Янги Меҳнат кодекси қоғоз шаклидаги меҳнат дафтарчаларини юритиш мажбуриятини сақлаб қоладими

preview

Жорий йилнинг 30 апрелидан кучга кирадиган янги Меҳнат кодекси қоидаларида қоғоз шаклидаги меҳнат дафтарчалари тўғрисида нима дейилганини «Норма» эксперти, ҳуқуқшунос Ленара ХИКМАТОВА изоҳлади:

 

– Ҳа, иш берувчи, агар улар ходимларда бўлса, қоғоз шаклидаги меҳнат дафтарчаларини юритишга мажбур.

Янги МК қоғоз шаклидаги меҳнат дафтарчалари юритишни бекор қилмайди. Меҳнат кодексининг 124-моддасига мувофиқ ишга қабул қилиш чоғида ходим иш берувчига  қоғоз шаклидаги меҳнат дафтарчасини ёки электрон меҳнат дафтарчасидан кўчирмани (бундан биринчи марта ишга кираётган шахслар мустасно) тақдим қилади.    Ўриндошлар меҳнат дафтарчасининг ўрнига асосий иш жойидан олинган белгиланган намунадаги маълумотномани тақдим этади

Иш берувчи (бундан жисмоний шахслар бўлган иш берувчилар мустасно) ташкилотда беш кундан ортиқ ишлаган барча ходимлар учун меҳнат дафтарчаларини юритиши шарт .

Меҳнат фаолиятини 01.01.2020 йилда Ягона миллий меҳнат тизими жорий қилингандан сўнг бошлаган шахсларда қоғоз шаклидаги меҳнат дафтарчаси бўлмаслиги тушунарли. Меҳнат органлари 2020 йилдан бошлаб унинг бланкаларини беришни тўхтатган. Шунинг учун бундай шахсларда фақат электрон меҳнат дафтарчаси шакллантирилади, иш берувчига эса ундан кўчирма тақдим қилинади.

Бундан ташқари  2020 йилдан кейин меҳнат фаолиятига оид ҳужжатни йўқотган шахсларда қоғоз шаклидаги меҳнат дафтарчаси бўлмаслиги мумкин. Катта эҳтимол билан улар меҳнат дафтарчасининг дубликатини ололмаганлар, шунинг учун уларнинг меҳнат фаолияти ҳам фақат ЯММТда акс эттирилади.

Тегишинча, бундай ходимларга биринчи марта ишга кираётганларга бўлгани каби фақат электрон меҳнат дафтарчаси юритилади.

 

Агар қоғоз шаклидаги меҳнат дафтарчаси бўлса

Уни Меҳнат дафтарчаларини юритиш тартиби тўғрисидаги йўриқномага мувофиқ юритинг, у бекор қилинмаган. Шунингдек, параллель равишда ходим ва унинг меҳнат фаолияти ҳақидаги маълумотларни my.mehnat.uz сайтидаги ЯММТга киритинг .

Меҳнат фаолияти тўғрисидаги маълумотлар ишга қабул қилиш, бажариладиган иш, бошқа ишга ўтказиш ва меҳнат шартномасини бекор қилиш тўғрисидаги маълумотларни ўз ичига олади .

Ходимларнинг қоғоз шаклидаги меҳнат дафтарчаларини ўрнатилган тартибга мувофиқ қабул қилинг ва сақланг – қатъий ҳисобот ҳужжати сифатида ходимлар бўлимида ёки ташкилотда меҳнат дафтарчаларини беришга масъул шахсда . Иш берувчи уларнинг сақланиши учун жавобгардир.