Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Автомототранспорт воситаси конструкциясини ва (ёки) унинг қисмини ўзгартириш билан боғлиқ фаолиятни бошлаганлик ёки тугатганлик ҳақида хабарномани тақдим этиш ва автомототранспорт воситасини қайта жиҳозлашга рухсатнома бериш тартиби тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 30.11.2020 й. 758-сон қарорига 1-илова)

Ҳужжатнинг тўлиқ матнини ўқиш учун авторизация қилинг

Вазирлар Маҳкамасининг

2020 йил 30 ноябрдаги

758-сон қарорига

1-ИЛОВА



Автомототранспорт воситаси конструкциясини

ва (ёки) унинг қисмини ўзгартириш билан боғлиқ

фаолиятни бошлаганлик ёки тугатганлик ҳақида

хабарномани тақдим этиш ва автомототранспорт

воситасини қайта жиҳозлашга рухсатнома

бериш тартиби тўғрисида

НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Мазкур Низом автомототранспорт воситаси конструкциясини ва (ёки) унинг қисмини ўзгартириш билан боғлиқ фаолиятни бошлаганлик ёки тугатганлик ҳақида хабарномани (кейинги ўринларда - хабарнома) тақдим этиш ҳамда Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси (кейинги ўринларда - ЙҲХББ) томонидан автомототранспорт воситасини қайта жиҳозлашга рухсатнома бериш тартибини белгилайди.


2. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:


мурожаат этувчи - автомототранспорт воситаси конструкциясини ва (ёки) унинг қисмини ўзгартириш билан боғлиқ фаолиятни бошлаганлик ёки тугатганлик ҳақида хабарномани тақдим этган тадбиркорлик субъекти, автомототранспорт воситасини қайта жиҳозлашга рухсатнома олиш учун мурожаат қилинганда эса - мазкур автомототранспорт воситасининг эгаси (юридик ёки жисмоний шахс);


автомототранспорт воситасини қайта жиҳозлаш - бошқа модел ва модификацияларнинг агрегат ва узеллари, эҳтиёт қисмлари ва бутловчи деталларидан фойдаланган ҳолда, автомототранспорт воситаси конструкцияси ва таркибий қисмларининг элементларига ўзгартиришлар киритиш;


автомототранспорт воситасини қайта жиҳозлашга рухсатнома (кейинги ўринларда - рухсатнома) - автомототранспорт воситаси эгасининг аризасига асосан қайта жиҳозлашнинг аниқ тури бўйича бир марталик фаолиятни амалга ошириш учун тадбиркорлик субъектига бериладиган рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжат;

автомототранспорт воситасининг (қисмининг) таркибий қисмлари ва уни жиҳозлаш предметлари - автомототранспорт воситасининг конструкциясига ўрнатиладиган ва фойдаланиладиган, техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар талаблари татбиқ этиладиган агрегатлар, узеллар ва деталлар;


тадбиркорлик субъекти - мазкур Низомда белгиланган тартибда ЙҲХББни хабардор этган ҳолда, автомототранспорт воситасини қайта жиҳозлаш ва (ёки) автомототранспорт воситаси ва (ёки) унинг қисмларини тайёрлаш бўйича фаолиятни амалга оширувчи юридик ёки жисмоний шахс;


ташкилот стандарти (Тs) - автомототранспорт воситасини қайта жиҳозлашнинг аниқ тури ва (ёки) аниқ марка ва моделдаги автомототранспорт воситаси ва (ёки) унинг қисмларини тайёрлаш бўйича фаолиятни амалга ошириш учун тадбиркорлик субъектига белгиланган тартибда берилган ҳужжат;


фойдаланишга оид ҳужжатлар - автомототранспорт воситасидан фойдаланишда қўллаш учун мўлжалланган ҳужжатлар.


3. Автомототранспорт воситасини қайта жиҳозлаш тадбиркорлик субъектлари томонидан қайта жиҳозлашнинг мазкур турини амалга ошириш учун давлат реестрида кўрсатилган, қайта жиҳозлашнинг мазкур тури давлат реестрида мавжуд бўлмаган ҳолларда берилган рухсатнома асосида амалга оширилади.

Бунда автомототранспорт воситасини қайта жиҳозлаш деб ҳисобланадиган ўзгаришлар рўйхати мазкур Низомга 1-иловага мувофиқ белгиланади.


4. Рақамланган агрегатни (двигатель, шасси, кузов, рама) айни шу марка ва моделдаги автомототранспорт воситасиники билан алмаштириш ёки тайёрловчи ташкилотларнинг фойдаланишга оид ҳужжатларида назарда тутилган автомототранспорт воситасининг бошқа қисмини (қисмларини) алмаштириш автомототранспорт воситасини қайта жиҳозлаш ҳисобланмайди.

Бунда рақамланган агрегат (двигатель, шасси, кузов, рама) айни шу марка ва моделдаги автомототранспорт воситасиники билан алмаштирилгандан кейин мазкур автомототранспорт воситаси Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати органларида белгиланган тартибда қайта рўйхатдан ўтказилади.

Тайёрловчи ташкилотнинг фойдаланишга оид ҳужжатларида назарда тутилган автомототранспорт воситасининг бошқа қисмини (қисмларини) алмаштиришда техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар талабларига риоя қилиниши зарур.


5. Автомототранспорт воситасини тайёрловчи ташкилот томонидан рақамланган агрегатларга қўйилган маркировканинг ўзгариши ёки йўқолишига олиб келадиган тарзда қайта жиҳозлашга йўл қўйилмайди.


6. Тегишли рухсатномасиз қайта жиҳозланган автомототранспорт воситасидан фойдаланишга йўл қўйилмайди.



2-БОБ. РУХСАТ ЭТУВЧИ ТАЛАБЛАР ВА ШАРТЛАР


7. Қуйидагилар автомототранспорт воситасини қайта жиҳозлаш ва (ёки) автомототранспорт воситаси ва (ёки) унинг қисмини тайёрлашни амалга оширишда рухсат этувчи талаблар ва шартлар ҳисобланади:

қонун ҳужжатларига мажбурий риоя қилиш;

ЙҲХББ билан келишилган тегишли ташкилот стандарти (Тs) талабларига, қонун ҳужжатлари ва экология соҳасидаги норматив ҳужжатлар, санитария қоидалари, нормалари ва гигиена нормативлари талабларига мажбурий риоя қилиш;

тегишли ҳаракатни ва (ёки) белгиланган фаолиятни бажариш ёки амалга ошириш учун ишлаб чиқариш-техника базасининг (бинолар, иншоотлар, ишлаб чиқариш майдонлари ва ер участкалари, технологик жиҳозлар, тайёргарликдан ўтган ходимлар) мавжуд бўлиши;

ёнғин хавфсизлигига, автотранспорт воситасининг сақланишига, техника хавфсизлигига риоя қилишга оид талабларни бажариш;

фақат тегишли ҳужжатлари (эгасининг шахсини тасдиқловчи ҳужжат, тақдим этилган автомототранспорт воситасининг рўйхатдан ўтганлиги тўғрисида гувоҳнома ёки автомототранспорт воситаси мазкур шахсга тегишли эканлигини тасдиқловчи бошқа ҳужжат) мавжуд бўлган автомототранспорт воситаси эгаларига хизмат кўрсатиш;

давлат реестрида кўрсатилган доирада тегишли ҳаракатни бажариш ва (ёки) белгиланган фаолиятни амалга ошириш.



3-БОБ. АВТОМОТОТРАНСПОРТ ВОСИТАСИ

КОНСТРУКЦИЯСИНИ ВА (ЁКИ) УНИНГ ҚИСМИНИ

ЎЗГАРТИРИШ   БИЛАН   БОҒЛИҚ   ФАОЛИЯТНИ

БОШЛАГАНЛИК ЁКИ ТУГАТГАНЛИК ҲАҚИДА

ХАБАРНОМАНИ ТАҚДИМ ЭТИШ ТАРТИБИ


8. Тадбиркорлик субъектлари автомототранспорт воситаси конструкциясини ва (ёки) унинг қисмини ўзгартириш билан боғлиқ фаолиятни бошлаганлиги ёки тугатганлиги ҳақида 15 кун муддат ичида Давлат хизматлари марказлари ёки Ўзбекистон Республикаси Ягона интерактив давлат хизматлари портали (кейинги ўринларда - ЯИДХП) орқали ЙҲХББни мазкур Низомга 2-иловадаги схемага мувофиқ хабардор қилади.

Давлат хизматлари маркази ва ЯИДХПнинг давлат хизматларидан фойдаланишда, тадбиркорлик субъектида электрон рақамли имзо (кейинги ўринларда - ЭРИ) бўлиши шарт.

Автомототранспорт воситаси конструкциясини ва (ёки) унинг қисмини ўзгартириш билан боғлиқ фаолиятни бошлаганлик ёки тугатганлик ҳақида ЙҲХББни хабардор қилиш учун мазкур Низомга 3-иловага мувофиқ шаклдаги хабарнома тўлдирилади.


9. ЙҲХББ хабарномаларни ҳисобга олади ва автомототранспорт воситаси конструкциясини ва (ёки) унинг қисмини ўзгартириш билан боғлиқ фаолиятни бошлаган ёки тугатган тадбиркорлик субъектларининг давлат реестрини юритади.


10. Давлат реестрида қуйидаги маълумотлар бўлиши шарт:

солиқ тўловчининг идентификация рақами;

тадбиркорлик субъектининг тўлиқ ва қисқартирилган номи, ташкилий-ҳуқуқий шакли;

фаолиятини бошлаган санаси ва Реестр рақами;

тадбиркорлик субъекти фаолиятининг ихтисослашуви;

почта манзили, телефони тўғрисидаги маълумотлар;

фаолият бўйича масъул шахснинг фамилияси, исми ва отасининг исми;

масъул шахснинг маълумоти (диплом рақами, санаси ва мутахассислиги).


11. ЙҲХББ автомототранспорт воситаси конструкциясини ва (ёки) унинг қисмини ўзгартириш билан боғлиқ фаолият бошланганлиги ёки тугатилганлиги ҳақида Давлат хизматлари марказлари ва ЙҲХББ ўртасида ЭРИни қўллаган ҳолда, махсус яратилган тизим орқали идоралараро хабардор қилинади.


12. Мурожаат этувчидан мазкур Низомга 3-иловага мувофиқ шаклдаги хабарномада назарда тутилмаган ҳужжатларни тақдим этишни талаб қилишга йўл қўйилмайди.


13. Хабарнома ва унга илова этиладиган ҳужжатлар тўғрисидаги зарур маълумотлар ЙҲХББ томонидан унинг Интернет жаҳон ахборот тармоғидаги расмий веб-сайтида ҳамда ижтимоий тармоқларида жойлаштирилади.


14. ЙҲХББни автомототранспорт воситаси конструкциясини ва (ёки) унинг қисмини ўзгартириш билан боғлиқ фаолият бошланганлик ёки тугатилганлик ҳақида хабардор қилишда тадбиркорлик субъекти мазкур Низомда назарда тутилган талаблар ва шартларга амал қилиши лозим.


15. Тадбиркорлик субъекти хабарномани белгиланган тартибда расмийлаштиргандан сўнг ўзининг ЭРИси билан тасдиқлайди.


16. Давлат хизматлари кўрсатилгани учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 фоизи миқдорида йиғим ундирилади.

Давлат хизматлари кўрсатилиши учун ЯИДХП орқали мурожаат этилганда, ушбу банднинг биринчи хатбошида кўрсатилган йиғим суммасининг 90 фоизи ундирилади.

Давлати хизматлари кўрсатилгани учун йиғим тўланганлиги ахборот-коммуникация тизимлари орқали тасдиқланади.


17. Йиғим суммаси қуйидаги тартибда тақсимланади:

а) Давлат хизматлари марказларига ўзи келиб мурожаат этганда:

20 фоизи - Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари агентлиги бюджетдан ташқари жамғармасининг шахсий ҳисобварағига;

30 фоизи - Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги бюджетдан ташқари жамғармасининг шахсий ҳисобварағига;

қолган маблағлар - Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджетига ўтказилади;

б) ЯИДХП орқали мурожаат этилганда:

10 фоизи - Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари агентлиги бюджетдан ташқари жамғармасининг шахсий ҳисобварағига;

11,25 фоизи - Ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш жамғармасининг электрон ҳукумат ва рақамли иқтисодиётнинг идоралараро лойиҳаларини молиялаштириш бўйича махсус ҳисобварағига;

28,125 фоизи - Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги бюджетдан ташқари жамғармасининг шахсий ҳисобварағига;

қолган маблағлар - Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджетига ўтказилади.


18. Хабарномада тўлиқ бўлмаган ёки нотўғри маълумотлар кўрсатилиши, шунингдек, давлат хизматлари кўрсатиш учун йиғимни тўламаслик давлат хизматлари кўрсатишни рад этиш учун асос ҳисобланади.

Бундай ҳолатда тадбиркорлик субъектининг тегишли босқичда хабарномани тўғирлаб ёки тўлдириб, қайта юбориш имконияти мавжуд бўлади.

Давлат хизматлари кўрсатишни бошқа асослар бўйича рад этиш тақиқланади.


19. Тадбиркорлик субъекти давлат хизматларидан фойдаланишдан ўзи ҳақидаги маълумотлар ЙҲХББ томонидан тегишли давлат реестрига киритилгунга қадар бош тортиш ҳуқуқига эга. Тадбиркорлик субъекти давлат хизматларидан фойдаланишдан бош тортганда, унинг хабарномаси кўрилмасдан қолдирилади. Бунда тўланган йиғим суммаси қайтарилмайди.


20. Тадбиркорлик субъекти (унинг ишончли вакили) томонидан барча ҳужжатлар тўғри ва тўлиқ тўлдирилган ҳолда Давлат хизматлари маркази, "Лицензия" ахборот тизими ёки Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали ЙҲХББга электрон шаклда юборилади.


21. Тадбиркорлик субъекти (унинг ишончли вакили) Давлат хизматлари марказига келиб мурожаат этганда, унинг ҳабарномаси Давлат хизматлари маркази ходими томонидан тўғри ва тўлиқ тўлдирилиб, тадбиркорлик субъекти (унинг ишончли вакили) томонидан тасдиқлангандан сўнг барча ҳужжатлар бир соат мобайнида ЙҲХББга электрон шаклда юборилади.

ЙҲХББ масъул ходими хабарнома келиб тушган вақтдан бошлаб 15 иш куни ичида:

келиб тушган хабарнома ва унга илова этилган ҳужжатлар тўлиқ бўлмаган тақдирда, тадбиркорлик субъекти билан биргаликда маълумотлар тўлиқ бўлишини;

Ўзбекистон аккредитация маркази ДУК томонидан берилган газ баллон ускуналари уланмаларининг герметиклиги ҳамда ишончлилигини синовдан ўтказиш бўйича лабораториянинг техник жиҳатдан малакали эканлигини тасдиқловчи гувоҳнома нусхасини олиш бўйича сўровномани юбориб, жавоби олинишини;

тадбиркорлик субъектининг автомототранспорт воситаси конструкциясини ва (ёки) унинг қисмини ўзгартириш билан боғлиқ фаолиятни бошлаганлиги ёки тугатганлиги бўйича маълумотларни давлат реестрига киритиш тўғрисида қарор қабул қилинишини;

маълумотларнинг давлат реестрида қайд этилишини таъминлайди.

Бунда мазкур давлат ташкилотлари вужудга келиши мумкин бўлган барча оқибатлар учун жавобгар бўлади.


22. Автомототранспорт воситаси конструкциясини ва (ёки) унинг қисмини ўзгартириш билан боғлиқ фаолиятни бошлаган ёки тугатган тадбиркорлик субъектларининг давлат реестри ЙҲХББнинг Интернет жаҳон ахборот тармоғидаги расмий веб-сайтида ҳамда ижтимоий тармоқларда жойлаштирилади.

Давлат реестридаги маълумотлар барча фойдаланиши учун очиқ ҳисобланади.


23. Тадбиркорлик субъектининг номи, ташкилий-ҳуқуқий шакли, шунингдек, ихтисослашуви ва жойлашган жойи (почта манзили) ўзгарган тақдирда, тадбиркорлик субъекти йигирма иш куни мобайнида тегишли маълумотларни давлат реестрига ўзгартиришлар киритиш учун белгиланган тартибда Давлат хизматлари марказлари, "Лицензия" ахборот тизими ёки ЯИДХП орқали ЙҲХББга тақдим этиши лозим. Бунда тадбиркорлик субъектидан йиғим суммаси ундирилмайди.



4-БОБ. РУХСАТНОМА БЕРИШ ТАРТИБИ


24. Рухсатнома ЙҲХББ томонидан мазкур Низомга 4-иловадаги схемага мувофиқ 1 йил муддатга берилади.


25. Тадбиркорлик субъектига автомототранспорт воситасини қайта жиҳозлаш учун рухсатнома ЙҲХББга автомототранспорт воситаси эгасининг (юридик ёки жисмоний шахснинг) мазкур Низомга 5-иловага мувофиқ шаклда қуйидаги ҳужжатларни илова қилинган ҳолда тақдим этиладиган аризасига асосан берилади:

эгасининг шахсини тасдиқловчи ҳужжат нусхаси - жисмоний шахслар учун (фуқаролик паспорти, 16 ёшга тўлмаганлар учун - туғилганлик ҳақида гувоҳнома, ҳарбий хизматчилар учун - ҳарбий қисм ва ҳарбий муассаса қўмондонлиги томонидан бериладиган шахсий гувоҳнома ёки ҳарбий гувоҳнома (ҳарбий хизматга мажбурларнинг ҳарбий гувоҳномалари бундан мустасно), чет эл фуқаролари учун - Ўзбекистон Республикасида яшаш гувоҳномаси ёки чет эл фуқаросининг ички ишлар органлари томонидан доимий ёки вақтинча яшаш жойи ҳақида белги қўйилган миллий паспорти, фуқаролиги бўлмаган шахслар учун - фуқаролиги бўлмаган шахснинг шахсини тасдиқловчи Ўзбекистон Республикасида яшаш гувоҳномаси);

автомототранспорт воситасининг рўйхатдан ўтиш гувоҳномаси (техник паспорт, техник талон) ёки автомототранспорт воситасини унинг эгасига тегишли эканлигини тасдиқловчи бошқа ҳужжат нусхаси.

Ишлаб чиқарилганига 20 йил ва ундан ортиқ муддат ўтган автомототранспорт воситаларини қайта жиҳозлашга йўл қўйилмайди.

Автомототранспорт воситаларининг кузов, кабина ва двигателларини худди шу русумдаги (ёки шу русумнинг янги модификациясидаги) кузов, кабина ва двигателларга алмаштириш бундан мустасно.

Автомототранспорт воситасини қайта жиҳозлаш учун тадбиркорлик субъекти унинг эгаси томонидан танланиши мумкин, бу ҳақда аризада кўрсатилади.


26. Мурожаат этувчидан мазкур Низомнинг 25-бандида назарда тутилмаган бошқа ҳужжатларни тақдим этишни талаб қилишга йўл қўйилмайди.


27. Рухсатнома олиш учун зарур маълумотлар ЙҲХББ томонидан унинг Интернет жаҳон ахборот тармоғидаги расмий веб-сайтига жойлаштирилади.


28. Рухсатнома олиш учун зарур ҳужжатлар ЙҲХББга мурожаат этувчи томонидан бевосита, почта алоқаси воситасида ёки мурожаат этувчининг электрон рақамли имзоси билан тасдиқланган электрон шаклда тақдим этилиши мумкин.


29. Рухсатнома олиш учун ЙҲХББга тақдим этилган ҳужжатлар рўйхат бўйича қабул қилинади, мазкур рўйхат ҳужжатлар қабул қилинган сана ҳақида белги қўйган ҳолда мурожаат этувчига дарҳол берилади (юборилади).


30. ЙҲХББ аризани мазкур Низомнинг 25-бандида назарда тутилган ҳужжатлар қабул қилинган санадан бошлаб ўн беш иш кунидан ошмаган муддатда кўриб чиқади.


31. Мурожаат этувчининг аризада кўрсатилган хизматларни бажара олиш имкониятини баҳолаш (аризада кўрсатилган ҳолларда), шунингдек, рухсатнома бериш ёки рухсатнома беришни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилиш ЙҲХББ томонидан мустақил равишда амалга оширилади.


32. Мурожаат этувчига рухсатнома бериш тўғрисида қарор қабул қилинган ҳолларда ЙҲХББ ушбу қарор қабул қилинган санадан бошлаб бир иш кунидан кеч бўлмаган муддатда:

мазкур Низомга 6-иловага мувофиқ шаклда рухсатномани расмийлаштиради;

мурожаат этувчига рухсатноманинг нусхасини беради (юборади) ёки уни ёзма шаклда, шу жумладан ахборот тизими орқали электрон шаклда хабардор қилади;

қайта жиҳозлаш ўтказилгандан кейин қайта рўйхатдан ўтказиш учун мазкур автомототранспорт воситаси рўйхатдан ўтказилган Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги, Тошкент шаҳар ва Тошкент вилояти ички ишлар бош бошқармалари ҳамда вилоятлар ички ишлар бошқармаларининг йўл ҳаракати хавфсизлиги ҳудудий бошқармаларига рухсатномани юборади.

33. Рухсатнома бериш қуйидаги асосларга кўра рад этилиши мумкин:

мурожаат этувчи томонидан мазкур Низомнинг 25-бандида назарда тутилган ҳужжатларнинг тўлиқ бўлмаган ҳажмда тақдим этилиши;

тадбиркорлик субъекти томонидан рухсат этувчи талаблар ва шартларга риоя этилмаслиги;

мурожаат этувчи томонидан тақдим этилган ҳужжатларда бузиб кўрсатилган маълумотлар мавжудлиги;

мазкур Низомнинг 31-бандига мувофиқ тайёрланган тадбиркорлик субъектининг аризада кўрсатилган хизматларни бажара олиш имкониятини баҳолаш натижаларига кўра тайёрланган ЙҲХББнинг асосланган салбий хулосаси.

Рухсатнома беришни бошқа асосларга кўра, шу жумладан мақсадга мувофиқ эмас деган важлар билан рад этишга йўл қўйилмайди.


34. Рухсатнома беришни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилинган ҳолларда мурожаат этувчига ёзма шаклда, шу жумладан ахборот тизими орқали электрон шаклда рад этиш сабаблари, қонун ҳужжатларининг аниқ нормалари ва мурожаат этувчи кўрсатилган камчиликларни бартараф этиб, такроран мурожаат қилиши мумкин бўлган муддат кўрсатилган рад этиш ҳақидагт хабарнома юборилади (берилади).

Мурожаат этувчи рухсатнома беришни рад этиш ҳақида ёзма хабарнома олгандан кейин ўн кун муддатда рад этиш сабабларини бартараф этишга ва ҳужжатларни такроран кўриб чиқиш учун тақдим этишга ҳақли.


35. Рухсатнома беришда рад этиш учун асос бўлган сабаблар мурожаат этувчи томонидан белгиланган муддатда бартараф этилган тақдирда, ҳужжатларни такроран кўриб чиқиш, рухсатнома бериш ёки унинг берилишини рад этиш ЙҲХББ томонидан мурожаат этувчининг рад этиш сабабларини бартараф этганлиги тўғрисидаги аризаси ва рад этиш сабаблари бартараф этилганлигини тасдиқловчи тегишли ҳужжатлар олинган кундан эътиборан ўн иш кунидан ошмаган муддатда амалга оширилади.


36. Ҳужжатларни такроран кўриб чиқишда ЙҲХББ томонидан мурожаат этувчига аввал ёзма шаклда, шу жумладан ахборот тизими орқали электрон шаклда баён этилмаган рад этиш сабабларини кўрсатишга йўл қўйилмайди, аввал кўрсатилган сабаблар бартараф этилганлигини тасдиқловчи ҳужжатлар билан боғлиқ ҳолатлар бундан мустасно.


37. Мазкур Низомнинг 34-бандида кўрсатилган муддат тугагандан кейин берилган такрорий ариза янги берилган ҳисобланади ва ЙҲХББ томонидан умумий асосларда кўриб чиқилади.


38. Мурожаат этувчи рухсатнома бериш рад этилганлиги, шунингдек, ЙҲХББ мансабдор шахсининг ҳаракати (ҳаракатсизлиги) юзасидан белгиланган тартибда шикоят қилишга ҳақли.



5-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР


39. Тегишли давлат реестрига киритилган тадбиркорлик субъекти ўзи томонидан қайта жиҳозланган автомототранспорт воситаси эгасига қайта жиҳозлаш амалга оширилганлиги ҳақида ёзув киритилган ва тадбиркорлик субъектининг мансабдор шахси томонидан имзоланиб, унинг муҳри билан тасдиқланган маълумотномани беради.

Мазкур маълумотнома қайта жиҳозланган автомототранспорт воситасини Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати органларида қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказиш (қайта рўйхатдан ўтказиш) учун асос ҳисобланади, бунда ушбу тадбиркорлик субъекти фаолияти тури давлат реестрида кўрсатилган бўлса.


40. Аризани кўриб чиқиш, рухсатномани бериш, қайта расмийлаштириш, унинг амал қилиш муддатини узайтириш ва дубликатини бериш учун йиғим ундирилмайди.


41. Рухсатноманинг амал қилишини тўхтатиб туриш, тўхтатиш ва бекор қилиш "Тадбиркорлик фаолияти соҳасидаги рухсат бериш тартиб-таомиллари тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 22, 23 ва 25-моддаларида назарда тутилган ҳолларда ва тартибда амалга оширилади.


42. Автомототранспорт воситаси конструкциясини ва (ёки) унинг қисмини ўзгартириш билан боғлиқ фаолиятни бошлагани ёки тугатгани, шунингдек, ўзи ва тадбиркорлик фаолияти тўғрисидаги маълумотларда ўзгаришлар бўлганлиги ҳақида тегишли тартибда ЙҲХББни хабардор қилмаслик қонунчиликда белгиланган тартибда юридик ва жисмоний шахсларнинг жавобгарлигига сабаб бўлади.


43. Давлат хизматлари марказлари ва ЙҲХББ ўз фаолиятини амалга ошириши натижасида олинган маълумотларнинг сир сақланишини таъминлайди.


44. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари агентлиги, унинг ҳудудий бошқармалари ва Давлат хизматлари марказлари ушбу Низом талабларининг тегишли бандлари ижроси бўйича давлат органлари ва бошқа ташкилотларнинг фаолияти юзасидан доимий мониторингни амалга оширади.


45. Тадбиркорлик субъектлари давлат органлари ва бошқа ташкилотлар ходимларининг хатти-ҳаракатлари юзасидан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда шикоят қилишлари мумкин.


46. Мазкур Низом талабларининг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар.






Низомга

1-ИЛОВА



Автомототранспорт воситаси қайта жиҳозланган

деб тан олинадиган ўзгаришлар

РЎЙХАТИ


1. Автомототранспорт воситасини бир турдан бошқа турга ўзгартириш:

енгил турдан фургон турига;

енгил турдан пикап турига (кузовини алмаштириш шарти билан);

енгил турдан юк турига (бортли, бортли-тентли);

енгил турдан махсус турга;

енгил турдан рефрежиратор турига;

микроавтобус турдан юк-фургон турига;

микроавтобус туридан юк-бортли турга;

микроавтобус туридан юк-бортли-тентли турга;

микроавтобус туридан юк-йўловчи турига;

микроавтобус туридан махсус турга;

автобус туридан юк-фургон турига;

автобус туридан юк-бортли турга;

автобус туридан юк-бортли-тентли турга;

автобус туридан юк-йўловчи турига;

автобус туридан махсус турга;

юк-бортли турдан махсус турга;

юк-бортли турдан ўзи ағдарувчи турга;

юк-бортли турдан юк-фургон турига;

юк-бортли турдан юк-бортли-тентли турга;

юк-бортли турдан рефрежиратор турига;

махсус турдан юк-бортли турга;

махсус турдан ўзи ағдарувчи турга;

махсус турдан юк-фургон турига;

махсус турдан юк-бортли-тентли турга;

махсус турдан рефрежиратор турига;

ўзи ағдарувчи турдан махсус турга;

ўзи ағдарувчи турдан юк-бортли турга;

ўзи ағдарувчи турдан юк-бортли-тентли турга;

ўзи ағдарувчи турдан юк-фургон турига;

ўзи ағдарувчи турдан рефрежиратор турига;

ўтирма тортувчи турдан ўзи ағдарувчи турга;

ўтирма тортувчи турдан юк-бортли турга;

ўтирма тортувчи турдан юк-бортли-тентли турга;

ўтирма тортувчи турдан махсус турга;

ўтирма тортувчи турдан рефрежиратор турига;

рефрежиратор туридан махсус турга;

рефрежиратор туридан ўзи ағдарувчи турга;

рефрежиратор туридан юк-фургон турига;

рефрежиратор туридан юк-бортли-тентли турга;

рефрежиратор туридан юк-бортли турга;

бетон қоргич туридан юк-бортли турга;

бетон қоргич туридан юк-бортли-тентли турига;

бетон қоргич туридан юк-фургон турига;

бетон қоргич туридан ўтирма тортувчи турга;

бетон қоргич туридан рефрежиратор турига.


2. Автомототранспорт воситасининг кузови ҳамда деталларини ўзгартириш:

юкхонанинг (бортнинг) габарит ўлчамларини ўзгартириш (кўтариш, узайтириш);

юкхона эшикларининг икки ёнга вертикал очилишига рухсат бериш;

чет элда ишлаб чиқарилган енгил автомобиллар кузовини алмаштириш;

автотранспорт воситаларининг ташқи кўринишига (кузов) ўзгартириш(лар) киритиш (масалан, "Captiva-3" русумли автомобилни "Captiva-4" русумига);

автотранспорт воситасининг двигателини ўзгартириш;

ярим тиркамани тиркамага ўзгартириш;

қўшимча ёқилғи сиғими (бак) ўрнатиш;

қўшимча ўриндиқ ўрнатиш ёки камайтириш (олиб ташлаш);

автотранспорт воситасига ишлаб чиқарган корхона томонидан кўзда тутилмаган антенна, сирена, рация ўрнатиш;

эҳтиёт (захира) ғилдирагини белгиланмаган жойда (орқа эшикка) ўрнатиш;

автотранспорт воситасининг конструкциясини ўзгартиришга олиб келмайдиган ёритиш чироқларини ўрнатиш;

махсус транспорт воситаларига ялт-ялт этувчи чироқ-маёқча ва (ёки) махсус товушли ишоралар берувчи мосламалар ўрнатиш;

автотранспорт воситасига газ баллон ва жиҳозларини ўрнатиш.






Низомга

2-ИЛОВА



Тадбиркорлик субъектлари томонидан

автомототранспорт воситаси конструкциясини

ва (ёки) унинг қисмини ўзгартириш билан боғлиқ

фаолиятни бошлаганлик ёки тугатганлик ҳақида

ЙҲХББни хабардор қилиш

СХЕМАСИ

Босқичлар

Субъект


Тадбирлар


Муддат



1-босқич

Тадбиркорлик субъекти


1. Хабардор қилиш билан боғлиқ ҳужжатларни ва уларнинг электрон шаклини жамлайди.


2. Давлат хизматлари маркази ёки ЯИДХП орқали электрон шаклдаги хабарномани тўлдиради (унга илова этиладиган ҳужжатлар-нинг электрон шаклини  илова қилган ҳолда) ва ўз ЭРИси билан тасдиқлайди.


3. Давлат хизматларидан фойдаланиш учун белгиланган миқдордаги йиғимни тўлайди.


Фаолиятини бошлаган кундан кейинги 10 кун ичида













2-босқич

1. Давлат хизматлари маркази


2. ЯИДХП


Хабарномани Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармасига жўнатади.


1. Бир соат мобайнида


2. Автоматик равишда














3-босқич

ЙҲХББ


1. Келиб тушган хабарнома ва унга илова этилган ҳужжатлар тўлиқ бўлмаган тақдирда, тадбиркорлик субъекти билан биргаликда маълумотларни тўлиқ бўлишини таъминлайди.


2. Ваколатли ташкилотлардан тегишли ҳужжатларнинг нусхаларини сўров асосида олади.


3. Тадбиркорлик субъекти ҳақидаги маълумотларни давлат реестрига киритиш тўғрисида қарор қабул қилади.


4. Маълумотларни давлат реестрида қайд этади.


5. Тегишли намунадаги ЭРИ билан тасдиқланган тасдиқномани ДХМ ёки ЯИДХП орқали тадбиркорлик субъектига электрон шаклда юборади.


15 кун ичида



          





Низомга

3-ИЛОВА

      

    


(сана)


(рақам)

Автомототранспорт воситаси конструкциясини

ва (ёки) унинг қисмини ўзгартириш билан боғлиқ

фаолиятни бошлаганлик ёки тугатганлик ҳақида

ХАБАРНОМА


I. Хабардор қилувчи тўғрисида маълумот:

1

Тадбиркорлик субъектининг (тўлиқ ва қисқартирилган) номи:



2

Тадбиркорлик субъектининг ташкилий-ҳуқуқий шакли:



3

СТИР:



4

Тадбиркорлик субъекти фаолиятини амалга ошириш жойи (манзили):



5

Почта манзили (мавжуд бўлса, электрон почтаси):



6

Телефон рақами:



7

Тадбиркорлик субъекти (раҳбари ёки ишончли вакили)нинг шахсини тасдиқловчи ҳужжат маълумотлари (паспорт рақами, серияси, ЖШ ШИР):



II. Автомототранспорт воситаси конструкциясини ва (ёки) унинг қисмини ўзгартириш билан боғлиқ фаолияти тўғрисида маълумот:

1

Ихтисослашуви:



2

Техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатнинг нусхаси*:



3

Намуналарнинг йўл ҳаракати хавфсизлиги соҳасида техник жиҳатдан тартибга солиш бўйича норматив ҳужжатлар талабларига мувофиқлиги юзасидан ўтказилган қабул-синов далолатномасининг нусхаси*:



4

Автотранспорт воситасининг алоҳида моделлари конструкциясининг техник лойиҳаси нусхаси**:



5

Моддий-техник ускуналар ҳақида маълумот (тўлиқ номи, тури, серияси ва сони):



6

Фаолият бўйича масъул шахснинг Ф.И.О.:



7

Масъул шахснинг маълумоти (диплом рақами, санаси ва мутахассислиги):



Хабардор қилувчининг

электрон рақамли имзоси


*) ҳужжатларнинг сканер қилинган электрон "PDF" шаклидаги нусхаси тақдим этилади;

**) фақат автотранспорт воситаларига газ баллон жиҳозларини ўрнатиш бўйича хизматлар кўрсатувчи тадбиркорлик субъектидан сўралади.






Низомга

4-ИЛОВА



Автомототранспорт воситасини қайта

жиҳозлашга рухсатнома бериш

СХЕМАСИ

Босқичлар

Субъект


Тадбирлар


Муддат



1-босқич

Ариза берувчи

(транспорт воситасининг эгаси)


Рухсатнома олиш учун зарур бўлган ҳужжатларни Низомнинг 25-бандида кўрсатилган рўйхатга мувофиқ тайёрлайди ва уларни бевосита ЙҲХББга почта алоқаси воситалари ёки мурожаат этувчининг электрон рақамли имзоси билан тасдиқланган электрон шаклда тақдим этади.















2-босқич

ЙҲХББ


1. Рухсатнома олиш учун зарур бўлган ҳужжатларни Низомнинг 25-бандида кўрсатилган рўйхатга мувофиқ бевосита мурожаат этувчидан почта алоқаси воситалари ёки электрон шаклда рўйхат бўйича қабул қилади ва ҳужжатлар қабул қилинган сана кўрсатилган ҳолда мурожаат этувчига дархол беради (юборади).


2. Тақдим этилган ҳужжатларни ўрганиш натижасида рухсатнома бериш ёки рухсатнома беришни рад этиш ҳақида рахбариятга таклиф тайёрлайди.


3. ЙҲХББ бошлиғи рухсатномани имзолайди.


4. Ҳудудий ДЙҲХХга рухсатномани беради (юборади) ва бу ҳақда мурожаат этувчига ҳам маълум қилади.


5. Рухсатнома берилишини рад этиш ҳақида қарор қабул қилинган тақдирда, рад ҳақидаги ҳабарномани мурожаат этувчига ёзма равишда рад этиш сабаблари, қонун ҳужжатларнинг аниқ нормалари кўрсатилган ҳолда юборади (тақдим этади).


Ҳужжатлар қабул қилинган кунда


Ўн беш иш куни мобайнида


Қарор қабул қилинган кундан бошлаб бир иш кунидан кечикмай














3-босқич

Ариза берувчи

(транспорт воситасининг эгаси)


ЙҲХББ


ЙҲХББ


Ариза берувчи рухсатнома беришни рад этиш учун асос бўлган сабабларни бартараф этган тақдирда, ҳужжатлар такроран кўриб чиқиш учун ЙҲХББга киритади.

ЙҲХББ рад этиш сабаблари бартараф этилган ҳақидаги ариза ва улар бартараф этилганлигинини тасдиқловчи ҳужжатлар олинган кундан бошлаб, ўн иш кунидан ортиқ бўлмаган муддатда ҳужжатларни қайта кўриб чиқади ва рухсатнома бериш ёки рухсатнома беришни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилади.

Кўрсатилган муддат тугагандан сўнг киритилган ариза қайта тақдим этилган ҳисобланади ва ЙҲХББ ушбу аризани умумий асосларда кўриб чиқади.


Ҳабарнома олинган кундан бошлаб ўн иш куни мобайнида


Ўн иш кун мобайнида














4-босқич

Ариза берувчи

(транспорт воситасининг эгаси)


ЙҲХББ


Ариза берувчи

(транспорт воситасининг эгаси)


Ариза берувчи рухсатнома бериш ҳақидаги қарор тўғрисида ҳабарнома олган тақдирда, рухсатномада кўрсатилган тадбиркорлик субъектига автомототранспорт воситасини бир марта қайта жиҳозлашни амалга ошириш учун мурожаат қилади.

Тадбиркорлик субъекти аризачининг автомототранспорт воситасида шартнома асосида қайта жихозлашни амалга оширади ва автомототранспорт воситасини  Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати органларида қайта рўйхат-дан ўтказиш учун тегишли ҳужжатларни тақдим этади.

Қайта жиҳозлашни амалга оширгандан сўнг ариза берувчи қайта жиҳозланган автомототранспорт воситасини Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати органларига қонунчиликда белгиланган тартибда тегишли ҳужжатларни тақдим этади.


Рухсатнома амал қилиш муддати мобайнида


Шартномага асосан.


Қайта жиҳозлашдан сўнг 10 кун мобайнида


           





Низомга

5-ИЛОВА



Ўзбекистон Республикаси

Ички ишлар вазирлиги

Йўл ҳаракати хавфсизлиги

бош бошқармаси бошлиғига


___________________________________дан

(ариза берувчининг фамилияси, исми, отасининг исми)

ариза берувчининг почта манзили:_________

________________________________________

________________________________________


телефон рақами: ________________

Автомототранспорт воситасини қайта

жиҳозлашга рухсатнома бериш тўғрисида

АРИЗА


га рухсат беришингизни сўрайман

          

(қайта жиҳозлаш тури, маркаси, тури ва рўйхатдан ўтказиш давлат рақами белгиси, қайта жиҳозлашни амалга ошираётган тадбиркорлик субъектининг номи ва жойлашган манзили)

Аризага илова қилинаётган ҳужжатлар рўйхати:

         

      

       

      

       

(Автомототранспорт воситаси конструкциясининг ва (ёки) унинг қисмининг йўл ҳаракати хавфсизлиги талабларига мувофиқлиги тўғрисида гувоҳнома ва автомототранспорт воситасини қайта жиҳозлашга рухсатнома бериш тартиби тўғрисидаги низомнинг 25-банди талабларига мувофиқ)


(имзо)


(фамилияси, исми, отасининг исми)

20____ йил "___" _______________


Изоҳ. Ариза жисмоний шахс томонидан фамилияси, исми, отасининг исми, шахсини тасдиқловчи ҳужжат маълумотлари кўрсатилган ҳолда тўлдирилади.






Низомга

6-ИЛОВА



Автомототранспорт воситасини қайта жиҳозлашга

РУХСАТНОМА

Берилди



(тадбиркорлик субъекти-юридик шахснинг номи, жойлашган манзили (почта манзили) ва ташкилий-ҳуқуқий шакли; тадбиркорлик субъекти-жисмоний шахснинг фамилияси, исми, отасининг исми, шахсини тасдиқловчи ҳужжат маълумотлари)


автотранспорт воситасини қайта жиҳозлаш учун

(транспорт воситаси маркаси, тури ва рўйхатдан ўтказиш давлат рақам белгиси)

Қайта жиҳозлаш тури


               

Алоҳида шароит ва талаблари


               

Амал қилиш муддати: 20____йил "____" ____________гача

Ўзбекистон Республикаси

Ички ишлар вазирлиги

Йўл ҳаракати хавфсизлиги

бош бошқармаси бошлиғи





(имзо)


(фамилияси, исми, отасининг исми)

Изоҳ. Мазкур рухсатнома шакли Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ЙҲХББ бланкасида тўлдирилади, рухсатноманинг кўчирма нусхаси транспорт воситаси эгасига хабарнома тариқасида автомототранспорт воситаси қайта жиҳозлангандан сўнг уни қайта рўйхатга олишни расмийлаштириш учун тегишлилиги бўйича транспорт воситаси рўйхатга олинган Қорақалпоғистон Республикаси ИИВга, Тошкент шаҳар ва Тошкент вилояти ИИББга ҳамда вилоятлар ИИБга юборилади.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2020 йил 1 декабрь