Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Ўзбекистон Республикасининг 15.11.2023 й. ЎРҚ-878-сон "Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида"ги Қонуни (Қонунчилик палатаси томонидан 25.07.2023 й. қабул қилинган, Сенат томонидан 28.10.2023 й. маъқулланган)

Ҳужжатнинг тўлиқ матнини ўқиш учун авторизация қилинг

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ

ҚОНУНИ

15.11.2023 й.

N ЎРҚ-878



ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ

АЙРИМ ҚОНУН ҲУЖЖАТЛАРИГА ЎЗГАРТИРИШ

ВА ҚЎШИМЧАЛАР КИРИТИШ ТЎҒРИСИДА


Қонунчилик палатаси томонидан 2023 йил 25 июлда қабул қилинган

Сенат томонидан 2023 йил 28 октябрда маъқулланган


Мамлакатимизда тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ва иқтисодиётда соғлом рақобат муҳитини ривожлантириш, истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва аҳоли саломатлигини сақлаш бўйича тизимли ишлар олиб борилмоқда.

Шу билан бирга "Инсоннинг шаъни ва қадр-қиммати учун" тамойили асосида аҳоли саломатлигини таъминлаш мақсадида контрафакт ва сифатсиз товарларни ишлаб чиқариш ҳамда уларнинг муомалага киритилишига барҳам бериш, ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш зарурияти юзага келмоқда.

Ушбу Қонун билан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексига истеъмолчиларнинг ҳаёти ёки соғлиғи хавфсизлиги талабларига жавоб бермайдиган товарларни ўтказиш мақсадини кўзлаб ишлаб чиқарганлик, сақлаганлик, ташиганлик, ўтказганлик, ишлар бажарганлик ёки хизматлар кўрсатганлик учун жавобгарликни кучайтиришга, этил спирти, алкоголли маҳсулот ва тамаки маҳсулотини қонунга хилоф равишда ишлаб чиқарганлик учун жиноий жавобгарликни белгилашга тааллуқли ўзгартиришлар киритилмоқда.

Шу билан бир қаторда мазкур Қонун билан Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига санитария тўғрисидаги қонунчиликни ва ветеринария қоидаларини бузганлик, ўзганинг товар белгисидан қонунга хилоф равишда фойдаланганлик учун жавобгарлик кучайтирилишига, шунингдек ҳайвонларнинг юқумли касалликлари ўчоқлари аниқланганда карантин қоидаларини, ветеринария дори воситалари ва озуқабоп қўшимчаларнинг хавфсизлиги нормаларини бузганлик учун маъмурий жавобгарлик белгиланишига қаратилган ўзгартиришлар киритилмоқда.

Бундан ташқари, "Лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомиллари тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига шахснинг муайян фаолият тури билан шуғулланиши учун суднинг тақиқи мавжуд бўлганда лицензияни ёки рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатни беришни рад этиш учун асослар кенгайтирилишини, лицензияни ва рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатни бекор қилиш ёки хабардор қилиш тартибида амалга ошириладиган фаолиятни (ҳаракатларни) суд томонидан тугатиш учун асос бўладиган бир марталик қўпол қоидабузарлик аниқлаштирилишини, ваколатли органларга лицензия, рухсат бериш ва хабардор қилиш талаблари ҳамда шартларига риоя этилишига оид текширувларни Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакилни хабардор қилган ҳолда, қонунчиликда белгиланган тартибда ўтказиш ҳуқуқи берилишини назарда тутувчи ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда.

Шу билан бирга пиво (пиво ичимликлари) билан улгуржи савдо қилишга, шунингдек тамаки маҳсулотлари билан чакана ва улгуржи савдо қилишга доир фаолиятни амалга ошириш учун хабардор қилиш тартиби белгиланмоқда.

Интеллектуал мулкка бўлган ҳуқуқларни ҳимоя қилиш мақсадида Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик кодексига географик кўрсаткичлар ҳам интеллектуал мулк объектлари ҳисобланиши тўғрисидаги норма киритилмоқда.

Ушбу Қонун иқтисодиётдаги "яширин айланмаларни" қисқартиришга, ишлаб чиқарувчиларнинг манфаатларини, истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ва интеллектуал мулкни ишончли ҳимоя қилишга, шунингдек фуқаролар соғлигини сақлашга хизмат қилади.


1-модда. Ўзбекистон Республикасининг 1994 йил 22 сентябрда қабул қилинган 2012-ХII-сонли Қонуни билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексига (Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг Ахборотномаси, 1995 йил, N 1, 3-модда; Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 1996 йил, N 9, 144-модда; 1997 йил, N 2, 56-модда, N 9, 241-модда; 1998 йил, N 5-6, 102-модда, N 9, 181-модда; 1999 йил, N 1, 20-модда, N 5, 124-модда, N 9, 229-модда; 2000 йил, N 5-6, 153-модда; 2001 йил, N 1-2, 23-модда, N 9-10, 165-модда; 2002 йил, N 9, 165-модда; 2003 йил, N 1, 8-модда, N 9-10, 149-модда; 2004 йил, N 1-2, 18-модда, N 9, 171-модда; Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2005 йил, N 9, 314-модда, N 12, 417, 418-моддалар; 2006 йил, N 6, 261-модда, N 12, 656-модда; 2007 йил, N 4, 158, 166-моддалар, N 6, 248-модда, N 9, 416, 422-моддалар, N 12, 607-модда; 2008 йил, N 4, 187, 188, 189-моддалар, N 7, 352-модда, N 9, 485, 487, 488-моддалар, N 12, 640, 641-моддалар; 2009 йил, N 1, 1-модда, N 4, 128-модда, N 9, 329, 334, 335, 337-моддалар, N 12, 470-модда; 2010 йил, N 5, 176, 179-моддалар, N 9, 341-модда, N 12, 471, 477-моддалар; 2011 йил, N 1, 1-модда; 2012 йил, N 4, 108-модда, N 9/1, 242-модда, N 12, 336-модда; 2013 йил, N 4, 98-модда, N 10, 263-модда; 2014 йил, N 1, 2-модда, N 5, 130-модда, N 9, 244-модда, N 12, 343-модда; 2015 йил, N 6, 228-модда, N 8, 310, 312-моддалар, N 12, 452-модда; 2016 йил, N 4, 125-модда, N 9, 276-модда, N 12, 383, 385-моддалар; 2017 йил, N 3, 47-модда, N 6, 300-модда, N 9, 506, 510-моддалар; 2018 йил, N 1, 4-модда, N 4, 218, 224-моддалар, N 7, 430-модда, N 10, 679-модда; 2019 йил, N 1, 3, 5-моддалар, N 3, 161-модда, N 5, 259, 267, 268-моддалар, N 7, 386-модда, N 8, 471-модда, N 9, 592-модда, N 11, 787-модда, N 12, 880-модда; 2020 йил, N 1, 4-модда, N 3, 204-модда, N 7, 449-модда, N 10, 593-модда, N 11, 651-модда, N 12, 691-модда; 2021 йил, N 1, 5, 14-моддалар, N 2, 142, 144-моддалар, N 3, 217-модда, 4-сонга илова, N 8, 800, 803-моддалар, N 10, 966, 968, 973-моддалар, N 12, 1193-модда; 2022 йил, N 2, 81-модда, N 3, 215, 216-моддалар, N 4, 337-модда, N 5, 464, 466-моддалар, N 6, 575-модда, N 10, 981-модда; 2023 йил, N 3, 184, 185, 187, 188-моддалар, N 4, 265-модда, N 5, 319-модда) қуйидаги ўзгартиришлар киритилсин:


1) 186-модданинг матни қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"Истеъмолчиларнинг ҳаёти ёки соғлиғи хавфсизлиги талабларига жавоб бермайдиган товарларни ўтказиш мақсадини кўзлаб ишлаб чиқариш, сақлаш, ташиш ёхуд ўтказиш, ишлар бажариш ёки хизматлар кўрсатиш, -

базавий ҳисоблаш миқдорининг юз бараваридан икки юз бараваригача миқдорда жарима ёки уч юз соатгача мажбурий жамоат ишлари ёхуд бир йилдан икки йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки бир йилдан уч йилгача озодликни чеклаш ёхуд уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Ўша ҳаракатлар:

а) жуда кўп миқдорда;

б) бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан тил бириктириб;

в) такроран ёки хавфли рецидивист томонидан содир этилган бўлса;

г) баданга ўртача оғир ёхуд оғир шикаст етказилишига сабаб бўлса, -

базавий ҳисоблаш миқдорининг икки юз бараваридан тўрт юз бараваригача миқдорда жарима ёки уч йилдан беш йилгача озодликни чеклаш ёхуд уч йилдан беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Ўша ҳаракатлар одам ўлишига сабаб бўлса, -

беш йилдан етти йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Ўша ҳаракатлар:

а) одамлар ўлимига;

б) бошқача оғир оқибатларнинг келиб чиқишига сабаб бўлса, -

етти йилдан ўн икки йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади";


2) 186-1-модда қуйидаги таҳрирда баён этилсин:


"186-1-модда. Этил спирти, алкоголли маҳсулот

ва тамаки маҳсулотини қонунга хилоф равишда

муомалага киритиш ёки ишлаб чиқариш


Этил спирти, алкоголли ва тамаки маҳсулотларини қонунга хилоф равишда муомалага киритиш анча миқдорда ёхуд шундай ҳаракатлар учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилган бўлса, -

базавий ҳисоблаш миқдорининг икки юз бараваридан тўрт юз бараваригача миқдорда жарима ёки уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки икки йилдан беш йилгача озодликни чеклаш ёхуд беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Этил спирти, алкоголли ва тамаки маҳсулотларини қонунга хилоф равишда ишлаб чиқариш, -

базавий ҳисоблаш миқдорининг икки юз бараваридан тўрт юз бараваригача миқдорда жарима ёки уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки уч йилдан беш йилгача озодликни чеклаш ёхуд беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Ушбу модданинг биринчи ва иккинчи қисмларида назарда тутилган ҳаракатлар:

а) кўп миқдорда;

б) бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан тил бириктириб;

в) такроран ёки хавфли рецидивист томонидан;

г) хизмат лавозимини суиистеъмол қилиш йўли билан содир этилган бўлса, -

базавий ҳисоблаш миқдорининг тўрт юз бараваридан олти юз бараваригача миқдорда жарима ёки беш йилдан етти йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Ушбу модданинг биринчи ва иккинчи қисмларида назарда тутилган ҳаракатлар:

а) жуда кўп миқдорда;

б) уюшган гуруҳ томонидан ёки унинг манфаатларини кўзлаб содир этилган бўлса, -

етти йилдан ўн икки йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Этил спирти, алкоголли маҳсулот ва тамаки маҳсулотини кўп миқдорда ёки жуда кўп миқдорда қонунга хилоф равишда муомалага киритиш ёхуд ишлаб чиқаришга ҳокимият ёки мансаб ваколатларини суиистеъмол қилиш йўли билан ҳомийлик қилиш, -

етти йилдан ўн икки йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади".


2-модда. Ўзбекистон Республикасининг 1994 йил 22 сентябрда қабул қилинган 2015-ХII-сонли Қонуни билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига (Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг Ахборотномаси, 1995 йил, N 3, 6-модда; Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 1995 йил, N 9, 193-модда, N 12, 269-модда; 1996 йил, N 5-6, 69-модда, N 9, 144-модда; 1997 йил, N 2, 56-модда, N 4-5, 126-модда, N 9, 241-модда; 1998 йил, N 3, 38-модда, N 5-6, 102-модда, N 9, 181-модда; 1999 йил, N 1, 20-модда, N 5, 124-модда, N 9, 229-модда; 2000 йил, N 5-6, 153-модда, N 7-8, 217-модда; 2001 йил, N 1-2, 23-модда, N 9-10, 165, 182-моддалар; 2002 йил, N 1, 20-модда, N 9, 165-модда; 2003 йил, N 1, 8-модда, N 5, 67-модда, N 9-10, 149-модда; 2004 йил, N 1-2, 18-модда, N 5, 90-модда, N 9, 171-модда; 2005 йил, N 1, 18-модда; Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2005 йил, N 9, 312-модда, N 12, 413, 417, 418-моддалар; 2006 йил, N 6, 261-модда, N 9, 498-модда, N 10, 536-модда, N 12, 656, 659-моддалар; 2007 йил, N 4, 158, 159, 164, 165-моддалар, N 9, 416, 421-моддалар, N 12, 596, 604, 607-моддалар; 2008 йил, N 4, 181, 189, 192-моддалар, N 9, 486, 488-моддалар, N 12, 640, 641-моддалар; 2009 йил, N 1, 1-модда, N 9, 334, 335, 337-моддалар, N 10, 380-модда, N 12, 462, 468, 470, 472, 474-моддалар; 2010 йил, N 5, 175, 179-моддалар, N 6, 231-модда, N 9, 335, 339, 341-моддалар, N 10, 380-модда, N 12, 468, 473, 474-моддалар; 2011 йил, N 1, 1-модда, N 4, 104, 105-моддалар, N 9, 247, 252-моддалар, N 12/2, 365-модда; 2012 йил, N 4, 108-модда, N 9/1, 242-модда, N 12, 336-модда; 2013 йил, N 4, 98-модда, N 10, 263-модда; 2014 йил, N 1, 2-модда, N 5, 130-модда, N 9, 244-модда, N 12, 341, 343-моддалар; 2015 йил, N 6, 228-модда, N 8, 310, 312-моддалар, N 12, 452-модда; 2016 йил, N 1, 2-модда, N 4, 125-модда, N 9, 276-модда, N 12, 383, 385-моддалар; 2017 йил, N 4, 137-модда, N 6, 300-модда, N 9, 510-модда, N 10, 605-модда; 2018 йил, N 1, 1, 4, 5-моддалар, N 4, 224-модда, N 7, 430, 431, 432-моддалар, N 10, 671, 673, 679-моддалар; 2019 йил, N 1, 1, 3, 5-моддалар, N 2, 47-модда, N 3, 161, 165, 166-моддалар, N 5, 259, 261, 267, 268-моддалар, N 7, 386-модда, N 8, 469, 471-моддалар, N 9, 591, 592-моддалар, N 10, 674, 676-моддалар, N 11, 787, 791-моддалар, N 12, 880, 891-моддалар; 2020 йил, N 1, 4-модда, N 3, 203, 204-моддалар, N 7, 449-модда, N 9, 539, 540-моддалар, N 10, 593, 596-моддалар, N 11, 651-модда, N 12, 691-модда; 2021 йил, N 1, 5, 7, 12, 13, 14-моддалар, N 2, 142-модда, N 3, 217-модда, N 4, 290, 293-моддалар, 4-сонга илова, N 8, 800, 802, 803-моддалар, N 9, 903-модда, N 10, 966, 967, 968, 973-моддалар, N 11, 1066-модда; 2022 йил, N 1, 1, 2-моддалар, N 2, 80, 81-моддалар, N 3, 215, 216-моддалар, N 4, 337-модда, N 5, 464, 465, 466, 467-моддалар, N 8, 787-модда, N 10, 981, 984-моддалар, N 12, 1188-модда; 2023 йил, N 3, 184, 185, 188, 189-моддалар, N 4, 265, 266, 268-моддалар, N 5, 319, 320-моддалар) қуйидаги ўзгартиришлар киритилсин:


1) 53-модданинг санкцияси қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг беш бараваридан ўн бараваригача, мансабдор шахсларга эса - ўн беш бараваридан йигирма бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади";


2) 109-модданинг матни қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"Ветеринария, ветеринария-санитария қоидалари ва нормаларини бузганлик, эпизоотияларга қарши курашиш чораларини кўрмаганлик -

фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг бир бараваридан уч бараваригача, мансабдор шахсларга эса - уч бараваридан беш бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Ҳайвонларнинг юқумли касалликлари ўчоқлари аниқланганда чекловчи тадбирлар (карантин) қоидаларини бузиш, шунингдек ҳайвонларнинг бир вақтнинг ўзида оммавий касалланиши ёки тўсатдан нобуд бўлганлиги тўғрисидаги маълумотларни давлат ветеринария назорати органларидан яшириш, уларга хабар бермаслик, -

базавий ҳисоблаш миқдорининг уч баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.

Ветеринария дори воситалари ва озуқабоп қўшимчаларнинг хавфсизлиги нормаларини ҳамда уларни ишлаб чиқариш, тайёрлаш, сақлаш, ташиш ёки ўтказиш қоидаларини бузиш, -

ҳуқуқбузарлик қуроли ва ашёларини мусодара қилиб, базавий ҳисоблаш миқдорининг ўн баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади";


3) 177-модда қуйидаги таҳрирда баён этилсин:


"177-модда. Ўзганинг товар белгисидан, хизмат кўрсатиш

белгисидан, географик кўрсаткичидан, товар келиб чиққан

жой номидан ёки адаштириб юбориш даражасида улар

билан ўхшаш бўлган белгилардан шу турдаги товарларга

(хизматларга) нисбатан қонунга хилоф равишда

фойдаланиш ёхуд ўзганинг фирма номидан

қонунга хилоф равишда фойдаланиш


Ўзганинг товар белгисидан, хизмат кўрсатиш белгисидан, географик кўрсаткичидан, товар келиб чиққан жой номидан ёки адаштириб юбориш даражасида улар билан ўхшаш бўлган белгилардан шу турдаги товарларга (хизматларга) нисбатан қонунга хилоф равишда фойдаланиш ёхуд ўзганинг фирма номидан қонунга хилоф равишда фойдаланиш, -

ҳуқуқбузарлик ашёларини мусодара қилиб, базавий ҳисоблаш миқдорининг ўн беш бараваридан ўттиз бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Худди шундай ҳуқуқбузарликлар маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор содир этилган бўлса, -

ҳуқуқбузарлик ашёларини мусодара қилиб, базавий ҳисоблаш миқдорининг ўттиз бараваридан эллик бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади";


4) 186-1-модданинг:

номидаги "қонунга хилоф равишда ишлаб чиқариш ёки муомалага киритиш" деган сўзлар "қонунга хилоф равишда муомалага киритиш" деган сўзлар билан алмаштирилсин;

диспозициясидаги "қонунга хилоф равишда ишлаб чиқариш ёки муомалага киритиш" деган сўзлар "қонунга хилоф равишда муомалага киритиш" деган сўзлар билан алмаштирилсин.


3-модда. Ўзбекистон Республикасининг 1995 йил 21 декабрда қабул қилинган 163-I-сонли ва 1996 йил 29 августда қабул қилинган 256-I-сонли қонунлари билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик кодекси (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 1996 йил, 2-сонга илова, N 11-12; 1997 йил, N 2, 56-модда, N 9, 241-модда; 1998 йил, N 5-6, 102-модда; 1999 йил, N 1, 20-модда, N 9, 229-модда; 2001 йил, N 1-2, 23-модда, N 9-10, 182-модда; 2002 йил, N 1, 20-модда, N 9, 165-модда; 2003 йил, N 1, 8-модда, N 5, 67-модда; 2004 йил, N 1-2, 18-модда, N 5, 90-модда, N 9, 171-модда; Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2006 йил, N 4, 154-модда, N 9, 494, 498-моддалар; 2007 йил, N 1, 3, 5-моддалар, N 4, 156, 164-моддалар, N 8, 367-модда, N 9, 416-модда, N 12, 598, 608-моддалар; 2008 йил, N 4, 192-модда, N 12, 640-модда; 2009 йил, N 9, 337-модда; 2010 йил, N 9, 335, 337, 340-моддалар; 2011 йил, N 12/2, 363, 364, 365-моддалар; 2012 йил, N 4, 106, 109-моддалар, N 12, 336-модда; 2013 йил, N 10, 263-модда; 2014 йил, N 5, 130-модда, N 12, 343-модда; 2015 йил, N 8, 310, 312-моддалар; 2016 йил, N 4, 125-модда; 2017 йил, N 4, 137-модда, N 9, 510-модда, N 12, 773-модда; 2018 йил, N 1, 4-модда, N 4, 224-модда, N 7, 433-модда, N 10, 673-модда; 2019 йил, N 3, 161, 166-моддалар, N 5, 267-модда, N 10, 671-модда, N 12, 880, 886-моддалар; 2020 йил, N 1, 3, 4-моддалар, N 10, 593-модда; 2021 йил, 4-сонга илова, N 8, 801-модда, N 10, 968-модда; 2022 йил, N 2, 79-модда, N 3, 217, 218-моддалар, N 4, 340-модда, N 5, 464-модда, N 6, 570, 577-моддалар, N 11, 1061, 1062-моддалар) 1031-моддасининг 2-бандига қуйидаги қўшимча ва ўзгартириш киритилсин:

қуйидаги мазмундаги тўртинчи хатбоши билан тўлдирилсин:

"географик кўрсаткичлар";

тўртинчи хатбоши бешинчи хатбоши деб ҳисоблансин.


4-модда. Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 14 июлда қабул қилинган "Лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомиллари тўғрисида"ги ЎРҚ-701-сонли Қонунига (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2021 йил, N 7, 661-модда; 2022 йил, N 4, 340-модда, N 5, 465-модда; 2023 йил, N 2, 103-модда, N 3, 185-модда) қуйидаги қўшимча ва ўзгартиришлар киритилсин:


1) 29-модданинг биринчи қисми:

қуйидаги мазмундаги тўртинчи хатбоши билан тўлдирилсин:

"қонунчиликда назарда тутилган фаолият турлари учун бир йил муддатга лицензияни олиш ёки суднинг қарорига (ҳукмига) асосан шахсга нисбатан муайян фаолият тури билан шуғулланиш тақиқланганлиги";

тўртинчи ва бешинчи хатбошилари тегишинча бешинчи ва олтинчи хатбошилар деб ҳисоблансин;


2) 33-модда:

биринчи қисмининг:

тўққизинчи хатбошиси қуйидаги мазмундаги тўққизинчи ва ўнинчи хатбошилар билан алмаштирилсин:

"лицензиат ёки рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатни олган шахс томонидан лицензия ёки рухсат бериш талаблари ва шартлари мунтазам равишда (бир йил давомида икки ва ундан ортиқ маротаба) бузилганда;

лицензиат ёки рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатни олган шахс томонидан лицензия ёки рухсат бериш талаблари ва шартлари бир маротаба қўпол равишда бузилганда, агар мазкур қоидабузарлик фуқароларнинг ҳаёти ва соғлиғига зиён, жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига, жамоат хавфсизлигига зарар ҳамда атроф-муҳитга зиён етказилишига, жамият ва давлат манфаатларига зарар етказилишига, тинчлик ва хавфсизликка таҳдид солинишига олиб келган бўлса. Лицензиянинг ёки рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатнинг бекор қилинишига асос бўладиган қўпол қоидабузарликларнинг рўйхати фаолиятнинг айрим турларини лицензиялаш ва рухсат бериш тартиб-таомилларидан ўтиш тартиби тўғрисидаги низомларда, шунингдек уларнинг паспортларида белгиланади";

ўнинчи хатбошиси ўн биринчи хатбоши деб ҳисоблансин;

қуйидаги мазмундаги иккинчи қисм билан тўлдирилсин:

"Ушбу модда биринчи қисмининг тўққизинчи - ўн биринчи хатбошиларида назарда тутилган ҳолларда қонунчиликда белгиланган фаолият турлари учун бир йил давомида қайтадан лицензия берилмайди. Мазкур талаб тадбиркорлик субъектининг муассиси ёки бенефициар мулкдори томонидан ташкил этиладиган янги тадбиркорлик субъектларига нисбатан ҳам татбиқ этилади";

иккинчи - еттинчи қисмлари тегишинча учинчи - саккизинчи қисмлар деб ҳисоблансин;

тўртинчи қисмидаги "ўнинчи" деган сўз "ўн биринчи" деган сўзлар билан алмаштирилсин;

бешинчи қисмидаги "ўнинчи" деган сўз "ўн биринчи" деган сўзлар билан алмаштирилсин;


3) 46-модда биринчи қисмининг тўртинчи хатбошиси қуйидаги мазмундаги тўртинчи ва бешинчи хатбошилар билан алмаштирилсин:

"белгиланган талаблар ва шартлар мунтазам равишда (бир йил давомида икки ва ундан ортиқ марта) бузилганда;

белгиланган талаблар ва шартлар бир марта қўпол равишда бузилганда, агар мазкур қоидабузарликлар фуқароларнинг ҳаёти ва соғлиғига зиён, жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига, жамоат хавфсизлигига зарар ҳамда атроф-муҳитга зиён етказилишига, жамият ва давлат манфаатларига зарар етказилишига, тинчлик ва хавфсизликка таҳдид солинишига олиб келган бўлса";


4) 47-модда қуйидаги мазмундаги иккинчи қисм билан тўлдирилсин:

"Ушбу Қонун 46-моддаси биринчи қисмининг иккинчи, тўртинчи ва бешинчи хатбошиларида назарда тутилган ҳолларда қонунчиликда белгиланган фаолият турлари бўйича хабардор қилиш тартибида амалга ошириладиган фаолиятни (ҳаракатларни) амалга ошириш олти ойгача бўлган муддатга тақиқланади. Мазкур талаб тадбиркорлик субъектининг муассиси ёки бенефициар мулкдори томонидан ташкил этиладиган янги тадбиркорлик субъектларига нисбатан ҳам татбиқ этилади";


5) 48-модда:

иккинчи қисмининг иккинчи хатбошиси қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"лицензия, рухсат бериш ва хабардор қилиш талаблари ва шартларига жисмоний ва юридик шахсларнинг риоя этишини текширишни Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил билан келишилган ёки уни хабардор қилган ҳолда қонунчиликда белгиланган тартибда жойига чиққан ҳолда ўтказиш";

учинчи қисми қуйидаги мазмундаги учинчи, тўртинчи ва бешинчи қисмлар билан алмаштирилсин:

"Ваколатли органлар жисмоний ва юридик шахслар томонидан лицензиясиз ёки рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатсиз, шунингдек хабарнома юбормасдан фаолият билан шуғулланилиши ҳолларини аниқлаш учун белгиланган тартибда назорат тадбирларини ўтказишга ҳақли. Бунда ваколатли органлар томонидан фақат тегишли фаолият турларини амалга ошириш ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжатлар мавжудлиги ва хабарнома юборилганлиги текширилади.

Тегишли фаолият турларини амалга ошириш ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжатлар мавжуд эмаслиги ёки хабарнома юборилмаганлиги аниқланган тақдирда қонунчиликнинг бузилиши фактлари бўйича чоралар кўриш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил билан келишилган ёки уни хабардор қилган ҳолда текширув ўтказилади.

Назоратни амалга ошириш билан боғлиқ ҳолда ўтказиладиган тадбиркорлик субъектларини текширишлар Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил билан белгиланган тартибда келишилган ёки уни хабардор қилган ҳолда амалга оширилади";


6) 51-модданинг иккинчи қисми қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"Лицензия, рухсат бериш ва хабардор қилиш талаблари ва шартларига риоя этилишини жойига чиққан ҳолда текшириш қонунчиликда белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил билан келишилган ёки уни хабардор қилган ҳолда амалга оширилади";


7) 52-модда иккинчи қисмининг иккинчи хатбошиси "ваколатли органни хабардор этмасдан шуғулланиш" деган сўзлардан кейин "шунингдек ушбу ҳужжатларнинг амал қилиши тўхтатиб турилганда бундай фаолият билан шуғулланиш" деган сўзлар билан тўлдирилсин;


8) 1-илованинг 10-позицияси қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

       

"

10.

Алкоголь маҳсулотларининг улгуржи савдоси (бундан табиий ва кўпикланадиган винолар, пиво ва пиво ичимликлари мустасно) бўйича фаолият учун лицензия

                 

Алкоголь маҳсулотларининг улгуржи савдоси.

Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги

";

       

9) 3-илова:


23-позицияси қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

       

"

23.

Пиво ва пиво ичимликлари ишлаб чиқариш ва улгуржи савдо қилиш фаолиятини бошлаганлик ёки тугатганлик тўғрисида хабарнома

           

Пиво ва пиво ичимликларини ишлаб чиқариш ва улгуржи савдо қилиш фаолияти.


Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги

";

        

қуйидаги мазмундаги 23-1 ва 23-2-позициялар билан тўлдирилсин:

        

"

23-1.

Тамаки маҳсулотлари билан улгуржи савдо қилишни бошлаганлик ёки тугатганлик тўғрисида хабарнома


Тамаки маҳсулотлари билан улгуржи савдо қилиш фаолияти.


Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги

";


23-2.

Тамаки маҳсулотлари билан чакана савдо қилишни бошлаганлик ёки тугатганлик ҳақида хабарнома


Тамаки маҳсулотлари билан чакана савдо қилиш.


Туман (шаҳар) солиқ инспекциялари

         

10) 4-илова:


I бўлимининг 9-позицияси қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

         

"

9.

Алкоголь маҳсулотларининг улгуржи савдоси (бундан табиий ва кўпикланадиган винолар, пиво ва пиво ичимликлари мустасно) бўйича фаолият учун лицензия

      

300

";

          

III бўлимининг 17-позицияси қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

         

"

17.

Пиво ва пиво ичимликлари ишлаб чиқариш ва улгуржи савдо қилиш фаолиятини бошлаганлик ёки тугатганлик тўғрисида хабарнома


75

".

         

5-модда. Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси, Ички ишлар вазирлиги, Адлия вазирлиги ва бошқа манфаатдор ташкилотлар ушбу Қонуннинг ижросини, ижрочиларга етказилишини ҳамда моҳияти ва аҳамияти аҳоли ўртасида тушунтирилишини таъминласин.


6-модда. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:

ҳукумат қарорларини ушбу Қонунга мувофиқлаштирсин;

республика ижро этувчи ҳокимият органлари ушбу Қонунга зид бўлган ўз норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини қайта кўриб чиқишлари ва бекор қилишларини таъминласин.


7-модда. Ушбу Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан уч ой ўтгач кучга киради.



Ўзбекистон Республикасининг Президенти                                    Ш. Мирзиёев



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2023 йил 16 ноябрь