Лайфхак: ходимни ҳужжатлар билан қандай таништириш керак

preview

Ҳар бир ходим ташкилотдаги фаолияти давомида – ишга қабул қилинган вақтдан бошлаб ва меҳнат муносабатлари тугатилган кунгача – турли хил йўналиш ва мазмундаги кўплаб ҳужжатлар билан танишади. Ушбу ҳужжатлар ходимнинг иши билан бевосита боғлиқ бўлганлиги сабабли, улар доимо қўл остида бўлиши мақсадга мувофиқдир.

Ушбу жараённи қандай оптималлаштириш ҳақида «Норма» эксперти ва кадрлар хизмати раҳбари Валерия ЛЯНДРЕС юрист Ленара ХИКМАТОВА билан биргаликда тушунтирди:

 

– Ишга қабул қилиш босқичида иш берувчи ишга кираётган шахсни олдиндан (меҳнат шартномаси имзолангунига қадар) қуйидагилар билан таништириши шарт :

1) ходим қайси ишни бажариш учун ишга қабул қилинаётган бўлса, ўша ишнинг мазмуни;

2) меҳнат шартномасида шарт қилибкўрсатилган иш бажариладиган меҳнат шароитлари; 

3) ички меҳнат тартиби қоидалари, жамоа шартномаси, унинг меҳнат фаолияти билан бевосита боғлиқ бўлган бошқа ички ҳужжатлар.

Шунингдек, иш жараёнида сиз ходимни бир қатор ҳужжатлар билан таништиришингизга тўғри келади:

  • унга тегишли буйруқлар билан;
  • ходимларга доир маълумотларга ишлов бериш тартибини белгиловчи иш берувчининг ҳужжатлари билан ;
  • техник ҳужжатлар билан, агар у ходимга меҳнат вазифаларини бажариш учун керак бўлса ;
  • меҳнатни муҳофаза қилиш, технологик интизом, меҳнат хавфсизлиги қоидалари, ишлаб чиқариш санитарияси бўйича талаблар ва ҳоказо.

Шундай қилиб, компаниянинг ҳар бир ходимига унинг иши билан боғлиқ бир қатор ҳужжатлар йиғилиб қолади. Улар алоҳида папкага гуруҳланиши ва:

1) агар ходимда ишлайдиган компьютер бўлса, уни компьютернинг  «иш столи»га жойлаштириш;

2) шахсий компьютерсиз ишлайдиган ходимлар учун – ушбу ҳужжатларга онлайн тарзда эркин киришни ташкил қилиш мумкин. Масалан, корпоратив порталда шахсий пароль ёрдамида.

Баъзи ташкилотлар компьютердан олдинги даврлардан бери буюртма асосида «Ходимнинг иш столи китоблари»ни яратишган ва чоп этишган. Энди уларни электрон вариантда шакллантириш мумкин.

Эътибор беринг

Бундай иш усули жуда қулай ва иш берувчининг ходимни асосий ҳужжатлар ва компаниянинг ҳаёти билан таништирганлигининг ўзига хос кафолати ҳисобланади.

Аммо ёдда тутинг: «иш столи китоблари»ни яратиш – бу ходимнинг керакли ҳужжатлар ва бошқа маълумотга тўсиқсиз киришига имкон берувчи қўшимча воситадир. Аммо  бу тўғридан-тўғри МК талаб қилганда ходимни ҳужжатлар билан имзо остида таништиришнинг ўрнини босмайди.

Хусусан, ходимнинг иш фаолияти билан бевосита боғлиқ бўлган маҳаллий ҳужжатлар ва буйруқлар ҳақида гап кетганда, у танишганини шахсан қўл қўйиб тасдиқлаши керак. Бунингсиз суд ёки текширувчи орган иш берувчининг ҳужжатлар билан таништириш бўйича мажбуриятини бажарилмаган деб тан олиши мумкин.

 

Ходим учун электрон ҳужжатлар тўпламига нимани киритиш керак

Булар қуйидагилар бўлиши мумкин:

1) оммабоп ҳужжатлар (ИМТҚ, жамоа шартномаси, меҳнат муҳофазаси, ёнғин хавфсизлиги бўйича йўриқномалар, киришни назорат қилиш бўйича ички қоидалар, иш вақтини ҳисобга олиш тартиби, савдо сирлари, бизнес юритиш стандартлари, кийиниш қоидалари тўғрисида ва б.);

2) ходимнинг шахсий ҳужжатлари (буйруқ нусхалари, меҳнат шартномаси ва унга қўшимча келишув, лавозим йўриқномаси, фойдаланилган таътиллар бўйича маълумотлар, жорий давр учун таътил жадвалидан кўчирма ва б.). Ушбу бўлимга кириш учун ходимга шахсий пароль керак бўлади;

3) раҳбарнинг алоқа маълумотлари ва шахсий масалалар бўйича қабул вақти;

4) янги лойиҳалар, ўқитишлар, тимбилдинглар, корпоратив тадбирлар ва бошқалар ҳақида маълумот.