Законодательство
ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

Ўзбекистон Республикасининг 25.12.2023 й. ЎРҚ-887-сон "Суд қарорларининг қонунийлиги, асослилиги ва адолатлилигини текшириш тартиби такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик процессуал кодексига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида"ги Қонуни (Қонунчилик палатаси томонидан 15.08.2023 й. қабул қилинган, Сенат томонидан 27.10.2023 й. маъқулланган)

Текст документа с комментариями экспертов доступен пользователям платного тарифа на сайте nrm.uz

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ

ҚОНУНИ

25.12.2023 й.

N ЎРҚ-887



СУД ҚАРОРЛАРИНИНГ ҚОНУНИЙЛИГИ,

АСОСЛИЛИГИ ВА АДОЛАТЛИЛИГИНИ ТЕКШИРИШ

ТАРТИБИ ТАКОМИЛЛАШТИРИЛИШИ МУНОСАБАТИ

БИЛАН ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ

ФУҚАРОЛИК ПРОЦЕССУАЛ КОДЕКСИГА

ЎЗГАРТИРИШ ВА ҚЎШИМЧАЛАР

КИРИТИШ ТЎҒРИСИДА


Қонунчилик палатаси томонидан 2023 йил 15 августда қабул қилинган

Сенат томонидан 2023 йил 27 октябрда маъқулланган



Кейинги йилларда "Янги Ўзбекистон - янги суд" принципи доирасида аҳолининг одил судловга эришиш имкониятларини янада кенгайтиришга, инсоннинг қадр-қиммати устуворлигини таъминлашга қаратилган муҳим ислоҳотлар амалга оширилди.

Хусусан, мамлакатимизда суд-ҳуқуқ тизимини янада такомиллаштириш, фуқаролар ва тадбиркорларнинг ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш чораларини кучайтириш, одил судловни самарали таъминлаш бўйича изчил ишлар олиб борилди. Олиб борилган ишлар натижасида одил судловни амалга ошириш жараёнида шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш даражаси янги босқичга чиқди.

Шу билан бирга бугунги кунда суд қарорларини қайта кўриш институтининг таҳлили мазкур институтни такомиллаштириш орқали амалдаги тартибни қайта кўриб чиқиш зарурлигини кўрсатмоқда.

Ушбу Қонун билан Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик процессуал кодексига суд ишларини кўришнинг ўта марказлаштирилишига барҳам берилишини, ишларни вилоят судларида ва уларга тенглаштирилган судларда апелляция ёки кассация ва тафтиш тартибида кўриш босқичлари жорий этилишини, ишлар Ўзбекистон Республикаси Олий судида тафтиш тартибида ҳамда Ўзбекистон Республикаси Олий судининг Раёсатида қайта кўрилишини, юқори турувчи судлар томонидан қуйи судларнинг бекор қилинган қарорларини янгидан кўриш учун қайтадан ушбу судларга юбориш тартиби чиқариб ташланишини, ҳар бир суд инстанциясининг зиммасига иш бўйича якуний қарор чиқариш мажбурияти юклатилишини, суд қарорларини қайта кўриш босқичларига тафтиш инстанцияси жорий этилишини назарда тутувчи ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда.

Ушбу Қонун фуқароларнинг Ўзбекистон Республикаси Конституциясида назарда тутилган суд орқали ҳимоя қилиниш ва судга шикоят қилиш ҳуқуқларининг кафолатларини янада оширишга, фуқароларнинг бузилган ҳуқуқлари ва эркинликларини, шунингдек қонуний манфаатларини кенгроқ ҳимоя қилишга, одил судловдан фойдаланиш даражасини янада оширишга, судьяларнинг иш ҳажмини ҳамда юкламасини мутаносиб тарзда белгилашга, судларнинг масъулиятини янада оширишга, ишларнинг сифатли ва ўз вақтида кўрилишига, суд қарорларини қайта кўришда ўрта бўғин - вилоят судлари ва уларга тенглаштирилган судлар имкониятларидан самарали фойдаланишга, шунингдек фуқароларнинг судлардаги ортиқча харажатлари тежалишига хизмат қилади.


1-модда. Ўзбекистон Республикасининг 2018 йил 22 январда қабул қилинган ЎРҚ-460-сонли Қонуни билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик процессуал кодексига (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2018 йил, 1-сонга 1-илова, N 10, 672-модда; 2019 йил, N 3, 166-модда, N 5, 261-модда, N 9, 592-модда, N 10, 671-модда, N 11, 791, 792-моддалар, N 12, 880-модда; 2020 йил, N 1, 1, 3-моддалар, N 3, 198, 199-моддалар; 2021 йил, N 1, 8-модда, 4-сонга илова, N 8, 803-модда, N 9, 903-модда; 2022 йил, N 3, 213-модда, N 8, 800-модда; 2023 йил, N 4, 269-модда) қуйидаги ўзгартириш ва қўшимчалар киритилсин:


1) 4-модда биринчи қисмининг тўртинчи хатбошисидаги "апелляция ва кассация" деган сўзлар "апелляция ёки кассация, тегишли тафтиш" деган сўзлар билан алмаштирилсин;


2) 6-модда:

учинчи қисмидаги "Апелляция, кассация" деган сўзлар "Апелляция, кассация ва тафтиш" деган сўзлар билан алмаштирилсин;

қуйидаги мазмундаги тўртинчи қисм билан тўлдирилсин:

"Ўзбекистон Республикаси Олий судининг Раёсати ишни тафтиш тартибида кўриш натижалари бўйича қарор чиқаради";

тўртинчи ва бешинчи қисмлари тегишинча бешинчи ва олтинчи қисмлар деб ҳисоблансин;


3) 17-модданинг:

учинчи қисмидаги "апелляция ва кассация" деган сўзлар "апелляция, кассация ва тафтиш" деган сўзлар билан алмаштирилсин;

тўртинчи қисми қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"Ишни Ўзбекистон Республикаси Олий судининг Раёсатида тафтиш тартибида кўриш Раёсат аъзоларининг кўпчилиги ҳозир бўлганда амалга оширилади";


4) 20-модданинг матни қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"Ишни биринчи инстанция судида кўрган судья, агар суднинг ҳал қилув қарори апелляция, кассация ёки тафтиш инстанцияси суди томонидан бекор қилинган бўлса, бу ишни такроран кўриши мумкин эмас, бундан янги очилган ҳолатлар бўйича ишларни кўриш, шунингдек сиртдан иш юритиш тартибида қабул қилинган ҳал қилув қарорини қайта кўриш ҳоллари мустасно.

Ишни биринчи инстанция судида кўрган судья шу ишни апелляция, кассация ёки тафтиш инстанцияси судида кўришда иштирок этиши мумкин эмас.

Ишни апелляция инстанцияси судида кўришда иштирок этган судья шу ишни биринчи инстанция, кассация ёки тафтиш инстанцияси судида кўришда иштирок этиши мумкин эмас.

Ишни кассация инстанцияси судида кўришда иштирок этган судья шу ишни биринчи инстанция, апелляция ёки тафтиш инстанцияси судида кўришда иштирок этиши мумкин эмас.

Ишни тафтиш инстанцияси судида кўришда иштирок этган судья шу ишни биринчи инстанция, апелляция ёки кассация инстанцияси судида, шунингдек ишни юқори инстанция судида тафтиш тартибида қайта кўришда иштирок этиши мумкин эмас";


5) 50-модда қуйидаги таҳрирда баён этилсин:


"50-модда. Ишда прокурорнинг иштироки


Прокурор фақат қонунда назарда тутилган ҳолларда ёки прокурорнинг даъво аризаси (аризаси) асосида қўзғатилган ишлардагина иштирок этиши мумкин. Прокурор бошқа шахсларнинг аризалари билан қўзғатилган ишнинг муҳокамасида ўз ташаббуси билан иштирок этиши мумкин эмас.

Агар фуқаро соғлиғининг ҳолати, ёши ёки бошқа сабабларга кўра судда ўз ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини шахсан ҳимоя қилиш имкониятига эга бўлмаса, прокурор фуқаронинг бузилган ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш учун ариза билан судга мурожаат этиш ҳуқуқига эга.

Фуқаролик ишлари бўйича туманлараро, туман, шаҳар судларига даъво аризасини (аризани) - Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳар, туманлар, шаҳарлар прокурорлари ва уларга тенглаштирилган прокурорлар ёки уларнинг ўринбосарлари, Қорақалпоғистон Республикаси судига, вилоятлар ва Тошкент шаҳар судларига эса - Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳар прокурорлари ёки уларнинг ўринбосарлари тақдим этади.

Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори ёки унинг ўринбосарлари Ўзбекистон Республикасининг барча фуқаролик судларига даъво аризасини (аризани) тақдим этишга ҳақли";


6) 125-модда қуйидаги мазмундаги иккинчи қисм билан тўлдирилсин:

"Иш юритишни тугатиш тўғрисидаги суд ажрими устидан хусусий шикоят (протест) берилиши мумкин";


7) 138-модда:

иккинчи қисмининг русча матнидаги "присуждаются" деган сўз "присуждаются с ответчика" деган сўзлар билан алмаштирилсин;

еттинчи қисмидаги "апелляция ва кассация" деган сўзлар "апелляция, кассация ва тафтиш" деган сўзлар билан алмаштирилсин;


8) 155-модданинг:

биринчи қисми қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"Суд (судья) тайинлаган муддатлар суд (судья) томонидан узайтирилиши мумкин";

иккинчи қисми "суд" деган сўздан кейин "(судья)" деган сўз билан тўлдирилсин;

олтинчи қисми "тиклашни рад этиш" деган сўзлардан кейин "ёхуд тиклаш" деган сўзлар билан тўлдирилсин;


9) 168-модданинг учинчи қисми "апелляция, кассация" деган сўзлардан кейин "ёки тафтиш" деган сўзлар билан тўлдирилсин;


10) 181-модда қуйидаги мазмундаги учинчи қисм билан тўлдирилсин:

"Суд буйруғини бекор қилишни рад этиш тўғрисидаги суд ажрими устидан хусусий шикоят (протест) берилиши мумкин";


11) 192-модда биринчи қисмининг учинчи жумласи қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"Аризани иш юритишга қабул қилишни рад этиш ёки аризани қайтариш тўғрисидаги ажримнинг кўчирма нусхаси ариза ва унга илова қилинган ҳужжатлар билан бирга, шунингдек аризани тааллуқлилигига кўра бошқа судга ўтказиш ҳақидаги ажримнинг кўчирма нусхаси аризачига ажрим чиқарилгандан кейинги кундан кечиктирмай юборилади";


12) 194-модда қуйидаги мазмундаги тўртинчи қисм билан тўлдирилсин:

"Аризани иш юритишга қабул қилишни рад этиш тўғрисидаги суднинг ажрими устидан хусусий шикоят (протест) берилиши мумкин. Ажрим бекор қилинган тақдирда, ариза судга дастлабки мурожаат қилинган кунда берилган деб ҳисобланади";


13) 285-1-модданинг матни қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"Сиртдан қабул қилинган ҳал қилув қарори устидан ушбу Кодексда назарда тутилган тартибда шикоят (протест) берилиши мумкин";


14) IV бўлим қуйидаги мазмундаги 43-боб билан тўлдирилсин:


"43-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


372-1-модда. Суд ҳужжатининг қонунийлиги, асослилиги

ва адолатлилиги юзасидан текширув қўзғатиш


Суд ҳужжатининг қонунийлиги, асослилиги ва адолатлилиги юзасидан текширув:

1) биринчи инстанция судининг қонуний кучга кирмаган ҳал қилув қарори устидан берилган апелляция шикояти ёки апелляция протести бўйича;

2) биринчи инстанция судининг қонуний кучга кирмаган ажрими устидан берилган хусусий шикоят ёки хусусий протест бўйича;

3) биринчи инстанция судининг қонуний кучга кирган ҳал қилув қарори устидан берилган кассация шикояти ёки кассация протести бўйича;

4) биринчи инстанция судининг қонуний кучга кирган ажрими устидан берилган хусусий шикоят ёки хусусий протест бўйича;

5) биринчи инстанция судининг апелляция ёки кассация тартибида кўриб чиқилган ҳал қилув қарори, ажрими, қарори устидан, шунингдек мазкур суд ҳужжатларини кўриб чиққан апелляция ёки кассация инстанцияси судининг, тегишли тафтиш инстанцияси судининг ажрими, қарори устидан берилган тафтиш шикояти ёки тафтиш протести бўйича қўзғатилади.


372-2-модда. Суд ҳужжатини бекор қилиш

ёки ўзгартириш асослари


Суд ҳужжатини апелляция, кассация ва тафтиш тартибида бекор қилиш ёки ўзгартириш учун қуйидагилар асос бўлиши мумкин:

1) иш учун аҳамиятга эга бўлган ҳолатларнинг тўлиқ аниқланмаганлиги;

2) суд аниқланган деб ҳисоблаган, иш учун аҳамиятга эга бўлган ҳолатларнинг исботланмаганлиги;

3) суд ҳужжатида баён этилган суд хулосаларининг иш ҳолатларига мувофиқ эмаслиги;

4) билдирилган талаб бўйича суд томонидан суд ҳужжатининг қабул қилинмаганлиги;

5) моддий ва процессуал ҳуқуқ нормаларининг бузилганлиги ёки нотўғри қўлланилганлиги.

Суднинг мазмунан тўғри бўлган ҳал қилув қарори, ажрими, қарори фақат расмий асосларга кўра бекор қилиниши мумкин эмас.

Суд харажатларини тақсимлаш тўғрисидаги масаланинг ҳал қилинмаганлиги ёки нотўғри ҳал қилинганлиги суднинг ҳал қилув қарорини бекор қилиш ёки ўзгартириш учун асос бўлмайди. Бундай ҳолда ажримнинг хулоса қисмида суд харажатлари ушбу Кодекснинг 138 - 141-моддаларида назарда тутилган тартибда тақсимланиши кўрсатилади.


372-3-модда. Моддий ҳуқуқ нормаларини бузиш

ёки нотўғри қўллаш


Қуйидаги ҳолларда моддий ҳуқуқ нормалари бузилган ёки нотўғри қўлланилган деб ҳисобланади, агар суд:

1) қўлланилиши лозим бўлган қонунни ёки бошқа қонунчилик ҳужжатини қўлламаган бўлса;

2) қўлланилмаслиги лозим бўлган қонунни ёки бошқа қонунчилик ҳужжатини қўллаган бўлса;

3) қонунни ёки бошқа қонунчилик ҳужжатини нотўғри талқин қилган бўлса.


372-4-модда. Процессуал ҳуқуқ нормаларини бузиш

ёки нотўғри қўллаш


Процессуал ҳуқуқ нормаларининг бузилганлиги ёки нотўғри қўлланилганлиги ишнинг нотўғри ҳал этилишига сабаб бўлган ёки сабаб бўлиши мумкин бўлган тақдирдагина суднинг ҳал қилув қарорини, ажримини, қарорини бекор қилинишига асос бўлади.

Агар:

1) иш суд томонидан ғайриқонуний таркибда ёки тааллуқлилик тўғрисидаги қоидалар бузилган ҳолда кўрилган бўлса;

2) иш суд томонидан суд муҳокамасида иштирок этиш ҳуқуқига эга бўлган, аммо суд мажлисининг вақти ва жойи тўғрисида хабардор қилинмаган шахслардан бирор-бири йўқлигида кўрилган бўлса;

3) иш кўрилаётганида суд ишлари юритиладиган тилга доир қоидалар бузилган бўлса;

4) суд ишда иштирок этишга жалб қилинмаган шахсларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари тўғрисидаги масалани ҳал қилган бўлса;

5) суднинг ҳал қилув қарорини, ажримини, қарорини чиқаришда суд маслаҳатининг сир сақланишига доир қоидалар бузилган бўлса;

6) ҳал қилув қарори, ажрим, қарор ишни кўрган ва ҳал қилган судьялардан (судьядан) бошқа судьялар (судья) томонидан имзоланган бўлса;

7) суд мажлиси баённомаси имзоланмаган бўлса, суднинг ҳал қилув қарори, ажрими, қарори ҳам бекор қилиниши мумкин.


372-5-модда. Апелляция, кассация, тафтиш инстанцияси

суди ажримининг, қарорининг мазмуни


Апелляция, кассация, тафтиш инстанцияси судининг ажримида, қарорида қуйидагилар кўрсатилиши керак:

1) ишнинг рақами, ажрим, қарор чиқарилган вақт ва жой;

2) ажрим, қарор қабул қилган суднинг номи ва таркиби;

3) тарафлар ва ишда иштирок этувчи бошқа шахсларнинг иштироки тўғрисидаги маълумотлар;

4) иш кимнинг шикояти (протести) бўйича кўриб чиқилганлиги;

5) шикоят қилинган (протест келтирилган) суд ҳужжатининг номи ва унинг қисқача мазмуни;

6) шикоятда (протестда) баён этилган важлар, тақдим этилган материалларнинг қисқача мазмуни, ишни кўришда иштирок этган шахсларнинг тушунтиришлари, прокурорнинг фикри;

7) апелляция, кассация ёки тафтиш инстанцияси суди хулосага келишига асос бўлган сабаблар ҳамда суд амал қилган моддий ва процессуал ҳуқуқ нормаларига ҳавола;

8) ажримнинг, қарорнинг хулоса қисми.

Апелляция, кассация, тафтиш инстанцияси судининг ажрими, қарори ишни кўрган судьялар томонидан имзоланади.

Ўзбекистон Республикаси Олий суди Раёсатининг қарори мажлисда раислик қилувчи томонидан имзоланади.

Суд шикоятни (протестни) рад қилган тақдирда ўз ажримида, қарорида қайси сабабларга кўра шикоятдаги (протестдаги) важлар нотўғри деб ёки суд ҳужжатини бекор қилиш ёхуд ўзгартириш учун асос бўлмайди деб топилганлигини кўрсатиши шарт.


372-6-модда. Апелляция, кассация ва тафтиш инстанцияси

суди ажримининг, қарорининг қонуний кучга кириши


Апелляция, кассация ва тафтиш инстанцияси судининг ажрими, қарори қабул қилинганидан кейин дарҳол қонуний кучга киради";


15) 383 - 385-1-моддалар қуйидаги таҳрирда баён этилсин:


"383-модда. Апелляция шикояти (протести) бериш ҳуқуқи


Тарафлар ва ишда иштирок этишга жалб қилинган бошқа шахслар, шунингдек ишда иштирок этишга жалб қилинмаган, аммо ҳуқуқ ва мажбуриятлари ҳақидаги масала суд томонидан ҳал этилган шахслар, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил суднинг қонуний кучга кирмаган ҳал қилув қарори, ажрими, қарори устидан апелляция тартибида шикоят қилиши мумкин, бундан тадбиркорлик фаолияти билан боғлиқ бўлмаган низолар мустасно.

Прокурор, юқори турувчи прокурор прокурорнинг иштирокида кўрилган иш бўйича, шунингдек ушбу модданинг биринчи қисмида кўрсатилган шахсларнинг мурожаати мавжуд бўлган тақдирда биринчи инстанция судининг қонуний кучга кирмаган суд ҳужжати устидан апелляция протести келтиришга ҳақли.


384-модда. Апелляция шикоятларини (протестларини)

кўриб чиқадиган судлар


Қуйидагилар:

1) Қорақалпоғистон Республикаси судининг, вилоятлар ва Тошкент шаҳар судларининг фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати - тегишли фуқаролик ишлари бўйича туманлараро, туман, шаҳар судларининг ҳал қилув қарорлари, ажримлари, қарорлари ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси судининг, вилоятлар ва Тошкент шаҳар судларининг биринчи инстанция бўйича қабул қилинган ҳал қилув қарорлари, ажримлари, қарорлари устидан берилган;

2) Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий суди - ҳудудий ҳарбий судларнинг ҳал қилув қарорлари, ажримлари, қарорлари ва Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий судининг биринчи инстанция бўйича қабул қилинган ҳал қилув қарорлари, ажримлари, қарорлари устидан берилган;

3) Ўзбекистон Республикаси Олий судининг Фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати - Ўзбекистон Республикаси Олий судининг биринчи инстанция бўйича қабул қилинган ҳал қилув қарорлари, ажримлари, қарорлари устидан берилган апелляция шикоятларини (протестларини) кўриб чиқади.


385-модда. Апелляция шикоятини (протестини)

бериш тартиби


Апелляция шикояти (протести) апелляция инстанцияси судининг номига йўлланади, лекин ҳал қилув қарорини, ажримни, қарорни қабул қилган судга берилади.

Суд ҳужжатини қабул қилган суд апелляция шикояти (протести) келиб тушган кундан эътиборан беш кунлик муддатда уни апелляция инстанцияси судига иш билан бирга юбориши шарт.


385-1-модда. Апелляция шикоятини (протестини)

бериш муддати


Апелляция шикояти (протести) суд томонидан ҳал қилув қарори қабул қилинган кундан эътиборан бир ой ичида берилиши мумкин.

Суднинг соддалаштирилган иш юритиш тартибида кўриб чиқилган иш бўйича ҳал қилув қарори устидан апелляция шикояти (протести) ҳал қилув қарори қабул қилинганидан кейин ўн кун ичида берилиши мумкин.

Ўтказиб юборилган муддат, агар илтимоснома ҳал қилув қарори қабул қилинган кундан эътиборан уч ойдан кечиктирмай берилган ва муддатни ўтказиб юбориш сабаблари узрли деб топилган бўлса, апелляция шикояти (протести) бераётган шахснинг илтимосномасига кўра апелляция инстанцияси судининг судьяси томонидан тикланиши мумкин.

Апелляция шикоятини (протестини) беришнинг ўтказиб юборилган муддатини тиклаш ҳақида апелляция шикоятини (протестини) иш юритишга қабул қилиш тўғрисидаги ажримда кўрсатилади.

Апелляция шикоятини (протестини) бериш муддатини тиклашни рад этиш ҳақида апелляция шикоятини (протестини) қабул қилишни рад этиш тўғрисидаги ажримда кўрсатилади";


16) 386-модда биринчи қисмининг 3-бандидаги "чиқарган" деган сўз "қабул қилган" деган сўзлар билан алмаштирилсин;


17) 387, 388 ва 389-моддалар қуйидаги таҳрирда баён этилсин:


"387-модда. Апелляция шикоятига (протестига)

илова қилинадиган ҳужжатлар


Апелляция шикоятига қуйидагилар илова қилинади:

давлат божи ва почта харажатлари тўланганлигини тасдиқловчи ҳужжат;

апелляция шикояти вакил томонидан имзоланган тақдирда - уни имзолашга бўлган ваколатларини тасдиқловчи ҳужжат.

Апелляция шикояти (протести) судга ишда иштирок этувчи шахсларнинг сонига қараб кўчирма нусхалари билан бирга тақдим этилади, бундан электрон ҳужжат тарзида юбориладиган апелляция шикояти (протести) мустасно.

Зарур ҳолларда судья апелляция шикояти (протести) бераётган шахснинг зиммасига апелляция шикоятига (протестига) илова қилинган ёзма материалларнинг кўчирма нусхаларини ишда иштирок этувчи шахсларнинг сонига қараб тақдим этиш мажбуриятини юклатиши мумкин.

Прокурор иштирокисиз кўриб чиқилган иш бўйича апелляция протестига ушбу Кодекс 383-моддасининг биринчи қисмида кўрсатилган шахсларнинг мазкур протестни келтириш учун асос бўлиб хизмат қилган мурожаатининг кўчирма нусхаси илова қилинади.

Суднинг аризани қайтариш ҳақидаги ёки аризани қабул қилишни рад этиш тўғрисидаги ажрими устидан апелляция шикоятига (протестига) қайтарилган ариза ва судга тақдим этишда унга қўшиб берилган ҳужжатлар ҳам илова қилиниши керак.

Ходим билан тузилган меҳнат шартномаси ғайриқонуний равишда бекор қилинганда ёки ходим бир ишдан бошқа ишга ғайриқонуний равишда ўтказилганида уни илгариги ишига тиклаш тўғрисида суд чиқарган ҳал қилув қарори устидан апелляция шикояти (протести) ушбу қарорнинг ижросига доир ҳужжат илова қилинган тақдирдагина қабул қилинади.


388-модда. Апелляция шикоятини (протестини) иш

юритишга қабул қилиш тўғрисидаги масалани ҳал

этиш тартиби ва муддати


Апелляция шикоятини (протестини) қайтариш, қабул қилишни рад этиш ёки иш юритишга қабул қилиш масаласи апелляция инстанцияси судининг судьяси томонидан якка тартибда шикоят (протест) судга келиб тушган кундан эътиборан беш кундан кечиктирмай ҳал қилинади.

Апелляция шикоятини (протестини) қайтариш, қабул қилишни рад этиш ёки иш юритишга қабул қилиш тўғрисида ажрим чиқарилади, унинг кўчирма нусхаси ишда иштирок этувчи шахсларга у чиқарилган куннинг эртасидан кечиктирмай ушбу Кодекснинг 270-моддасида назарда тутилган тартибда юборилади.


389-модда. Апелляция шикоятини (протестини) қайтариш


Апелляция шикояти (протести) судья томонидан қуйидаги ҳолларда қайтарилади, агар:

1) апелляция шикояти (протести) имзоланмаган бўлса ёки уни имзолаш ҳуқуқига эга бўлмаган шахс томонидан ёхуд мансаб мавқеи ёки фамилияси ва исми-шарифининг бош ҳарфлари кўрсатилмаган шахс томонидан имзоланган бўлса;

2) апелляция шикоятининг (протестининг) мазмуни ушбу Кодекснинг 386-моддасида назарда тутилган талабларга мувофиқ бўлмаса ёки апелляция шикоятига (протестига) ушбу Кодекс 387-моддасининг иккинчи, тўртинчи - олтинчи қисмларида назарда тутилган ҳужжатлар илова қилинмаган бўлса;

3) апелляция шикоятига давлат божи ва почта харажатлари белгиланган тартибда ҳамда миқдорда тўланганлигини тасдиқловчи ҳужжат илова қилинмаган бўлса, қонунда давлат божини тўлашни кечиктириш, бўлиб-бўлиб тўлаш ёки унинг миқдорини камайтириш имконияти назарда тутилган ҳолларда эса бу ҳақда илтимоснома мавжуд бўлмаса ёхуд илтимоснома рад этилган бўлса;

4) апелляция шикояти (протести) суд ҳужжатини қабул қилган судни четлаб ўтган ҳолда юборилган бўлса;

5) апелляция шикояти (протести) белгиланган муддат ўтганидан кейин берилган бўлса ва ўтказиб юборилган муддатни тиклаш тўғрисида илтимоснома мавжуд бўлмаса;

6) апелляция шикоятини (протестини) иш юритишга қабул қилиш тўғрисида ажрим чиқарилгунига қадар шикоятни (протестни) берган шахсдан уни қайтариб олиш (чақириб олиш) ҳақида ариза тушган бўлса.

Апелляция шикоятини (протестини) қайтариш тўғрисидаги ажримда шикоятни (протестни) қайтариш асослари кўрсатилади, апелляция шикоятини беришда тўланган давлат божини қайтариш ҳақидаги масала ҳал этилади.

Апелляция шикоятини (протестини) қайтариш тўғрисидаги ажрим устидан тафтиш шикояти (протести) берилиши мумкин.

Апелляция шикоятини (протестини) қайтариш тўғрисидаги ажрим бекор қилинган тақдирда, шикоят (протест) судга дастлаб мурожаат қилинган кунда берилган ҳисобланади.

Ушбу модданинг биринчи қисмида кўрсатилган ҳолатлар бартараф этилганидан кейин шикоят (протест) берган шахс судга умумий тартибда янгидан мурожаат қилишга ҳақли";


18) қуйидаги мазмундаги 389-1 - 389-5-моддалар билан тўлдирилсин:


"389-1-модда. Апелляция шикоятини (протестини)

иш юритишга қабул қилишни рад этиш


Судья апелляция шикоятини (протестини) иш юритишга қабул қилишни қуйидаги ҳолларда рад этади, агар:

1) апелляция шикояти (протести) суд ҳужжати устидан шикоят қилиш (протест келтириш) ҳуқуқига эга бўлмаган шахс томонидан берилган бўлса;

2) апелляция шикояти (протести) қонунга мувофиқ апелляция тартибида шикоят қилиниши (протест келтирилиши) мумкин бўлмаган суд ҳужжати устидан берилган бўлса;

3) апелляция шикояти (протести) апелляция тартибида кўрилган суд ҳужжати устидан берилган бўлса;

4) апелляция шикоятини (протестини) бериш муддати ўтказиб юборилган ва ўтказилган муддатни тиклаш рад этилган бўлса;

5) апелляция шикоятидан (протестидан) уни берган шахс воз кечганлиги (уни чақириб олганлиги) сабабли апелляция шикояти (протести) бўйича иш юритишни тугатиш тўғрисида ажрим мавжуд бўлса.

Апелляция шикоятини (протестини) иш юритишга қабул қилишни рад этиш тўғрисидаги ажримда апелляция шикоятини (протестини) иш юритишга қабул қилишни рад этиш асослари кўрсатилади, апелляция шикоятини беришда тўланган давлат божини қайтариш ҳақидаги масала ҳал этилади.

Апелляция шикоятини (протестини) иш юритишга қабул қилишни рад этиш тўғрисидаги ажрим устидан тафтиш шикояти (протести) берилиши мумкин.

Апелляция шикоятини (протестини) иш юритишга қабул қилишни рад этиш тўғрисидаги ажрим бекор қилинган тақдирда, шикоят (протест) судга дастлаб мурожаат қилинган кунда берилган ҳисобланади.


389-2-модда. Апелляция шикоятини (протестини)

иш юритишга қабул қилиш


Ушбу Кодексда белгиланган шакл ва мазмун талабларига риоя этилган ҳолда берилган апелляция шикояти (протести) апелляция инстанцияси судининг иш юритувига қабул қилинади.

Апелляция шикоятини (протестини) иш юритишга қабул қилиш тўғрисидаги ажримда апелляция шикоятини (протестини) кўриб чиқиш бўйича суд мажлисини ўтказиш вақти ва жойи кўрсатилади.

Апелляция шикояти (протести) берган шахс, шунингдек ишда иштирок этувчи шахслар ишни апелляция инстанциясида кўриш вақти ва жойи ҳақида хабардор қилинади. Иш муҳокамасининг вақти ва жойи тўғрисида белгиланган тартибда хабардор қилинган шахсларнинг келмаганлиги ишнинг апелляция тартибида кўрилишига тўсқинлик қилмайди.


389-3-модда. Апелляция инстанцияси суди томонидан

ҳал қилув қарорининг ижросини тўхтатиб туриш


Ишда иштирок этувчи шахсларнинг илтимосномасига кўра, апелляция шикояти (протести) уни бериш муддати ўтказиб юборилган ҳолда берилган ва мазкур муддатни тиклаш тўғрисидаги илтимоснома қаноатлантирилган тақдирда, апелляция инстанцияси суди (судьяси) биринчи инстанция суди томонидан қабул қилинган ҳал қилув қарорининг ижросини апелляция инстанциясида иш юритиш тамомлангунига қадар тўхтатиб туради, бундан дарҳол ижро этилиши лозим бўлган ҳал қилув қарорлари мустасно.

Ҳал қилув қарорининг ижросини тўхтатиб туриш ҳақида апелляция шикоятини (протестини) иш юритишга қабул қилиш тўғрисидаги ажримда кўрсатилади.


389-4-модда. Апелляция шикоятини (протестини)

кўрмасдан қолдириш


Агар апелляция шикояти (протести) иш юритишга қабул қилинганидан кейин шикоятнинг (протестнинг) имзоланмаганлиги ёки уни имзолаш ҳуқуқига эга бўлмаган ёхуд мансаб мавқеи кўрсатилмаган шахс томонидан имзоланганлиги аниқланса, апелляция инстанцияси суди шикоятни (протестни) кўрмасдан қолдиради.

Апелляция шикоятини (протестини) кўрмасдан қолдириш тўғрисида суд ажрим чиқаради.

Апелляция шикоятини (протестини) кўрмасдан қолдириш учун асос бўлиб хизмат қилган ҳолат бартараф этилганидан кейин шикоят (протест) ушбу Кодексда белгиланган тартибда судга янгидан берилиши мумкин.


389-5-модда. Апелляция шикояти (протести)

бўйича иш юритишни тугатиш


Апелляция инстанцияси суди апелляция шикояти (протести) бўйича иш юритишни қуйидаги ҳолларда тугатади, агар:

1) апелляция шикояти (протести) ушбу Кодексга мувофиқ шикоят қилинмайдиган (протест келтирилмайдиган) суд ҳужжати устидан берилган ва у иш юритишга хатога йўл қўйилиб қабул қилинган бўлса;

2) апелляция шикояти (протести) апелляция тартибида кўрилган суд ҳужжати устидан берилган ва у иш юритишга хатога йўл қўйилиб қабул қилинган бўлса;

3) апелляция шикояти (протести) суд ҳужжати устидан шикоят қилиш (протест келтириш) ҳуқуқига эга бўлмаган шахс томонидан берилган бўлса;

4) апелляция шикоятидан воз кечиш тўғрисидаги ариза апелляция шикоятини берган шахсдан апелляция шикояти иш юритишга қабул қилинганидан кейин келиб тушган бўлса;

5) протестни чақириб олиш тўғрисидаги ариза протест келтирган прокурордан ёки юқори турувчи прокурордан апелляция протести иш юритишга қабул қилинганидан кейин келиб тушган бўлса;

6) ишда тараф бўлган юридик шахс апелляция шикояти (протести) бўйича суд ҳужжати қабул қилингунига қадар тугатилган бўлса;

7) ишда тараф бўлган фуқаро апелляция шикояти (протести) бўйича суд ҳужжати қабул қилингунига қадар вафот этса, низоли ҳуқуқий муносабат эса ҳуқуқий ворисликка йўл қўймаса.

Апелляция шикояти (протести) бўйича иш юритишни тугатиш тўғрисида ажрим чиқарилади, унда суд харажатларини тарафлар ўртасида тақсимлаш тўғрисидаги масала ҳал этилади.

Апелляция шикояти (протести) бўйича иш юритиш тугатилган тақдирда, айни бир шахснинг айни шу асослар бўйича апелляция шикояти (протести) билан судга такроран мурожаат қилишига йўл қўйилмайди";


19) 392-модда чиқариб ташлансин;


20) 395-модданинг биринчи қисми қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"Апелляция инстанцияси суди биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарори устидан берилган апелляция шикоятини (протестини) апелляция шикоятини (протестини) иш юритишга қабул қилиш тўғрисида ажрим чиқарилган кундан эътиборан бир ойдан ортиқ бўлмаган муддатда кўриб чиқади";


21) 399-модданинг матни қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"Суд ишни апелляция тартибида кўриб чиққач, ўз ажрими билан:

1) ҳал қилув қарорини, ажримни, қарорни ўзгаришсиз қолдиришга;

2) ҳал қилув қарорини, ажримни, қарорни тўлиқ ёки қисман бекор қилишга ва янги ҳал қилув қарори, ажрим ёки қарор чиқаришга;

3) ҳал қилув қарорини, ажримни, қарорни тўлиқ ёки қисман ўзгартиришга;

4) ҳал қилув қарорини тўлиқ ёки қисман бекор қилишга ҳамда ушбу Кодексда кўрсатилган асосларга кўра аризани кўрмасдан қолдиришга ёхуд иш юритишни тўлиқ ёки қисман тугатишга;

5) агар иш судга тааллуқлилик тўғрисидаги қоидалар бузилган ҳолда кўриб чиқилган бўлса, ҳал қилув қарорини бекор қилишга ва иш материалларини судга тааллуқлилигига кўра бошқа судга юборишга ҳақли.

Ушбу Кодекс 372-2-моддаси биринчи қисмининг 4-бандида ва 372-4-моддасининг иккинчи қисми 2 ва 4-бандларида назарда тутилган асослар аниқланганда, апелляция инстанцияси суди ишни биринчи инстанция судида иш юритиш қоидалари бўйича кўради. Ишни биринчи инстанция судида иш юритиш қоидалари бўйича кўришга ўтиш ҳақида ажрим чиқарилиб, унда бажарилиши лозим бўлган ҳаракатлар кўрсатилади";


22) 399-1 - 399-4-моддалар чиқариб ташлансин;


23) 402 - 405-1-моддалар қуйидаги таҳрирда баён этилсин:


"402-модда. Биринчи инстанция судининг ажрими

устидан шикоят қилинганлиги (протест келтирилганлиги)

муносабати билан ишни кўрадиган апелляция

инстанцияси судининг ваколатлари


Апелляция инстанцияси суди хусусий шикоятни (протестни) кўриб чиқиб:

1) ажримни ўзгаришсиз қолдиришга;

2) ажримни бекор қилишга ва даъво аризасини (аризани), ишни мазмунан кўриш учун биринчи инстанция судига юборишга;

3) ажримни бутунлай ёки қисман ўзгартиришга ёхуд бекор қилишга ва масалани мазмунан ҳал қилишга;

4) ажримни бекор қилишга ва даъво аризасини (аризани), иш материалларини кўриб чиқиш учун судга тааллуқлилигига кўра бошқа судга юборишга ҳақли.


402-1-модда. Биринчи инстанция судининг қарори

устидан берилган апелляция шикояти (протести)


Маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш бўйича биринчи инстанция судининг қарори устидан апелляция шикояти (протести) биринчи инстанция судининг ажримлари устидан шикоят қилиш (протест келтириш) учун ушбу бобда назарда тутилган тартибда кўриб чиқилади.


403-модда. Кассация шикояти (протести) бериш ҳуқуқи


Тарафлар ва ишда иштирок этувчи бошқа шахслар, ишда иштирок этишга жалб қилинмаган, аммо ҳуқуқ ва мажбуриятлари ҳақидаги масала суд томонидан ҳал этилган шахслар, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил, бундан тадбиркорлик фаолияти билан боғлиқ бўлмаган низолар мустасно, суднинг қонуний кучга кирган ва апелляция тартибида кўрилмаган ҳал қилув қарори, ажрими, қарори устидан кассация шикояти бериши мумкин.

Прокурор, юқори турувчи прокурор прокурорнинг иштирокида кўрилган иш бўйича, шунингдек ушбу модданинг биринчи қисмида кўрсатилган шахсларнинг мурожаати мавжуд бўлган тақдирда биринчи инстанция судининг қонуний кучга кирган ва апелляция тартибида кўрилмаган суд ҳужжати устидан кассация протести келтиришга ҳақли.


404-модда. Кассация шикоятларини (протестларини)

кўрадиган судлар


Қуйидагилар:

1) Қорақалпоғистон Республикаси судининг, вилоятлар ва Тошкент шаҳар судларининг фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати - тегишли фуқаролик ишлари бўйича туманлараро, туман, шаҳар судларининг ҳал қилув қарорлари, ажримлари, қарорлари ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси суди, вилоятлар ва Тошкент шаҳар судлари томонидан биринчи инстанция бўйича қабул қилинган ҳал қилув қарорлари, ажримлари, қарорлари устидан берилган;

2) Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий суди - ҳудудий ҳарбий судларнинг ва Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий судининг биринчи инстанция бўйича қабул қилинган ҳал қилув қарорлари, ажримлари, қарорлари устидан берилган;

3) Ўзбекистон Республикаси Олий судининг Фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати - Ўзбекистон Республикаси Олий судининг биринчи инстанция бўйича қабул қилинган ҳал қилув қарорлари, ажримлари, қарорлари устидан берилган кассация шикоятларини (протестларини) кўриб чиқади.


405-модда. Кассация шикоятини (протестини)

бериш тартиби


Кассация шикояти (протести) кассация инстанцияси судининг номига йўлланади, лекин ҳал қилув қарорини, ажримни, қарорни қабул қилган судга берилади.

Суд ҳужжатини қабул қилган суд кассация шикояти (протести) келиб тушган кундан эътиборан беш кунлик муддатда уни кассация инстанцияси судига иш билан бирга юбориши шарт.


405-1-модда. Кассация шикояти (протести)

бериш муддати


Кассация шикояти (протести) биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарори қонуний кучга кирган кундан эътиборан олти ой ичида берилиши мумкин.

Ўтказиб юборилган кассация шикояти (протести) бериш муддати шикоят (протест) бераётган шахснинг илтимосномасига кўра кассация инстанция судининг судьяси томонидан, агар илтимоснома кассация шикояти (протести) бериш муддати ўтган кундан эътиборан уч ойдан кечиктирмай берилган бўлса ва ўтказиб юборилган муддат суд томонидан узрли деб топилса, тикланиши мумкин.

Кассация шикоятини (протестини) беришнинг ўтказиб юборилган муддатини тиклаш ҳақида кассация шикоятини (протестини) иш юритишга қабул қилиш тўғрисидаги ажримда кўрсатилади.

Кассация шикоятини (протестини) бериш муддатини тиклашни рад этиш ҳақида кассация шикоятини (протестини) қабул қилишни рад этиш тўғрисидаги ажримда кўрсатилади";


24) 406-модда биринчи қисмининг 3-бандидаги "чиқарган" деган сўз "қабул қилган" деган сўзлар билан алмаштирилсин;


25) 407 - 407-6-моддалар қуйидаги таҳрирда баён этилсин:


"407-модда. Кассация шикоятига (протестига)

илова қилинадиган ҳужжатлар


Кассация шикоятига қуйидагилар илова қилинади:

давлат божи ва почта харажатлари тўланганлигини тасдиқловчи ҳужжат;

кассация шикояти вакил томонидан имзоланган ҳолларда, уни имзолашга вакилнинг ваколатларини тасдиқловчи ҳужжат.

Кассация шикояти (протести) ишда иштирок этувчи шахсларнинг сонига қараб кўчирма нусхалари билан бирга судга тақдим этилади, бундан электрон ҳужжат тарзида юбориладиган кассация шикояти (протести) мустасно.

Зарур ҳолларда, судья кассация шикояти (протести) берган шахс зиммасига кассация шикоятига (протестига) илова қилинган ёзма материалларнинг кўчирма нусхаларини ишда иштирок этувчи шахсларнинг сонига қараб тақдим этиш мажбуриятини юклатиши мумкин.

Прокурорнинг иштирокисиз кўрилган иш бўйича кассация протестига ушбу Кодекс 403-моддасининг биринчи қисмида кўрсатилган шахсларнинг мазкур протестни келтиришга асос бўлиб хизмат қилган мурожаатининг кўчирма нусхаси илова қилинади.

Суднинг аризани қайтариш ҳақидаги ёки аризани қабул қилишни рад этиш тўғрисидаги ажрими устидан кассация шикоятига (протестига) қайтарилган ариза ва унга қўшиб берилган ҳужжатлар ҳам илова қилиниши керак.

Ходим билан тузилган меҳнат шартномаси ғайриқонуний равишда бекор қилинганда ёки ходим бир ишдан бошқа ишга ғайриқонуний равишда ўтказилганида уни илгариги ишига тиклаш тўғрисидаги суднинг ҳал қилув қарори устидан кассация шикояти (протести) ушбу қарорнинг ижросига доир ҳужжат илова қилинган тақдирдагина қабул қилинади.


407-1-модда. Ишни талаб қилиб олиш


Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори ва унинг ўринбосарлари, вилоят прокурори, унга тенглаштирилган прокурор ва уларнинг ўринбосарлари, туман, шаҳар прокурорлари ва уларга тенглаштирилган прокурорлар ушбу Кодекснинг 403-моддаси биринчи қисмида кўрсатилган шахсларнинг мурожаатлари мавжуд бўлган тақдирда ёки прокурор иштирокида кўрилган ишлар бўйича кассация протести келтириш тўғрисидаги масалани ҳал этиш учун тегишли суддан ишни талаб қилиб олишга ҳақли.


407-2-модда. Кассация шикоятини (протестини)

иш юритишга қабул қилиш тўғрисидаги масалани

ҳал этиш тартиби ва муддати


Кассация шикоятини (протестини) қайтариш, қабул қилишни рад этиш ёки иш юритишга қабул қилиш масаласи кассация инстанцияси судининг судьяси томонидан якка тартибда шикоят (протест) судга келиб тушган кундан эътиборан беш кундан кечиктирмай ҳал қилинади.

Кассация шикоятини (протестини) қайтариш, қабул қилишни рад этиш ёки иш юритишга қабул қилиш тўғрисида ажрим чиқарилади, унинг кўчирма нусхаси ишда иштирок этувчи шахсларга ажрим чиқарилган куннинг эртасидан кечиктирмай, ушбу Кодекснинг 270-моддасида назарда тутилган тартибда юборилади.


407-3-модда. Кассация шикоятини (протестини) қайтариш


Кассация шикояти (протести) судья томонидан қуйидаги ҳолларда қайтарилади, агар:

1) кассация шикояти (протести) имзоланмаган бўлса ёки уни имзолаш ҳуқуқига эга бўлмаган шахс томонидан ёхуд мансаб мавқеи ёки фамилияси ва исми-шарифининг бош ҳарфлари кўрсатилмаган шахс томонидан имзоланган бўлса;

2) кассация шикоятининг (протестининг) мазмуни ушбу Кодекснинг 406-моддасида назарда тутилган талабларга мувофиқ бўлмаса ёки кассация шикоятига (протестига) ушбу Кодекс 407-моддасининг иккинчи, тўртинчи - олтинчи қисмларида назарда тутилган ҳужжатлар илова қилинмаган бўлса;

3) давлат божи ва почта харажатлари белгиланган тартибда ҳамда миқдорда тўланганлигини тасдиқловчи ҳужжатлар кассация шикоятига илова қилинмаган бўлса, қонунда давлат божини тўлашни кечиктириш, бўлиб-бўлиб тўлаш ёки унинг миқдорини камайтириш имконияти назарда тутилган ҳолларда эса, бу ҳақда илтимоснома мавжуд бўлмаса ёхуд илтимоснома рад этилган бўлса;

4) кассация шикояти (протести) суд ҳужжатини қабул қилган судни четлаб ўтган ҳолда юборилган бўлса;

5) кассация шикояти (протести) белгиланган муддат ўтганидан кейин берилган бўлса ва ўтказиб юборилган муддатни тиклаш тўғрисида илтимоснома мавжуд бўлмаса;

6) кассация шикояти (протести) иш юритишга қабул қилинганлиги тўғрисида ажрим чиқарилгунига қадар шикоят (протест) берган шахсдан уни қайтариб олиш (чақириб олиш) тўғрисида ариза тушган бўлса.

Кассация шикоятини (протестини) қайтариш тўғрисидаги ажримда кассация шикоятини (протестини) қайтариш асослари кўрсатилади, кассация шикоятини беришда тўланган давлат божини қайтариш тўғрисидаги масала ҳал этилади.

Кассация шикоятини (протестини) қайтариш тўғрисидаги ажрим устидан тафтиш шикояти (протести) берилиши мумкин.

Кассация шикоятини (протестини) қайтариш тўғрисидаги ажрим бекор қилинган тақдирда, шикоят (протест) дастлаб судга мурожаат қилинган кунда берилган ҳисобланади.

Ушбу модданинг биринчи қисмида кўрсатилган ҳолатлар бартараф этилгач, шикоятни (протестни) берган шахс судга умумий тартибда янгидан мурожаат қилишга ҳақли.


407-4-модда. Кассация шикоятини (протестини)

иш юритишга қабул қилишни рад этиш


Судья кассация шикоятини (протестини) иш юритишга қабул қилишни қуйидаги ҳолларда рад этади, агар:

1) кассация шикояти (протести) суд ҳужжати устидан шикоят қилиш (протест келтириш) ҳуқуқига эга бўлмаган шахс томонидан берилган бўлса;

2) кассация шикояти (протести) қонунга мувофиқ кассация тартибида шикоят қилиниши (протест келтирилиши) мумкин бўлмаган суд ҳужжати устидан берилган бўлса;

3) кассация шикояти (протести) кассация тартибида кўрилган суд ҳужжати устидан берилган бўлса;

4) кассация шикоятини (протестини) бериш муддати ўтказиб юборилган ва ўтказилган муддатни тиклаш рад этилган бўлса;

5) кассация шикоятидан (протестидан) уни берган шахс воз кечганлиги (уни чақириб олганлиги) сабабли кассация шикояти (протести) бўйича иш юритишни тугатиш тўғрисида ажрим мавжуд бўлса.

Кассация шикоятини (протестини) иш юритишга қабул қилишни рад этиш тўғрисидаги ажримда кассация шикоятини (протестини) иш юритишга қабул қилишни рад этиш асослари кўрсатилади, кассация шикоятини беришда тўланган давлат божини қайтариш тўғрисидаги масала ҳал этилади.

Кассация шикоятини (протестини) иш юритишга қабул қилишни рад этиш тўғрисидаги ажрим устидан тафтиш шикояти (протести) берилиши мумкин.

Кассация шикоятини (протестини) иш юритишга қабул қилишни рад этиш тўғрисидаги ажрим бекор қилинган тақдирда, шикоят (протест) судга дастлаб мурожаат қилинган кунда берилган ҳисобланади.


407-5-модда. Кассация шикоятини (протестини)

иш юритишга қабул қилиш


Ушбу Кодексда белгиланган шакл ва мазмун талабларига риоя қилинган ҳолда берилган кассация шикояти (протести) кассация инстанцияси судининг иш юритувига қабул қилинади.

Кассация шикоятини (протестини) иш юритишга қабул қилиш тўғрисидаги ажримда кассация шикоятини (протестини) кўриб чиқиш учун суд мажлисини ўтказиш вақти ва жойи кўрсатилади.

Кассация шикояти (протести) берган шахс, шунингдек ишда иштирок этувчи шахслар ишни кассация инстанциясида кўриш вақти ва жойи ҳақида хабардор қилинади. Иш муҳокамасининг вақти ва жойи тўғрисида белгиланган тартибда хабардор қилинган шахсларнинг келмаганлиги ишнинг кассация тартибида кўрилишига тўсқинлик қилмайди.


407-6-модда. Кассация инстанцияси суди томонидан

ҳал қилув қарорининг ижросини тўхтатиб туриш


Ишда иштирок этувчи шахсларнинг илтимосномасига кўра, кассация инстанцияси суди (судьяси) биринчи инстанция суди томонидан қабул қилинган ҳал қилув қарорининг ижросини кассация инстанциясида иш юритиш тамомлангунига қадар тўхтатиб туради, бундан дарҳол ижро этилиши лозим бўлган ҳал қилув қарорлари мустасно.

Ҳал қилув қарорининг ижросини тўхтатиб туриш ҳақида кассация шикоятини (протестини) иш юритишга қабул қилиш тўғрисидаги ажримда кўрсатилади";


26) 407-7-модда чиқариб ташлансин;


27) 415-модданинг биринчи қисми қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"Кассация шикояти (протести) уни иш юритишга қабул қилиш тўғрисида ажрим чиқарилган кундан эътиборан бир ойдан кўп бўлмаган муддатда кўриб чиқилади";


28) 416 - 419-3-моддалар қуйидаги таҳрирда баён этилсин:


"416-модда. Кассация инстанцияси судининг

ишни кўриш доираси


Суд ишни кассация тартибида кўраётганда суд ҳужжатларининг қонунийлиги, асослилиги ва адолатлилигини текширади. Суд янги далилларни ўрганиб чиқиши ва янги фактларни аниқлаши мумкин.

Кассация инстанцияси суди суд ҳужжатини тўлиқ ҳажмда текшириб чиқиши шарт.


417-модда. Кассация инстанцияси судида

ишни кўриш тартиби


Кассация тартибида иш ушбу Кодекснинг 397-моддасида назарда тутилган қоидаларга асосан, мазкур бобда белгиланган хусусиятларни инобатга олган ҳолда кўрилади.


418-модда. Кассация инстанцияси судида

иш юритишни тўхтатиб туриш


Кассация инстанцияси суди иш юритишни ушбу Кодекснинг 10-бобида назарда тутилган тартибда тўхтатади.


419-модда. Кассация инстанцияси судининг ваколатлари


Кассация инстанциясининг суди кассация шикоятини (протестини) кўриш натижалари бўйича қуйидагиларга ҳақли:

1) ҳал қилув қарорини, ажримни, қарорни ўзгаришсиз қолдиришга;

2) ҳал қилув қарорини, ажримни, қарорни тўлиқ ёки қисман бекор қилишга ва янги ҳал қилув қарори, ажрим ёки қарор қабул қилишга;

3) ҳал қилув қарорини, ажримни, қарорни тўлиқ ёки қисман ўзгартиришга;

4) ҳал қилув қарорини тўлиқ ёки қисман бекор қилишга ва ушбу Кодексда кўрсатилган асосларга кўра аризани кўрмасдан қолдиришга ёхуд иш юритишни тўлиқ ёки қисман тугатишга;

5) агар иш судга тааллуқлилик қоидалари бузилган ҳолда кўрилган бўлса, ҳал қилув қарорини, ажримни бекор қилишга ва иш материалларини судга тааллуқлилигига кўра бошқа судга юборишга.

Ушбу Кодекс 372-2-моддаси биринчи қисмининг 4-бандида ва 372-4-моддасининг иккинчи қисми 2 ва 4-бандларида назарда тутилган асослар аниқланганда, кассация инстанцияси суди ишни биринчи инстанция судида иш юритиш қоидалари бўйича кўради. Ишни биринчи инстанция судида иш юритиш қоидалари бўйича кўришга ўтиш ҳақида ажрим чиқарилиб, унда бажарилиши лозим бўлган ҳаракатлар кўрсатилади.


419-1-модда. Биринчи инстанция судининг ажрими

устидан хусусий шикоят (протест) бериш ҳуқуқи


Тарафлар ва ишда иштирок этувчи бошқа шахслар, шунингдек ишда иштирок этишга жалб қилинмаган, ҳуқуқ ва мажбуриятлари ҳақидаги масала суд томонидан ҳал этилган шахслар апелляция тартибида кўриб чиқилмаган биринчи инстанция судининг ажримлари устидан ажрим қонуний кучга кирган кундан эътиборан олти ой ичида кассация инстанцияси судига қуйидаги ҳолларда суднинг ҳал қилув қароридан ушбу Кодекснинг 405-моддасида белгиланган тартибда алоҳида шикоят қилиши ва прокурор протест келтириши мумкин:

1) ушбу Кодексда назарда тутилган ҳолларда;

2) суднинг ажрими ишнинг кейинги ҳаракатланишига тўсқинлик қиладиган ҳолларда.

Биринчи инстанция судининг бошқа ажримлари устидан хусусий шикоят (протест) берилмайди, бироқ бундай ажримларга қарши эътирозлар кассация шикоятига (протестига) киритилиши мумкин.


419-2-модда. Биринчи инстанция судининг ажрими

устидан шикоят қилинганлиги (протест келтирилганлиги)

муносабати билан ишни кўрадиган кассация

инстанцияси судининг ваколатлари


Кассация инстанцияси суди хусусий шикоятни (протестни) кўриб чиқиб:

1) ажримни ўзгаришсиз қолдиришга;

2) ажримни бекор қилишга ва даъво аризани (аризани), ишни мазмунан кўриш учун биринчи инстанция судига юборишга;

3) ажримни бутунлай ёки қисман ўзгартиришга ёхуд бекор қилишга ва масалани мазмунан ҳал қилишга;

4) ажримни бекор қилишга ва даъво аризасини (аризани), иш материалларини кўриб чиқиш учун судга тааллуқлилигига кўра бошқа судга юборишга ҳақли.


419-3-модда. Биринчи инстанция судининг қарори

устидан берилган кассация шикояти (протести)


Маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш бўйича биринчи инстанция судининг қарори устидан берилган кассация шикояти (протести) мазкур бобда биринчи инстанция судининг ажримлари устидан шикоят қилиниши (протест келтирилиши) учун назарда тутилган тартибда кўриб чиқилади";


29) IV бўлим қуйидаги мазмундаги 46-боб билан тўлдирилсин:


"46-БОБ. СУД ҲУЖЖАТЛАРИНИ ТАФТИШ ТАРТИБИДА

ҚАЙТА КЎРИШ БЎЙИЧА ИШ ЮРИТИШ


419-4-модда. Тафтиш тартибида шикоят қилиш

(протест келтириш) ҳуқуқи


Биринчи инстанция судининг апелляция ёки кассация тартибида кўрилган ҳал қилув қарори, ажрими, қарори ҳамда апелляция ёки кассация инстанцияси судининг ажрими устидан қуйидагилар томонидан тафтиш тартибида шикоят (протест) берилиши мумкин:

ишда иштирок этувчи шахслар, шунингдек ишда иштирок этишга жалб қилинмаган, аммо ҳуқуқ ва мажбуриятлари ҳақидаги масала суд томонидан ҳал этилган шахслар;

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқларини ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил, бундан тадбиркорлик фаолияти билан боғлиқ бўлмаган низолар мустасно;

прокурор иштирокида кўрилган иш бўйича, шунингдек ишда иштирок этувчи шахсларнинг, ишда иштирок этишга жалб қилинмаган, аммо ҳуқуқ ва мажбуриятлари ҳақидаги масала суд томонидан ҳал этилган шахсларнинг мурожаатлари мавжуд бўлган тақдирда Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори ва унинг ўринбосарлари, вилоят прокурори, унга тенглаштирилган прокурорлар ва уларнинг ўринбосарлари.

Қорақалпоғистон Республикаси суди, вилоятлар ва Тошкент шаҳар судлари, Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий суди томонидан тафтиш тартибида кўрилган ишлар бўйича суд ҳужжатлари устидан, шунингдек ушбу судларнинг ва Ўзбекистон Республикаси Олий судининг биринчи инстанцияси бўйича қабул қилинган ҳамда апелляция ёки кассация тартибида кўрилган суд ҳужжатлари устидан Ўзбекистон Республикаси Олий судининг Фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъатига тафтиш тартибида:

ушбу модда биринчи қисмининг иккинчи ва учинчи хатбошисида кўрсатилган шахслар шикоят бериши;

Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори ва унинг ўринбосарлари прокурор иштирокида кўрилган иш бўйича, шунингдек ушбу модда биринчи қисмининг иккинчи хатбошисида кўрсатилган шахсларнинг мурожаатига асосан протест келтириши мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Олий судининг Фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъатида тафтиш тартибида кўрилган ишлар бўйича суд ҳужжатлари устидан Ўзбекистон Республикаси Олий суди Раёсатига:

Ўзбекистон Республикаси Олий судининг раиси - ушбу модда биринчи қисмининг иккинчи ва учинчи хатбошиларида кўрсатилган шахсларнинг мурожаатига асосан;

Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори - прокурор иштирокида кўрилган иш бўйича, шунингдек ушбу модда биринчи қисмининг иккинчи хатбошисида кўрсатилган шахсларнинг мурожаатига асосан тафтиш тартибида протест келтириши мумкин.


419-5-модда. Тафтиш тартибида шикоятларни

(протестларни) кўрадиган судлар


Қуйидагилар:

1) Қорақалпоғистон Республикаси судининг, вилоятлар ва Тошкент шаҳар судларининг фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати - тегишли фуқаролик ишлари бўйича туманлараро, туман, шаҳар судлари томонидан биринчи инстанция бўйича қабул қилинган ва апелляция ёки кассация тартибида кўриб чиқилган суд ҳужжатлари устидан берилган;

2) Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий суди - ҳудудий ҳарбий судлар томонидан биринчи инстанция бўйича қабул қилинган ва апелляция ёки кассация тартибида кўриб чиқилган суд ҳужжатлари устидан берилган;

3) Ўзбекистон Республикаси Олий судининг Фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати:

Қорақалпоғистон Республикаси судининг, вилоятлар, Тошкент шаҳар судларининг фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъатида, Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий судида апелляция ёки кассация ва тафтиш тартибида кўрилган тегишли фуқаролик ишлари бўйича туманлараро, туман, шаҳар судлари, ҳудудий ҳарбий судлар томонидан биринчи инстанция бўйича қабул қилинган суд ҳужжатлари устидан берилган;

Ўзбекистон Республикаси Олий суди, Қорақалпоғистон Республикаси суди, вилоятлар ва Тошкент шаҳар судлари, Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий суди томонидан биринчи инстанция бўйича қабул қилинган ва апелляция ёки кассация тартибида кўриб чиқилган суд ҳужжатлари устидан берилган тафтиш тартибидаги шикоятларни (протестларни) кўриб чиқади.

Ўзбекистон Республикаси Олий суди раисининг ва Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорининг Ўзбекистон Республикаси Олий судининг Фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъатида тафтиш тартибида кўрилган ишлар бўйича қабул қилинган суд ҳужжатлари устидан келтирилган протести Ўзбекистон Республикаси Олий судининг Раёсати томонидан кўрилади.


419-6-модда. Тафтиш тартибида шикоят (протест)

бериш тартиби ва муддати


Қорақалпоғистон Республикаси судининг, вилоятлар ва Тошкент шаҳар судларининг фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъатида, Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий судида тафтиш тартибида кўриладиган шикоят (протест) ушбу судлар номига йўлланади, лекин суд ҳужжатини қабул қилган биринчи инстанция судига берилади.

Суд ҳужжатини қабул қилган биринчи инстанция суди шикоят (протест) келиб тушган кундан эътиборан беш кунлик муддатда шикоятни (протестни) ишни тафтиш тартибида кўрадиган судга иш билан бирга юбориши шарт.

Ўзбекистон Республикаси Олий судининг Фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъатида тафтиш тартибида кўриладиган шикоят (протест) бевосита Ўзбекистон Республикаси Олий судининг Фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъатига берилади.

Ўзбекистон Республикаси Олий суди раисининг, Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорининг Ўзбекистон Республикаси Олий суди Раёсатига тафтиш тартибидаги протести бевосита Ўзбекистон Республикаси Олий судига берилади.

Тафтиш тартибидаги шикоят (протест) биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарори, ажрими, қарори қонуний кучга кирган кундан эътиборан бир йил ичида берилади.

Қорақалпоғистон Республикаси судига, вилоятлар ва Тошкент шаҳар судларига, Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий судига тафтиш тартибида шикоят (протест) бериш муддати кассация инстанцияси суди томонидан ажрим чиқарилгунига қадар ўтган тақдирда, шикоят (протест) кассация инстанцияси суди томонидан ажрим қабул қилинган кундан эътиборан уч ой ичида берилиши мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Олий судининг Фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъатига тафтиш тартибида шикоят (протест) бериш муддати Қорақалпоғистон Республикаси суди, вилоятлар ва Тошкент шаҳар судлари, Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий суди томонидан тафтиш тартибида ажрим чиқарилгунига қадар ўтган тақдирда, шикоят (протест) ушбу судлар томонидан ишни тафтиш тартибида кўриш натижалари бўйича ажрим қабул қилинган кундан эътиборан уч ой ичида берилиши мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Олий суди раисининг, Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорининг протести ушбу Кодекс 419-4-моддаси биринчи қисмининг иккинчи ва учинчи хатбошисида кўрсатилган шахслар мурожаат қилган кундан эътиборан уч ой ичида, лекин Ўзбекистон Республикаси Олий судининг Фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати томонидан ишни тафтиш тартибида кўриш натижалари бўйича ажрим қабул қилинган кундан эътиборан олти ойдан ортиқ бўлмаган муддатда Ўзбекистон Республикаси Олий судининг Раёсатига киритилиши мумкин.

Тафтиш тартибидаги шикоят (протест) беришнинг ўтказиб юборилган муддати шикоят (протест) берган шахснинг илтимосномаси бўйича суд (судья) томонидан, агар илтимоснома шикоятни (протестни) бериш муддати ўтган кундан эътиборан уч ой ичида берилган ва шикоятни (протестни) бериш муддати ўтказиб юборилишининг сабаблари узрли деб топилган бўлса, тикланиши мумкин.

Ушбу модданинг тўққизинчи қисмида кўрсатилган муддат ўтгандан кейин берилган тафтиш тартибидаги шикоят (протест) кўриб чиқилмайди.


419-7-модда. Тафтиш тартибидаги шикоятнинг

(протестнинг) мазмуни


Тафтиш тартибидаги шикоятда (протестда) қуйидагилар кўрсатилиши керак:

1) шикоят (протест) йўлланилаётган тафтиш инстанцияси судининг номи;

2) шикоят (протест) бераётган шахснинг фамилияси, исми, отасининг исми (номи), унинг яшаш жойи ёки жойлашган ери (почта манзили);

3) ишнинг рақами, шикоят қилинаётган (протест келтирилаётган) ҳал қилув қарори, ажрим, қарор қабул қилинган сана ва ушбу суд ҳужжатини қабул қилган суд;

4) ҳал қилув қарорининг, ажримнинг, қарорнинг нотўғрилиги нимадан иборат эканлиги;

5) шикоят (протест) бераётган шахснинг илтимоси;

6) шикоятга (протестга) илова қилинган ёзма материалларнинг рўйхати.

Тафтиш тартибидаги шикоятни шикоят бераётган шахс ёки унинг вакили имзолайди.

Тафтиш тартибидаги протест уни келтирган прокурор томонидан имзоланган бўлиши керак.

Тафтиш тартибидаги шикоятда (протестда) шикоятни (протестни) берган шахснинг ёхуд унинг вакилининг телефонлари ва факслари рақамлари, электрон почта манзили кўрсатилиши мумкин.


419-8-модда. Тафтиш тартибидаги шикоятга (протестга)

илова қилинадиган ҳужжатлар


Тафтиш тартибидаги шикоятга қуйидагилар илова қилинади:

давлат божи ва почта харажатлари тўланганлигини тасдиқловчи ҳужжат;

тафтиш тартибидаги шикоят вакил томонидан имзоланган ҳолларда, унинг имзолашга бўлган ваколатларини тасдиқловчи ҳужжат.

Прокурор иштирокисиз кўрилган иш бўйича тафтиш тартибидаги протестга ушбу Кодекс 4194-моддаси биринчи қисмининг иккинчи хатбошисида кўрсатилган шахсларнинг протест келтиришга асос бўлиб хизмат қилган мурожаатининг кўчирма нусхаси илова қилинади.

Тафтиш тартибидаги шикоят (протест) ишда иштирок этувчи шахсларнинг сонига қараб кўчирма нусхалари билан бирга судга тақдим этилади, бундан электрон ҳужжат тарзида юбориладиган тафтиш тартибидаги шикоят (протест) мустасно.

Зарур ҳолларда, судья тафтиш тартибида шикоят (протест) берган шахс зиммасига шикоятга (протестга) илова қилинган ёзма материалларнинг кўчирма нусхаларини ишда иштирок этувчи шахсларнинг сонига қараб тақдим этиш мажбуриятини юклатиши мумкин.

Суднинг аризани иш юритишга қабул қилишни рад этиш, қайтариш тўғрисидаги, шунингдек апелляция ёки кассация ва тафтиш шикоятини (протестини) иш юритишга қабул қилишни рад этиш, қайтариш тўғрисидаги ажримлари устидан тафтиш тартибидаги шикоятга (протестга) қайтарилган ариза, шикоят (протест) ва судга уларни тақдим этиш чоғида унга қўшиб берилган ҳужжатлар илова қилиниши керак.

Ходим билан тузилган меҳнат шартномаси ғайриқонуний равишда бекор қилинганда ёки ходим бир ишдан бошқа ишга ғайриқонуний равишда ўтказилганида уни илгариги ишига тиклаш тўғрисидаги суднинг ҳал қилув қарори устидан тафтиш тартибидаги шикоят (протест) ушбу қарорнинг ижросига доир ҳужжат илова қилинган тақдирдагина қабул қилинади.


419-9-модда. Қорақалпоғистон Республикаси суди,

вилоятлар ва Тошкент шаҳар судлари, Ўзбекистон Республикаси

Ҳарбий суди томонидан тафтиш тартибидаги шикоятни

(протестни) иш юритишга қабул қилиш тўғрисидаги

масалани ҳал этиш тартиби ва муддати


Тафтиш тартибидаги шикоятни (протестни) қайтариш, иш юритишга қабул қилишни рад этиш ёки қабул қилиш тўғрисидаги масала судья томонидан якка тартибда шикоят (протест) судга келиб тушган кундан эътиборан беш кундан кечиктирмай ҳал қилинади.

Тафтиш тартибидаги шикоятни (протестни) қайтариш, иш юритишга қабул қилишни рад этиш ҳақида ёки қабул қилиш тўғрисида ажрим чиқарилади, унинг кўчирма нусхаси ишда иштирок этувчи шахсларга у чиқарилган куннинг эртасидан кечиктирмай, ушбу Кодекснинг 270-моддасида назарда тутилган тартибда юборилади.


419-10-модда. Тафтиш тартибидаги шикоятни

(протестни) қайтариш


Тафтиш инстанцияси судининг судьяси тафтиш тартибидаги шикоятни (протестни) қуйидаги ҳолларда қайтаради, агар:

1) тафтиш тартибидаги шикоят (протест) имзоланмаган бўлса ёки уни имзолаш ҳуқуқига эга бўлмаган шахс томонидан ёхуд мансаб мавқеи ёки фамилияси ва исми-шарифининг бош ҳарфлари кўрсатилмаган шахс томонидан имзоланган бўлса;

2) тафтиш тартибидаги шикоятнинг (протестнинг) мазмунига нисбатан ушбу Кодекснинг 419-7-моддасида белгиланган талабларга риоя этилмаган ёки шикоятга (протестга) ушбу Кодекс 419-8-моддасининг иккинчи, учинчи, бешинчи ва олтинчи қисмларида кўрсатилган ҳужжатлар илова қилинмаган бўлса;

3) тафтиш тартибидаги шикоятга давлат божи ва почта харажатлари белгиланган тартибда ва миқдорда тўланганлигини тасдиқловчи ҳужжатлар илова қилинмаган бўлса, қонунда давлат божини тўлаш муддатини кечиктириш, бўлиб-бўлиб тўлаш ёки унинг миқдорини камайтириш имконияти назарда тутилган ҳолларда эса, бу ҳақда илтимоснома мавжуд бўлмаса ёхуд илтимоснома рад этилган бўлса;

4) тафтиш тартибидаги шикоят (протест) белгиланган муддат ўтганидан кейин берилган бўлса ва ўтказиб юборилган муддатни тиклаш тўғрисида илтимоснома мавжуд бўлмаса;

5) тафтиш тартибидаги шикоят (протест) иш юритишга қабул қилинганлиги тўғрисида ажрим чиқарилгунига қадар шикоятни (протестни) берган шахсдан уни қайтариб олиш (чақириб олиш) тўғрисида ариза тушган бўлса;

6) тафтиш тартибидаги шикоят (протест) ушбу Кодекс 419-6-моддасининг биринчи қисмида назарда тутилган ҳолда суд ҳужжатини қабул қилган судни четлаб ўтган ҳолда юборилган бўлса.

Тафтиш тартибидаги шикоятни (протестни) қайтариш тўғрисидаги ажримда шикоятни (протестни) қайтариш асослари кўрсатилади, шикоятни беришда тўланган давлат божини қайтариш ҳақидаги масала ҳал этилади.

Тафтиш тартибидаги шикоятни (протестни) қайтариш тўғрисидаги ажримнинг кўчирма нусхаси шикоятни (протестни) берган шахсга шикоят (протест) ва унга илова қилинган ҳужжатлар билан бирга юборилади.

Тафтиш тартибидаги шикоятни (протестни) қайтариш тўғрисидаги ажрим бекор қилинган тақдирда, шикоят (протест) дастлаб судга мурожаат қилинган кунда берилган ҳисобланади.

Ушбу модданинг биринчи қисмида кўрсатилган ҳолатлар бартараф этилгач, шикоятни (протестни) берган шахс тафтиш тартибидаги шикоят (протест) билан судга умумий тартибда янгидан мурожаат қилишга ҳақли.


419-11-модда. Тафтиш тартибидаги шикоятни (протестни)

иш юритишга қабул қилишни рад этиш


Тафтиш инстанцияси судининг судьяси тафтиш тартибидаги шикоятни (протестни) иш юритишга қабул қилишни қуйидаги ҳолларда рад этади, агар:

1) шикоят (протест) суд ҳужжати устидан шикоят қилиш (протест келтириш) ҳуқуқига эга бўлмаган шахс томонидан берилган бўлса;

2) шикоят (протест) қонунга мувофиқ тафтиш тартибида шикоят қилиниши (протест келтирилиши) мумкин бўлмаган суд ҳужжати устидан берилган бўлса;

3) шикоят (протест) Қорақалпоғистон Республикаси судига, вилоятлар ва Тошкент шаҳар судларига, Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий судига апелляция ёки кассация тартибида кўрилмаган суд ҳужжати устидан берилган бўлса;

4) шикоят (протест) Ўзбекистон Республикаси Олий судининг Фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъатига Қорақалпоғистон Республикаси судида, вилоятлар ва Тошкент шаҳар судларида, Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий судида тафтиш тартибида кўрилмаган суд ҳужжати устидан берилган бўлса;

5) шикоят (протест) ишни тафтиш тартибида кўраётган суд томонидан илгари тафтиш тартибида кўрилган суд ҳужжати устидан берилган бўлса;

6) шикоятни (протестни) бериш муддати ўтказиб юборилган ва ўтказилган муддатни тиклаш рад этилган бўлса;

7) шикоятдан уни берган шахс воз кечганлиги, протест чақириб олинганлиги сабабли шикоят (протест) бўйича иш юритишни тугатиш тўғрисидаги ажрим мавжуд бўлса, бундан Қорақалпоғистон Республикаси судининг, вилоятлар ва Тошкент шаҳар судларининг, Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий судининг шикоятдан воз кечилганлиги, протест чақириб олинганлиги сабабли тафтиш тартибидаги шикоят (протест) бўйича иш юритишни тугатиш тўғрисидаги ажрими устидан Ўзбекистон Республикаси Олий судининг Фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъатига берилган шикоят (протест) мустасно.

Тафтиш тартибидаги шикоятни (протестни) иш юритишга қабул қилишни рад этиш тўғрисидаги ажримда шикоятни (протестни) иш юритишга қабул қилишни рад этиш асослари кўрсатилади, шикоятни беришда тўланган давлат божини қайтариш ҳақидаги масала ҳал этилади.

Тафтиш тартибидаги шикоятни (протестни) иш юритишга қабул қилишни рад этиш тўғрисидаги ажрим бекор қилинган тақдирда, шикоят (протест) судга дастлаб мурожаат қилинган кунда берилган ҳисобланади.


419-12-модда. Қорақалпоғистон Республикаси суди, вилоятлар,

Тошкент шаҳар судлари, Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий суди

томонидан тафтиш тартибидаги шикоятни (протестни)

иш юритишга қабул қилиш


Ушбу Кодексда белгиланган шакл ва мазмун талабларига риоя қилинган ҳолда берилган тафтиш тартибидаги шикоят (протест) суднинг иш юритишига қабул қилинади.

Тафтиш тартибидаги шикоятни (протестни) иш юритишга қабул қилиш тўғрисидаги ажримда шикоятни (протестни) кўриб чиқиш учун суд мажлисини ўтказиш вақти ва жойи кўрсатилади.

Тафтиш тартибида шикоят (протест) берган шахс, шунингдек ишда иштирок этувчи шахслар ишни тафтиш инстанциясида кўриш вақти ва жойи ҳақида хабардор қилинади. Иш муҳокамасининг вақти ва жойи тўғрисида белгиланган тартибда хабардор қилинган шахсларнинг келмаганлиги ишнинг тафтиш тартибида кўрилишига тўсқинлик қилмайди.


419-13-модда. Суд ҳужжатларининг ижросини тўхтатиб туриш


Ишда иштирок этувчи шахсларнинг илтимосномасига кўра, тафтиш инстанцияси суди (судьяси) суд ҳужжатларининг ижросини тафтиш инстанциясида иш юритиш тамомлангунига қадар тўхтатиб туришга ҳақли.

Судья суд ҳужжатининг ижросини тўхтатиб туриш тўғрисида ёки унинг ижросини тўхтатиб туришни рад этиш ҳақида тафтиш шикоятини (протестини) иш юритишга қабул қилиш тўғрисидаги ажримда кўрсатади.


419-14-модда. Ишни талаб қилиб олиш


Ўзбекистон Республикаси Олий судининг раиси ва унинг ўринбосарлари, Ўзбекистон Республикаси Олий судининг судьяси тафтиш тартибидаги шикоят (протест) бўйича ишни тегишли суддан талаб қилиб олишга ҳақли.

Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори ва унинг ўринбосарлари, вилоят прокурори, унга тенглаштирилган прокурор ва уларнинг ўринбосарлари ушбу Кодекснинг 419-4-моддаси биринчи қисмининг иккинчи хатбошисида кўрсатилган шахсларнинг мурожаатлари мавжуд бўлган тақдирда ёки прокурор иштирокида кўрилган ишлар бўйича тафтиш тартибида протест келтириш тўғрисидаги масалани ҳал этиш учун тегишли суддан ўз ваколатлари доирасида ишни талаб қилиб олишга ҳақли.


419-15-модда. Ўзбекистон Республикаси Олий суди

судьяси томонидан тафтиш тартибидаги

шикоятни (протестни) ўрганиш


Ушбу Кодекснинг 419-4 - 419-8-моддаларида белгиланган қоидаларга мувофиқ берилган тафтиш тартибидаги шикоят (протест) Ўзбекистон Республикаси Олий суди судьяси томонидан унга илова қилинган материаллар асосида, зарур бўлган ҳолларда эса ишни талаб қилиб олиб ўрганилади.

Тафтиш тартибидаги шикоятни (протестни) ўрганиш натижалари бўйича Ўзбекистон Республикаси Олий суди судьяси:

1) тафтиш тартибидаги шикоятни (протестни) ушбу Кодекс 419-10-моддасининг биринчи қисмида назарда тутилган асосларга кўра қайтариш тўғрисида;

2) тафтиш тартибидаги шикоятни (протестни) ушбу Кодекс 419-11-моддасининг биринчи қисмида назарда тутилган асосларга кўра иш юритишга қабул қилишни рад этиш ҳақида;

3) суд ҳужжатларини тафтиш тартибида текшириш асослари мавжуд бўлмаса, тафтиш тартибидаги шикоятни Ўзбекистон Республикаси Олий судининг Фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъатида кўриб чиқиш учун ўтказишни рад этиш тўғрисида;

4) тафтиш тартибидаги шикоятни (протестни) иш юритишга қабул қилиш ва кўриб чиқиш учун Ўзбекистон Республикаси Олий судининг Фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъатига ўтказиш тўғрисида ажрим чиқаради.

Тафтиш тартибидаги шикоятни (протестни) қайтариш тўғрисидаги ёки қабул қилишни рад этиш ҳақидаги ажрим шикоят (протест) келиб тушган кундан эътиборан беш кундан кечиктирмай чиқарилади.

Тафтиш тартибидаги шикоятни Ўзбекистон Республикаси Олий судининг Фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъатида кўриб чиқиш учун ўтказишни рад этиш тўғрисидаги ёки тафтиш тартибидаги шикоятни (протестни) иш юритишга қабул қилиш ва кўриб чиқиш учун судлов ҳайъатига ўтказиш ҳақидаги ажрим шикоят (протест) келиб тушган кундан эътиборан бир ойдан кечиктирмай, иш талаб қилиб олинган тақдирда эса икки ойдан кечиктирмай чиқарилади.

Тафтиш тартибидаги шикоятни (протестни) ўрганиш натижалари бўйича чиқарилган ажримнинг кўчирма нусхаси шикоят берган шахсга ушбу Кодекснинг 270-моддасида назарда тутилган тартибда юборилади.

Ўзбекистон Республикаси Олий суди судьясининг тафтиш тартибидаги шикоятни (протестни) қайтариш ҳақидаги ёки уни иш юритишга қабул қилишни рад этиш тўғрисидаги ажрими тафтиш тартибидаги шикоятни (протестни) берган шахснинг аризасига кўра Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси ёки унинг ўринбосари томонидан бекор қилиниши мумкин.


419-16-модда. Тафтиш тартибидаги шикоятни кўриб чиқиш учун

Ўзбекистон Республикаси Олий судининг Фуқаролик ишлари бўйича

судлов ҳайъатига ўтказишни рад этиш тўғрисидаги ажрим


Ўзбекистон Республикаси Олий суди судьясининг тафтиш тартибидаги шикоятни кўриб чиқиш учун Ўзбекистон Республикаси Олий судининг Фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъатига ўтказишни рад этиш тўғрисидаги ажримида қуйидагилар кўрсатилиши керак:

1) ажрим чиқарилган сана ва жой;

2) ажрим чиқарган судьянинг фамилияси ва исми-шарифининг бош ҳарфлари;

3) тафтиш тартибида шикоят берган шахснинг фамилияси, исми, отасининг исми (номи);

4) устидан шикоят қилинаётган суд ҳужжатлари;

5) суд ҳужжатлари қабул қилинган иш мазмунининг қисқача баёни;

6) тафтиш тартибидаги шикоятни Ўзбекистон Республикаси Олий судининг Фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъатига кўриб чиқиш учун ўтказишни рад этиш сабаблари.

Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси ёки унинг ўринбосари судьянинг тафтиш тартибидаги шикоятини кўриб чиқиш учун Ўзбекистон Республикаси Олий судининг Фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъатига ўтказишни рад этиш тўғрисидаги ажримини тафтиш тартибида шикоят берган шахснинг аризасига кўра бекор қилишга ва ишни кўриб чиқиш учун Ўзбекистон Республикаси Олий судининг Фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъатига ўтказишга ҳақли.

Тафтиш тартибидаги шикоятни кўриб чиқиш учун Ўзбекистон Республикаси Олий судининг Фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъатига ўтказишни рад этиш тўғрисидаги ажримни бекор қилиш ҳақидаги ариза суд ҳужжати устидан тафтиш тартибида шикоят қилиш учун белгиланган муддат доирасида берилиши мумкин.

Ушбу модданинг учинчи қисмида белгиланган муддат ўтгандан кейин берилган ариза кўриб чиқилмайди.


419-17-модда. Тафтиш тартибидаги шикоятни (протестни)

иш юритишга қабул қилиш ва кўриб чиқиш учун Ўзбекистон

Республикаси Олий судининг Фуқаролик ишлари бўйича

судлов ҳайъатига ўтказиш ҳақидаги ажрим


Тафтиш тартибидаги шикоятни (протестни) иш юритишга қабул қилиш ва кўриб чиқиш учун Ўзбекистон Республикаси Олий судининг Фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъатига ўтказиш ҳақидаги ажримда қуйидагилар кўрсатилиши керак:

1) ажрим чиқарилган сана ва жой;

2) ажрим чиқарган судьянинг фамилияси, исми-шарифининг бош ҳарфлари;

3) шикоят берган (протест келтирган) шахснинг фамилияси, исми, отасининг исми (номи);

4) устидан шикоят қилинаётган (протест келтирилаётган) суд ҳужжатлари;

5) суд ҳужжатлари қабул қилинган иш мазмунининг қисқача баёни;

6) шикоятни кўриб чиқиш учун Ўзбекистон Республикаси Олий судининг Фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъатига ўтказиш сабаблари ва асослари;

7) Ўзбекистон Республикаси Олий судининг Фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати томонидан иш кўриладиган вақт ва жой.

Тафтиш тартибидаги протест келиб тушган тақдирда Ўзбекистон Республикаси Олий суди судьяси уни кўриб чиқиш учун Ўзбекистон Республикаси Олий судининг Фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъатига ўтказиш тўғрисида ажрим чиқаради.

Ўзбекистон Республикаси Олий суди судьяси ўзи чиқарган ажрим билан бирга тафтиш тартибидаги шикоятни (протестни) иш билан Ўзбекистон Республикаси Олий судининг Фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъатига ўтказади.


419-18-модда. Ишда иштирок этувчи шахсларни хабардор қилиш


Тафтиш тартибида шикоят (протест) берган шахс, шунингдек ишда иштирок этувчи шахслар Ўзбекистон Республикаси Олий судининг Фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъатида ишни кўриш вақти ва жойи тўғрисида хабардор қилинади. Иш муҳокамасининг вақти ва жойи тўғрисида белгиланган тартибда хабардор қилинганлиги кўрсатилган шахсларнинг келмаганлиги ишнинг тафтиш тартибида кўрилишига тўсқинлик қилмайди.

Иш тафтиш тартибида Ўзбекистон Республикаси Олий судининг Раёсатида кўрилганда, ишда иштирок этувчи шахслар тушунтиришлар бериш учун чақирилиши мумкин. Бу ҳолда уларга ишни тафтиш тартибида кўрадиган суд мажлисининг вақти ва жойи тўғрисида хабарнома юборилади. Бироқ уларнинг келмаганлиги ишнинг кўрилишига тўсқинлик қилмайди.


419-19-модда. Тафтиш тартибидаги шикоятни (протестни)

кўрмасдан қолдириш


Агар шикоят (протест) иш юритишга қабул қилинганидан кейин шикоятнинг (протестнинг) имзоланмаганлиги ёки уни имзолаш ҳуқуқига эга бўлмаган ёхуд мансаб мавқеи кўрсатилмаган шахс томонидан имзоланганлиги аниқланса, тафтиш инстанцияси суди тафтиш тартибидаги шикоятни (протестни) кўрмасдан қолдиради.

Тафтиш тартибидаги шикоятни (протестни) кўрмасдан қолдириш тўғрисида суд ажрим чиқаради.

Тафтиш тартибидаги шикоятни (протестни) кўрмасдан қолдириш учун асос бўлиб хизмат қилган ҳолат бартараф этилганидан кейин шикоят (протест) ушбу Кодексда белгиланган тартибда судга янгидан берилиши мумкин.


419-20-модда. Тафтиш тартибидаги шикоят (протест)

бўйича иш юритишни тугатиш


Тафтиш инстанцияси суди тафтиш тартибидаги шикоят (протест) бўйича иш юритишни қуйидаги ҳолларда тугатади, агар:

1) шикоят (протест) суд ҳужжати устидан шикоят қилиш (протест келтириш) ҳуқуқига эга бўлмаган шахс томонидан берилган ва у хатога йўл қўйилиб, иш юритишга қабул қилинган бўлса;

2) шикоят (протест) Қорақалпоғистон Республикаси судига, вилоятлар ва Тошкент шаҳар судларига, Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий судига апелляция ёки кассация тартибида кўрилмаган суд ҳужжати устидан, Ўзбекистон Республикаси Олий судининг Фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъатига эса Қорақалпоғистон Республикаси судида, вилоятлар, Тошкент шаҳар судларида, Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий судида тафтиш тартибида кўрилмаган ёки ушбу Кодексга мувофиқ тафтиш тартибида шикоят қилинмайдиган (протест келтирилмайдиган) суд ҳужжати устидан берилган ва у хатога йўл қўйилиб, иш юритишга қабул қилинган бўлса;

3) шикоят (протест) ушбу суд томонидан тафтиш тартибида кўрилган суд ҳужжати устидан берилган ва у хатога йўл қўйилиб, иш юритишга қабул қилинган бўлса;

4) шикоятидан воз кечиш тўғрисидаги ариза шикоятни берган шахсдан шикоят иш юритишга қабул қилинганидан кейин келиб тушган бўлса;

5) протестни чақириб олиш тўғрисидаги ариза протест келтирган прокурордан ёки юқори турувчи прокурордан протест иш юритишга қабул қилинганидан кейин келиб тушган бўлса;

6) шикоят (протест) бўйича суд ҳужжати қабул қилингунига қадар ишда тараф бўлган юридик шахс тугатилган бўлса;

7) шикоят (протест) бўйича суд ҳужжати қабул қилингунига қадар ишда тараф бўлган фуқаро вафот этса, низоли ҳуқуқий муносабат эса ҳуқуқий ворисликка йўл қўймаса.

Тафтиш тартибидаги шикоят (протест) бўйича иш юритишни тугатиш тўғрисида ажрим чиқарилади, унда суд харажатларини тарафлар ўртасида тақсимлаш тўғрисидаги масала ҳал этилади.

Тафтиш тартибидаги шикоят (протест) бўйича иш юритиш тугатилган тақдирда, айни бир шахснинг айни шу асослар бўйича тафтиш тартибида шикоят (протест) билан судга такроран мурожаат қилишига йўл қўйилмайди.


419-21-модда. Тафтиш тартибидаги шикоятга

(протестга) қўшилиш


Суд процессида тафтиш тартибида шикоят берган шахс томонида иштирок этаётган шерик иштирокчилар ва учинчи шахслар берилган шикоятга қўшилиши мумкин. Мазкур шахслар тафтиш тартибида келтирилган протестга ҳам қўшилиши мумкин.

Шикоятга (протестга) қўшилиш ҳақида ариза берилганда давлат божи ундирилмайди.


419-22-модда. Тафтиш тартибидаги шикоят (протест) юзасидан

тушунтиришлар бериш (эътирозлар билдириш)


Ишда иштирок этувчи шахслар тафтиш тартибидаги шикоят (протест) юзасидан судга тушунтиришларни (эътирозларни) уларни тасдиқловчи ҳужжатларни илова қилиб, тақдим этишга ҳақли.

Тушунтиришлар (эътирозлар) ишда иштирок этувчи шахсларнинг сонига қараб кўчирма нусхалари билан бирга тақдим этилади, бундан электрон ҳужжат тарзида юбориладиган тушунтиришлар (эътирозлар) мустасно. Тушунтиришларнинг (эътирозларнинг) кўчирма нусхаларини суд ишда иштирок этувчи шахсларга топширади.


419-23-модда. Тафтиш тартибидаги шикоятни (протестни)

тўлдириш, ўзгартириш, шикоятдан воз кечиш

ва протестни қайтариб олиш


Тафтиш тартибида шикоят берган шахс тафтиш инстанцияси суди маслаҳатхонага киргунига қадар шикоятни тўлдиришга, ўзгартиришга ёки ундан воз кечишга ҳақли.

Тафтиш тартибида протест келтирган прокурор, шунингдек юқори турувчи прокурор тафтиш инстанцияси суди маслаҳатхонага киргунига қадар протестни тўлдиришга, ўзгартиришга ёки қайтариб олишга ҳақли.

Шикоятдан воз кечилган ва протест чақириб олинган тақдирда, тафтиш инстанцияси суди ажрим чиқариб, шикоят (протест) бўйича тафтиш тартибида иш юритишни тугатади.

Шикоятдан воз кечилганлиги, протест чақириб олинганлиги сабабли у бўйича иш юритувнинг тугатилиши, агар суд ҳужжати устидан бошқа шахслар томонидан шикоят қилинган бўлса, бошқа тафтиш тартибидаги шикоятни (протестни) кўриб чиқиш учун тўсқинлик қилмайди.


419-24-модда. Даъвогарнинг арз қилинган талабларидан

воз кечиши, жавобгарнинг даъвогар талабларини

тан олиши ва тарафларнинг келишув битими


Тафтиш тартибида шикоят (протест) берилганидан кейин даъвогарнинг арз қилинган талабларидан воз кечиши, жавобгарнинг даъвогар талабларини тан олиши ва тарафларнинг келишув битими тузиши ёзма шаклда, шу жумладан электрон ҳужжат тарзида тафтиш инстанцияси судига топширилиши керак. Агар ишнинг муҳокамаси вақтида даъвогар арз қилинган талабларидан воз кечса, жавобгар билдирилган талабларни тан олса ёки тарафлар келишув битими тузса, бу ҳақда суд мажлисининг баённомасига ёзиб қўйилади.

Тафтиш инстанцияси суди даъводан воз кечишни қабул қилишдан ёки келишув битимини тасдиқлашдан олдин ишда иштирок этувчи шахсларга бундай процессуал ҳаракатларнинг оқибатларини тушунтиради.

Даъвогарнинг арз қилинган талабларидан воз кечиши қабул қилинган ёки тарафларнинг келишув битими тасдиқланган тақдирда тафтиш инстанцияси суди ҳал қилув қарорини бекор қилади ва иш юритишни тугатади.

Агар даъвогарнинг арз қилинган талабларидан воз кечиши ёки тарафларнинг келишув битими қонунга зид бўлса ёхуд бошқа бировнинг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини бузадиган бўлса, суд воз кечишни қабул қилмайди ёки тузилган келишув битимини тасдиқлашни рад этади ҳамда ишни тафтиш тартибида кўради.


419-25-модда. Тафтиш тартибидаги шикоятни

(протестни) кўриш муддатлари


Тафтиш тартибидаги шикоят (протест) Қорақалпоғистон Республикаси суди, вилоятлар ва Тошкент шаҳар судлари, Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий суди томонидан тафтиш тартибидаги шикоятни (протестни) иш юритишга қабул қилиш тўғрисида ажрим чиқарилган кундан эътиборан бир ойдан ортиқ бўлмаган муддатда кўриб чиқилади.

Тафтиш тартибидаги шикоят (протест) Ўзбекистон Республикаси Олий судининг Фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати томонидан у кўриб чиқиш учун ўтказилган кундан эътиборан бир ойдан ошмаган муддатда кўриб чиқилади.

Алоҳида ҳолларда тафтиш тартибидаги шикоятни (протестни) кўриб чиқиш муддати ишни кўраётган судлов ҳайъати томонидан кўпи билан бир ойга узайтирилиши мумкин.

Тафтиш тартибидаги протест Ўзбекистон Республикаси Олий судининг Раёсати томонидан у Ўзбекистон Республикаси Олий суди Раёсатига келиб тушган кундан эътиборан икки ойдан ошмаган муддатда кўриб чиқилади.


419-26-модда. Тафтиш инстанцияси судида ишни

кўриш тартиби


Тафтиш тартибида иш ушбу Кодекснинг 397-моддасида назарда тутилган қоидаларга асосан мазкур бобда белгиланган хусусиятларни инобатга олган ҳолда кўрилади.

Ишни Ўзбекистон Республикаси Олий судининг Раёсатида тафтиш тартибида кўришда ушбу Кодексда назарда тутилган ҳолларда Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори ёки унинг ўринбосарлари иштирок этади.

Ўзбекистон Республикаси Олий суди Раёсатининг қарори якуний ҳисобланади ва унинг устидан шикоят қилинмайди (протест келтирилмайди).

Тафтиш инстанцияси суди ажримининг, қарорининг кўчирма нусхаси ишни кўришда иштирок этган шахсларга ушбу Кодекснинг 270-моддасида назарда тутилган тартибда юборилади.


419-27-модда. Тафтиш инстанцияси судининг

ишни кўриш доираси


Ўзбекистон Республикаси Олий суди, Қорақалпоғистон Республикаси суди, вилоятлар, Тошкент шаҳар судлари, Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий суди ишни тафтиш тартибида кўраётганида суд ҳужжатларининг қонунийлигини, асослилигини ва адолатлилигини текширади. Суд янги далилларни ўрганиб чиқиши ва янги фактларни аниқлаши мумкин.

Тафтиш инстанцияси суди суд ҳужжатини тўлиқ ҳажмда текшириб чиқиши шарт.


419-28-модда. Шикоятни (протестни) тафтиш тартибида

кўрадиган суднинг ваколатлари


Тафтиш инстанцияси суди шикоятни (протестни) тафтиш тартибида кўриш натижалари бўйича:

1) ҳал қилув қарорини, ажримни ёки қарорни ўзгаришсиз қолдиришга;

2) ҳал қилув қарорини, ажримни ёки қарорни тўлиқ ёхуд қисман бекор қилишга ва янги ҳал қилув қарори, ажрим ёки қарор қабул қилишга;

3) ҳал қилув қарорини, ажримни, қарорни тўлиқ ёки қисман ўзгартиришга;

4) ушбу Кодекс 372-2-моддаси биринчи қисмининг 4-бандида ва 372-4-моддаси иккинчи қисмининг 4-бандида назарда тутилган асослар мавжуд бўлган тақдирда, ҳал қилув қарорини, ажримни, қарорни бекор қилишга ва ишни янгидан кўриш учун апелляция ёки кассация инстанцияси судига юборишга;

5) ҳал қилув қарорини, ажримни ёки қарорни тўлиқ ёки қисман бекор қилишга ва ушбу Кодексда кўрсатилган асосларга кўра аризани кўрмасдан қолдиришга ёхуд иш юритишни тўлиқ ёки қисман тугатишга;

6) айрим суд ҳужжатларини бекор қилишга ва иш бўйича илгари қабул қилинган суд ҳужжатларидан бирини ўз кучида қолдиришга ҳақли.


419-29-модда. Тафтиш инстанцияси суди

кўрсатмаларининг мажбурийлиги


Тафтиш инстанцияси судининг ажримида, қарорида баён қилинган кўрсатмалар мазкур ишни янгидан кўраётган суд учун мажбурийдир.

Тафтиш инстанцияси суди у ёки бу далилнинг ишончлилиги ёки ишончсизлиги тўғрисидаги, айрим бир далилларнинг бошқаларидан устунлиги ҳақидаги, иш янгидан кўрилган тақдирда қандай қарор чиқарилиши кераклиги тўғрисидаги масалаларни олдиндан ҳал қилиб қўйишга ҳақли эмас";


30) 438-модданинг матнидаги "Апелляция ёки кассация" деган сўзлар "Апелляция, кассация ёки тафтиш" деган сўзлар билан алмаштирилсин;


31) 460-модда қуйидаги таҳрирда баён этилсин:


"460-модда. Суд ҳужжатининг қайтарма ижроси тўғрисидаги

масалани апелляция, кассация ёки тафтиш инстанцияси

суди томонидан ҳал қилиш


Апелляция, кассация ёки тафтиш инстанцияси суди ҳуқуқ тўғрисидаги низони узил-кесил ҳал қилса ёки иш юритишни тамомласа, суд ҳужжатининг қайтарма ижроси тўғрисидаги масалани ҳал қилиши ёхуд уни ҳал қилиш учун биринчи инстанция судига топшириши шарт.

Агар юқори турувчи суднинг ажримида суд ҳужжатининг қайтарма ижроси тўғрисидаги масала бўйича ҳеч қандай кўрсатма бўлмаса, жавобгар биринчи инстанция судига тегишли ариза беришга ҳақли. Биринчи инстанция суди бу аризани ушбу Кодекснинг 459-моддаси қоидаларига биноан кўриб чиқади ва ҳал қилади".


2-модда. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:

ҳукумат қарорларини ушбу Қонунга мувофиқлаштирсин;

республика ижро этувчи ҳокимият органлари ушбу Қонунга зид бўлган ўз норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини қайта кўриб чиқишлари ва бекор қилишларини таъминласин;

ушбу Қонуннинг ижросини, ижрочиларга етказилишини ҳамда моҳияти ва аҳамияти аҳоли ўртасида тушунтирилишини таъминласин.


3-модда. Ушбу Қонун 2024 йил 1 январдан эътиборан кучга киради.



Ўзбекистон Республикасининг Президенти                                Ш. Мирзиёев

         

           

Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2023 йил 26 декабрь