ВАЗИЯТ: Мукофот пули берилди, аммо ҳаммага эмас.

06.01.2022

Ишнинг чорак якунлари бўйича айрим ходимлар мукофотланди. Меҳнатга ҳақ тўлашнинг Ички низомига кўра ҳар чоракда иш натижасига қараб мукофот берилади. Бошқа мезонлар кўрсатилмаган. Мукофот олмаган ходимлар ҳуқуқлари бузилганини айтиб, шикоят қилишмоқчи.

Мазкур вазиятда иш берувчи муаммони қандай бартараф этиши мумкин?

 

Локал ҳужжатларда мезонларни белгиланг

Иш берувчи учун мукофотлар тўлаш  меҳнат фаолиятининг айрим натижалари эвазига қўшимча рағбатлантиришнинг мажбурий шакли ҳисобланмайди. Рағбатлантириш турлари, уларни қўлланиш тартиби, афзаллик ва имтиёзлар бериш жамоа шартномалари, ички меҳнат тартиби қоидалари ва бошқа локал ҳужжатларда, жамоа келишувларида, интизом тўғрисидаги устав ва низомларда белгилаб қўйилади . Лекин келтирилган  ҳужжатларнинг бирида бу назарда тутилган бўлса,  иш берувчи ўзбошимчалик билан тўловни рад қилишга ҳақли  эмас. Бунинг учун тегишли асослар бўлиши керак.  

Низоли вазиятларнинг олдини олиш учун меҳнат шартномалари ёки маҳаллий ҳужжатларда мукофотни тўлаш шартларини (мезонларини) белгиланг. Ходимларни рағбатлантириш бўйича қарор қабул қилишда улардан фойдаланинг. Шу билан бирга якунига етмаган (ҳисобдан олинмаган) интизомий жазо мавжудлигини эътиборга олинг.

Агар иш берувчи мукофот тўлаш тўғрисида қарор қабул қилаётганда меҳнат шартномалари ва локал ҳужжатларга таянса, унинг ҳаракатлари ноқонуний деб ҳисобланмайди.

Буйруқ (фармойиш)ни расмийлаштираётганда муайян ходимларга мукофот  бериш ва/ёки муайян ходимларни улардан маҳрум қилишнинг аниқ сабабларни кўрсатинг.

 

Ходим қаерга шикоят қилиши мумкин

Мукофот бериш ҳақидаги буйруққа (фармойишга) киритилмаган ходим вазиятга ойдинлик киритиш учун ташкилот раҳбари ёки бошқа ваколатли шахсга мурожаат қилиши мумкин.

Агар ходим тушунтиришдан  қаноатланмаса, қуйидагиларга ёзма шикоят билан мурожаат қилишга ҳақли:

  • касаба уюшмаси қўмитаси  ёки корхонада фаолият кўрсатаётган ходимларнинг бошқа вакиллик органига;
  • Давлат меҳнат инспекциясига;
  • прокуратурага.
Эътибор беринг
Мурожаат юзасидан давлат органлари иш берувчидан мукофот қайси асосда берилганини кўрсатувчи ҳужжатларни тақдим этишни талаб қилишга ҳақли. Шунинг учун меҳнат шартномалари, жамоа шартномаси ёки бошқа маҳаллий ҳужжатларда мукофот бериш тартибини қанчалик аниқ кўрсатсангиз, муаммоларни бартараф этиш шунчалик осонлашади.

 

Чтобы получать новости от Kadrovik.uz первыми, подписывайтесь на Telegram-канал