Законодательство
ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари таркибига кирадиган вазирлик ва идораларда ҳаммом-кирхона хизматларини аутсорсинг шартлари асосида кўрсатиш тартиби тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 18.04.2024 й. 217-сон қарорига 1-илова)

Текст документа с комментариями экспертов доступен пользователям платного тарифа на сайте nrm.uz

Вазирлар Маҳкамасининг

2024 йил 18 апрелдаги

217-сон қарорига

1-ИЛОВА



Ўзбекистон Республикаси Қуролли

Кучлари таркибига кирадиган вазирлик ва

идораларда ҳаммом-кирхона хизматларини

аутсорсинг шартлари асосида кўрсатиш

тартиби тўғрисида

НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Низом Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Миллий гвардияси, Ўзбекистон Республикаси Президенти давлат хавфсизлик хизмати (кейинги ўринларда - вазирлик ва идоралар) тизимидаги муддатли ва контракт бўйича ҳарбий хизматчилар, резерв ва захирадаги ҳарбий хизматга мажбурлар, сафарбарлик чақируви резерви хизматчилари, ходимлар, курсантлар, тингловчилар, ўқувчилар, болалар соғломлаштириш оромгоҳлари дам олувчилари, тиббиёт муассасаларида даволанаётганлар (кейинги ўринларда - шахсий таркиб), шунингдек, жазони ижро этиш муассасаларида жазо муддатини ўтаётган маҳкумлар, тергов ҳибсхоналарида ва вақтинча сақлаш ҳибсхоналарида сақланаётган шахслар, вояга етмаганларга ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш марказларига қабул қилинган болаларга (кейинги ўринларда - алоҳида тоифадаги шахслар) ҳаммом-кирхона хизматларини аутсорсинг шартлари асосида кўрсатиш тартибини белгилайди.


2. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:


аутсорсинг - шахсий таркиб ва алоҳида тоифадаги шахсларга кўрсатиладиган ҳаммом-кирхона хизматларини шартнома асосида тадбиркорлик субъектига ўтказиш;


аутсорсер - вазирлик ва идоралар бўлинмалари, қўшинлари, ҳарбий тузилмалари ва муассасаларига (кейинги ўринларда - вазирлик ва идоралар бўлинмалари) шартнома асосида ҳаммом-кирхона хизматларини кўрсатувчи тадбиркорлик субъекти;


буюртмачи - вазирлик ва идоралар;


талабгор - вазирлик ва идоралар бўлинмаларига аутсорсинг асосида хизмат кўрсатиш ҳамда ушбу Низомга мувофиқ танлашда иштирок этиш истагини билдирган тадбиркорлик субъекти.


3. Буюртмачи хизматларини аутсорсингга ўтказишда қуйидаги шартларга риоя қилиши шарт:

аутсорсерни қонунчилик ҳужжатлари асосида танлаб олиш ҳамда унга ўтказиладиган хизматлар сифатини ошириш;

буюртмачининг аутсорсерга ўтказиладиган хизматларни бажариш билан банд бўлган ходимлар сонини (штатини) қисқартириш;

аутсорсерга ўтказиладиган хизматларнинг иқтисодий самарадорлигини ошириш ва хўжалик фаолияти харажатларини қисқартириш.


4. Аутсорсернинг (меҳнат шартномаси асосида фаолият юритувчи) ходимлари вазирлик ва идоралар бўлинмаларига тегишли ҳудудга белгиланган тартибда олдиндан тақдим этилган рўйхат асосида киришига рухсат берилади. Бунда аутсорсер ҳаммом-кирхона хизматларини кўрсатувчи ишчилари ҳақидаги маълумотларни вазирлик ва идораларнинг бўлинмаларига тақдим этади. Ушбу маълумотлар вазирлик ва идораларнинг ички идоравий ҳужжатлари талабларига мувофиқ белгиланган тартибда ўрганилгандан сўнг уларнинг натижасига кўра ишчиларга тегишли ҳудудда хизмат кўрсатишига рухсат берилади.


5. Аутсорсинг хизматини кўрсатиш жараёнида махфийлик тартиботига риоя этиш вазирлик ва идоралар бўлинмалари томонидан таъминланади.

Аутсорсер ҳаммом-кирхона хизматларини кўрсатиш даврида ўзларига маълум бўлган давлат сири ва қонунчиликка мувофиқ фойдаланиш чекланган маълумотларни тарқатмаслик учун жавобгар ҳисобланади.


6. Ҳаммом-кирхона хизматлари вазирлик ва идоралар бўлинмаларида шартнома асосида жалб қилинган аутсорсер томонидан кўрсатилади.


7. Шартнома имзоланганидан сўнг вазирлик ва идоралар бўлинмаларга тегишли кирхоналарда аутсорсер томонидан давлат стандартлари ва техник тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатларга мувофиқ камида бир ойлик сарфланадиган кир ювиш кукуни захираси шакллантирилади ва сақланади.


8. Ҳаммом-кирхона хизматларини кўрсатиш учун маблағларга бўлган ҳар йиллик эҳтиёжни аниқлаш ҳамда уларни олиш белгиланган тартибда режалаштирилаётган молия йилида бажариладиган ишлар (кўрсатиладиган хизматлар) ҳажми ва нархидан келиб чиққан ҳолда амалга оширилади.

Кўрсатилган ҳаммом-кирхона хизматлари учун ҳисоб-китоблар мазкур Низомнинг 26 - 27-бандлари талаблари асосида амалга оширилади.


9. Ҳаммом-кирхона ишлари учун харажатлар (аутсорсернинг устама ҳақини қўшиб ҳисоблаганда) Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети, бюджетдан ташқари маблағлар, объектларни қўриқлаш бўйича кўрсатиладиган хизматлардан тушадиган маблағлар, шунингдек, Сафарбарлик чақируви резерви бўлинмалари учун Мудофаа вазирлигининг "Сафарбарлик чақируви резерви маблағлари" махсус ҳисобварағи маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.


10. Кўрсатилаётган ҳаммом-кирхона хизматларининг сифати ва нархлари вазирлик ва идоралар томонидан ўрганиб борилади.



2-БОБ. ТАНЛАШ КОМИССИЯСИ

ФАОЛИЯТИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ


11. Ҳаммом-кирхона хизматларини кўрсатиш учун талабгорларни танлаш мақсадида буюртмачи (Ўзбекистон Республикаси Президенти давлат хавфсизлик хизматининг тегишли бўлинмаси) раҳбарининг қарори билан тоқ сонли ва камида беш нафар аъзодан иборат таркибда танлаш комиссияси (кейинги ўринларда - Комиссия), шунингдек, зарур ҳолларда, ишчи орган тузилади.


12. Комиссиянинг ҳар бир аъзоси Комиссия қарорини қабул қилишда ёқлаб овоз бериши, қарши овоз бериши ёки унда иштирок этишдан бош тортиши мумкин. Комиссия раиси овоз беришда иштирок этишдан бош тортиш хуқуқига эга эмас.

Комиссия аъзоси қарши овоз берганда, ўзининг қарори юзасидан шарҳ бериши мумкин ва ушбу шарҳ баённомада қайд этилади.


13. Қарор Комиссия аъзолари умумий сонининг кўпчилик овози билан қабул қилинади. Агар мажлисда Комиссия аъзолари умумий сонининг камида учдан икки қисми ҳозир бўлса, Комиссия ваколатли ҳисобланади.



3-БОБ. АУТСОРСЕРНИ ТАНЛАШ, ШАРТНОМА

ТУЗИШ ВА ҲИСОБ-КИТОБЛАРНИ АМАЛГА

ОШИРИШ ТАРТИБИ


14. Вазирлик ва идоралар бўлинмаларида ҳаммом-кирхона хизматларини кўрсатиш аутсорсинг асосида мазкур Низомга иловадаги схемага мувофиқ ташкил этилади.


15. Аутсорсерга нисбатан қуйидаги талаблар қўйилади:

буюртмачи томонидан белгиланган мезонларга мувофиқ шартномани бажариш учун зарур кадрлар, техник, моддий ва бошқа ресурслар мавжудлиги;

аутсорсинг хизмати бўйича камида уч ойлик шартнома суммасига тенг айланма маблағларга эга бўлиши;

солиқлар ва йиғимларни тўлаш бўйича муддати ўтган қарздорликнинг мавжуд эмаслиги;

қайта ташкил этиш ёки тугатилиш босқичида бўлмаслиги;

ўзига нисбатан банкротлик тартиб-таомиллари жорий этилмаганлиги;

инсофсиз ижрочиларнинг ягона реестрида қайд этилмаганлиги;

буюртмачи билан суд, шу жумладан ҳакамлик суди ёки халқаро тижорат арбитраж суди муҳокамаси ҳолатида бўлмаслиги.


16. Буюртмачи аутсорсерни танлаш бўйича таклифларни қабул қилиш муддати тугайдиган санадан камида беш иш куни аввал махсус ахборот порталига аутсорсерни танлаш тўғрисида эълон жойлаштиради.


17. Талабгорлар танловда иштирок этиши учун қуйидаги ҳужжатларни тақдим этадилар:

Комиссия раиси номига танловда иштирок этиш учун ариза;

ушбу Низомнинг 15-бандида назарда тутилган талабларга мувофиқлиги тўғрисида ваколатли органларнинг маълумотномалари.


18. Талабгорлар қуйидаги ҳолларда танлашда иштирок этишига йўл қўйилмайди:

ушбу Низомнинг 17-бандида кўрсатилган ҳужжатларни белгиланган муддатларда ва тўлиқ тақдим этмаган бўлса;

нотўғри маълумотни тақдим этган бўлса.