Пригодится каждому кадровику в сентябре:
Кийиниш қоидаларига (дресс-кодга) риоя этилмаганда ишдан бўшатиш мумкинми?
«Компания ходимаси ишга лозим даражада кийиниб келмайди, бу ҳолат мунтазам давом этмоқда. Кийиниш одобини бузганлиги учун унга қандай чораларни қўллашимиз мумкин? Раҳбар уни ишдан бўшатишни талаб қиляпти».
Меҳнат тўғрисидаги қонун ҳужжатлари нуқтаи назаридан ушбу муаммони ҳал этишнинг бундай вариантини қўллаш мумкинми, бу ҳақда buxgalter.uz илтимосига биноан «Норма» компанияси эксперти Ленара ХИКМАТОВА сўзлаб берди:
– Бунда ҳаммаси ташкилотингизда ходимларнинг ташқи кўринишига нисбатан талаблар белгиланганлигига боғлиқ бўлади. Яъни, аввало, компания ҳужжатларида кийиниш қоидаларини тўғри белгилаш лозим. Бунинг учун кийиниш қоидаларига риоя этиши мажбурий бўлган ходимлар рўйхатини тузинг (масалан, доимий равишда мижозлар билан муомалада бўладиган ходимларни танлаб олинг). Локал ҳужжатларда бундай талабларни аниқ-равшан белгиланг.
Ходим билан тузилган меҳнат шартномасига, жамоа шартномасига, ички меҳнат тартиби қоидаларига (ИМТҚ) кийиниш қоидалари тўғрисидаги низом ҳамда унга риоя этилиши лозимлиги киритилади. Йирик компаниялар алоҳида локал ҳужжатни – Ходимларнинг ташқи кўриниши тўғрисидаги низом, Корпоратив кодекс, Ахлоҳ-одоб қоидаларини ишлаб чиқиши мақсадга мувофиқ бўлади. Ҳужжат иш берувчи томонидан тасдиқланади, ва имконият даражасида ходимларнинг вакиллик органлари (улар мавжуд бўлган тақдирда) билан келишилади.
МКнинг 176-моддасида айтилишича, ходим ўз меҳнат вазифаларини ҳалол, виждонан бажариши, меҳнат интизомига риоя қилиши, иш берувчининг қонуний фармойишларини ўз вақтида ва аниқ бажариши, технология интизомига, меҳнат муҳофазаси, техника хавфсизлиги ва ишлаб чиқариш санитарияси талабларига риоя қилиши, иш берувчининг мол-мулкини авайлаб-асраши шарт. Ходимнинг меҳнат вазифалари ички тартиб қоидаларида, интизом тўғрисидаги устав ва низомларда, корхонада қабул қилинадиган локал ҳужжатларда (жамоа шартномаларида, йўриқномалар ва ҳоказоларда), меҳнат шартномасида аниқ белгилаб қўйилади. МКнинг 178-моддасида эса ҳар бир ходим ўзига юклатиладиган меҳнат вазифалари доираси билан олдиндан таништирилиши лозимлиги белгиланган. Шу боис, агар компанияда кийиниш қоидаларини қўллаш тўғрисида тасдиқланган ҳужжат мавжуд ва ходимлар ушбу ҳужжат билан таништирилган бўлса, унга мажбурий тартибда риоя этилиши шарт. Шунингдек ходим билан тузилган меҳнат шартномасида қайд этилган ташқи кўриниш қоидаларига риоя этилиши тўғрисидаги шартни бажариш ҳам мажбурий ҳисобланади.
Тегишли равишда, ходимга меҳнат интизомини бузганлиги, айниқса белгиланган кийиниш қоидаларига (дресс-код) риоя этмаганлиги учун иш берувчи қуйидаги интизомий жазо чораларини қўллашга ҳақли: ҳайфсан, жарима, меҳнат шартномасини бекор қилиш . Интизомий жазо чораларининг қўлланилиши МКнинг 182-моддаси қоидаларига биноан расмийлаштирилади.
Раҳбар ходимни ишдан бўшатишни талаб қилганда, буни тартиб-таомилларга тўғри риоя этган ҳолда амалга ошириш лозим.
МКнинг 100-моддаси 2-қисми 3 ва 4-бандларидан келиб чиққан ҳолда, тегишинча ходимнинг ўз меҳнат вазифаларини бир марта қўпол равишда бузганлиги ҳамда мунтазам равишда бузганлиги учун у билан тузилган меҳнат шартномасини бекор қилиш мумкин.
МКнинг 100-моддаси 2-қисми 3-банди бўйича (меҳнат вазифаларини мунтазам равишда бузганлик учун) ходимни сўндирилмаган ёки ҳали олиб ташланмаган интизомий ундирувлари мавжуд бўла туриб кийиниш одобига риоя этмаганлиги учун ишдан бўшатиш мумкин. Яъни кийиниш одобини бузганлиги учун интизомий жазога тортилган кундан эътиборан бир йил давомида худди шундай ҳолат такрорланган тақдирда ходим ишдан бўшатилади.
Масалан, ўтган ойда ходимага нисбатан биринчи марта интизомий жазо қўлланилган, кийиниш қоидаларини бузганлиги учун жаримага тортилган. Бир ой ўтгач у яна кийиниш қоидаларини бузиб, ташқи кўриниши кийиниш қоидалари талабларига мувофиқ бўлмаган ҳолатда ишга келган. Бу билан у ўз меҳнат мажбуриятларини мунтазам равишда бузган ҳисобланади ва оқибатда МКнинг 100-моддаси 2-қисми 3-бандига кўра ишдан бўшатилиши мумкин.
МКнинг 100-моддаси 2-қисми 4-банди бўйича (меҳнат вазифаларини бир марта қўпол равишда бузганлиги учун) ходимни фақат қуйидаги шартларга риоя этилган ҳолатларда ишдан бўшатишингиз мумкин:
- компаниянгизда тасдиқланган ва ходимларнинг вакиллик органи томонидан келишилган ИМТҚ мавжуд бўлса;
- ИМТҚда кийиниш қоидаларига риоя этмаслик меҳнат мажбуриятларини бир марта қўпол равишда бузиш ҳолатлари рўйхатида келтирилган ва бунинг оқибатида меҳнат шартномаси бекор қилиниши мумкинлиги кўрсатилган бўлса.
Ушбу асосларга кўра ишдан бўшатиладиган ходим бу ҳақда 3 кун олдин огоҳлантирилиши ёки унга мутаносиб равишда пуллик компенсация тўланиши лозим . Бундан ташқари меҳнат шартномасини бекор қилишда, агар жамоа келишуви ёки жамоа шартномасида ходимлар вакиллик органининг олдиндан розилигини олиш назарда тутилган бўлса, бу ҳолатни улар билан келишиб олиш лозим .
Юқорида айтиб ўтилган ишдан бўшатиш ҳолатларини қўллашнинг имкони бўлмаса (масалан, компанияда ИМТҚ мавжуд бўлмаса; биринчи марта қоидабузарлик учун оғзаки огоҳлантириш берилган – интизомий жазо буйруқ билан расмийлаштирилмаган бўлса ва ҳ.к.) ходимни жаримага тортиш ёки унга ҳайфсан эълон қилиш мумкин.