2023 йил 1 декабрдан бошлаб иш ҳақи ва пенсиялар оширилади

preview

17 ноябрь куни Президент ПФ-196-сон Фармонни имзолади, унга кўра иш ҳақи, пенсиялар ва ижтимоий нафақалар 2023 йил 1 декабрдан 7%га оширилади.

 

2023 йил 1 декабрдан бошлаб қуйидаги миқдорлар белгиланади (ойига):

  • меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдори  (МҲТЭКМ) – 1 млн 50 минг сўм (ҳозир – 980 минг сўм);
  • базавий ҳисоблаш миқдори (БҲМ) – 340 минг сўм (ҳозир – 330 минг сўм);
  • пенсия ҳисоблашнинг базавий миқдори (ПҲБМ) – 372 минг сўм (ҳозир – 347 минг сўм),
  • ёшга доир энг кам пенсия миқдори – 725 минг сўм (ҳозир – 677 минг сўм);
  • ногиронлик пенсиясининг энг кам миқдори, шу жумладан иш стажи тўлиқ бўлмаган чоғдаги ногиронлик пенсияси – 800 минг сўм (ҳозир – 747 минг сўм);
  • меҳнатга лаёқатсиз фуқароларга тўланадиган ногиронлик нафақаси ва болаликдан ногиронлиги бўлган шахсларга бериладиган нафақа – 800 000 сўм (ҳозир – 747 минг сўм); 
  • 1941-1945 йиллардаги уруш оқибатида ногирон бўлган шахслар ва унинг қатнашчилари, шунингдек фашистлар концлагерларининг вояга етмаган собиқ маҳбуслари ва Ленинград шаҳри қамал қилинган даврда ишлаган шахсларнинг энг кам пенсия миқдори устамаларни инобатга олган ҳолда – ойига 3, 527 млн сўм ( ҳозир – 3,296 млн сўм);
  • белгиланган ёшга доир энг кам пенсия миқдоридан пенсия олувчиларнинг ёшга доир пенсиялари миқдори – 800 000 сўм (ҳозир – 747 000 сўм); 
  • зарур иш стажига эга бўлмаган кекса ёшдаги фуқароларга бериладиган нафақа миқдори – 608 минг сўм (ҳозир – 535 минг сўм); 
  • иш стажи тўлиқ бўлмаган чоғдаги ёшга доир пенсиянинг энг кам миқдори қўшимча тўловни ҳисобга олган ҳолда – 608 минг сўм (ҳозир – 535 минг сўм); 
  • ўзгалар парваришига муҳтож ногиронлиги бўлган 18 ёшгача болаларнинг парвариши билан банд бўлган боланинг қонуний вакилига бериладиган нафақа миқдори – 608 минг сўм (ҳозир – 535 минг сўм); 
  • боқувчисини йўқотганлик нафақаси олувчиларнинг бир нафар меҳнатга қобилиятсиз оила аъзоси учун нафақа миқдори – 608 минг сўм (ҳозир – 535 минг сўм), кейинги ҳар бир меҳнатга қобилиятсиз оила аъзоси учун – 212 минг сўмдан қўшилади (ҳозир – 198 минг сўм); 
  • боқувчисини йўқотганлик пенсияси олувчиларнинг бир нафар меҳнатга қобилиятсиз оила аъзоси учун пенсиянинг энг кам миқдори – 608 минг  сўм (ҳозир – 535 минг сўм), кейинги ҳар бир меҳнатга қобилиятсиз оила аъзоси учун амалдаги тартибга мувофиқ пенсия тўланади.