Законодательство
ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 19.04.2021 й. 222-сон "Илмий ва инновацион фаолият билан шуғулланиб келаётган иқтидорли ёшларни қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Қарори

Текст документа с комментариями экспертов доступен пользователям платного тарифа на сайте nrm.uz

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ

ҚАРОРИ

19.04.2021 й.

N 222




ИЛМИЙ ВА ИННОВАЦИОН ФАОЛИЯТ БИЛАН

ШУҒУЛЛАНИБ КЕЛАЁТГАН ИҚТИДОРЛИ ЁШЛАРНИ

ҚЎЛЛАБ-ҚУВВАТЛАШ ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА


Ўзбекистон Республикаси Президентининг "2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини "Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили"да амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида" 2021 йил 3 февралдаги ПФ-6155-сон Фармони ижросини таъминлаш, ҳудудларда илмий ва инновацион фаолият билан шуғулланиб келаётган иқтидорли ёшларни қўллаб-қувватлаш, нуфузли илмий мактабларни шакллантириш ҳамда уларнинг илмий салоҳиятини янада ошириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси ҚАРОР ҚИЛАДИ:


1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 3 февралдаги ПФ-6155-сон Фармони билан тасдиқланган 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини "Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили"да амалга оширишга оид давлат дастурининг 166-бандида:

ҳудудларда илмий ва инновацион фаолият билан шуғулланиб келаётган иқтидорли ёшларни қўллаб-қувватлаш, нуфузли илмий мактабларни шакллантириш, уларнинг илмий салоҳиятини ошириш, соддалаштирилган тартибда ёшларнинг илмий ва стартап лойиҳаларини молиялаштириш мақсадида илмий дастурни амалга ошириш учун илмий фаолиятга оид давлат дастурлари маблағлари ҳисобидан 50,0 млрд сўм маблағ йўналтирилиши;

ёшлар учун эълон қилинадиган стартап лойиҳалари танлови талабларининг соддалаштирилган тизими ишлаб чиқилиши;

2021 йилдан бошлаб иқтидорли ёшлар ўртасида "Академик ҳаракатчанлик" дастури ва "Бўлажак олим" танлови ташкил қилиниши;

стажёр-тадқиқотчилик, таянч докторантура ва докторантурага қабул квоталари босқичма-босқич оширилиши;

иқтидорли ёшларнинг илмий ғояларини рағбатлантириш, уларнинг хорижий университетлар ва илмий марказларга қисқа муддатли стажировкалари ташкил этилиши;

ёшларга илмий ташкилотлар, олий таълим муассасалари, шунингдек, вазирлик, идора ва ташкилотлар ҳузуридаги илмий тузилмалардаги замонавий илмий асбоб-ускуналардан фойдаланиш ҳуқуқи берилиши назарда тутилганлиги маълумот учун қабул қилинсин.


2. Қуйидагилар:

"Академик ҳаракатчанлик" дастури доирасида республикадаги ёш олимлар ўртасида танловларни ташкил қилиш муддати ва тартиби, лойиҳаларга қўйилган талаблар, лойиҳаларни кўриб чиқиш бўйича ишчи гуруҳ фаолиятини ташкил этиш, лойиҳаларни кўриб чиқиш, танлаб олиш ва амалга ошириш, шунингдек, уларни молиялаштириш ва мониторингини юритиш тартибини назарда тутувчи "Академик ҳаракатчанлик" дастурини шакллантириш, амалга ошириш, молиялаштириш ва мониторинг қилиш тартиби тўғрисидаги низом 1-иловага мувофиқ;

илмий ғоя, илмий ва стартап лойиҳаларни шакллантириш ва уларни кўриб чиқиб, танлаб олиш, танлов комиссияси фаолиятини ташкил этиш, лойиҳаларни молиялаштириш ва мониторинг қилиш тартибини назарда тутувчи "Бўлажак олим" танловини ўтказиш тартиби тўғрисидаги низом 2-иловага мувофиқ;

ёш олимларни етакчи хорижий илмий ташкилотларга қисқа муддатли илмий стажировкаларга юбориш бўйича танловларни ташкил этиш ва ўтказиш тартиби, номзодларга қўйиладиган талаблар, танловни ўтказиш учун махсус эксперт гуруҳи фаолиятини ташкил этиш, танлов ғолибларини стажировкага юбориш, стажировкаларни молиялаштириш, унинг якуни бўйича ҳисобот тақдим этиш тартибини назарда тутувчи Ёш олимларни етакчи илмий ташкилотларда қисқа муддатли илмий стажировкалар ўташ тартиби тўғрисидаги низом 3-иловага мувофиқ тасдиқлансин.


3. Белгилансинки:

"Академик ҳаракатчанлик" дастури доирасида республика ҳудудидаги олий таълим муассасалари, илмий ташкилотларва лабораторияларга қисқа муддатли стажировкаларни амалга ошириш харажатлари Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлигига илм-фан ва илмий фаолият соҳасини молиялаштириш учун ажратилган бюджет маблағлари доирасида тегишли шартномага асосан молиялаштирилади;

Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги 2021 йилдан бошлаб "Бўлажак олим" танловини ташкил этиш ва молиялаштириш учун ҳар йили илмий фаолиятга оид давлат дастури доирасида ажратиладиган маблағлар ҳисобидан 50 млрд сўмдан кам бўлмаган миқдорда маблағ ажратади;

иқтидорли ёшларни хорижий олий таълим муассасалар ва илмий ташкилотларга қисқа муддатли стажировкаларини молиялаштириш тегишли молия йили учун Илм-фанни молиялаштириш ва инновацияларни қўллаб-қувватлаш жамғармасининг кузатув кенгаши томонидан тасдиқланадиган даромадлар ва харажатларининг прогноз параметрларида назарда тутилади;

Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан "Академик ҳаракатчанлик" дастурини амалга ошириш бўйича ўтказиладиган танлов натижаларига мувофиқ ғолибларга тақсимотга асосан илмий ташкилотлар, олий таълим муассасалари, шунингдек, вазирлик, идора ва ташкилотлар ҳузуридаги илмий тузилмаларнинг замонавий асбоб-ускуналаридан фойдаланиш ҳуқуқи берилади;

стажёр-тадқиқотчилик, таянч докторантура ва докторантурага Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобига қабул квотаси, қоида тариқасида, тегишли ўқув йили учун тасдиқланган олий таълим муассасаларига давлат буюртмаси асосида магистратура мутахассисликларига ўқишга қабул қилиш умумий параметрларининг 30 фоизидан кам бўлмаган миқдорда белгиланади;

мазкур қарор ижросини таъминлаш билан боғлиқ бўлган харажатларни бюджет маблағлари ҳисобидан молиялаштириш 2021 йилда Ўзбекистон Республикасининг республика бюджетидан биринчи даражали бюджет маблағларини тақсимловчи сифатида Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлигига ажратиладиган маблағлар доирасида амалга оширилади, 2022 йилдан бошлаб эса Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети параметрларида назарда тутилади.


4. Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги:

2021 йилдан бошлаб ҳар йили камида бир маротаба республикадаги илмий ва инновацион фаолият билан шуғулланиб келаётган иқтидорли ёшлар ўртасида "Бўлажак олим" ва "Академик ҳаракатчанлик" дастури доирасида танловларни ташкил этсин;

иқтидорли ёшларни хорижий олий таълим муассасалар ва илмий ташкилотларга қисқа муддатли стажировка ўташга даврий равишда, танлов асосида, ҳар йили камида бир маротаба юборишни ташкил этсин;

ташкил этиладиган танловлар ғолиблари томонидан тақдим этилган лойиҳаларни бажариш жараёни, календарь иш режаси амалга оширилишини доимий назорат қилиб бориш чораларини кўрсин;

манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни бир ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.


5. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг маслаҳатчиси - IT-технологиялар, телекоммуникациялар ва инновацион фаолиятни ривожлантириш масалалари департаменти бошлиғи О.М. Умаров ва Ўзбекистон Республикаси инновацион ривожланиш вазири И.Ю. Абдураҳмонов зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири                                   А. Арипов



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2021 йил 20 апрель