Законодательство
ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

"Академик ҳаракатчанлик" дастурини шакллантириш, амалга ошириш, молиялаштириш ва мониторинг қилиш тартиби тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 19.04.2021 й. 222-сон қарорига 1-илова)

Текст документа с комментариями экспертов доступен пользователям платного тарифа на сайте nrm.uz

Вазирлар Маҳкамасининг

2021 йил 19 апрелдаги

222-сон қарорига

1-ИЛОВА



"Академик ҳаракатчанлик" дастурини

шакллантириш, амалга ошириш, молиялаштириш

ва мониторинг қилиш тартиби тўғрисида

НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Низом илмий ва инновацион фаолият билан шуғулланиб келаётган иқтидорли ёшларни қўллаб-қувватлаш, жумладан уларга вазирлик, идорава ташкилотлар тизимидаги илмий ташкилот ва олий таълим муассасаларининг ноёб илмий объектлари, замонавий илмий лаборатория ва тажриба-конструкторлик бюроларидан текин фойдаланиш ҳуқуқини бериш бўйича "Академик ҳаракатчанлик" дастурини (кейинги ўринларда - "Академик ҳаракатчанлик" дастури) шакллантириш, амалга ошириш, молиялаштириш ва мониторинг қилиш тартибини белгилайди.


2. Мазкур Низомда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:


"Академик ҳаракатчанлик" дастури - ёш олимларнинг ўз иш жойидан ажралмаган ҳолда, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ўтказиладиган илмий тадбирларда иштирок этиш, илмий-тадқиқот иши бўйича лойиҳаларни (кейинги ўринларда - лойиҳа) амалга ошириш, шунингдек, тажриба алмашишни назарда тутувчи дастур;


ёш олим - илмий ва инновацион фаолият билан шуғулланаётган илмий даражаси, унвони, лавозими ва иш жойидан қатъи назар, 40 ёшдан ошмаган Ўзбекистон Республикаси фуқароси;


қабул қилувчи ташкилот - ноёб илмий объектлари, илмий асбоб-ускуналар, илмий лабораториялар ва тажриба-конструкторлик бюроларига эга бўлган, лойиҳа амалга оширилиши назарда тутилган илмий ташкилотлар ва олий таълим муассасалари;


ишчи гуруҳ - Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлигида (кейинги ўринларда - Вазирлик) тузиладиган "Академик ҳаракатчанлик" дастури доирасида республикадаги ёш олимлар ўртасида танловларни ўтказиш, номзодлар тўғрисида хулоса олиш ҳамда ушбу жараённи мувофиқлаштириш ишларини ташкил этувчи гуруҳ.



2-БОБ. ТАНЛОВ ТАШКИЛ ЭТИШ ТАРТИБИ


3. "Академик ҳаракатчанлик" дастурини бир ойдан кам (15 календарь кундан кам бўлмаган) бўлган муддатда амалга оширишга ишчи гуруҳнинг ижобий хулосаси асосида рухсат берилади.


4. Вазирлик "Академик ҳаракатчанлик" дастури доирасида республикадаги ёш олимлар ўртасида ҳар йили камида бир маротаба танлов (кейинги ўринларда - танлов) ташкил қилади.


5. "Академик ҳаракатчанлик" дастури олти ойгача бўлган давр мобайнида белгиланган муддатларда амалга оширилади.


6. Вазирлик танлов бошланишидан камида бир ой олдин ўз расмий веб-сайтида танлов тўғрисида эълон беради. Унда аризаларни шакллантириш, рўйхатдан ўтказиш ва топшириш тартиби, муддати ва талаблари кўрсатилади.


7. Номзодлар танловда иштирок этиш учун ўзи фаолият юритаётган илмий ташкилот ёки олий таълим муассасасининг йўлланма хати орқали лойиҳани Вазирликка тақдим этади.


8. Лойиҳада қуйидагилар назарда тутилган бўлиши лозим:

илмий-тадқиқот ишининг мавзуси ва долзарблиги;

илмий-тадқиқот ишининг объекти, предмети, мақсад ва вазифалари, кутилаётган илмий натижалар;

нашр этган илмий ишлари рўйхати (мавжуд бўлса);

қабул қилувчи ташкилот томонидан Вазирлик номига тақдим этилган розилик хати;

илмий лаборатория ёки тажриба-конструкторлик бюроларида илмий-тадқиқот олиб боришнинг зарурати, муддати ва зарур ускуна, материал ва реактивлар.


9. Номзодларнинг лойиҳалари улар фаолият юритаётган муассасаларнинг илмий ёки илмий-техник кенгашлари томонидан тасдиқланган бўлиши лозим.


10. Нашр этилган илмий ишлар рўйхати номзоднинг илмий раҳбари томонидан тасдиқланади.


11. Лойиҳага номзоднинг маълумотнома-объективкаси (анкета) илова қилинади.

12. Танловга лойиҳа ҳужжатларини тақдим этиш муддати тугагандан сўнг тақдим этилган лойиҳалар кўриб чиқилмайди.


13. Лойиҳаларни шакллантириш ва уларни ишчи гуруҳ томонидан кўриб чиқиш ҳамда танлаб олиш ушбу Низомга 1-иловада келтирилган схемага мувофиқ амалга оширилади.



3-БОБ. ИШЧИ ГУРУҲ ФАОЛИЯТИНИ

ТАШКИЛ ЭТИШ ТАРТИБИ


14. Вазирлик томонидан ҳар йили танловлар ўтказилишидан камида бир ой олдин лойиҳаларни кўриб чиқиш учун ишчи гуруҳ тузилади.


15. Ишчи гуруҳ ўз йўналишида камида 2 йил меҳнат стажига эга бўлган юқори малакали (турли вазирлик, идоралар, илмий ва илмий тадқиқот муассасаларидан ҳам келишув асосида жалб этилиши мумкин) камида 7 нафар тоқ сонли аъзолардан иборат таркибда тузилади. Ишчи гуруҳга раислик қилиш вазифаси вазир ўринбосари даражасидаги раҳбарга юклатилади.

Бунда ишчи гуруҳ раиси, зарур ҳолларда, тор ихтисослашувдаги қўшимча мутахассисларни (шу жумладан, ишлаб чиқариш ташкилотлари мутахассисларини) лойиҳаларни кўриб чиқиш жараёнига жалб қилиши мумкин.


16. Ишчи гуруҳ йиғилиши, унда унинг аъзоларининг камида учдан икки қисми (кворум) иштирок этган тақдирда, ваколатли ҳисобланади.

Йиғилишни ўтказиш учун кворум шаклланмаган тақдирда, ишчи гуруҳнинг йиғилиши ўтказиладиган сана эълон қилинади.

Ишчи гуруҳнинг аъзолари ўз йиғилишларида кўриб чиқиладиган масалаларни муҳокама қилиш ва ҳал қилишда ўз ваколатини бошқаларга ўтказиш ҳуқуқига эга эмас.


17. Ишчи гуруҳ йиғилишида қабул қилинган қарор йиғилиш баённомаси билан расмийлаштирилади. Баённома ишчи гуруҳ аъзолари орасидан танлаб олинган котиб томонидан имзоланади ҳамда йиғилишга раислик қилувчи томонидан тасдиқланади.


18. Баённома асосида ғолиб ва рад этилган номзодлар бўйича натижалар Вазирлик веб-сайтида жойлаштирилади ҳамда инновацион ривожланиш вазирининг буйруғи қабул қилингандан сўнг ғолиб номзодларнинг лойиҳалари амалга оширилади.



4-БОБ. ЛОЙИҲАЛАРНИ ИШЧИ ГУРУҲ ТОМОНИДАН

КЎРИБ ЧИҚИШ ВА ТАНЛАБ ОЛИШ ТАРТИБИ


19. Танлов доирасида лойиҳалар қабул қилиниши якунлангандан сўнг 20 кун муддат ичида ишчи гуруҳ томонидан кўриб чиқилади ва танлаб олинади.


20. Ишчи гуруҳ томонидан номзодларнинг лойиҳалар ҳимояси (тақдимот кўринишида) ўтказилиб, якуний хулосага келинади.


21. Лойиҳа қуйидаги мезонлар асосида баҳоланади:

лойиҳа мазусининг мамлакат фан ва технологияларини ривожлантиришнинг устувор йўналишларига мослиги - 15 баллгача;

лойиҳа мавзусининг янгилиги ва долзарблиги - 15 баллгача;

ноёб илмий объектлар, илмий лаборотория ва тажриба-конструкторлик бюроларида ўтказиладиган тажрибалардан кутилаётган натижаларнинг илмий самарадорлиги - 15 баллгача;

номзод томонидан тақдим этилган Лойиҳани амалга ошириш календарь иш режасининг пухта ишлаб чиқилганлиги - 25 баллгача;

Лойиҳани амалга ошириш учун талаб этиладиган харажатларнинг асосланганлиги - 15 баллгача;

номзоднинг илмий даражаси - 15 баллгача (фан докторига 15 балл, фалсафа докторига 10 балл ва изланувчига 5 балл).


22. Лойиҳалар ишчи гуруҳ қарори билан 50 дан юқори балл тўплаган номзодлар ғолиб деб топилиши мумкин.


23. Танлов ғолибларига сертификат берилади.

Сертификатнинг амал қилиш муддати лойиҳанинг амалга ошириш муддатлари билан бир хил даврда белгиланади.



5-БОБ. ҒОЛИБЛАР ТОМОНИДАН ЛОЙИҲАЛАРНИ

АМАЛГА ОШИРИШ ТАРТИБИ


24. Вазирлик томонидан "Академик ҳаракатчанлик" дастурини амалга ошириш бўйича танлов натижаларига мувофиқ ғолибларга келишувга асосан қабул қилувчи ташкилотлар томонидан асоссиз равишда лойиҳанинг рад этилишига йўл қўйилмайди.


25. Вазирлик лойиҳанинг амалга ошириш календарь режасини қабул қилувчи ташкилот билан келишилган ҳолда тасдиқланишини таъминлайди.


26. Ғолиб ёш олим томонидан лойиҳани амалга ошириш жараёнида қабул қилувчи ташкилотга қуйидаги мажбуриятлар юклатилади:

лойиҳани амалга ошириш учун зарур шарт-шароитларни яратиш;

ушбу жараёнга илмий раҳбар (маслаҳатчи) тайинлаш;

ноёб илмий объектлар, илмий лаборатория ва тажриба-конструкторлик бюроларининг илмий асбоб-ускуналаридан фойдаланиш учун мутахассис бириктириш;

лойиҳа доирасида дала ёки саноат тажрибаларини ўтказишга кўмаклашиш;

мавжуд ахборот-ресурс базалари, кутубхоналар ва илмий фонддан фойдаланиш имкониятини яратиш;

илмий-тадқиқот ишлари натижаларини таҳлил қилиш ва ҳисоботлар тайёрлашда кўмаклашиш;

тегишли кафедраларда (бўлимларда) лойиҳанинг олиб борилиши юзасидан илмий ходим ҳисоботларни кўриб чиқиш ва зарур йўлланмалар бериб бориш.


27. Қабул қилувчи ташкилот томонидан тайинланган илмий раҳбар (маслаҳатчи)нинг вазифалари қуйидагилар ҳисобланади:

ғолиб ёш олим билан биргаликда лойиҳани амалга ошириш календарь иш режасини ишлаб чиқиш ва унинг ўз вақтида амалга оширилишини назорат қилиш;

ғолиб ёш олимга илмий-тадқиқот ишини олиб бориши учун зарур бўлган маслаҳатлар бериб бориш;

лойиҳани амалга ошириш жараёнлари қайд этилган журнални тасдиқлаб бориш.


28. Ғолиб ёш олимнинг мажбуриятлари қуйидагилардан иборат:

қабул қилувчи ташкилотнинг ички меҳнат тартиби ва техника хавфсизлиги қоидаларига риоя қилиш;

қабул қилувчи ташкилотнинг моддий-техника базасидан оқилона ва самарали фойдаланиш;

лойиҳани амалга ошириш жараёнларини қабул қилувчи ташкилот томонидан тасдиқланган ва муҳрланган журналда қайд этиб бориш;

илмий-тадқиқот натижалари асосида камида битта илмий мақолани нуфузли хорижий (имкон қадар импакт факторга эга бўлган) журналларда чоп этиш;

илмий раҳбар (маслаҳатчи)нинг кўрсатмаларига қатъий амал қилиш ва кафедра (бўлим) йиғилишларида бажарилган ишлар тўғрисида ҳисобот бериб бориш.



6-БОБ. ЛОЙИҲАЛАРНИ МОЛИЯЛАШТИРИШ

ВА УНИНГ МОНИТОРИНГИ


29. Ғолиб ёш олимларнинг "Академик ҳаракатчанлиги" дастури доирасида лойиҳани бажариш бўйича харажатларни қоплаш илмий фаолиятга оид давлат дастурларини молиялаштириш учун ажратилган бюджет маблағлари ҳисобидан ишчи гуруҳ ҳулосасига мувофиқ инновацион ривожланиш вазирининг буйруғи ҳамда Вазирлик, ғолиб ёш олим фаолият юритаётган муассаса ва қабул қилувчи ташкилот ўртасида тузиладиган уч томонлама шартнома бўйича молиялаштириш амалга оширилади.


30. Лойиҳа харажатлари қуйидагиларни ўз ичига олади:

хизмат сафарлари харажатлари (транспорт, яшаш ва овқатланиш харажатлари);

ноёб илмий объектлар, илмий лаборатория ва тажриба-конструкторлик бюролари моддий-техника базасидан фойдаланиш харажатлари (коммунал тўловлар, кимёвий реактивлардан фойдаланиш харажатлари ва бошқалар). Бунда ташкилий ускуналарни сотиб олиш (компьютер, принтер ва бошқалар) ҳисобга олинмайди;

қўшимча харажатлар (асослантирилган ҳолда умумий маблағнинг 15 фоизидан кўп бўлмаган ҳолда);

илмий раҳбар (маслаҳатчи)га ҳар ойда тўланадиган иш ҳақи тўловлари (катта илмий ходим иш ҳақининг 0,5 бараваригача).

Талаб қилинадиган маблағларнинг умумий ҳажми базавий ҳисоблаш миқдорининг 200 бараваридан ошмаслиги лозим.


31. Ушбу Низомнинг 30-бандида кўзда тутилган харажатлар Вазирликка илмий фаолиятга оид давлат дастурларини молиялаштириш учун ажратилган бюджет маблағлари ҳисобидан белгиланган тартибда, ғолиб ёш олим фаолият юритаётган ташкилотга танлов натижалари бўйича ғолиб бўлган ёш олимнинг "Академик харакатчанлик" дастурини амалга ошириш билан боғлиқ харажатларни қоплаш мақсадида молиялаштирилади.


32. Ғолиб ёш олим фаолият юритаётган муассасага "Академик ҳаракатчанлик" дастури доирасида ажратилган ва молия йили давомида фойдаланилмай қолган қолдиқлари йил охирида бюджетга қайтарилади.


33. Ғолиб ёш олимнинг асосий иш жойидаги лавозими ва ойлик иш ҳақи лойиҳани бажариш давомида сақланиб қолинади.


34. "Академик ҳаракатчанлик" дастури доирасида бажариладиган лойиҳаларни мувофиқлаштириш, календарь иш режасининг бажарилишини мониторинг қилиш ғолиб ёш олим фаолият юритаётган ташкилотларнинг илм-фан ва инновацияга масъул бўлган раҳбар ўринбосари томонидан олиб борилади.


35. Лойиҳанинг амалга оширилиши мониторинг натижаларига кўра ёш олим фаолият юритаётган ёки қабул қилувчи ташкилотлар ташаббуси билан лойиҳани молиялаштириш қуйидаги ҳолларда Вазирлик томонидан тўхтатилиши мумкин:

ғолиб ёш олим томонидан лойиҳа умуман ёки тегишли даражада (режадан ортда қолиш, режанинг бир нечта бандлари) бажарилмаётган бўлса;

илмий-тадқиқот ишлари жараёнида натижага эришиш мумкин эмаслиги маълум бўлса;

қабул қилувчи ташкилотнинг ички тартиб-қоидаларини икки ва ундан ортиқ марта қўпол тарзда бузиш ҳолатлари кузатилса;

ғолиб ёш олимга боғлиқ бўлмаган ҳолда тажриба-конструкторлик ва технология ишларини бажариш жараёнида ишни давом эттириш мумкин эмаслиги ёки мақсадга мувофиқ эмаслиги маълум бўлса.


36. Лойиҳа бажарилиши якунланганидан сўнг қабул қилувчи ташкилот ва ғолиб ёш олим ўртасида лойиҳани амалга ошириш харажатлари кўрсатилган ҳолда бажарилган ишлар бўйича далолатнома тузилади.


37. Ғолиб ёш олим "Академик ҳаракатчанлик" дастури доирасида олиб борилган лойиҳа натижалари ҳисоботи фаолият юритаётган муассаса раҳбари томонидан тасдиқланган ҳолда илмий, илмий-техник кенгашда муҳокама қилингани ҳақидаги йиғилиш баённома кўчирмаси, ажратилган маблағларнинг сарфланганлиги бўйича ҳисобот Вазирликка тақдим этилади.



7-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР


38. Илгари "Академик ҳаракатчанлик" дастури доирасида ғолиб бўлган ёш олимларнинг кейинги танловларга айнан шу лойиҳа билан иштирок этишига йўл қўйилмайди.


39. Танлов натижаларидан норози бўлган номзод натижалар эълон қилинган кундан бошлаб ўн беш календарь кун ичида Вазирликка апелляция бериш ҳуқуқига эга. Апелляция ёзма равишда тақдим этилади.

Ишчи гуруҳ бир ҳафта муддатда киритилган апелляцияни кўриб чиқади ва Вазирлик белгилаган муддатда талабгорга қабул қилинган қарор ҳақида ёзма равишда хабар беради.


40. Мазкур Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар.






Низомга

1-ИЛОВА



"Академик ҳаракатчанлик" дастури доирасида

ташкил этиладиган танлов учун илмий-тадқиқот

иши бўйича лойиҳаларни шакллантириш ва уларни

ишчи гуруҳ томонидан кўриб чиқиш ҳамда танлаб олиш

СХЕМАСИ

Босқичлар

Субъектлар


Амалга ошириладиган тадбирлар


Бажариш муддатлари



1-босқич

Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги (Вазирлик)


"Академик ҳаракатчанлик" дастури доирасида республикадаги ёш олимлар учун ўз веб-сайтида танлов тўғрисида эълон жойлаштириш


Танлов бошланишидан бир ой олдин







2-босқич

Вазирлик


Танлов учун топширилган лойиҳаларни кўриб чиқиш бўйича Вазирлик томонидан ишчи гуруҳ тузиш


Танлов бошланишидан камида бир ой олдин







3-босқич

Танлов иштирокчиси


Танловда иштирок этиш учун фаолият кўрсатаётган муассасаларининг йўлланма хати орқали лойиҳалар тақдим этиш


Танлов эълон қилингандан сўнг бир ой муддатда







4-босқич

Ишчи гуруҳ


Номзодларнинг лойиҳалар ҳимоясини ўтказиб, (тақдимот кўринишида ҳимоя қилишлари талаб этилади) якуний хулосага келиш


Лойиҳалар қабул қилиш якунлангандан сўнг 20 кун ичида







5-босқич

Вазирлик


Ғолиб номзодларнинг лойиҳаларини амалга оширишлари учун инновацион ривожланиш вазирининг буйруғини қабул қилиш


Ишчи гуруҳ хулосаси якунлангандан сўнг 10 кун ичида







6-босқич

Вазирлик


Танлов ғолибларини интернет нашрлари ва Инновацион ривожланиш вазирлиги расмий веб-сайтида эълон қилиш


5-босқич якунлангандан сўнг 10 кун ичида





Низомга

2-ИЛОВА



НАМУНА



ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ИННОВАЦИОН РИВОЖЛАНИШ ВАЗИРЛИГИ


Ўзбекистон Республикасидаги ноёб илмий объектлар,

илмий лаборатория ва тажриба-конструкторлик

бюроларидан фойдаланиш учун


СЕРТИФИКАТ

N ___________


20__ йил "___" _________ гача амал қилади


Ушбу сертификат "Академик ҳаракатчанлик" дастури доирасида Ўзбекистон Республикасидаги ноёб илмий объектлари, илмий асбоб-ускуналар, илмий лабораториялар ва тажриба-конструкторлик бюроларидан фойдаланиш ҳуқуқини беради

          

          

          

(Танлов ғолиби фаолият кўрсатаётган ташкилот номи)

Танлов ғолиби Ф.И.О.


   



раҳбар/ у ваколат берган шахс


имзо


Ф.И.О.

М.Ў.

20__ йил "___" ____________

    


Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2021 йил 20 апрель