Законодательство
ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

"Дирижёр, режиссёр ва балетмейстерлар" республика кўрик-танловини ташкил этиш ва ўтказиш тартиби тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 05.10.2022 й. 569-сон қарорига 5-илова)

Текст документа с комментариями экспертов доступен пользователям платного тарифа на сайте nrm.uz

Вазирлар Маҳкамасининг

2022 йил 5 октябрдаги

569-сон қарорига

5-ИЛОВА



"Дирижёр, режиссёр ва балетмейстерлар"

республика кўрик-танловини ташкил этиш

ва ўтказиш тартиби тўғрисида

НИЗОМ

             

      

1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР

        

1. Ушбу Низом "Дирижёр, режиссёр ва балетмейстерлар" республика кўрик-танловини (кейинги ўринларда - танлов) ўтказиш тартибини белгилайди.


2. Танлов қуйидагиларни назарда тутган ҳолда ўтказилади:

опера ва балет санъатини янада юксалтириш, дирижёр, режиссёр ва балетмейстерларни кашф этиш;

дирижёр, режиссёр ва балетмейстерларнинг маҳорати, истеъдоди ва қобилиятини намоён этиш, уларнинг ижрочилик кўникмаларини янада ривожлантириш;

дирижёр, режиссёр ва балетмейстерларни юксак даражага кўтариш, миллий санъатимизни дунё саҳналарига олиб чиқиш, иқтидорли ёшларни рағбатлантириш ҳамда уларнинг ижодини кенг тарғиб қилиш;

дирижёр, режиссёр ва балетмейстерларнинг ижро имкониятларини ошириш ва уларнинг ўзига хос хусусиятлари билан оммани таништириш.


3. Танлов ижро дастури ва ижро этиладиган асарлар асосида ўтказилади.


4. Танловнинг ижро дастури ва танловда ижро этиладиган асарлар рўйхати Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги томонидан танлов бошланишидан камида уч ой олдин тасдиқланади.

Тасдиқланган ижро дастури ва танловда ижро этиладиган асарлар рўйхати:

Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги томонидан Қорақалпоғистон Республикаси Маданият вазирлиги, вилоятлар маданият бошқармалари ҳамда Тошкент шаҳар маданият бош бошқармасига беш кун муддатда;

Қорақалпоғистон Республикаси Маданият вазирлиги, вилоятлар маданият бошқармалари ҳамда Тошкент шаҳар маданият бош бошқармаси томонидан ижро дастури ва танловда ижро этиладиган асарлар рўйхати келиб тушгандан кейин уч кун муддатда болалар мусиқа ва санъат мактаблар, ихтисослаштирилган санъат ва маданият мактаблар, мактаб-интернатлар, мусиқа ва санъат коллежлари, олий таълим ташкилотлар, бадиий ва ижодий жамоаларга етказилади.


5. Танлов дастури тасдиқлангандан сўнг унга ўзгартириш ва қўшимчалар киритишга йўл қўйилмайди.


6. Танлов 2022 йилдан бошлаб ҳар йили бир марта июнь ойида Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон давлат академик катта театрида ўтказилади.


7. Танловни ташкил этиш учун Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги томонидан ишчи гуруҳ шакллантирилади.

Танловни ўтказишнинг аниқ санаси ва муддати Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги томонидан белгиланади ҳамда ушбу танлов бошланишидан уч ой олдин ишчи гуруҳ томонидан оммавий ахборот воситаларида эълон қилинади.


8. Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги, Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон давлат академик катта театри, Ўзбекистон давлат консерваторияси, Ўзбекистон давлат хореография академияси танловни ташкил этиш ва ўтказиш бўйича масъул ҳисобланади.



2-БОБ. ТАНЛОВДА ИШТИРОК

ЭТИШ ШАРТЛАРИ


9. Танловда болалар мусиқа ва санъат мактаблари ўқитувчилари, ихтисослаштирилган санъат ва маданият мактаблари, мактаб интернатлари, мусиқа ва санъат коллежлари, олий таълим ташкилотларининг талабалари, ўқитувчилари, бадиий ва ижодий жамоаларнинг ижрочилари иштирок этиши мумкин.


10. Танлов иштирокчиларининг ёши Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги томонидан белгиланади.


11. Танловда иштирок этишни истаган ижрочилар танлов бошланишидан ўттиз кун олдин Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон давлат академик катта театрига қуйидаги ҳужжатларни тақдим этишлари лозим:

танловда иштирок этиш учун маълумотнома (резюме);

танловда иштирок этиш учун ижро дастури.


12. Ҳар йили 20 февралдан кеч тақдим этиладиган ҳужжатлар қабул қилинмайди.


13. Иштирокчиларнинг танлов давомида асарларни ижро этиш навбати белгиланган тартибда қуръа ташлаш орқали аниқланади ва ушбу тартиб танлов якунига қадар сақлаб қолинади.


14. Асарлар ёддан ижро этилади ҳамда намойиш этилади.


15. Танлов қуйидаги 3 та йўналиш (номинация) бўйича ўтказилади:

дирижёрлик йўналиши;

режиссёрлик йўналиши;

балетмейстерлик йўналиши.



3-БОБ. ТАНЛОВ ИШТИРОКЧИЛАРИНИ

БАҲОЛАШ ВА ҒОЛИБЛАРНИ ТАҚДИРЛАШ


16. Танловни ўтказиш бўйича Ўзбекистон Республикаси маданият вазирининг буйруғи билан маданият ва санъат соҳасидаги 7-9 нафар етакчи мутахассислардан иборат ҳакамлар ҳайъати таркиби ҳамда унинг иш тартиби тасдиқланади.


17. Танлов саралаш ва якуний босқичдан иборат бўлади.

Танлов иштирокчилари қуйидаги мезонларга асосан баҳоланади:

профессионал тайёргарлиги;

репертуар савияси;

бадиий дид билан ёндашуви;

саҳна маданияти ва артистик маҳорати.


18. Танловнинг босқичларида иштирокчиларнинг маҳоратлари ҳакамлар ҳайъатининг ҳар бир аъзоси томонидан алоҳида тарзда 100 баллик тизим бўйича баҳоланади.


19. Танловнинг саралаш босқичида умумий балл натижаларига кўра энг юқори балл тўплаган иштирокчиларнинг 40 фоизи ҳакамлар ҳайъати қарорига асосан танловнинг якуний босқичига ўтказилади.


20. Танловнинг якуний босқичида асарлар оркестр жўрлигида ижро этилади.


21. Ҳакамлар ҳайъати томонидан иштирокчиларга қўйилган баллар тенг бўлиб қолганда, ҳакамлар ҳайъати раисининг овози ҳал қилувчи ҳисобланади.


22. Танловда энг кўп умумий балл тўплаган иштирокчилар орасидан ҳакамлар ҳайъати қарорига асосан ҳар бир йўналиш (номинация) бўйича танловнинг 1, 2, 3-ўрин соҳиби аниқланади.

Ҳакамлар ҳайъати томонидан танлов иштирокчиларнинг натижалари ҳар бир йўналиш (номинация) бўйича тенг келиб қолган тақдирда 1, 2 ва 3-ўринлар учун белгиланган пул мукофотлари иштирокчилар ўртасида бўлиниши мумкин.


23. Иштирокчиларни баҳолашда ҳакамлар ҳайъати мустақилдир.


24. Танловнинг якуний натижалари ҳакамлар ҳайъатининг қарори билан расмийлаштирилади.


25. Иштирокчилар ҳакамлар ҳайъати қарори юзасидан танловнинг ҳар бир босқичи якуни бўйича бир кун муддатда ҳакамлар ҳайъати раиси номига апелляция шикояти (ариза) беришлари мумкин. Апелляция шикояти белгиланган тартибда рўйхатга олинади, бир кун муддатда кўриб чиқилиб, баённома билан расмийлаштирилади ва ўша куннинг ўзида эълон қилинади.


26. Танлов ғолиблари ҳар бир йўналиш бўйича диплом, статуэтка ва қуйидаги миқдорларда пул мукофотлари билан тақдирланади:

1-ўрин - базавий ҳисоблаш миқдорининг 40 баробари миқдорида;

2-ўрин - базавий ҳисоблаш миқдорининг 30 баробари миқдорида;

3-ўрин - базавий ҳисоблаш миқдорининг 20 баробари миқдорида.


27. Танлов ғолиблари бўлган ўқувчи ва талабаларнинг ўқитувчилари махсус диплом ҳамда эсдалик совғалари билан тақдирланади.


28. Танловнинг якуний босқичи иштирокчиларига "Дирижёр, режиссёр ва балетмейстерлар" республика кўрик-танлови иштирокчиси дипломи берилади.


29. Танловнинг 1-ўрин ғолиби мос таълим йўналишлари бўйича тегишли давлат олий таълим муассасаларининг бакалавриат қабул квотасига қўшимча давлат гранти асосида ўқишга қабул қилинади.

Ушбу банднинг биринчи хатбошиси олий таълим муассасаларининг талабалари ва ўқитувчиларига нисбатан татбиқ этилмайди.



4-БОБ. ТАНЛОВНИ ТАШКИЛ ЭТИШ

ВА ЎТКАЗИШНИ МОЛИЯЛАШТИРИШ


30. Танловни ташкил этиш ва ўтказиш билан боғлиқ харажатлар қуйидаги манбалар ҳисобидан амалга оширилади:

Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон давлат академик катта театрининг Васийлик кенгаши томонидан ажратиладиган ҳомийлик хайриялари;

меценатлик кўмаги;

қонунчилик ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа манбалар.


31. Танлов иштирокчиларининг танлов ўтказилиши белгиланган ҳудудга келиб-кетиш, меҳмонхона ва овқатланиш харажатлари уларни танловда иштирок этиш учун ўз маблағлари ёки юбораётган ташкилотнинг маблағлари ёхуд жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳомийлик хайриялари ҳисобидан қопланади.



5-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДА


32. Танловни ўтказиш жараёнлари бўйича келиб чиқадиган низолар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳал этилади.

         

       




Низомга

ИЛОВА



"Дирижёр, режиссёр ва балетмейстерлар" республика

кўрик-танловини ташкил этиш ва ўтказиш

СХЕМАСИ

          


      

Босқичлар

      


      

Субъектлар

      


        

Тадбирлар

       


       

Муддатлар

         









































1-босқич


Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги


         

"Дирижёр, режиссёр ва балетмейстерлар" республика кўрик-танловини ўтказиш бўйича оммавий ахборот воситаларида эълон бериш.

         


Танлов бошланишидан

уч ой аввал









































2-босқич


Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги


        

Танловнинг ижро дастури ва танловда ижро этиладиган асарлар рўйхатини тасдиқлаш.

           


Танлов бошланишидан

камида уч ой аввал









































3-босқич


Танлов иштирокчилари


      

Танловда иштирок этиш учун белгиланган муддатга қадар керакли ҳужжатларни илова қилган ҳолда ариза юбориш.

           


Танлов ўтказиладиган йилнинг

20 февралига қадар









































4-босқич


Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги


        

Танловни икки босқичда ўтказиш. Саралаш ва якуний (финал) босқич.

           


Танлов ўтказиладиган йилнинг

июнь ойида









































5-босқич



Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги


             

Танлов ғолибларини тантанали тадбирда тақдирлаш ҳамда оммавий ахборот воситаларида эълон қилиш.

          


Танлов ўтказиладиган йилнинг

июнь ойида












           

      

Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2022 йил 6 октябрь