Законодательство
ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг "Ишга марҳамат" мономарказлари тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 05.04.2021 й. 183-сон қарорига 1-илова)

Текст документа с комментариями экспертов доступен пользователям платного тарифа на сайте nrm.uz

Вазирлар Маҳкамасининг

2021 йил 5 апрелдаги

183-сон қарорига

1-ИЛОВА



Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг

"Ишга марҳамат" мономарказлари тўғрисида

НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Мазкур Низом Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг "Ишга марҳамат" мономарказлари (кейинги ўринларда - мономарказ) мақоми, мақсад ва вазифалари, ҳуқуқ ва мажбуриятлари, фаолиятини ташкил этиш тартибини белгилайди.


2. Мономарказлар ишсиз ва иш қидираётган шахсларга хизмат кўрсатувчи давлат муассасаси ҳисобланади.

Мономарказлар Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг (кейинги ўринларда - Вазирлик) Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги банд бўлмаган аҳолига хизмат кўрсатувчи мономарказлари тизимидан иборат.


3. Тошкент шаҳридаги "Ишга марҳамат" мономаркази бош муассаса сифатида Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда ташкил этиладиган мономарказларга ўқув-методик жиҳатдан раҳбарлик қилади, улар томонидан аҳолига кўрсатилаётган хизматлар, жумладан, касб-ҳунарга, тадбиркорлик кўникмаларига, хорижий тилларга ўқитиш, касбий малакани баҳолаш бўйича фаолиятни мувофиқлаштиради.


4. Мономарказлар фаолиятини мувофиқлаштириш, шунингдек, улар учун касб-ҳунар, хорижий тиллар ҳамда тадбиркорлик кўникмаларига ўқитиш бўйича ўқув-методик материаллар Тошкент шаҳридаги "Ишга марҳамат" мономаркази таркибидаги мономарказлар фаолиятини мувофиқлаштириш ва ўқув-методик таъминлаш бошқармаси томонидан ишлаб чиқилади.


5. Мономарказларнинг ходимлари малакасини оширишни ташкил этиш Вазирлик тизимидаги меҳнат органлари ходимлари малакасини ошириш республика курсларида амалга оширилади. Бунда Тошкент шаҳридаги "Ишга марҳамат" мономаркази ходимлари малака ошириш жараёнига жалб этилади ва малака ошириш жараёнида амалиёт машғулотлари Тошкент шаҳридаги "Ишга марҳамат" мономарказида олиб борилади.


6. Мономарказлар ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишларига, Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишларига, Вазирликнинг қарорларига, мазкур Низом ҳамда бошқа қонунчилик ҳужжатларига, шунингдек, ўз уставига амал қилади.


7. Мономарказлар устави Вазирлик томонидан тасдиқланади.


8. Мономарказларни моддий-техник таъминлаш ва сақлаш харажатлари Ўзбекистон Республикаси Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси (кейинги ўринларда - Давлат жамғармаси) маблағлари, хўжалик фаолияти натижасида тушган маблағлар ва қонунчилик ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан молиялаштирилади.


9. Мономарказларнинг таркибий тузилмаси, штатлар жадвали, раҳбар, ўқитувчи ва бошқа ходимларнинг меҳнатига ҳақ тўлаш тизими Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги томонидан Молия вазирлиги билан келишилган ҳолда тасдиқланади. Бунда Тошкент шаҳар "Ишга марҳамат" мономарказининг амалдаги ходимлар меҳнатига ҳақ тўлаш тизими сақлаб қолинади ҳамда янгидан ташкил этилаётган "Ишга марҳамат" мономарказлари ходимларига ҳам татбиқ этилади.


10. Мономарказлар фаолияти ҳудудий жиҳатдан тегишлилиги бўйича Қорақалпоғистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, вилоятлар бандлик бош бошқармалари томонидан мувофиқлаштирилади.


11. Мономарказларнинг ўқув-методик фаолияти Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳамда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги томонидан белгиланган тартибда мувофиқлаштирилади.


12. Мономарказлар юридик шахс ҳисобланади, ўзининг мустақил балансига, алоҳида мол-мулкига, Ўзбекистон Республикаси Давлат герби тасвири туширилган, номи давлат тилида ёзилган муҳрга, штампга, давлат намунасидаги бланкаларга, Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг Ғазначилигида, шу жумладан, хорижий валютадаги ва бошқа ҳисобварақларига, реквизитларига эга бўлади, ўз номидан шартномалар тузади, мулкий ёки шахсий номулкий ҳуқуқларни амалга оширади, юкланган мажбуриятларни бажаради ҳамда суд, арбитраж органларида даъвогар ва жавобгар бўлади.



2-БОБ. МОНОМАРКАЗЛАРИНИНГ МАҚСАДЛАРИ

ВА ВАЗИФАЛАРИ


13. Мономарказларининг асосий мақсади ишсиз ва иш қидираётган шахсларни касб-ҳунарга, тадбиркорликка ва хорижий тилларга ўқитиш, шунингдек, белгиланган тартибда хорижга вақтинча ишга жойлашиш учун кетаётган фуқароларни олдиндан мослаштириш, шу жумладан, уларни касб-ҳунар, тадбиркорлик ва чет тилларига ўқитишдан иборат.


14. Қуйидагилар мономарказларнинг асосий вазифалари ҳисобланади:

банд бўлмаган аҳолини сервис ва хизмат кўрсатиш, техника, умумқурилиш, қишлоқ хўжалиги соҳалари, рақамли технологиялар бўйича ҳамда ички ва ташқи меҳнат бозорида талаб юқори бўлган бошқа касбларга ўқитиш, қайта ўқитиш ва малакасини ошириш;

техникум, коллеж ёки олий таълим муассасасига ўқишга кирмаган ҳамда касб эгаллаш истагидаги етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни касб-ҳунарга ўқитиш;

хорижий тилларга ўқитиш;

тадбиркорлик асослари ва молиявий саводхонликка ўқитиш;

ишчи касбларини ривожлантириш ва оммалаштириш;

хорижий иш берувчиларнинг талабларига асосан ишчи кучини тайёрлаш;

касб фаолиятини амалга ошириш учун талаб қилинадиган билимлар, маҳорат, малака ва кўникмалар, шахсий ва касбий билим ва кўникмаларни баҳолаш;

хорижда вақтинча меҳнат фаолиятини амалга оширмоқчи бўлган фуқароларни касб-ҳунарга ва хорижий тилларга ўқитиш, улар билан олдиндан мослаштириш тадбирларини амалга ошириш, хорижда ишлаш учун талаб этиладиган ҳужжатларни расмийлаштиришда кўмаклашиш.

Ушбу вазифаларни бажариш учун мономарказлар томонидан хорижий тажрибага, касб-ҳунарга, тадбиркорлик кўникмаларига ва хорижий тилларга ўқитишнинг инновацион технологиялари жорий этиш, жумладан:

мономарказларда касб-ҳунарга ўқитиш жараёнига юқори малакали ўқитувчи ва ишлаб чиқариш таълим усталарини жалб этиш, зарур ҳолларда WorldSkills ва бошқа халқаро стандартларга асосан уларнинг малакасини ошириб боришни таъминлаш;

ишсиз ва иш қидираётган шахсларни меҳнат бозорининг жорий ҳамда истиқболдаги эҳтиёжлари асосида қисқа муддатларда замонавий касбий кўникмаларга ўқитишнинг самарали инновацион дастурларини ишлаб чиқиш;

мономарказлар битирувчиларининг касбий малакасини миллий ва WorldSkills стандартлари асосида баҳолаш, шунингдек, баҳолашдан муваффақиятли ўтган битирувчиларга мамлакат ҳудудида ва халқаро даражада тан олинадиган Skills паспорти берилишини йўлга қўйиш ва уларни Тасдиқланган малакага эга шахслар миллий реестрига ўрнатилган тартибда киритиш;

касб-ҳунарга ўқитиш ва билим ва кўникмаларни баҳолашга доир турли танловлар ўтказиш, WorldSkills стандартлари асосида ишчи касблар бўйича миллий ва минтақавий чемпионатларни ўтказиш;

таълим фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқига эга бўлган, ҳудудларнинг асосан қишлоқ ва чекка жойлари, чегара ҳудудларини қамраб олган ҳолда ишсиз ва иш қидираётган шахслар, айниқса, камбағал фуқаролар, ёшлар ва хотин-қизларни касб-ҳунарга, хорижий тиллар ёки тадбиркорлик кўникмаларига ўқитишни зиммасига олган, ўқув дастури ва қўлланмаларига эга, ўқиш жараёнида ахборот-коммуникация воситаларидан ва инновацион ўқитиш услубларидан кенг фойдаланадиган нодавлат касб-ҳунарга ўқитиш муассасалари билан ҳамкорлик қилиш;

банд бўлмаган аҳолини иш билан таъминлашга доир ҳудудий ва тармоқ дастурларини амалга оширишда ўз ваколатлари доирасида иштирок этиш;

ўз ваколатлари доирасида халқаро ҳамкорликни йўлга қўйиш ва мустаҳкамлаш;

аҳолини мономарказларда касб-ҳунарга тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш, тадбиркорлик асосларига ва хорижий тилларга ўқитиш, билим ва кўникмаларни баҳолаш, ишга жойлаштиришга кўмаклашиш ва хорижга вақтинча ишга жойлашиш учун кетаётган фуқароларни тайёрлаш масалалари бўйича оммавий ахборот воситалари, ижтимоий тармоқларда мунтазам тарғибот-ташвиқот ва ахборот-тушунтириш тадбирлари амалга оширилади.



3-БОБ. МОНОМАРКАЗЛАРНИНГ ҲУҚУҚ

ВА МАЖБУРИЯТЛАРИ


15. Мономарказлар қуйидаги ҳуқуқларга эга:

ўз номидан ваколати доирасида юридик ва жисмоний шахслар билан шартномалар, келишувлар ва бошқа ҳуқуқий ҳужжатлар тузиш;

қонунчилик ҳужжатари билан тақиқланмаган ва ушбу Низомга зид бўлмаган фаолият турларини амалга ошириш;

ўқитиш сифати, ўқитувчилар, ишлаб чиқариш таълими усталари, ходимларнинг бошқа тоифаларининг меҳнат фаолияти самарадорлигини ва рақобатбардошлигини ошириш, соҳага илғор меҳнат, ўқув-методик тажрибаларни жорий этиш мақсадида турли танловлар, тадбирлар, реклама фаолияти, оммавий-ахборот воситаларида кўрсатувлар, эшиттиришлар, чиқишлар ташкил қилиш;

бюджетдан ташқари маблағларни жалб қилиш мақсадида ўқув жараёнлари давомида тайёрланган маҳсулотларни (товар, иш, хизматларни) сотиш;

ўқув жараёнига хорижий мутахассисларни жалб этиш;

ўқувчиларга халқаро даражадаги сертификатни (гувоҳнома, диплом ва бошқа ҳужжатлар) бериш;

ўқув жараёнида ишлаб чиқарилган ярим тайёр, тайёр маҳсулотларни (товар, иш, хизматларни) ўз ҳудудида жойлашган кўргазмали павильонлар ва ярмаркалар ҳамда электрон тижорат орқали намойиш қилиш ва сотиш (тушган маблағларни ўқув жараёни учун зарур бўлган эҳтиёт қисмлар ва хомашё материалларини харид қилиш, ходимлар малакасини ошириш ва уларни рағбатлантириш учун сарфлашга йўналтириш шарти билан);

ўқитишдан тушадиган маблағлар ҳамда қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалардан тушган маблағларни аҳолига сифатли хизмат кўрсатиш бўйича моддий-техник базани ривожлантиришга ва ўқитиш жараёнини замонавий ўқув-техник воситалар, мебеллар билан жиҳозлашга, ходимларни ижтимоий ҳимоя қилишга ва уларнинг фаолият самарадорлигини оширишни рағбатлантиришга сарфлаш;

мономарказларда ҳудудий меҳнат органлари томонидан рўйхатга олинган ишсиз ва иш қидираётган шахслар, шунингдек, ўзини ўзи банд қилган шахслар ҳамда "labor-migration" дастурий мажмуасида рўйхатга олинган фуқароларни Давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан тадбиркорлик кўникмалари ва хорижий тилларга ўқитиш, касб-ҳунарга тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш буюртмачи ҳамда ўқув маркази ўртасида белгиланган тартибда тўғридан-тўғри шартномалар тузиш асосида амалга оширилади.

Давлат жамғармаси ва ўз маблағларидан самарали фойдаланиши ҳамда маблағ билан таъминлашнинг муқобил манбаларини, шу жумладан, ташкилотлар ўз маблағларини, ҳомий ҳайриялари, хорижий инвестицияларни жалб этиши мумкин.

Мономарказлар қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.


16. Мономарказлар:

қонунчилик ҳужжатлари, Вазирликнинг ҳужжатлари ва топшириқларида белгиланган вазифаларни бажариши;

ишсиз ва камбағал аҳолида тадбиркорлик кўникмаларини шакллантириш учун олти ойдан ошмайдиган ўқитишни ташкил этиши ҳамда тадбиркорлик кўникмаларини шакллантириш борасида Бизнес ва тадбиркорлик олий мактаби билан ҳамкорликда фаолият олиб бориши;

фуқароларни илғор педагогик ва ахборот-коммуникация технологиялари, замонавий касб стандартлари, ўқув дастурлари, дарсликлар ва бошқа ўқув-методик материаллар асосида меҳнат бозорида талаб юқори бўлган касб-ҳунарга ўқитиши;

хорижий ташкилотлар билан ҳамкорликда ўқитувчилар ва муҳандис-усталар малакасини илғор хорижий тажрибалар асосида мунтазам ошириб бориши;

меҳнат муҳофазаси, техника хавфсизлиги ҳамда санитария қоидалари, нормалари ва гигиена нормативлари талабларига жавоб берадиган ўқув ва меҳнат шароитларини яратиши мумкин.

Мономарказлар қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ бошқа мажбуриятларни ҳам бажариши мумкин.



4-БОБ. МОНОМАРКАЗЛАРНИ БОШҚАРИШ


17. Мономарказга Ўзбекистон Республикаси бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири томонидан (тегишлича Қорақалпоғистон Республикаси бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири, вилоятлар ва Тошкент шаҳар бандлик бош бошқармалари бошлиқлари тавсиясига кўра) лавозимга тайинланадиган ва лавозимдан озод этиладиган директор раҳбарлик қилади.

Мономарказ директорининг Ўзбекистон Республикаси бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири томонидан лавозимга тайинланадиган ва лавозимдан озод этиладиган уч нафар ўринбосари, шу жумладан, бир нафар биринчи ўринбосари бўлади.


18. Директор:

мономарказ фаолиятига раҳбарлик қилади ва зиммасига юкланган вазифалар бажарилиши учун шахсан жавоб беради;

ўринбосарлари ваколатларини ўрнатилган тартибда белгилайди, улар ўртасида вазифаларни тақсимлайди, мономарказ таркибий бўлинмалари раҳбарлари ваколатларини, уларнинг фаолият учун жавобгарлигини белгилайди;

қонунчилик ҳужжатларига асосан мономарказ номидан иш олиб боради, барча ташкилотларда унинг вакили сифатида қатнашади, шартномалар тузади, ишончномалар беради;

мономарказ таркибий бўлинмалари тўғрисидаги низомларни тасдиқлайди;

мономарказ таркибий бўлинмалари раҳбарларини лавозимга тайинлайди ва лавозимидан озод қилади;

мономарказ ўқитувчилари, муҳандис-усталари ва бошқа ходимлари билан меҳнат шартномаларини тузади ва бекор қилади;

мономарказ ходимлари ва ўқувчилари учун бажарилиши мажбурий бўлган буйруқлар чиқаради ва кўрсатмалар беради;

мономарказнинг ташкилий ва молиявий фаолияти масалаларини ҳал қилади;

мономарказнинг мол-мулкига эгалик қилиш, фойдаланиш ва тасарруф этиш бўйича қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда қарорлар қабул қилади;

нодавлат касб-ҳунарга ўқитиш муассасаларини ташкил этаётган хусусий инвесторларга давлат ёрдами сифатида кўрсатиш мақсадида нодавлат касб-ҳунарга ўқитиш ташкилотларини ташкил этиш учун мономарказнинг бинолари ёки уларнинг бир қисмини, шунингдек, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тавсиясига кўра бўш турган бошқа бинолар ёки уларнинг бир қисмини оператив бошқарувга ёки узоқ муддатли имтиёзли ижарага беради;

мономарказнинг харажатлар сметасини тасдиқлайди;

меҳнат фаолиятида эришган ютуқлари учун асосий иш ҳақига устама ва қўшимча ҳақлар белгилаш орқали мономарказ ўқитувчилари, муҳандис-усталари ва бошқа ходимларини Давлат жамғармаси ҳамда бюджетдан ташқари маблағлар ҳисобидан рағбатлантириш масалаларини ҳал этади;

меҳнат қонунчилигига асосан ходимларга жамоа шартномаси ва ички меҳнат тартиби қоидаларини бузганлиги учун интизомий жазо чораларини белгилайди.



5-БОБ. МОНОМАРКАЗЛАРНИНГ ТУЗИЛИШИ


19. Мономарказларининг ташкилий тузилмаси ва штатлар жадвали қонунчилик ҳужжатлари талаблари асосида ишлаб чиқилади, тасдиқланади ҳамда рўйхатдан ўтказилади.


20. Мономарказлар фаолиятига тааллуқли илмий ва ўқув-методик масалаларни кўриб чиқиш учун директор ҳузурида коллегиал орган ҳисобланган Ўқув-методик кенгаш (кейинги ўринларда - Кенгаш) ташкил этилади.

Кенгаш таркиби директор томонидан тасдиқланади. Директор Кенгаш раиси ҳисобланади. Кенгаш таркибига Вазирлик тизимининг тажрибали ходимлари, ҳамкор ташкилотларнинг мутасадди вакиллари, Мономарказ директори ўринбосарлари, таркибий бўлинмалари раҳбарлари, Кенгаш котиби, тажрибали ўқитувчилар ва муҳандис-усталар киради.


21. Кенгаш:

йиллик иш режасини ва бошқа тегишли ҳужжатларни тасдиқлайди;

бюджетдан ташқари маблағлар тушуми ва сарф-харажат ҳисоботларини кўриб чиқади;

ўқув-методик жараённи ташкил этиш, моддий-техник базадан унумли фойдаланиш масалаларини кўриб чиқади;

устахоналар, ўқув хоналари, бинолар ва жиҳозларнинг санитария-гигиеник ҳолати, техника хавфсизлиги ва меҳнатни муҳофаза қилиш, ходимлар саломатлигини ҳимоя қилиш масалаларини муҳокама қилади ва тегишли қарорлар қабул қилади;

фуқароларни ўқишга қабул қилиш, касб-ҳунарга тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш ҳамда касбий малакани баҳолаш жараёни, битирув малака имтиҳонларини топшириш ва касб-ҳунарга ўқитишни якунлаш юзасидан тегишли бўлинмалар раҳбарлари, ўқитувчилар ва муҳандис-усталар ҳисоботларини эшитади;

директор ўринбосарлари, таркибий бўлинмалар раҳбарлари, ўқитувчилар, муҳандис-усталар ва бошқа ходимлар фаолияти тўғрисидаги ахборотларни эшитади;

касб-ҳунарга ўқитишнинг илғор ўқув-методик, педагогик ва ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланишни татбиқ этиш чораларини кўради;

ўқувчиларни курсдан четлаштириш, ўқишга тиклаш, битирувчиларга ўқишни тамомлаганлик тўғрисидаги ҳужжатлар, шу жумладан, уларнинг дубликатини бериш масалаларини кўриб чиқади;

юқори малакали ўқитувчилар ва муҳандис-усталар иш тажрибасини ўрганиш ва оммалаштириш, уларни давлат мукофотларига тавсия этиш, ўқитувчиларга методик ёрдам кўрсатиш ишларини ташкил этади;

ўз ваколати доирасида ички ҳужжатларни тасдиқлаш ва уларнинг бажарилишини назорат қилиш ва мономарказлар фаолиятини тартибга солишнинг бошқа масалаларини ҳал қилади.

Кенгаш фаолияти масалалари мономарказ уставида белгиланади.


22. Мономарказлар таркибида касаба уюшмаси, Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи ва бошқа жамоатчилик тузилмалари ташкил этилиши мумкин.



6-БОБ. МОНОМАРКАЗЛАРНИНГ ФАОЛИЯТИНИ

ТАШКИЛ ЭТИШ


1-§. Касб-ҳунарга, тадбиркорликка,

хорижий тилларга ўқитиш


23. Мономарказда ҳудудий меҳнат органлари томонидан рўйхатга олинган ишсиз ва иш қидираётган шахслар, шунингдек, ўзини ўзи банд қилган шахслар ҳамда "labor-migration" дастурий мажмуасида рўйхатга олинган фуқароларни тадбиркорлик кўникмалари ва хорижий тилларга ўқитиш, касб-ҳунарга тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш Давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан тўғридан-тўғри шартномага асосан бепул амалга оширилади.


24. Ушбу Низомнинг 23-бандида назарда тутилгандан ташқари шахсларни тадбиркорлик кўникмалари ва хорижий тилларга ўқитиш, касб-ҳунарга тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш фуқароларнинг ўз маблағлари, буюртмачилар маблағлари ва қонунчилик ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан амалга оширилиши мумкин.


25. Касб-ҳунарга, тадбиркорликка, хорижий тилларга ўқитиш, қайта тайёрлаш ва малака ошириш йил давомида узлуксиз, ўқитиш жараёнини бошлаш эса гуруҳлар ўқувчилар билан тўлдирилиш ҳолатига кўра амалга оширилади. Ўқитиш режасида касб йўналишлари (касблар, мутахассисликлар, ихтисосликлар ёки малака турлари) ва бошқа зарур ўқитиш параметрлари кўрсатилади.

Ўқитиш режасининг асосий кўрсаткичлари (касбий йўналишлар ва билим ва кўникмаларни баҳолаш параметрлари бўйича) аҳолини касб-ҳунарга ўқитиш имкониятларидан хабардор қилиш, айниқса, аҳолининг ишсиз, банд бўлмаган ва камбағал тоифалари учун белгиланган иқтисодий-ижтимоий кафолатларни рўёбга чиқариш имкониятларини эҳтиёжманд фуқароларга етказиш мақсадларида мунтазам равишда оммавий ахборот воситалари орқали ва ижтимоий тармоқларда эълон қилиб борилади.


26. Касб-ҳунарга ўқитиш қуйидаги турлар бўйича амалга оширилади:

узоқ муддатли ўқитиш - ўқув жараёни ўттиз ҳафтадан қирқ ҳафтагача давом этади;

ўрта муддатли ўқитиш - ўқув жараёни беш ҳафтадан йигирма беш ҳафтагача давом этади;

қисқа муддатли ўқитиш - ўқув жараёни тўрт ҳафтагача давом этади;

ишлаб чиқаришда касб-ҳунарга ўқитиш - ўқув жараёни иш берувчида бир вақтнинг ўзида олиб бориладиган меҳнат фаолияти билан бевосита боғлиқ бўлиб, бир нафар ўқувчи учун келгусида иш берувчида ишга жойлаштирилган ҳолда касб-ҳунарга тайёрлашдан (стажировкадан) ўтиши йигирма беш ҳафтагача давом этади;

мақсадли ўқитиш - ўқув жараёни тўрт ҳафтагача давом этади.

Узоқ муддатли ва ўрта муддатли касб-ҳунарга ўқитиш мономарказ, иш берувчи, маҳаллий меҳнат органи ва ишсиз шахс ўртасида тузиладиган тўрт томонлама шартнома асосида амалга оширилади.

Агар ишсиз шахс ўқиш тугагач, жисмоний ва юридик шахслар учун иш ҳақини (меҳнат даромадини) олишга қаратилган хизматларни кўрсатиш, ишларни бажариш бўйича меҳнат фаолиятини мустақил равишда амалга ошириш мажбуриятини ҳамда ўзини ўзи банд қилган шахс сифатида рўйхатдан ўтишни ўз зиммасига оладиган бўлса, ўрта муддатли ўқитишга доир шартнома тузилаётганда иш берувчининг иштирок этиши талаб қилинмайди.

Бундай ҳолатда ўқитиш мономарказ, маҳаллий меҳнат органи ва ишсиз шахс ўртасида тузиладиган ижтимоий шартномага асосан ташкил этилади.


27. Ўқитиш жараёнида ўқувчилар ўқиш курслари бўйича гуруҳларга, ўқитиш йўналишлари бўйича бўлинмаларга бирлаштирилади.

Гуруҳларни ўқувчилар билан тўлдириш мономарказлар раҳбарияти томонидан мустақил белгиланади, бироқ ҳар бир гуруҳдаги ўқувчилар сони ўқитиш йўналишлари хусусиятларидан келиб чиқиб, йигирма нафардан ошмаслиги керак.

Ўқитиш муддатлари, ўқув жараёни ва ишлаб чиқариш амалиёти давомийлиги Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги томонидан тасдиқланадиган ўқув дастурлари асосида белгиланади.


28. Бунда касб-ҳунарга ўқитишни амалга оширишнинг асосий мақсадлари қуйидагилардан иборат бўлади:

ўқувчилар билимлари, малакаси ва кўникмаларининг тегишли касбий фаолият (касблар, мутахассисликлар) турлари бўйича белгиланган касб стандартларига мослигини таъминлаш;

олинган назарий билимларни амалий кўникмалар билан мустаҳкамлаш ҳамда ўқувчиларда тегишли касбий фаолият (касблар) турлари бўйича зарур билим ва кўникмаларнинг шаклланишини таъминлаш;

ўқувчиларнинг билим даражаси ва амалий кўникмаларини баҳолаш.


29. Мономарказларнинг ўқув дастурлари тегишли касбий фаолият (касблар, мутахассисликлар) йўналишлари бўйича зарур мавзуларни ўз ичига олади.

Ўқувчиларнинг ишлаб чиқариш ва ўқитиш амалиётини ташкил қилиш ва ўтказиш ўқитишнинг замонавий инновацион услубларини қўллаган ҳолда, касбий таълимнинг фан ва ишлаб чиқариш билан ўзаро ҳамкорлиги асосида амалга оширилади.

Тадбиркорликка ва хорижий тилларга ўқитиш алоҳида ўқитиш курслари ёки модуль тизимида - касб-ҳунарга ўқитишга қўшиб олиб борилади.


30. Мономарказлар битирувчиларининг касбий малакасини WorldSkills стандартлари асосида баҳолаш, шунингдек, баҳолашдан муваффақиятли ўтган битирувчиларга Ўзбекистон Республикасида ва хорижий давлатларда тан олинадиган Skills паспорти берилади.

Бунда касбий малакаси тасдиқланган битирувчиларнинг ягона реестри юритилади.

Мономарказлар томонидан битирувчиларга белгиланган шакл ва талабларга мувофиқ бўлган:

ўқишни тамомлаганликни тасдиқловчи ҳужжат;

касбий малакасини WorldSkills стандартлари асосида баҳолашдан муваффақиятли ўтган битирувчиларга Ўзбекистон Республикасида ва хорижий давлатларда тан олинадиган Skills паспорти берилади.

Мономарказ томонидан битирувчиларга берилган ўқишни тамомлаганликни тасдиқловчи ҳужжат ҳамда Skills паспорти ўрта махсус, касб-ҳунар таълими дипломи даражасига тенглаштирилади ҳамда эгаллаган билимларни меҳнат фаолиятида қўллаш ҳуқуқини беради, бироқ таълимнинг кейинги турини давом эттириш учун асос ҳисобланмайди.



2-§. Билим, кўникма ва малакани баҳолаш


31. Мономарказларда аҳолининг билим, кўникма ва малака даражасини баҳолаш учун ташкил этиладиган Касбий компетенцияларни баҳолаш марказининг асосий вазифалари қуйидагилардан иборат:

талабгорларнинг билим, кўникма ва малакасини миллий ва халқаро (Worldskills ва бошқа) стандартларга мувофиқ мустақил ва холис баҳолаш;

кенг ва тор ихтисосликлар бўйича ишчиларга малака разрядларини ва мутахассисларга малака тоифаларини бериш;

талабгорнинг мавжуд билим, кўникма ва малакаси белгиланган касб стандартларига мослигини аниқлаш;

касб малакалари бўйича норматив ҳужжатлар ва стандартларни ишлаб чиқишда қатнашиш.

Компетенцияларни баҳолаш маркази ўз фаолияти самарадорлигини таъминлаш учун тааллуқли бошқа вазифаларни ҳам бажариши мумкин.


32. Тошкент шаҳридаги "Ишга марҳамат" мономаркази таркибидаги Компетенцияларни баҳолаш маркази Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар мономарказларида фуқароларнинг билим, кўникма ва малакаларини баҳолаш учун зарур бўлган методик ҳужжатлар ва тавсиялар ишлаб чиқади ҳамда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги тизимидаги мономарказлар ҳамда касб-ҳунарга ўқитиш ташкилотларида билим, кўникма ва малакани баҳолаш талабларига риоя қилинишини мувофиқлаштиради.



4-§. Хорижда вақтинча меҳнат фаолиятини

амалга ошириш истагида бўлган фуқароларга

кўмаклашиш


33. Мономарказда хорижда вақтинча меҳнат фаолиятини амалга оширмоқчи бўлган фуқароларни тайёрлаш бўйича қуйидаги хизматлар кўрсатилади:

касб-ҳунарга ўқитиш;

хорижий тилларга ўқитиш;

хорижий давлатларнинг қонунчилиги ва меҳнат қилиш шароитларини ўргатиш ва бошқа керакли маълумотлар бериш бўйича мослаштириш тадбирларини амалга ошириш;

хорижда ишлаш учун талаб этиладиган ҳужжатларни расмийлаштириш, кредит олиш, суғурта полисини ва бошқа зарур ҳужжатларни расмийлаштиришга кўмаклашиш;

халқаро стандартлар бўйича касбий малакани баҳолаш.

Мономарказларда хорижга ишга кетаётган фуқароларни кетишдан олдин касб-ҳунарга йўналтириш марказлари ташкил этилиши мумкин.


34. Хорижда вақтинча меҳнат фаолиятини амалга оширмоқчи бўлган фуқароларни тайёрлаш харажатлари:

Давлат жамғармаси;

Хорижда меҳнат фаолиятини амалга оширувчи шахсларни қўллаб-қувватлаш ҳамда уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш жамғармаси;

хорижий иш берувчилар ёки уларнинг вакиллари маблағлари;

Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги маблағлари;

фуқароларнинг ўз маблағлари ҳисобидан қопланади.



7-БОБ. МОНОМАРКАЗЛАР ХОДИМЛАРИ


35. Мономарказларда ўқитувчилар, муҳандис-усталар, бошқарув, техник, хизмат кўрсатувчи ва ёрдамчи ходимлар фаолият юритади.


36. Мономарказлар ходимларини ишга қабул қилиш мос лавозимлар (касблар) бўйича касб стандартларига (лавозим талабларига, касб-малака маълумотномаларига) кўра қонунчилик ҳужжатларига биноан амалга оширилади.


37. Белгиланган талабларга мувофиқ касбий тайёргарликка эга, замонавий талабларга жавоб берадиган ўқитувчилар ва муҳандис-усталар мономарказларда педагогик фаолият билан шуғулланишлари мумкин.


38. Давлат бошқаруви органлари, хўжалик бирлашмалари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимияти органлари ва бошқа ташкилотлар мутахассислари ўриндошлик асосида ёки қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда соатбай иш ҳақи тўлаш шартлари асосида Мономарказларнинг касб-ҳунарга ўқитиш ва бошқа фаолият йўналишларига жалб этилиши мумкин.



8-БОБ. МОНОМАРКАЗЛАРНИНГ МОЛ-МУЛКИ

ВА УЛАРНИ МОЛИЯЛАШТИРИШ


39. Мономарказлар фаолиятини молиялаштириш Давлат жамғармаси ва қонунчилик ҳужжатлари тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан амалга оширилади.

Шартнома асосида фуқароларни касб-ҳунарга тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш, тадбиркорлик ва хорижий тилларга ўқитиш, хорижга ишчи кучини тайёрлаш, Касбий компетенцияларни баҳолаш маркази ҳамда қонунчилик ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа хўжалик фаолиятидан тушган маблағларлар тегишлича Вазирлик, Қорақалпоғистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар бандлик бош бошқармалари бошлиқлари билан келишилган ҳолда касб-ҳунарга ўқитиш марказининг моддий-техник базасини ривожлантириш, ўқув-методик фаолиятини такомиллаштириш, ўқув қуроллари ва хомашё харид қилиш ҳамда ходимларни рағбатлантириш учун сарфланиши мумкин.


40. Мономарказларнинг тузилмаси, штатлар жадвали, раҳбар, ўқитувчи ва бошқа ходимларининг меҳнатига ҳақ тўлаш, устама, рағбатлантириш ва мукофотлаш миқдори Вазирлик томонидан тасдиқланади.


41. Мономарказларнинг ўқитиш харажатлари қуйидаги манбалар ҳисобидан қопланади:

меҳнат органлари йўлланмаси билан юборилган ишсиз фуқароларни ўқитиш билан боғлиқ харажатлар - Давлат жамғармаси маблағлари;

бошқа фуқаролар учун - фуқароларнинг ўз маблағлари ёки ўз ишчиларининг касбий малакасини ошириш учун (касб-ҳунарга ўқитиш, қайта ўқитишга) юборган иш берувчилар ёки янги ишчиларни касб-ҳунарга тайёрлаш учун буюртма берган ташкилотлар маблағлари ва қонунчилик ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа манбалар.



9-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР


42. Мономарказларда ишлаб чиқарилган товар-моддий, ўқув-методик, дастурий-электрон ва бошқа кўринишдаги маҳсулотларга муаллифлик ҳуқуқи қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ муҳофаза қилинади.


43. Мономарказларни қайта ташкил этиш ва тугатиш қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2021 йил 6 апрель