳолат бузилишларини даволаш учун асл ҳолига қайтариб бўлмайдиган оқибатларни келтириб чиқарадиган жарроҳлик усулларини ҳамда бошқа усулларни қўллашга, шунингдек уларда профилактика, ташхис қўйиш, даволаш ва тиббий реабилитация қилиш усуллари, тиббиёт учун мўлжалланган дори воситалари ва буюмлари, махсус шифобахш озиқ-овқат маҳсулотлари синовларини ўтказишга йўл қўйилмайди.



15-модда. Даволанишни рад қилиш


Руҳий ҳолати бузилган шахс, руҳий ҳолати бузилган вояга етмаган шахснинг ота-онасидан бири ёки бошқа қонуний вакили, суд томонидан муомалага лаёқатсиз деб топилган шахснинг қонуний вакили таклиф этилаётган даволанишни рад қилиш ёки уни тугатишни талаб қилиш ҳуқуқига эга, бундан тиббий йўсиндаги мажбурлов чоралари қўлланилган ёхуд психиатрия муассасасига ғайриихтиёрий тартибда ётқизилган ҳоллар мустасно.

Суд томонидан муомалага лаёқатсиз деб топилган шахснинг қонуний вакили даволанишни рад қилиш ёки уни тугатиш тўғрисида даволаниш рад этилган ёхуд тугатилган куннинг эртасидан кечиктирмай ўз васийлиги остидаги шахснинг яшаш жойидаги васийлик ва ҳомийлик органини хабардор қилади.

Даволанишни рад этган шахсга ёки унинг қонуний вакилига бундай рад этишнинг ёхуд даволанишни тугатишнинг эҳтимол тутилган оқибатлари тушунтирилиши керак. Даволанишни рад этиш, рад этиш кунида тиббий ҳужжатга эҳтимол тутилган оқибатлар тўғрисидаги маълумотлар кўрсатилган ҳолда ёзиб қўйиш орқали ва даволанишни рад этган шахснинг ёки унинг қонуний вакилининг, шунингдек шифокор-психиатрнинг имзоси билан расмийлаштирилади.



16-модда. Тиббий йўсиндаги мажбурлов чоралари


Руҳий ҳолати бузилган шахсларга нисбатан тиббий йўсиндаги мажбурлов чоралари Ўзбекистон Республикасининг Жиноят, Жиноят-процессуал ва Жиноят-ижроия кодексларида назарда тутилган асослар бўйича ҳамда тартибда суднинг қарорига кўра қўлланилади.

Руҳий ҳолати бузилган шахсларга нисбатан тиббий йўсиндаги мажбурлов чоралари Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги тизимининг психиатрия муассасалари томонидан, озодликдан маҳрум этиш тарзидаги жазога ҳукм қилинган шахсларга нисбатан эса ички ишлар органларининг жазони ўташ жойидаги тиббиёт муассасалари томонидан қўлланилади.

Ўзига нисбатан тиббий йўсиндаги мажбурлов чоралари қўлланилган Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги тизимининг психиатрия муассасаларида турган шахслар психиатрия стационарида турган руҳий ҳолати бузилган шахсларнинг ҳуқуқларидан фойдаланади.

Ўзига нисбатан тиббий йўсиндаги мажбурлов чоралари қўлланилган Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги тизимининг психиатрия муассасаларида турган шахслар мазкур муассасада бўладиган бутун даврда меҳнатга лаёқатсиз деб топилади ва шифокор-психиатр ҳузурида мажбурий амбулатория кузатувида ва даволанишда турган шахслар билан тенг равишда давлат ижтимоий суғуртаси бўйича нафақа олиш ёки умумий асосларда пенсия олиш ҳуқуқига эга.



17-модда. Суд-психиатрия экспертизаси


Жиноят, фуқаролик ишлари ва маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишлар бўйича суд-психиатрия экспертизаси қонунчиликда назарда тутилган асосларга кўра ҳамда тартибда амалга оширилади.



18-модда. Шахснинг ҳарбий хизматга яроқлилиги

тўғрисидаги масалани ҳал қилиш чоғида

психиатрия текширувини ўтказиш


Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлигининг, Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардиясининг, Ўзбекистон Республикаси Президенти Давлат хавфсизлик хизматининг, Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизматининг, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг ҳарбий хизматчиси сифатида шахснинг, шу жумладан ички ишлар органлари, Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, хизмат фаолияти ҳақиқий ҳарбий хизматга тенглаштириладиган бошқа вазирликлар ва идораларнинг бошлиқлар ҳамда оддий аскарлар таркибидан бўлган шахсларнинг ўз руҳий соғлиғининг ҳолатига кўра ҳарбий хизматга яроқлилиги тўғрисидаги масалани ҳал қилиш чоғида амбулатор ва стационар шароитларда психиатрия текширувидан ўтказиш асослари ҳамда тартиби ушбу Қонун ҳамда Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларида тинчлик ва уруш даврида тиббий кўрикдан ўтказиш тўғрисидаги низом билан белгиланади.



2-БОБ. ПСИХИАТРИЯ ЁРДАМИ КЎРСАТУВЧИ

МУАССАСАЛАР ВА ШАХСЛАР. ТИББИЁТ

ХОДИМЛАРИНИНГ ҲАМДА БОШҚА

МУТАХАССИСЛАРНИНГ ҲУҚУҚ

ВА МАЖБУРИЯТЛАРИ


19-модда. Психиатрия ёрдами кўрсатувчи муассасалар


Психиатрия ёрдамини психиатрия муассасалари, давлат ва хусусий тиббиёт муассасалари, руҳий ҳолати бузилган шахслар учун мўлжалланган тиббий-ижтимоий муассасалар кўрсатади.

Руҳий ҳолатнинг бузилишига ташхис қўйиш, уни даволаш ва реабилитация қилиш бўйича хусусий тиббиёт муассасалари томонидан кўрсатиладиган хизматлар рўйхати Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан тасдиқланади.

Психиатрия ёрдамининг турлари юридик шахсларнинг таъсис ҳужжатларида кўрсатилади. Давлат ва хусусий тиббиёт муассасалари, руҳий ҳолати бузилган шахслар учун мўлжалланган тиббий-ижтимоий муассасалар томонидан кўрсатиладиган психиатрия ёрдамининг турлари ҳақидаги ахборот фуқаролар учун очиқ бўлиши керак.



20-модда. Психиатрия ёрдами кўрсатиш бўйича

фаолият билан шуғулланиш ҳуқуқи


Махсус олий тиббий маълумотга эга бўлган тиббиёт ходимлари (шифокор-психиатр, тиббий психолог ва психотерапевт) психиатрия ёрдами кўрсатиш бўйича шифокорлик фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқига эга. Психиатрия ёрдами кўрсатишда иштирок этувчи тиббиёт ходимлари ва бошқа мутахассислар руҳий ҳолати бузилган шахслар билан ишлаш учун махсус тайёргарликдан ўтиши керак.

Юридик шахсларга "Психиатрия ёрдами" ихтисослиги бўйича тиббий фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқи учун лицензиялар бериш тартиби қонунчиликда белгиланади.

Психиатрия ёрдами кўрсатишга ихтисослашган юридик шахслар томонидан кўрсатиладиган психиатрия ёрдамининг турлари таъсис ҳужжатларида ёки лицензия талаблари ва шартларида кўрсатилади.



21-модда. Тиббиёт ходимларининг ҳамда бошқа

мутахассисларнинг психиатрия ёрдами кўрсатиш

чоғидаги ҳуқуқ ва мажбуриятлари


Руҳий ҳолатнинг бузилиши ташхисини қўйиш фақат шифокор-психиатр томонидан амалга оширилади.

Ғайриихтиёрий тартибда психиатрия ёрдами кўрсатиш зарурлиги тўғрисида қарор қабул қилиш ёхуд бу масалани кўриб чиқиш учун хулоса бериш фақат шифокор-психиатрлар комиссияси томонидан амалга оширилади.

Психиатрия ёрдами кўрсатишда иштирок этаётган тиббиёт ходимларининг ва бошқа мутахассисларнинг фаолияти касбга оид одоб-ахлоққа асосланади ҳамда қонунга мувофиқ амалга оширилади.

Бошқа ихтисосликдаги шифокорнинг шахснинг руҳий соғлиғи ҳолати тўғрисидаги хулосаси дастлабки хусусиятга эга бўлади ҳамда шахснинг ҳуқуқларини ва қонуний манфаатларини чеклаш тўғрисидаги масалани ҳал қилиш учун, шунингдек руҳий ҳолати бузилган шахслар учун қонунда назарда тутилган кафолатларни унга бериш учун асос бўлмайди.



22-модда. Шифокор-психиатрнинг психиатрия

ёрдами кўрсатиш чоғидаги мустақиллиги


Психиатрия ёрдами кўрсатиш чоғида шифокор-психиатр ўз қарорларини қабул қилишда мустақил бўлиб, у фақат тиббий кўрсатувларга, шифокорлик бурчига ва қонунга амал қилади.

Шифокор-психиатрлар комиссияси қарорига ўз фикри мос келмаган шифокор-психиатр ўзининг хулосасини беришга ҳақли бўлиб, хулоса тиббий ҳужжатларга илова қилинади.



23-модда. Психиатрия ёрдами кўрсатишда

иштирок этувчи тиббиёт ходимларига

ва бошқа ходимларга кафолатлар


Психиатрия ёрдами кўрсатишда иштирок этувчи тиббиёт ходимлари ва бошқа ходимлар қонунчиликка мувофиқ иш вақтининг қисқартирилган давомийлиги, ҳар йилги қўшимча меҳнат таътили олиш, зарарли ва (ёки) хавфли меҳнат шароитларида ишлаганлик учун умумий белгиланган ёши камайтирилган ҳолда пенсияга чиқиш ҳуқуқига эга.

Психиатрия ёрдами кўрсатишда иштирок этувчи тиббиёт ходимлари ва бошқа ходимлар иш вақтининг, ҳар йилги қўшимча меҳнат таътилининг давомийлиги, умумий белгиланган ёш камайтирилган ҳолда пенсияга чиқиш тартиби, шунингдек уларнинг махсус ҳар ойлик устамаси миқдорлари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.

Психиатрия ёрдами кўрсатишда иштирок этувчи тиббиёт ходимлари ва бошқа ходимлар ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодисалардан ҳамда касб касалликларидан қонунчиликда белгиланган тартибда давлат мажбурий ижтимоий суғуртаси қилиниши лозим.



3-БОБ. ПСИХИАТРИЯ ЁРДАМИНИНГ ТУРЛАРИ

ВА УЛАРНИ КЎРСАТИШ ТАРТИБИ


24-модда. Психиатрия текширувидан ўтказиш


Психиатрия текширувидан ўтказиш текширилаётган шахсда руҳий ҳолати бузилишининг мавжудлигини, психиатрия ёрдами кўрсатишга бўлган заруриятни аниқлаш, шунингдек бундай ёрдам тури ҳақидаги масалани ҳал қилиш учун амалга оширилади.

Психиатрия текшируви текширилаётган шахснинг маълумотларни билган ҳолда текширув ўтказилишига ихтиёрий розилиги мавжуд бўлган тақдирда амалга оширилади.

Вояга етмаган шахсни психиатрия текширувидан ўтказиш ота-онасидан бирининг ёхуд бошқа қонуний вакилининг ушбу текширувни ўтказишга маълумотларни билган ҳолда ихтиёрий розилиги мавжуд бўлганда, суд томонидан муомалага лаёқатсиз деб топилган шахсга нисбатан эса, бундай шахс қонуний вакилининг маълумотларни билган ҳолда психиатрия текшируви ўтказилишига ихтиёрий розилиги мавжуд бўлганда амалга оширилади.

Ота-онасидан бири рози бўлмаган ёхуд ота-онаси ёки бошқа қонуний вакили мавжуд бўлмаган тақдирда вояга етмаган шахсни психиатрия текширувидан ўтказиш васийлик ва ҳомийлик органининг қарорига биноан амалга оширилади, қарор устидан судга шикоят қилиниши мумкин.

Суд томонидан муомалага лаёқатсиз деб топилган шахснинг қонуний вакили васийлигидаги шахсни психиатрия текширувидан ўтказиш учун маълумотларни билган ҳолда ихтиёрий равишда розилик берганлиги ҳақида васийлигидаги шахснинг яшаш жойидаги васийлик ва ҳомийлик органини хабардор қилади.

Психиатрия текширувини ўтказувчи шифокор-психиатр текширилаётган шахсга ва унинг қонуний вакилига ўзини психиатр сифатида таништириши шарт, бундан ушбу модда еттинчи қисмининг иккинчи хатбошисида назарда тутилган ҳоллар мустасно.

Мавжуд маълумотларга кўра, текширилаётган шахс унда оғир руҳий ҳолатнинг қуйидагилар билан боғлиқ бузилиши мавжуд деб тахмин қилиш учун асос бўладиган ҳаракатларни содир этган ҳолларда, шахсни психиатрия текширувидан ўтказиш ушбу шахснинг маълумотларни билган ҳолдаги ихтиёрий розилигисиз ёки қонуний вакилнинг маълумотларни билган ҳолдаги ихтиёрий розилигисиз амалга оширилиши мумкин:

унинг ўзи учун ёки атрофдагилар учун бевосита хавф солиши;

унинг ёрдамга муҳтожлиги, яъни асосий ҳаётий эҳтиёжларини мустақил равишда қаноатлантиришга лаёқатсизлиги;

агар шахс психиатрия ёрдами кўрсатилмасдан қолдирилгудек бўлса, руҳий ҳолати ёмонлашуви туфайли унинг соғлиғига жиддий зарар етиши.

Агар текширилаётган шахс ушбу Қонун 28-моддасининг биринчи қисмида назарда тутилган асослар бўйича диспансер кузатувида турган бўлса, уни психиатрия текширувидан ўтказиш унинг маълумотларни билган ҳолдаги ихтиёрий розилигисиз ёки қонуний вакилининг маълумотларни билган ҳолдаги ихтиёрий розилигисиз амалга оширилиши мумкин.

Психиатрия текширувидан ўтказишга оид маълумотлар ва текширилаётган шахснинг руҳий соғлиғи ҳолати тўғрисидаги хулоса тиббий ҳужжатларда қайд этилиб, уларда шифокор-психиатрга мурожаат қилиш сабаблари ҳамда тиббий тавсиялар кўрсатилади.



25-модда. Шахсни ўзининг розилигисиз ёки

қонуний вакилининг розилигисиз психиатрия

текширувидан ўтказиш тартиби


Ушбу Қонун 24-моддасининг еттинчи қисми иккинчи хатбошисида ва саккизинчи қисмида назарда тутилган ҳолларда шахсни психиатрия текширувидан ўтказиш тўғрисидаги қарор шифокор-психиатр томонидан ушбу шахснинг розилигисиз ёки қонуний вакилининг розилигисиз мустақил равишда, ушбу Қонуннинг 26-моддасида назарда тутилган тартибда қабул қилинади.

Ушбу Қонун 24-моддаси еттинчи қисмининг учинчи ва тўртинчи хатбошиларида назарда тутилган ҳолларда шахсни ўзининг розилигисиз ёки қонуний вакилининг розилигисиз психиатрия текширувидан ўтказиш тўғрисидаги қарор суд томонидан чиқарилади.



26-модда. Шахсни ўзининг розилигисиз ёки қонуний

вакилининг розилигисиз психиатрия текширувидан

ўтказиш тўғрисида ариза бериш ва қарор қабул

қилиш тартиби


Шахсни ўзининг розилигисиз ёки қонуний вакилининг розилигисиз психиатрия текширувидан ўтказиш тўғрисидаги қарор шундай текширув ўтказиш учун ушбу Қонун 24-моддасининг еттинчи қисмида санаб ўтилган асослар мавжудлиги ҳақидаги маълумотларни ўз ичига олган ёзма аризага биноан шифокор-психиатр томонидан қабул қилинади, бундан ушбу Қонун 24-моддасининг саккизинчи қисмида назарда тутилган ҳоллар мустасно.

Ёзма ариза психиатрия текширувидан ўтказилиши лозим бўлган шахснинг қариндошлари, ҳар қандай тиббий ихтисосликдаги шифокор, мансабдор шахслар ва бошқа фуқаролар томонидан берилиши мумкин.

Ушбу Қонун 24-моддаси еттинчи қисмининг иккинчи хатбошисида назарда тутилган ҳолларда ариза оғзаки шаклда ҳам берилиши мумкин. Шахсни психиатрия текширувидан ўтказиш тўғрисидаги қарор шифокор-психиатр томонидан дарҳол қабул қилинади ва тиббий ҳужжатларга ёзиб қўйиш орқали расмийлаштирилади.

Шахс ўзи учун ёки атрофидагилар учун бевосита хавф туғдирмаган тақдирда, психиатрия текшируви ўтказиш тўғрисидаги ариза ёзма шаклда берилиши, шундай текширув ўтказиш зарурлигини асословчи батафсил маълумотларни ва шахс ёки унинг қонуний вакили шифокор-психиатрга мурожаат этишни рад этганлигига доир кўрсатмани ўз ичига олган бўлиши керак. Шифокор-психиатр қарор қабул қилиш учун зарур бўлган қўшимча маълумотларни сўраб олишга ҳақли. Аризада ушбу Қонун 24-моддаси еттинчи қисмининг учинчи ва тўртинчи хатбошиларида назарда тутилган ҳолатлар мавжудлиги тўғрисида далолат берувчи маълумотлар мавжуд эмаслигини аниқлаб, шифокор-психиатр психиатрия текшируви ўтказишни ёзма равишда асослантирилган ҳолда рад этади.

Шахсни ўзининг розилигисиз ёки қонуний вакилининг розилигисиз психиатрия текширувидан ўтказиш тўғрисидаги ариза асосли бўлганида шифокор-психиатрнинг бундай текширув ўтказиш зарурлиги ҳақидаги ёзма хулосаси, шунингдек шахсни текширувдан ўтказиш тўғрисидаги ариза ва бошқа мавжуд материаллар тегишли тиббиёт муассасаси томонидан шахснинг яшаш жойидаги судга юборилади.

Суд психиатрия текшируви ўтказиш тўғрисидаги масалани барча материаллар олинган пайтдан эътиборан қирқ саккиз соат ичида ҳал қилади.



27-модда. Амбулатория шароитларида

кўрсатиладиган психиатрия ёрдами


Руҳий ҳолати бузилган шахсга нисбатан тиббий кўрсатмаларга қараб амбулатория шароитларида профилактика, ташхис қўйиш, даволаш, тиббий жиҳатдан реабилитация қилиш ва диспансер кузатуви амалга оширилади.

Амбулатория шароитларидаги психиатрия ёрдами (бундан диспансер кузатуви мустасно) руҳий ҳолати бузилган шахс ушбу Қонуннинг 7-моддасига мувофиқ ихтиёрий равишда мурожаат этганда кўрсатилади.



28-модда. Диспансер кузатуви


Диспансер кузатуви руҳий ҳолатнинг оғир барқарор ёки тез-тез зўрайиб турувчи касаллик белгилари бўлган сурункали ва узоқ давом этадиган бузилишига чалинган шахснинг розилигидан, шунингдек унинг қонуний вакилининг розилигидан қатъи назар, ўрнатилиши мумкин.

Диспансер кузатувини ўрнатиш зарурлиги ҳақидаги ва уни тугатиш тўғрисидаги қарор шифокор-психиатрлар комиссияси томонидан қабул қилинади.

Агар даволаш-профилактика муассасаси хизмат кўрсатадиган ҳудудда психиатрия ёрдами битта шифокор-психиатр томонидан кўрсатилса, диспансер кузатувини ўрнатиш зарурлиги тўғрисидаги қарорни у мустақил равишда уч ойдан ошмаган муддатга қабул қилади. Бу ҳолда диспансер кузатувини ўрнатиш зарурлиги тўғрисидаги ва уни тугатиш ҳақидаги масала шифокор-психиатрлар комиссияси томонидан уч ой ичида кўриб чиқилиши керак.

Шифокор-психиатрлар комиссиясининг асослантирилган қарори тиббий ҳужжатларга ёзиб қўйиш орқали ва Диспансер кузатувида турган руҳий ҳолати бузилган шахсларнинг ягона электрон реестрига тегишли ахборот киритилган ҳолда расмийлаштирилади.

Диспансер кузатуви шахс соғайиб кетганда ёки унинг руҳий ҳолати сезиларли ва турғун яхшиланганда тугатилади. Диспансер кузатуви тугатилганидан кейин амбулатория шароитларидаги психиатрия ёрдами ушбу Қонуннинг 7-моддасида назарда тутилган асослар бўйича ва тартибда мазкур шахснинг илтимосига кўра ёки розилиги билан ёхуд унинг қонуний вакилининг илтимосига кўра ёки розилиги билан кўрсатилади.

Руҳий ҳолати бузилган шахснинг руҳий ҳолати ўзгарган тақдирда, у ушбу Қонуннинг 24 ва 25-моддаларида назарда тутилган асослар бўйича ҳамда тартибда ўзининг розилигисиз ёки қонуний вакилининг розилигисиз текширувдан ўтказилиши мумкин. Бундай ҳолларда диспансер кузатуви шифокор-психиатрлар комиссиясининг қарорига биноан қайтадан ўрнатилиши мумкин.



29-модда. Диспансер кузатувида турган руҳий ҳолати

бузилган шахсларнинг ягона электрон реестри


Диспансер кузатувида турган руҳий ҳолати бузилган шахсларнинг ягона электрон реестри (бундан буён матнда Ягона реестр деб юритилади) Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан юритилади.

Ягона реестр руҳий ҳолати бузилган шахслар ҳақидаги қуйидаги мажбурий ахборотни ўз ичига олади:

паспорт маълумотлари (идентификацияловчи ID-карта маълумотлари);

диспансер кузатуви ўрнатилган ва тугатилган саналар;

психиатрия муассасаларида бўлиш муддатлари;

берилган дори воситалари, кўрсатилган ижтимоий хизматлар ва тақдим этилган имтиёзлар тўғрисидаги маълумотлар.

Ягона реестр руҳий ҳолати бузилган шахслар ҳақидаги бошқа ахборотни ҳам ўз ичига олиши мумкин.

Ягона реестрни яратиш, унга техник хизмат кўрсатиш ва мунтазам равишда янгилаш билан боғлиқ харажатлар Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг бюджетдан ташқари манбалари ҳамда қонунчиликда тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан қопланади.

Ягона реестрдан фойдаланишга мазкур реестрдаги ахборотнинг махфийлиги таъминланган ҳолда, фақат Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан белгиланадиган шахсларга рухсат этилади.



30-модда. Психиатрия стационарига ётқизиш учун асослар


Психиатрия стационарига ётқизиш учун шахсда руҳий ҳолатнинг бузилиши мавжудлиги ва шифокор-психиатрнинг стационар шароитларида текширувдан ўтказиш ёки даволаш тўғрисидаги қарори ёхуд суднинг қарори асос бўлади.

Қонунчиликда белгиланган ҳолларда ва тартибда психиатрия экспертизасини ўтказиш зарурати ҳам психиатрия стационарига ётқизиш учун асос бўлиши мумкин.

Шахсни психиатрия стационарига ётқизиш ихтиёрий равишда унинг илтимосига биноан ёки розилиги билан амалга оширилади, бундан ушбу Қонуннинг 31-моддасида назарда тутилган ҳоллар мустасно.

Вояга етмаган шахсни психиатрия стационарига ётқизиш унинг ота-онасининг ёки бошқа қонуний вакилининг илтимосига биноан ёки розилиги билан амалга оширилади. Ота-онасидан бири рози бўлмаган тақдирда ёхуд ота-онаси ёки бошқа қонуний вакили мавжуд бўлмаганда, вояга етмаган шахсни психиатрия стационарига ётқизиш васийлик ва ҳомийлик органининг қарорига биноан амалга оширилади, бу қарор устидан судга шикоят қилиниши мумкин.

Суд томонидан муомалага лаёқатсиз деб топилган шахс унинг қонуний вакилининг илтимосига биноан ёки розилиги билан психиатрия стационарига ётқизилади.

Стационарга ётқизишга розилик тиббий ҳужжатларга ёзиб қўйиш орқали ва руҳий ҳолати бузилган шахснинг ёки унинг қонуний вакилининг, шунингдек шифокор-психиатрнинг имзоси билан расмийлаштирилади.



31-модда. Психиатрия стационарига ғайриихтиёрий

тартибда ётқизиш учун асослар


Шахсни ғайриихтиёрий тартибда психиатрия стационарига ётқизиш суднинг қарорига кўра Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик процессуал кодексида белгиланган тартибда амалга оширилади.

Агар руҳий ҳолати бузилган шахсни фақат стационар шароитларида текширувдан ўтказиш ёки даволаш мумкин бўлса, руҳий ҳолатнинг бузилиши эса оғир ҳамда қуйидагилар билан боғлиқ бўлса, бу шахс ўзининг розилигисиз ёки қонуний вакилининг розилигисиз суд қарори чиқарилмасиданоқ психиатрия стационарига ётқизилиши мумкин:

унинг ўзи учун ёки атрофидагилар учун бевосита хавф солиш эҳтимоли;

унинг ёрдамга муҳтожлиги, яъни асосий ҳаётий эҳтиёжларни мустақил равишда қаноатлантиришга лаёқатсизлиги;

агар шахс психиатрия ёрдами кўрсатилмасдан қолдирилгудек бўлса, руҳий ҳолати ёмонлашуви туфайли унинг соғлиғига жиддий зарар етиши.



32-модда. Психиатрия ёрдами кўрсатиш чоғида

хавфсизликни таъминлаш чоралари


Стационар шароитлардаги психиатрия ёрдами стационарга ётқизилган шахснинг ва бошқа шахсларнинг хавфсизлигини таъминлайдиган шароитларда, тиббиёт ходимлари томонидан унинг ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатларига риоя этилган ҳолда амалга оширилади.

Психиатрия стационарига ғайриихтиёрий равишда ётқизилганда ва бу ерда бўлганда жисмоний сиқувга олиш ва ажратиб қўйиш чоралари фақат шифокор-психиатрнинг хулосасига кўра, шахснинг ўзи учун ёки бошқа шахслар учун бевосита хавф туғдирувчи ҳаракатларини бошқа усуллар билан бартараф этиш мумкин бўлмаган ҳолларда ва даврда қўлланилади ҳамда тиббиёт ходимларининг доимий назорати остида амалга оширилади. Жисмоний сиқувга олиш ёки ажратиб қўйиш чораларини қўллаш шакллари ва вақти ҳақида тиббий ҳужжатларга ёзиб қўйилади.

Ички ишлар органларининг ходимлари стационарга ғайриихтиёрий равишда ётқизишни амалга ошириш чоғида тиббиёт ходимларига ёрдам кўрсатиши ҳамда стационарга ётқизилаётган шахс билан мулоқотда бўлиш ва уни кўздан кечириш учун хавфсиз шароитларни таъминлаши шарт.

Стационарга ётқизилаётган шахснинг атрофдагилар ҳаёти ва соғлиғига хавф солувчи ҳаракатларини бартараф этиш зарур бўлган ҳолларда, шунингдек стационарга ётқизилиши лозим бўлган шахсни қидириш ҳамда ушлаш зарурати бўлганда ички ишлар органларининг ходимлари қонунчиликда белгиланган тартибда ҳаракат қилади.



33-модда. Ўз қонуний вакилларининг илтимосига

биноан ёки розилиги билан психиатрия стационарига

ётқизилган вояга етмаган шахсларни ва суд томонидан

муомалага лаёқатсиз деб топилган шахсларни

текширувдан ўтказиш


Ўз қонуний вакилларининг илтимосига биноан ёки розилиги билан психиатрия стационарига ётқизилган вояга етмаган шахс ва суд томонидан муомалага лаёқатсиз деб топилган шахс ушбу Қонун 34-моддасининг биринчи қисмида назарда тутилган тартибда шифокор-психиатрлар комиссияси томонидан мажбурий текширувдан ўтказилиши лозим. Дастлабки олти ой ичида бу шахслар стационарда ётишни узайтириш тўғрисидаги масалани ҳал қилиш учун шифокор-психиатрлар комиссияси томонидан ҳар ойда камида бир марта текширувдан ўтказилиши лозим.

Стационарда ётиш олти ойдан ортиқ узайтирилган тақдирда, руҳий ҳолати бузилган шахсни текширувдан ўтказиш шифокор-психиатрлар комиссияси томонидан олти ойда камида бир марта амалга оширилади.

Шифокор-психиатрлар комиссияси ёки психиатрия стационари маъмурияти вояга етмаган шахсни ёки суд томонидан муомалага лаёқатсиз деб топилган шахсни стационарга ётқизишда йўл қўйилган суиистеъмолликларни аниқлаган тақдирда, психиатрия стационари маъмурияти бу ҳақда васийликдаги шахснинг турар жойидаги васийлик ва ҳомийлик органини хабардор қилади.



34-модда. Психиатрия стационарига ғайриихтиёрий

тартибда ётқизилган шахсларни текширувдан ўтказиш


Ушбу Қонуннинг 31-моддасида назарда тутилган асослар бўйича психиатрия стационарига ётқизилган руҳий ҳолати бузилган шахс шифокор-психиатрлар комиссияси томонидан қирқ саккиз соатдан ошмаган муддатда мажбурий текширувдан ўтказилиши лозим, комиссия стационарга ётқизилганликнинг асосланганлиги тўғрисида қарор қабул қилади. Стационарга ётқизиш асоссиз деб топилган ва стационарга ётқизилган шахс психиатрия стационарида қолиш истагини билдирмаган ҳолларда, у дарҳол стационардан чиқарилиши лозим.

Агар руҳий ҳолати бузилган шахсни стационарга ётқизиш асосли деб топилса, шахснинг у ерда бундан буён бўлиши тўғрисидаги масалани ҳал қилиш учун шифокор-психиатрлар комиссиясининг хулосаси йигирма тўрт соат ичида психиатрия стационари жойлашган ердаги судга юборилади.

Руҳий ҳолати бузилган шахсни психиатрия стационарига ғайриихтиёрий тартибда ётқизиш тўғрисидаги ариза судга шахс ётган психиатрия стационари томонидан берилади.



35-модда. Руҳий ҳолати бузилган шахсни

психиатрия стационарига ғайриихтиёрий тартибда

ётқизиш тўғрисидаги ариза юзасидан суднинг қарори


Суд руҳий ҳолати бузилган шахсни психиатрия стационарига ғайриихтиёрий тартибда ётқизиш тўғрисидаги аризани мазмунан кўриб чиқиб, уни қаноатлантиради ёки рад этади.

Ўзига нисбатан қарор чиқарилган шахс, унинг қонуний вакили, психиатрия стационари раҳбари суднинг қарори устидан шикоят қилиши ёки прокурор протест келтириши мумкин.



36-модда. Руҳий ҳолати бузилган шахснинг ғайриихтиёрий

тартибда стационарда ётишини узайтириш


Руҳий ҳолати бузилган шахснинг психиатрия стационарида ғайриихтиёрий тартибда бўлиши фақат стационарга ётқизиш амалга оширилган асослар сақланиб турган вақт мобайнидагина давом этади.

Психиатрия стационарига ғайриихтиёрий тартибда ётқизилган шахс шифокор-психиатрлар комиссияси томонидан стационарда ётишни узайтириш тўғрисидаги масалани ҳал қилиш учун дастлабки олти ой мобайнида ҳар ойда камида бир марта текширувдан ўтказилиши лозим.

Руҳий ҳолати бузилган шахс психиатрия стационарига ғайриихтиёрий тартибда ётқизилган пайтдан эътиборан олти ой ўтгач шифокор-психиатрлар комиссиясининг стационарда бундай ётишни узайтириш зарурлиги тўғрисидаги хулосаси психиатрия стационари маъмурияти томонидан психиатрия стационари жойлашган ердаги судга юборилади. Суд стационарда ётишни ушбу Қонуннинг 34 ва 35-моддаларида назарда тутилган тартибда узайтириши мумкин.

Руҳий ҳолати бузилган шахснинг психиатрия стационарида ётиши олти ойдан ортиқ муддатга узайтирилганда шифокор-психиатрлар комиссияси томонидан мазкур шахсни текширувдан ўтказиш олти ойда камида бир марта амалга оширилади.



37-модда. Психиатрия стационарларида турган

руҳий ҳолати бузилган шахсларнинг ҳуқуқлари


Руҳий ҳолати бузилган шахсга уни психиатрия стационарига ётқизиш асослари ва мақсадлари, унинг ҳуқуқлари ҳамда стационарда ўрнатилган қоидалар тушунтирилиши керак, бу ҳақда тиббий ҳужжатларга ёзиб қўйилади.

Психиатрия стационарида даволанаётган ёки текширувдан ўтаётган руҳий ҳолати бузилган шахслар:

текширувдан ўтказиш, даволаш, психиатрия стационаридан чиқариш ва ушбу Қонун билан берилган ҳуқуқларга риоя этиш масалалари юзасидан бевосита бош шифокорга ёки бўлим мудирига мурожаат этишга;

давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларига аризалар, таклифлар ва шикоятлар беришга;

адвокат ва дин пешвоси билан ёлғиз учрашишга;

тиббий қарши кўрсатмалар бўлмаганда диний расм-русумларни бажаришга;

газеталар ва журналларга обуна бўлишга;

агар руҳий ҳолати бузилган шахс ўн саккиз ёшга тўлмаган бўлса, умумий ўрта ва ўрта махсус таълим ташкилотларининг дастури бўйича таълим олишга;

агар руҳий ҳолати бузилган шахс фойдали меҳнатда иштирок этаётган бўлса, меҳнати учун унинг миқдори ва сифатига мувофиқ бошқа фуқаролар билан тенг равишда ҳақ олишга;

ёзишмалар олиб боришга, посилкалар, бандероллар ва пул жўнатмалари олиш ва жўнатишга, телефондан фойдаланишга, келувчиларни қабул қилишга, энг зарур нарсаларга эга бўлиш ва уларни сотиб олишга, ўз кийим-кечагидан фойдаланишга ҳақли. Бу ҳуқуқлар руҳий ҳолати бузилган шахснинг ва бошқа шахсларнинг соғлиғи ёки хавфсизлиги манфаатларини кўзлаб шифокор-психиаторнинг тавсиясига кўра чекланиши мумкин.

Газеталар ва журналларга якка тартибда обуна бўлиш, телефонда сўзлашувлар ҳамда бошқа пулли хизматлар руҳий ҳолати бузилган шахсларнинг маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.

Психиатрия стационарида даволанаётган ёки текширувдан ўтаётган руҳий ҳолати бузилган шахслар қонунчиликка мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.



38-модда. Психиатрия стационари маъмуриятининг

ва тиббиёт ходимларининг мажбуриятлари


Психиатрия стационарининг маъмурияти ва тиббиёт ходимлари руҳий ҳолати бузилган шахсларнинг ҳамда уларнинг қонуний вакилларининг ушбу Қонунда назарда тутилган ҳуқуқларини ва қонуний манфаатларини амалга ошириш учун шарт-шароитлар яратиши, шу жумладан:

психиатрия стационарига даволаниш ёки текширувдан ўтиш учун ётқизилган шахсларни зарур тиббий ёрдам билан таъминлаши;

ушбу Қонуннинг матни, мазкур психиатрия стационарининг ички тартиб-қоидалари билан, руҳий ҳолати бузилган шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари бузилган тақдирда мурожаат этиш мумкин бўлган давлат органлари ҳамда бошқа органлар, муассасалар, ташкилотлар ва мансабдор шахсларнинг манзиллари ҳамда телефон рақамлари билан танишиш имкониятини бериши;

руҳий ҳолати бузилган шахсларнинг ёзишмалари, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларига аризалар, таклифлар ва шикоятлар йўллаши учун шарт-шароитлар яратиши;

руҳий ҳолати бузилган шахс психиатрия стационарига ғайриихтиёрий тартибда ётқизилган пайтдан эътиборан йигирма тўрт соат ичида унинг қонуний вакилини, қариндошларини ёки унинг кўрсатмасига кўра бошқа шахсни хабардор қилиш чораларини кўриши;

руҳий ҳолати бузилган шахснинг соғлиғи ҳолатидаги ўзгаришлар ва у билан боғлиқ фавқулодда ҳодисалар ҳақида унинг қонуний вакилини ёки қариндошларини, шунингдек унинг кўрсатмасига кўра бошқа шахсни хабардор қилиши;

психиатрия стационарида турган руҳий ҳолати бузилган шахсларнинг хавфсизлигини таъминлаши, посилкалар ва олиб келинган нарсалар таркибини назорат қилиши;

суд томонидан муомалага лаёқатсиз деб топилган, аммо қонуний вакилга эга бўлмаган руҳий ҳолати бузилган шахсларнинг қонуний вакили вазифасини бажариши шарт.

Психиатрия стационари маъмуриятининг ва тиббиёт ходимларининг зиммасида қонунчиликка мувофиқ бошқа мажбуриятлар ҳам бўлиши мумкин.



39-модда. Руҳий ҳолати бузилган шахсни

психиатрия стационаридан чиқариш


Руҳий ҳолати бузилган шахсни психиатрия стационаридан чиқариш у соғайиб кетган ёки унинг руҳий ҳолати яхшиланиб, бундан буён стационарда даволаниши талаб этилмайдиган, шунингдек психиатрия стационарига ётқизиш учун асос бўлган текширувдан ўтиш ёки психиатрия экспертизаси ниҳоясига етказилган тақдирда амалга оширилади.

Психиатрия стационарига даволаниш учун ихтиёрий равишда ётқизилган руҳий ҳолати бузилган шахсни чиқариш унинг аризасига, қонуний вакилининг аризасига ёки даволовчи шифокор-психиатрнинг қарорига биноан амалга оширилади.

Психиатрия стационарига ғайриихтиёрий тартибда ётқизилган руҳий ҳолати бузилган шахсни чиқариш шифокор-психиатрлар комиссиясининг хулосасига ёки суднинг стационарда ётишни узайтиришни рад этиш тўғрисидаги қарорига биноан амалга оширилади.

Суднинг қарорига биноан ўзига нисбатан тиббий йўсиндаги мажбурлов чоралари қўлланилган руҳий ҳолати бузилган шахсни чиқариш фақат суднинг қарорига кўра амалга оширилади.

Психиатрия стационарига ихтиёрий равишда ётқизилган руҳий ҳолати бузилган шахсни чиқариш, агар ғайриихтиёрий тартибда ётқизиш учун ушбу Қонуннинг 31-моддасида назарда тутилган асослар шифокор-психиатрлар комиссияси томонидан аниқланадиган бўлса, рад этилиши мумкин. Бундай ҳолда психиатрия стационарида бўлиш, ётишни узайтириш ва стационардан чиқариш масалалари ушбу Қонуннинг 34-36-моддаларида, шунингдек ушбу модданинг учинчи қисмида белгиланган тартибда ҳал этилади.



40-модда. Руҳий ҳолати бузилган шахслар учун

мўлжалланган тиббий-ижтимоий муассасаларга

жойлаштириш асослари ва тартиби


Руҳий ҳолати бузилган шахслар учун мўлжалланган тиббий-ижтимоий муассасаларга шахсларни жойлаштириш учун руҳий ҳолати бузилган шахснинг аризаси, шифокор-психиатр иштирокидаги тиббий комиссиянинг хулосаси, вояга етмаган шахс ёки суд томонидан муомалага лаёқатсиз деб топилган шахс учун эса васийлик ва ҳомийлик органининг мазкур тиббий комиссиянинг хулосасига асосан қабул қилинган қарори асос бўлади.

Тиббий комиссиянинг хулосаси шахсда руҳий ҳолатнинг уни ихтисослаштирилмаган тиббий-ижтимоий муассасада туриш имкониятидан маҳрум этадиган тарзда бузилиши мавжудлиги ҳақидаги, муомалага лаёқатли шахсга нисбатан эса уни муомалага лаёқатсиз деб топиш тўғрисидаги масалани суд олдига қўйиш учун асослар мавжуд эмаслиги ҳақидаги маълумотларни ҳам ўз ичига олиши керак.

Васийлик ва ҳомийлик органи руҳий ҳолати бузилган шахслар учун мўлжалланган тиббий-ижтимоий муассасаларга жойлаштирилган шахсларнинг мулкий манфаатларини ҳимоя қилиш чораларини кўриши шарт.



41-модда. Вояга етмаган шахсни руҳий ҳолати бузилган

шахслар учун мўлжалланган давлат ихтисослаштирилган

таълим муассасаларига ҳамда тиббий-ижтимоий муассасаларга

жойлаштириш асослари ва тартиби


Вояга етмаган, руҳий ҳолати бузилган шахсни руҳий ҳолати бузилган шахслар учун мўлжалланган давлат ихтисослаштирилган таълим муассасаларига ва тиббий-ижтимоий муассасаларга жойлаштириш учун унинг ота-онасининг ёки бошқа қонуний вакилининг аризаси ҳамда тиббий-психологик-педагогик комиссиянинг мажбурий хулосаси асос бўлади.

Тиббий-психологик-педагогик комиссиянинг хулосаси вояга етмаган шахснинг давлат ихтисослаштирилган таълим муассасаларида мослаштирилган таълим дастурини ўзлаштириши мумкинлиги ва (ёки) зарурлиги ҳақидаги маълумотларни ўз ичига олиши керак.



42-модда. Руҳий ҳолати бузилган шахслар учун

мўлжалланган давлат ихтисослаштирилган таълим

муассасаларида ёки тиббий-ижтимоий муассасаларда

турган шахсларнинг ҳуқуқлари ҳамда мазкур муассасалар

маъмуриятининг ва ходимларининг мажбуриятлари


Руҳий ҳолати бузилган шахслар учун мўлжалланган давлат ихтисослаштирилган таълим муассасаларида ёки тиббий-ижтимоий муассасаларда турган шахслар ушбу Қонуннинг 37-моддасида назарда тутилган ҳуқуқлардан фойдаланади.

Руҳий ҳолати бузилган шахслар учун мўлжалланган давлат ихтисослаштирилган таълим муассасалари ёки тиббий-ижтимоий муассасалар маъмурияти ва ходимларининг ушбу муассасаларда турган шахсларнинг ҳуқуқларини рўёбга чиқариш учун шарт-шароитлар яратишга доир мажбуриятлари ушбу Қонуннинг 38-моддасида, шунингдек бошқа қонунчиликда белгиланади.

Руҳий ҳолати бузилган шахслар учун мўлжалланган давлат ихтисослаштирилган таълим муассасалари ёки тиббий-ижтимоий муассасалар ушбу муассасаларда турган шахсларни бир йилда камида бир марта тиббий текширувдан ўтказиши шарт. Тиббий текширув ушбу шахсларнинг мазкур муассасаларда бундан буён туриши тўғрисидаги, шунингдек уларнинг муомалага лаёқатсизлиги ҳақидаги қарорларни қайта кўриб чиқиш мумкинлиги тўғрисидаги масалани ҳал этиш мақсадида шифокор-психиатр иштирокидаги тиббий комиссия томонидан ўтказилади.



43-модда. Руҳий ҳолати бузилган шахсларни

кўчириш ва чиқариш асослари


Руҳий ҳолати бузилган шахсни руҳий ҳолати бузилган шахслар учун мўлжалланган давлат ихтисослаштирилган таълим муассасасидан ёки тиббий-ижтимоий муассасадан умумий турдаги худди шундай муассасага кўчириш учун шифокор-психиатр иштирокидаги тиббий комиссиянинг мазкур шахсда ушбу муассасада туриш учун тиббий кўрсатмалар мавжуд эмаслиги ҳақидаги хулосаси асос бўлади.

Руҳий ҳолати бузилган шахсни руҳий ҳолати бузилган шахслар учун мўлжалланган давлат ихтисослаштирилган таълим муассасасидан ёки тиббий-ижтимоий муассасадан чиқариш:

шифокор-психиатр иштирокидаги тиббий комиссиянинг руҳий ҳолати бузилган шахс соғлиғининг ҳолатига кўра мустақил равишда яшашга лаёқатли эканлиги тўғрисидаги хулосаси мавжуд бўлган тақдирда, ушбу шахснинг аризасига биноан;

чиқарилаётган вояга етмаган шахсни парвариш қилиш мажбуриятини олаётган унинг ота-онасидан бирининг ёки бошқа қонуний вакилининг аризасига биноан;

суд томонидан муомалага лаёқатсиз деб топилган шахс қонуний вакилининг аризаси бўйича, башарти унинг қонуний вакили ўз васийлигидаги шахсни шахсан парвариш қилиш ва (ёки) парвариш қилишни таъминлаш мажбуриятини ўз зиммасига олаётган бўлса, амалга оширилади.



4-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР


44-модда. Низоларни ҳал этиш


Психиатрия ёрдами кўрсатиш соҳасидаги низолар қонунчиликда белгиланган тартибда ҳал этилади.



45-модда. Психиатрия ёрдами тўғрисидаги

қонунчиликни бузганлик учун жавобгарлик


Психиатрия ёрдами тўғрисидаги қонунчиликни бузганликда айбдор шахслар белгиланган тартибда жавобгар бўлади.



46-модда. Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун

ҳужжатларини ўз кучини йўқотган деб топиш


Қуйидагилар ўз кучини йўқотган деб топилсин:


1) Ўзбекистон Республикасининг 2000 йил 31 августда қабул қилинган "Психиатрия ёрдами тўғрисида"ги 123-II-сонли Қонуни (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 2000 йил, N 7-8, 215-модда);


2) Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг 2000 йил 31 августда қабул қилинган "Психиатрия ёрдами тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини амалга киритиш ҳақида"ги 124-II-сонли Қарори (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 2000 йил, N 7-8, 216-модда);


3) Ўзбекистон Республикасининг 2011 йил 21 декабрда қабул қилинган "Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида"ги ЎРҚ-311-сонли Қонунининг (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2011 йил, N 12/2, 363-модда) 7-моддаси;


4) Ўзбекистон Республикасининг 2019 йил 29 августда қабул қилинган "Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига жамоатчилик назоратини кучайтиришга қаратилган ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида"ги ЎРҚ-559-сонли Қонунининг (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2019 йил, N 8, 470-модда) 7-моддаси;


5) Ўзбекистон Республикасининг 2019 йил 12 сентябрда қабул қилинган "Психиатрия ёрдами кўрсатиш тизими такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида"ги ЎРҚ-567-сонли Қонунининг (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2019 йил, N 9, 592-модда) 8-моддаси.



47-модда. Ушбу Қонуннинг ижросини, етказилишини,

моҳияти ва аҳамияти тушунтирилишини таъминлаш


Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва манфаатдор ташкилотлар ушбу Қонуннинг ижросини, ижрочиларга етказилишини ҳамда моҳияти ва аҳамияти аҳоли ўртасида тушунтирилишини таъминласин.



48-модда. Қонунчиликни ушбу Қонунга мувофиқлаштириш


Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:

ҳукумат қарорларини ушбу Қонунга мувофиқлаштирсин;

давлат бошқаруви органлари ушбу Қонунга зид бўлган ўз норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини қайта кўриб чиқишлари ва бекор қилишларини таъминласин.



49-модда. Ушбу Қонуннинг кучга кириши


Ушбу Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан уч ой ўтгач кучга киради.



Ўзбекистон Республикасининг Президенти                             Ш. Мирзиёев



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2021 йил 12 май


"Халқ сўзи", 2021 йил 13 май