Сайёр хусусиятдаги ва вахта усулидаги иш учун устамаларни бир вақтнинг ўзида тўлаш мумкинми

preview

Иш берувчи, агар бу корхонада белгиланган бўлса, сайёр хусусиятга эга шароитлардаги иш учун ва бир вақтнинг ўзида вахта усули учун устама тўлаши мумкинми? Саволга эксперт ва  «Норма» кадрлар хизмати раҳбари Валерия  ЛЯНДРЕС жавоб берди:

 

– Сайёр ва кўчиб юриш хусусиятига эга ишда,  шунингдек, дала шароитларида ёки вахта усулида ишлаганда компенсация тўловлари турли асосларда белгиланади ва ҳисоблаб чиқилади .

Вахта усулидаги иш учун устама оладиган ходимларга ишнинг кўчиб юриш хусусияти учун устамалар тўланмайди .

Эслатиб ўтамиз
  • Сайёр хусусиятга эга шароитлардаги ишлар учун устаманинг қуйидаги минимал миқдорлари белгиланган:

– ташкилот жойлашган жойдан иш жойига (объектга) етиб бориш ва орқага қайтиш учун сафар вақти кун давомида уч соатдан кам бўлмаганда – қонунчиликда белгиланган суткалик ставканинг саксон фоизигача ва саксон фоизи миқдорида, уч соатдан кам бўлган ҳолларда эса қирқ фоизигача ва қирқ фоизи миқдорида;

– ишларни йўлда бажариш билан боғлиқ кўчиб юришлар чоғида – йўлда ўтган ҳар бир кун учун ойлик тариф ставкасининг (маошнинг) бир ярим фоизи, йўловчи поездларига, почта-багаж поездларига, йўловчи поездлари ва почта вагонларининг ресторан вагонларида (кафе-буфетларда) хизмат кўрсатувчи ходимларга эса уч фоизи миқдорида;

–  агар ходимлар бир ойда ўн икки ва ундан ортиқ кун сафарда бўлса, – қонунчиликда белгиланган суткалик норманинг йигирма фоизигача, агар бир ойда ўн икки кундан кам сафарда бўлса, – сайёр хусусиятга эга шароитлардаги ишнинг бир суткаси учун ойлик тариф ставкасининг (маошнинг) ўн беш фоизгача миқдорда.

  • Вахта усулидаги иш учун ойлик меҳнатга ҳақ тўлаш энг кам миқдорининг эллик фоизидан кам бўлмаган миқдорда устама белгиланади. 

Жамоа шартномаси ёки касаба уюшмаси қўмитаси билан келишилган ички ҳужжат ёхуд ходим ва иш берувчи ўртасидаги келишув билан вахта усулидаги иш учун назарда тутилганидан кўпроқ миқдорда компенсациялар белгиланиши мумкин. Бунда МҲТЭКМнинг 50%дан ортиқ бўлган тўловларга солиқ тўғрисидаги қонунчиликка мувофиқ солиқ солиниши лозим.