Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Ўзбекистон Республикасининг 27.02.2024 й. ЎРҚ-914-сон "Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига кредит мажбуриятларини бажариш тартибини такомиллаштириш ҳамда аҳолининг микромолиявий хизматлардан фойдаланиш имкониятларини кенгайтиришга қаратилган ўзгартиришлар ва қўшимча киритиш тўғрисида"ги Қонуни (Қонунчилик палатаси томонидан 17.01.2024 й. қабул қилинган, Сенат томонидан 09.02.2024 й. маъқулланган)

Ҳужжатнинг тўлиқ матнини ўқиш учун авторизация қилинг

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ

ҚОНУНИ

27.02.2024 й.

N ЎРҚ-914



ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ АЙРИМ

ҚОНУН ҲУЖЖАТЛАРИГА КРЕДИТ МАЖБУРИЯТЛАРИНИ

БАЖАРИШ ТАРТИБИНИ ТАКОМИЛЛАШТИРИШ ҲАМДА

АҲОЛИНИНГ    МИКРОМОЛИЯВИЙ    ХИЗМАТЛАРДАН

ФОЙДАЛАНИШ ИМКОНИЯТЛАРИНИ КЕНГАЙТИРИШГА

ҚАРАТИЛГАН ЎЗГАРТИРИШЛАР ВА ҚЎШИМЧА

КИРИТИШ ТЎҒРИСИДА


Қонунчилик палатаси томонидан 2024 йил 17 январда қабул қилинган

Сенат томонидан 2024 йил 9 февралда маъқулланган


Кейинги йилларда аҳоли ва тадбиркорлик субъектларига банклар ҳамда бошқа кредит ташкилотлари томонидан кўрсатилаётган молиявий хизматларни янада кенгайтиришга ва уларнинг сифатини яхшилашга қаратилган бир қатор чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Ўз навбатида кредит ташкилотларидан кредит олган аҳоли ва тадбиркорлик субъектлари томонидан айрим объектив сабабларга кўра кредит тўловларини тўлаш кечиктирилган ёки улар қисман тўланган ҳолларда, кредит қарздорлигини узишнинг амалдаги тартибини такомиллаштириш зарурати юзага келмоқда.

Шу билан бирга аҳолининг микромолиявий хизматларга бўлган талаби ошиб бораётганлиги микроқарз беришнинг энг юқори миқдори қайта кўриб чиқилишини тақозо этмоқда.

Мазкур Қонун билан Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик кодексига амалга оширилган тўлов суммаси қарз олувчи жисмоний шахсга ёки қарз олувчи тадбиркорлик субъектига ажратилган микроқарз ёки кредит бўйича мажбуриятларни бажариш учун етарли бўлмаган тақдирда, биринчи навбатда асосий қарзнинг узилишини, шунингдек ажратилган кредитлар бўйича қарздорликни ундириш тўғрисида суднинг ҳал қилув қарори чиқарилганда, фоизлар ва неустойкани ҳисоблаш тўхтатилишини назарда тутувчи ўзгартиришлар киритилмоқда.

Шунингдек "Нобанк кредит ташкилотлари ва микромолиялаштириш фаолияти тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига микроқарзнинг энг юқори миқдори эллик миллион сўмдан юз миллион сўмгача оширилишини назарда тутувчи ўзгартириш киритилмоқда.

Ушбу Қонун кредит олувчилар учун қўшимча қулайликлар яратишга ва аҳолининг микромолиявий хизматлардан фойдаланиш имкониятларини янада кенгайтиришга хизмат қилади.


1-модда. Ўзбекистон Республикасининг 1995 йил 21 декабрда қабул қилинган 163-I-сонли ва 1996 йил 29 августда қабул қилинган 256-I-сонли қонунлари билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик кодексига (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 1996 йил, 2-сонга илова, N 11-12; 1997 йил, N 2, 56-модда, N 9, 241-модда; 1998 йил, N 5-6, 102-модда; 1999 йил, N 1, 20-модда, N 9, 229-модда; 2001 йил, N 1-2, 23-модда, N 9-10, 182-модда; 2002 йил, N 1, 20-модда, N 9, 165-модда; 2003 йил, N 1, 8-модда, N 5, 67-модда; 2004 йил, N 1-2, 18-модда, N 5, 90-модда, N 9, 171-модда; Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2006 йил, N 4, 154-модда, N 9, 494, 498-моддалар; 2007 йил, N 1, 3, 5-моддалар, N 4, 156, 164-моддалар, N 8, 367-модда, N 9, 416-модда, N 12, 598, 608-моддалар; 2008 йил, N 4, 192-модда, N 12, 640-модда; 2009 йил, N 9, 337-модда; 2010 йил, N 9, 335, 337, 340-моддалар; 2011 йил, N 12/2, 363, 364, 365-моддалар; 2012 йил, N 4, 106, 109-моддалар, N 12, 336-модда; 2013 йил, N 10, 263-модда; 2014 йил, N 5, 130-модда, N 12, 343-модда; 2015 йил, N 8, 310, 312-моддалар; 2016 йил, N 4, 125-модда; 2017 йил, N 4, 137-модда, N 9, 510-модда, N 12, 773-модда; 2018 йил, N 1, 4-модда, N 4, 224-модда, N 7, 433-модда, N 10, 673-модда; 2019 йил, N 3, 161, 166-моддалар, N 5, 267-модда, N 10, 671-модда, N 12, 880, 886-моддалар; 2020 йил, N 1, 3, 4-моддалар, N 10, 593-модда; 2021 йил, 4-сонга илова, N 8, 801-модда, N 10, 968-модда; 2022 йил, N 2, 79-модда, N 3, 217, 218-моддалар, N 4, 340-модда, N 5, 464-модда, N 6, 570, 577-моддалар, N 11, 1061, 1062-моддалар; 2023 йил, N 10, 795-модда, N 11, 921-модда) қуйидаги ўзгартириш ва қўшимча киритилсин:


1) 248-модданинг матни қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"Амалга оширилган тўлов суммаси пул мажбуриятини батамом бажариш учун етарли бўлмаганда, бошқа келишув бўлмаса, у энг аввало, кредиторнинг ижрони олишга қаратилган чиқимларини, сўнгра фоизларни, унинг қолган қисми эса - қарзнинг асосий суммасини узади, бундан ушбу модданинг иккинчи қисмида назарда тутилган ҳоллар мустасно.

Агар амалга оширилган тўлов суммаси қарз олувчи жисмоний шахсга ёки қарз олувчи тадбиркорлик субъектига ажратилган микроқарз ёки кредит бўйича мажбуриятларни бажариш учун етарли бўлмаса, қарз олувчининг қарзи қуйидаги навбатда қопланади:

1) асосий қарз бўйича муддати ўтган қарздорлик ва муддати ўтган фоиз тўловлари мутаносиб равишда;

2) жорий давр учун ҳисобланган фоизлар ва жорий давр учун асосий қарз бўйича қарздорлик;

3) неустойка (жарима, пеня);

4) кредиторнинг қарздорликни узиш билан боғлиқ бўлган бошқа харажатлари";


2) 744-модда:

қуйидаги мазмундаги учинчи қисм билан тўлдирилсин:

"Кредит бўйича қарздорликни ундириш тўғрисида суднинг ҳал қилув қарори чиқарилганда суд қарорида кўрсатилган, кредит бўйича ундириладиган суммага нисбатан ушбу Кодекснинг 327-моддаси биринчи ва иккинчи қисмларида ҳамда 734-моддаси биринчи қисмида назарда тутилган фоизлар, шунингдек неустойка ҳисобланиши тўхтатилади";

учинчи қисми тўртинчи қисм деб ҳисоблансин.


2-модда. Ўзбекистон Республикасининг 2022 йил 20 апрелда қабул қилинган "Нобанк кредит ташкилотлари ва микромолиялаштириш фаолияти тўғрисида"ги ЎРҚ-765-сонли Қонуни (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2022 йил, N 4, 340-модда) 5-моддаси биринчи қисмининг иккинчи хатбошисидаги "эллик миллион сўмдан ошмайдиган" деган сўзлар "юз миллион сўмдан ошмайдиган" деган сўзлар билан алмаштирилсин.


3-модда. Ўзбекистон Республикаси Марказий банки ва бошқа манфаатдор ташкилотлар ушбу Қонуннинг ижросини, ижрочиларга етказилишини ҳамда моҳияти ва аҳамияти аҳоли ўртасида тушунтирилишини таъминласин.


4-модда. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:

ҳукумат қарорларини ушбу Қонунга мувофиқлаштирсин;

республика ижро этувчи ҳокимият органлари ушбу Қонунга зид бўлган ўз норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини қайта кўриб чиқишлари ва бекор қилишларини таъминласин.


5-модда. Ушбу Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.

Ушбу Қонун 1-моддасининг қоидалари 2024 йил 1 январдан эътиборан юзага келган муносабатларга нисбатан ҳам татбиқ этилади. Бунда ушбу Қонун 1-моддасининг 1-банди қарз олувчининг микроқарз ёки кредит бўйича мазкур модда амалга киритилгунига қадар юзага келган, бажарилмаган пул мажбуриятларига нисбатан қўлланилади.



Ўзбекистон Республикасининг Президенти                                 Ш. Мирзиёев

         

        

Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2024 йил 28 февраль


"Халқ сўзи", 2024 йил 28 февраль