Ходимнинг имкони бўлмаганда, унинг ўрнига ариза ёзиш

preview

«Ходимнинг иккала қўли синиб қолди, гипс қўйилди. У ўз хоҳишига кўра ишдан бўшамоқчи. Кадрлар бўлими ходими унинг ўрнига ишдан бўшаш тўғрисидаги аризани ходимнинг ҳозирлигида ёзиши мумкинми?».

Саволга «Норма» компанияси эксперти Ленара ХИКМАТОВА жавоб берди:


– Амалдаги Меҳнат кодексида ушбу масалани ҳал этиш тартиби белгиланмаган. Унда ходим жисмоний ҳолати туфайли ариза ёза олмайдиган ҳолатларда ишдан бўшашга аризани имзолашнинг алоҳида тартиби кўрсатилмаган.

Амалиётда бундай аризалар иш берувчи томонидан расмийлаштирилади. Масалан, кадрлар бўлими ходими бошқа гувоҳлар ва ходимнинг ҳозирлигида унинг сўзи билан аризани ёзиши мумкин. Бироқ бу кейинчалик меҳнатга оид низоларни келтириб чиқариши мумкин бўлса-да, шундай йўл тутилади.

Шу боисдан иш берувчиларга қуйидаги тарзда ҳаракат қилишни тавсия қиламиз. Ходимга меҳнат шартномасини ўз хоҳишига кўра бекор қилиш тўғрисидаги аризани нотариус ҳузурида расмийлаштириш лозимлигини тушунтириш керак, шунда нотариус мазкур ҳолатни ариза матнида тасдиқлаши мумкин бўлади.

Ходим ўз хоҳишига кўра ишдан бўшамоқчи бўлса-ю, лекин айрим сабабларга кўра, масалан, қўли синганлиги туфайли аризани ўзи ёза олмаса ва/ёки имзолай олмаса, буни унинг ўрнига вояга етган лаёқатли бошқа фуқаро амалга ошириши мумкин. Бироқ мазкур ҳолатда ариза нотариус ҳузурида имзоланади.

Эътибор беринг
Нотариуслар томонидан нотариал ҳаракатларни амалга ошириш тартиби тўғрисидаги йўриқномага мувофиқ, агар фуқаро жисмоний нуқсони, касаллиги, саводсизлиги туфайли ёки қандайдир бошқа сабабларга кўра битим, ариза ёки бошқа ҳужжатни ўз қўли билан имзолай олмаса, бундай ҳужжатларни унинг топшириғига кўра унинг ўзи ва нотариус ҳозирлигида бошқа фуқаро имзолаши мумкин. Бунда ҳужжатнинг матнида ва тасдиқловчи ёзувда фуқаро ўз қўли билан ҳужжатни имзолай олмаганлиги сабаблари қайд этилиши лозим. Бундай ҳолатларда нотариал ҳаракатларни амалга оширишда аудио- ва видеоёзув воситаларидан фойдаланилади.

Шунингдек аризага ходимнинг ўзи ариза ёза олмайдиган ва/ёки имзолай олмайдиган даражада жароҳатланганлигини тасдиқловчи тиббий ҳужжатни ҳам илова қилиш мақсадга мувофиқ бўлади.