Пригодится каждому кадровику в сентябре:
Пенсионерни қачон ишдан бўшатиш мумкин
“Ходима 55 ёшга тўлди. Иш берувчи у пенсия ёшига етгани муносабати билан Меҳнат кодексининг 100-модда 2-қисм 7-бандига асосан меҳнат шартномасини бекор қилмоқчи. Аммо, мен аёлларни бу асосда ишдан бўшатиш мумкин эмаслиги ҳақида эшитгандим. Бу тўғрими?”
Саволга “Норма” эксперти, ҳуқуқшунос Ленара Хикматова жавоб берди:
- Қисман ҳақсиз.
Агар ходим ёшга доир пенсияни олишга ҳақли бўлса, умумий қоидага кўра иш берувчи у билан Меҳнат кодексининг 100-модда 2-қисм 7-бандига асосан меҳнат шартномасини бекор қилишга ҳақли. Яъни, ходимни бу асосда қуйидаги ҳолатларда ишдан бўшатиш мумкин:
- маълум ёшга етгандан кейин;
- пенсия тайинлаш учун етарли иш стажи бўлганда.
Шунингдек, умумий қоидага кўра Меҳнат кодексининг 289-моддасига мувофиқ ёшга доир пенсия қуйидагиларга белгиланади:
- Эркакларга – 60 ёшга тўлганда, умумий иш стажи 25 йил бўлганда;
- Аёлларга – 55 ёшга тўлганда, умумий иш стажи 20 йил бўлганда.
Аммо, 2019 йилнинг 1 майидан 07.03.2019 йилдаги ПФ-4235 сонли Президент Фармонига кўра иш берувчининг ташаббуси билан Меҳнат кодексининг 100-модда 2-қисм 7-банди бўйича аёлларни ишдан бўшатиш улар 60 ёшга тўлгунга қадар тақиқланади.
Яъни, ходим 60 ёшга тўлмагунча у билан тузилган муддатли меҳнат шартномасини, шунингдек номуайян вақтга тузилган меҳнат шартномасини Меҳнат кодексининг 100-моддаси 2-қисми 7-банди бўйича бекор қилиш мумкин эмас.
Меҳнат кодексининг 100-моддасида санаб ўтилган бошқа асослар иш берувчининг ташаббуси билан ишдан бўшатишга тааллуқли эмас. Масалан, агар ходим меҳнат интизомини бузса, у билан меҳнат шартномасини Меҳнат кодексининг 100-модда 2-қисм 3 ёки 4-банди бўйича бекор қилиш мумкин.