Законодательство
ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

Умумий ўрта таълим ташкилотларида инклюзив таълимни ташкил этиш тартиби тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 12.10.2021 й. 638-сон қарорига 1-илова)

Текст документа с комментариями экспертов доступен пользователям платного тарифа на сайте nrm.uz

Вазирлар Маҳкамасининг

2021 йил 12 октябрдаги

638-сон қарорига

1-ИЛОВА



Умумий ўрта таълим ташкилотларида инклюзив

таълимни ташкил этиш тартиби тўғрисида

НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Мазкур Низом умумий ўрта таълим ташкилотларида (кейинги ўринларда - мактаб ) жисмоний, ақлий, сенсор (сезги) ёки руҳий нуқсонлари бўлган болалар (кейинги ўринларда - алоҳида таълим эҳтиёжлари бўлган болалар) учун инклюзив таълимни ташкил этиш тартибини белгилайди.

Мактабларда бошланғич таянч коррекцион синфлар очилиши мумкин.


2. Ушбу Низом талаблари давлат умумтаълим ташкилотларига нисбатан татбиқ этилади.


3. Мазкур Низомда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:


инклюзив таълим - алоҳида таълим эҳтиёжлари ва индивидуал имкониятларнинг хилма-хиллигини ҳисобга олган ҳолда барча таълим олувчилар учун таълим ташкилотларида таълим олишга бўлган тенг имкониятларни таъминлаган ҳолда бериладиган таълим;


инклюзив таълим синфи - мактабдаги алоҳида таълим эҳтиёжлари бўлган болаларнинг бошқа (соғлом) болалар билан тенг ҳуқуқли ва биргаликдаги таълим олишлари шаклида ташкил этилган синф;


бошланғич таянч коррекцион синфи - мактабда алоҳида таълим эҳтиёжлари бўлган болалар учун алоҳида ташкил этиладиган бошланғич синф;


ўқувчилар - инклюзив таълим ва бошланғич таянч коррекцион синфларда таҳсил олаётган соғлом ёки алоҳида таълим эҳтиёжлари бўлган болалар.


4. Мактабда ўқувчилар бошқа (соғлом) болалар билан бир қаторда мактабга қатнаб муайян синфнинг ўқув режасига мос келадиган ўқув дастурлари доирасида таҳсил олади.

Мактабга қатнаб ўқиш имконияти бўлмаган ўқувчиларга таълим бериш ўқув режалари ва ўқув дастурларига мувофиқ ота-оналар ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар билан келишилган тавсияга мувофиқ зарур билим, малака ва кўникмаларни масофадан туриб ёки уйда якка тартибда таълим бериш орқали амалга оширилади.

Ўқувчилар турли тўгараклар, секциялар, мактабдан ташқари тадбирларда қатнашиш имконияти эга.


5. Инклюзив таълимни ташкил этиш инсонпарварлик, умуминсоний қадриятлар, бағрикенглик, ошкоралик тамойилларига асосан амалга оширилади.


6. Мактабда инклюзив таълим ва бошланғич таянч коррекцион синфлар болаларнинг ёш ва индивидуал хусусиятлари, ақлий ривожланиши даражаси, соматик ва асаб-руҳий соғлиғи ҳолатига мувофиқ ташкил этилади.



2-БОБ. ИНКЛЮЗИВ ТАЪЛИМНИНГ МАҚСАДИ

ВА ВАЗИФАЛАРИ


7. Инклюзив таълимнинг мақсади - алоҳида таълим эҳтиёжлари бўлган ўқувчилар учун мактабда махсус восита ва методларни қўллаш орқали махсус педагогларни жалб этган ҳолда тўсиқсиз мослаштирилган таълим муҳитини яратиш, уларнинг жамиятга самарали мослашуви ҳамда тўлақонли уйғунлашувига хизмат қиладиган сифатли умумий ўрта таълим беришни таъминлашдан иборат.

Мактаблар алоҳида таълим олиш эҳтиёжи бўлган болалар ва уларнинг ота-оналарига коррекцион педагогик ёрдам олишида ва касбга йўналтиришда ҳар томонлама ёрдам кўрсатади.


8. Инклюзив таълимнинг вазифалари қуйидагилардан иборат:

ривожланишнинг турли имкониятларига эга бўлган ўқувчилар учун ҳар қандай камситилишни истисно қиладиган, барча болаларга тенг муносабатда бўлишни таъминлайдиган ягона мослаштирилган ижтимоий муҳитни яратиш;

жамоатчилик ҳамда таълим жараёнининг барча иштирокчиларида алоҳида таълим эҳтиёжлари бўлган ўқувчилар муаммоларига нисбатан бағрикенглик муносабатини шакллантириш;

таълим жараёнида соғлом болалар билан бир қаторда алоҳида таълим эҳтиёжлари бўлган болаларнинг ақлий ва ижтимоий салоҳиятларини ривожлантириш;

барча ўқувчилар учун давлат таълим стандартларига мувофиқ умумий ўрта таълим дастурларини ўзлаштириш учун имконият яратиш;

ўқувчиларнинг ҳар томонлама ривожланиши, эмоционал-иродавий соҳаси, билиш фаолиятини фаоллаштириш, ижтимоий кўникма ва салоҳиятини шакллантириш учун шарт-шароитлар яратиш;

алоҳида таълим эҳтиёжлари бўлган болаларни тарбиялаётган оилаларга маслаҳат ёрдами бериш ҳамда ота-оналарни фарзандларига таълим-тарбия бериш, педагогик технологиялар, таълим-тарбия метод ва воситаларини қўллаш соҳасида хабардорлик даражасини ошириш, уларни психологик-педагогик жиҳатдан қўллаб-қувватлаш.



3-БОБ. МАКТАБДА ИНКЛЮЗИВ ТАЪЛИМ ВА

БОШЛАНҒИЧ ТАЯНЧ КОРРЕКЦИОН СИНФЛАРНИ

ТАШКИЛ ЭТИШ


9. Мактабда инклюзив таълим ва бошланғич таянч коррекцион синфлар ҳудуддаги аҳоли эҳтиёжи ва ота-оналар ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар таклифи билан Қорақалпоғистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, вилоятлар халқ таълими бошқармалари, Тошкент шаҳар халқ таълими бош бошқармаси (кейинги ўринларда - ҳудудий халқ таълими бошқармаси) буйруғига кўра ташкил этилади.

Нодавлат таълим ташкилотлари ҳам барча зарур шароитлар мавжуд бўлган тақдирда инклюзив таълим ва бошланғич таянч коррекцион синфларни ташкил этишлари мумкин.

Нодавлат таълим ташкилотларида инклюзив таълим ва бошланғич таянч коррекцион синфларни ташкил этиш тегишлича ҳудудий халқ таълими бошқармаси билан келишилган ҳолда амалга оширилади.


10. Инклюзив таълим ва бошланғич таянч коррекцион синфлар ўқувчиларнинг бино ичида ҳаракатланиши ва таълим олишлари учун махсус шароитлар яратилган мактабларда ташкил этилади.


11. Инклюзив таълим ва бошланғич таянч коррекцион синфлар ташкил этилган мактаблар фаолияти Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлигининг Ўқувчиларни касб-ҳунарга йўналтириш ва психологик-педагогик республика ташхис маркази ҳамда ҳудудий халқ таълими бошқармалари томонидан методик таъминланади ва мувофиқлаштирилади.



4-БОБ. ЎҚУВЧИЛАРНИ ИНКЛЮЗИВ ТАЪЛИМ

СИНФЛАРИГА ВА БОШЛАНҒИЧ ТАЯНЧ

КОРРЕКЦИОН СИНФЛАРГА ҚАБУЛ

ҚИЛИШ ТАРТИБИ


12. Мактабнинг инклюзив таълим синфлари ва бошланғич таянч коррекцион синфларнинг биринчи синфига ўқувчилар улар етти ёшга тўладиган йилда қабул қилинади.

Алоҳида таълим эҳтиёжлари бўлган болаларнинг таълим олиш ҳуқуқини таъминлаш мақсадида умумтаълим мактаблари учун белгиланган ёш меъёридан икки йилга ошган болаларни қабул қилишга рухсат этилади.


13. Ўқувчиларни инклюзив таълим синфлари ва бошланғич таянч коррекцион синфларга қабул қилиш ҳамда чиқариш Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигининг ҳудудий бошқармалари ҳузурида ташкил этилган Психологик-тиббий-педагогик комиссия (кейинги ўринларда - психологик-тиббий-педагогик комиссия) хулосасига кўра, ота-оналар ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар розилиги билан амалга оширилади.

Психологик-тиббий-педагогик комиссия йўлланмаси ўқувчиларни инклюзив таълим синфлари ва бошланғич таянч коррекцион синфларга қабул қилинишига асос ҳисобланади.


14. Инклюзив таълим синфлари ва бошланғич таянч коррекцион синфларга бошқа маъмурий-ҳудудий бирликдан келиб ўқиш истагини билдирган ўқувчилар ўқувчини қабул қилаётган мактаб жойлашган ҳудуднинг психологик-тиббий-педагогик комиссияси йўлланмасига асосан қабул қилинади.


15. Ўқувчиларни инклюзив таълим синфларига ва бошланғич таянч коррекцион синфларга қабул қилиш ўқув йили бошлангунча ҳамда ўқув йили давомида амалга оширилади ва мактаб директорининг буйруғи билан расмийлаштирилади.


16. Инклюзив таълим синфлари ва бошланғич таянч коррекцион синфларга йўлланган ҳар бир ўқувчига ота-оналари ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар томонидан шахсий ҳужжатлар йиғмажилди расмийлаштирилади ва мактаб раҳбариятига тақдим этилади.

Ўқувчининг шахсий ҳужжатлар йиғмажилдида қуйидаги ҳужжатлар бўлади:

ота-оналари ёки уларнинг ўрнини босувчи шахсларнинг аризаси;

психологик-тиббий-педагогик комиссия хулосаcи;

таълим олганлиги тўғрисидаги ҳужжатлар (таълим муассасаларида ўқиётган болалар учун);

ўқиш жойидан таълимнинг муддати, ўқув фанларини ўзлаштириши ва хулқ-атвори, ўқувчига якка тартибда кўмак бериш борасида амалга оширилган чора-тадбирларнинг батафсил таҳлили акс эттирилган маълумотнома ва тавсифнома (таълим муассасаларида ўқиётган болалар учун);

ўқувчининг яшаш жойидаги шифохона бош врачи томонидан имзоланган, унинг ривожланиши тарихидан муфассал кўчирма.


17. Инклюзив таълим синфлари ва бошланғич таянч коррекцион синфларга қуйидаги тоифадаги болалар қабул қилинади:

эшитишда нуқсони бўлган болалар (эшитиш қобилиятининг йўқотилиши 60 Дб гача бўлган ривожланишида қўшимча бузилишлар бўлмаган болалар);

кўришда нуқсони бўлган болалар (кўриш қобилиятининг бузилиши 0,1 гача бўлган ривожланишида қўшимча бузилишлар бўлмаган болалар);

соматик касалликлар (психофизик ва нутқнинг ривожланиш даражаси ёшига мос келмайдиган болалар);

нутқида оғир нуқсонлар бўлган болалар (алалия, дислалия, афазия, ринолалия, дизартрия, психик-нутқий ривожидаги сустлик, дудуқланиш);

таянч-ҳаракат аппаратида нуқсони бўлган болалар (болалар церебрал фалажи, сколиоз, полиомиелит, миопатия, остеомиелит, ампутация, бўй ўсишининг етишмовчилиги - паканалик);

ақлий ривожланиши сақланган ҳолда таянч-харакат тизимидаги бузилиши бўлган болалар;

ақлий ривожланиши сақланган ёки руҳий ривожланишда орқада қолган болалар (ўзи ҳаракат қила оладиган ёки қўшимча мосламалар ва ногиронлик аравачасида ҳаракатлана оладиган болалар церебрал фалажи);

интеллектуал ривожланишнинг потенциал бузилмаган имкониятлари билан руҳий ривожланишда орқада қолган болалар;

ҳулқ-атвор ва руҳиятнинг қўпол бузилишларисиз аутистик спектри бузилган болалар;

интеллектуал ривожланиши сақланиб қолинган, тутқаноқ ҳолатида бўлган болалар (агар бола антиконвульсант дорисини қабул қилганда, тутқаноқ 1 ойда 1 мартадан ошмаган пайтда).


18. Мактаб ушбу Низомнинг 17-бандида қайд этилган тоифадаги болаларни қабул қилишдан бош тортишга хақли эмас.


19. Қуйидаги тоифадаги болалар қабул қилинмайди:

ақлий ривожланиши ўта заиф болалар;

хулқ-атворида оғир бузилишлар, ҳиссий-иродавий соҳасида (органик) нуқсонлари бўлган болалар;

таянч-ҳаракат аппаратида нуқсони бўлган, мустақил равишда ҳаракатлана олмайдиган ва ўз-ўзига хизмат кўрсата олмайдиган болалар;

кўр-кар-соқов болалар;

тез-тез такрорланадиган эпилептик тутқаноқдан азият чекадиган (эпилептик деменция, кундузги ва тунги вақтларда тутқаноғи тез-тез такрорланадиган) болалар;

марказий асаб тизимига шикаст етганлиги туфайли сийдик ва нажасини ушлаб туролмайдиган болалар.



5-БОБ. ИНКЛЮЗИВ ТАЪЛИМ СИНФЛАРИ ВА

БОШЛАНҒИЧ ТАЯНЧ КОРРЕКЦИОН СИНФЛАРДА

ЎҚУВ-ТАЪЛИМ ЖАРАЁНИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ


20. Инклюзив таълим синфларида жами ўқувчилар сони 30 нафардан ошмаслиги керак. Ушбу синфларда умумий ўрта таълим дастурлари бўйича оммавий тарзда ўқиётган ўқувчилар билан бирга махсус (коррекцион) дастурлар асосида ўқиётган алоҳида таълим эҳтиёжлари бўлган ўқувчилар сони 3 нафардан ошмаслиги лозим.

Инклюзив таълим синфлари ва бошланғич таянч коррекцион синфларга фақат бир хил тиббий ташхисдаги ўқувчилар қабул қилинади.


21. Мактабларда инклюзив таълим синфлари ва бошланғич таянч коррекцион синфлар сони бир параллел синфларда 2 тадан ортиқ ташкил этилмайди.


22. Бошланғич таянч коррекцион синфларда ўқувчилар сони амалдаги алоҳида таълим эҳтиёжлари бўлган болалар (шахслар) учун давлат ихтисослаштирилган таълим муассасалари (мактаблар, мактаб-интернатлар) синфларидаги ўқувчилар сони меъёрларига мувофиқ равишда белгиланади.


23. Инклюзив таълим синфлари ва бошланғич таянч коррекцион синфларда ўқитиш ва тарбиялаш жараёни ўқувчиларнинг алоҳида хусусиятларини ҳисобга олган ҳолда ташкил этилади.

Ўқувчиларнинг билимлари улардаги нуқсонларнинг ўзига хослигини ҳисобга олган ҳолда давлат таълим стандартларига мувофиқ баҳоланади.


24. Таълим-тарбия жараёни давлат таълим стандартларига мувофиқ ўқув режаси ва дастур асосида махсус коррекцион тузатиш усулларидан фойдаланилган ҳолда олиб борилади.


25. Инклюзив таълим синфлари ва бошланғич таянч коррекцион синфлардаги ўқувчиларга индивидуал таълим дастурларини ўзлаштиришга ёрдам кўрсатиш махсус педагоглар ва тьюторлар (ёрдамчи педагог ходимлар) томонидан амалга оширилади.


26. Ҳар бир инклюзив таълим синфлари ёки бошланғич таянч коррекцион синфлар очилган мактаб учун алоҳида махсус педагог штат бирликлари ажратилади.

27. Ўқувчилар билан индивидуал таълим дастурларини ўзлаштириш, махсус педагоглар томонидан таълим жараёнидаги барча дарсларда, синфдан ташқари ва бошқа тадбирларда амалга оширилади.

28. Инклюзив таълим синфлари ва бошланғич таянч коррекцион синфлар очилган мактабларда ўқувчиларга индивидуал таълим дастурларини ўзлаштириш, ривожланишига тўсқинлик қилаётган омилларни аниқлаш, уларга турли кўринишдаги психологик ёрдам бериш мақсадида махсус ёрдам кўрсатиш хоналари ташкил этилади.

Махсус ёрдам кўрсатиш хоналари зарур махсус жиҳозлар билан таъминланади.


29. Инклюзив таълим синфлари жорий қилинган мактабларга тьютор (ёрдамчи педагог ходим) сифатида тегишли малакага эга волонтёрлар ва олий таълим муассасаларининг педагогика йўналишидаги юқори курс талабалари педагогик амалиёт даврида ихтиёрийлик асосида жалб қилинади.

Талабаларни инклюзив таълим синфлари жорий қилинган мактабларга жалб этиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги ҳамда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги томонидан белгиланади.


30. Инклюзив таълим синфларида ўқувчиларга олий маълумотли, шунингдек, тегишли қайта тайёрлашдан ўтган ўқитувчи ёки дефектологлар томонидан дарс берилади.

Бошланғич таянч коррекцион синфларда ўқувчиларга дефектология соҳаси бўйича олий маълумотли педагоглар, шунингдек, дефектология (соҳаси) бўйича тегишли қайта тайёрлашдан ўтган бошланғич синф ўқитувчилар томонидан дарс берилади.


31. Ҳар бир ўқувчи учун умумий ўрта таълим дастури ва махсус (коррекцион) таълим дастуридан келиб чиқиб мактаб томонидан тасдиқланадиган йиллик режа ва машғулотлар жадвали тузилади.

Бунда ўқувчининг индивидуал психожисмоний хусусиятлари, қизиқишлари ҳамда психологик-тиббий-педагогик комиссиянинг тавсиялари инобатга олинади.


32. Ўқувчиларни ўқитиш методикасини ишлаб чиқишда қуйидагилар инобатга олинади:

тьюторнинг таълим жараёнида тўлиқ ёки қисман иштироки зарурати;

енгиллаштирилган индивидуал кун тартибини (топшириқлар ҳажми, ҳафта давомида қўшимча дам олиш куни ва бошкалар) ташкил этиш;

ўқувчиларнинг индивидуал хусусиятларидан келиб чиқиб дарс машғулотларини тузиш;

умумривожлантирувчи ва фанлар йўналишидаги машғулотларни индивидуал ва гуруҳ шаклида ташкил этиш;

психолог, махсус педагог ва бошқа мутахассисларнинг мактабдан ва синфдан ташқари коррекцион-ривожлантирувчи машғулотларини ташкил этиш.


33. Таълим жараёнида қўлланиладиган метод ва воситалар болаларнинг ҳар томонлама ақлий, жисмоний ривожланишини таъминлашга ва етук шахсни тарбиялашга қаратилади.



6-БОБ. ПЕДАГОГ ХОДИМЛАР ФАОЛИЯТИ ВА

ОТА-ОНАЛАР БИЛАН ҲАМКОРЛИК


34. Мактабларда инклюзив таълим синфлари ва бошланғич таянч коррекцион синфлар ўқувчиларининг салоҳиятини ривожлантириш мақсадида ўқувчилар учун индивидуал ўқув дастурлари ишлаб чиқилади.


35. Инклюзив таълим синфлари ва бошланғич таянч коррекцион синфлардаги таълим-тарбия жараёнининг назорати ушбу синф раҳбари томонидан амалга оширилади.


36. Махсус педагоглар инклюзив таълим синфлари ва бошланғич таянч коррекцион синфларда ҳамда махсус ёрдам кўрсатиш хоналарида ўқувчилар билан коррекцион-педагогик ишларни олиб борувчи ва мувофиқлатирувчи асосий мутахассис ҳисобланади.


37. Махсус педагоглар бошқа педагоглар билан биргаликда инклюзив таълим синфлари ва бошланғич таянч коррекцион синфлар ўқувчилари билан ишлаш режасини тузади ва уларни синфга уйғунлаштиради.


38. Махсус педагоглар корекцион таълимни олиб боради, машғулотларнинг мазмуни ва методларини танлайди, алоҳида таълим эҳтиёжлари бўлган болаларга коррекцион-педагогик, тиббий ёрдам кўрсатилишини мувофиқлаштиради, бошқа мутахассислар билан ҳамкорликда умумий машғулотларни, кичик гуруҳларда ва алоҳида-алоҳида машғулотларни олиб боради.

Зарурат бўлганда ўқувчилар билан қўшимча якка тартибда машғулотлар ташкил этилади.


39. Ўқувчиларнинг ўқув-тарбия жараёнида иштирокини таъминлаш ҳамда уларнинг индивидуал (мослаштирилган) таълим дастурларини ўзлаштиришда тьюторлар яқиндан ёрдамлашади.

Тьютор:

таълим жараёнида содир бўладиган муаммолар ва қийинчиликларни енгишга кўмаклашади;

таълим жараёнининг индивидуаллашуви (индивидуал таълим дастурларини тузиш ва ш.к.) учун шароитлар яратади;

ўқувчиларнинг ўқув дастурларини давлат таълим стандартлари талабларига мувофиқ даражада ўзлаштиришига кўмаклашади, боланинг ўқув юкламаси ва имкониятларини таҳлил қилади, тегишли ўзгартиришлар киритиш бўйича таклифлар беради;

ота-оналар билан ўзаро ҳамкорликда таълим олувчиларнинг таълимий қизиқишларини аниқлаш, шакллантириш ва ривожлантириш юзасидан ҳамкорликни ўрнатади.

Тьюторларга қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ иш ҳақи тўланади.

40. Мактаб психологи ҳар бир ўқувчининг психик саломатлигини ҳимоялаш мақсадида қуйидаги вазифаларни бажаради:

ўқувчини индивидуал ривожлантириш (оилада ва инклюзив таълим шароитида таълим бериш) дастурларини тузиш;

ўқувчилар билан гуруҳларда машғулотлар олиб бориш;

ўқувчиларни доимий равишда психолог-педагогик жиҳатдан ўрганиш ва уларни тарбиялаш бўйича ота-оналарга маслаҳатлар бериш.


41. Мактабдаги жисмоний тарбия ўқитувчиси ўқувчиларнинг соғлиғини мустаҳкамлаш, соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш мақсадида қуйидаги вазифаларни бажаради:

ўқувчиларнинг жисмоний ва психик хусусиятларидан келиб чиқиб улар билан якка ва гуруҳли тарзда машғулотлар олиб бориш;

ўқувчилар билан биргаликда спорт тадбирлари ва мусобақаларни ташкил этиш;

ота-оналарга ўқувчиларни жисмоний тарбия ва соғломлаштириш соҳасида маслаҳатлар бериш;

тиббиёт ходимлари билан биргаликда ҳар бир ўқувчининг жисмоний юкламасини тартибга солиш.


42. Мактабда тиббиёт ходими томонидан ўқувчиларга махсус тиббий ёрдам кўрсатилади.

Тиббиёт ходими:

ўқувчиларнинг руҳий асаб ҳолатини текширади, зарурат бўлганда даволаш муолажаларини тавсия этади;

коррекцион-педагогик таълим жараёнида болалар соғлигини назорат қилади ҳамда ақлий ва жисмоний юкламанинг меъёрини белгилайди;

ўқувчиларнинг соматик ва руҳий саломатлигини сақлаш юзасидан ота-оналарга маслаҳат беради ва бошқа мутахассислар билан хамкорликда уларни соғломлаштириш ишларини олиб боради.



7-БОБ. ИНКЛЮЗИВ ТАЪЛИМ СИНФЛАРИ ВА

БОШЛАНҒИЧ ТАЯНЧ КОРРЕКЦИОН СИНФЛАРДА

ТАЪЛИМ СИФАТИНИ НАЗОРАТ ҚИЛИШ

ВА БОШҚАРИШ


43. Синфларда дарс машғулотларининг ўз вақтида олиб борилиши, ўқув дастурларининг бажарилиши юзасидан назоратни мактаб директори ва унинг ўқув-тарбия ишлари бўйича ўринбосари амалга оширади.


44. Ўқувчиларнинг мажмуавий текширилишини, психологик-тиббий-педагогик консилиум фаолиятини ташкил этиш ва ўтказиш учун мактаб директори буйруғи асосида қуйидаги таркибдан иборат бўлган Кенгаш тузилади:

ўқув ишлари бўйича директор ўринбосари (Кенгаш раиси);

маънавий-маърифий ишлар бўйича директор ўринбосари (Кенгаш раиси ўринбосари);

инклюзив таълим синфи ва бошланғич таянч коррекцион синф ўқитувчилари;

психолог;

махсус педагог;

тьютор;

врач-педиатр, (психоневролог), тиббиёт ҳамшираси.

Кенгаш йиғилишларига ўқувчиларнинг ота-оналари ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар жалб қилиниши мумкин.

45. Мактабда мавжуд бўлмаган мутахассислар шартнома асосида Кенгаш ишига жалб қилиниши мумкин.


46. Ўқувчиларнинг ота-оналари ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар Кенгаш йиғилишларида иштирок этишлари мумкин.


47. Кенгаш ўқувчиларнинг ўзлаштириши, ўқув дастурларини бажариши, соғлиғи ҳамда психологик ҳолати бўйича ўқув йилининг ҳар чорагида камида бир маротаба йиғилиш ўтказади.


48. Кенгаш ўқувчиларнинг ўзлаштириши, ўқув дастурларини бажариши, соғлиғи ҳамда психологик ҳолатидан келиб чиқиб ўқувчини инклюзив таълим синфи ёки бошланғич коррекцион синфнинг ўқувчилар сафидан чиқариш юзасидан психологик-тиббий-педагогик комиссияга таклиф киритади.



8-БОБ. МОЛИЯЛАШТИРИШ ВА

МОДДИЙ-ТЕХНИК ТАЪМИНЛАШ


49. Мактаб инклюзив таълим синфлари ва бошланғич таянч коррекцион синфлардаги ўқувчилар учун машғулотлар, дам олиш, жисмоний тарбия ва соғломлаштириш ҳамда коррекцион-ривожлантирувчи ишлар олиб борилишига мўлжалланган шароитларни таъминлайди.


50. Инклюзив таълим синфлари ва бошланғич таянч коррекцион синфларни комплектлаш ҳудудий халқ таълими бошқармалари томонидан Қорақалпоғистон Республикаси Молия вазирлиги, вилоятлар молия бошқармалари билан келишилган ҳолда ҳар йили 20 августгача амалга оширилади.


51. Инклюзив таълим синфлари хамда бошланғич таянч коррекцион синфларнинг ўқувчиларини таъминлаш ва ўқитиш қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ давлат таъминоти асосида амалга оширилади.


52. Инклюзив таълим синфлари ва бошланғич таянч коррекцион синфларни молиялаштириш белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказилган ва тасдиқланган харажатлар сметасига мувофиқ, шунингдек, жамоатчилик, ҳайрия ва халқаро ташкилотларнинг ҳайрия маблағлари ва қонун билан тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобига амалга оширилади.


53. Инклюзив таълим синфлари ўқитувчиларига меҳнатнинг алоҳида шароитлари учун ҳар ойда тўланадиган устама ҳақи синфда алоҳида таълим эҳтиёжлари бўлган бир нафар бола учун лавозим маошининг 10 фоизи, икки нафар бола учун лавозим маошининг 20 фоизи, уч нафар бола учун лавозим маошининг 30 фоизи миқдорида, икки ва ундан ортиқ инклюзив таълим синфларида тўрт нафар ва ундан ортиқ бола учун таълим-тарбия ишларини олиб борган ўқитувчилар ва махсус педагогларга лавозим маошининг 40 фоизи миқдорида белгиланади.

Бошланғич таянч коррекцион синфлар ўқитувчилари ва махсус педогогларга меҳнатнинг алоҳида шароитлари учун ҳар ойда тўланадиган устама ҳақи лавозим маошининг 50 фоизи миқдорида тўланади.


54. Инклюзив таълим синфлари синф раҳбарига синф раҳбарлиги учун тўлиқ ҳажмда қўшимча маблағ ажратилади ва у директор жамғармасидан рағбатлантирилади.



9-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР


55. Мактабларнинг инклюзив таълим соҳасида халқаро ҳамкорлиги халқаро шартномалар асосида халқаро ва хорижий ташкилотлар билан педагогик ахборот ва тажриба алмашиш, педагог ходимларнинг малака ошириши ҳамда стажировка ўташи шаклида амалга оширилиши мумкин.


56. Мактаб директори болалар инклюзив таълим синфлари ва бошланғич таянч коррекцион синфларга қабул қилиниши учун белгиланган тартибда шахсан жавоб беради.


57. Ўқувчиларнинг мактабга келиб-кетишидаги ҳаёти ва соғлиғи учун жавобгарлик уларнинг ота-оналари ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар зиммасига юклатилди.

Ўқувчиларнинг мактаб ҳудудидаги ҳаёти ва соғлиғи учун жавобгарлик мактабга юкланади.


58. Мактаблар инклюзив таълим соҳасида ўқувчиларнинг ота-оналари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, бошқа таълим ташкилотлари ва нодавлат нотижорат ташкилотлар билан узвий алоқада фаолият кўрсатади.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2021 йил 13 октябрь