Пригодится каждому кадровику в сентябре:
Синов муддати давомида иш ҳақини камроқ тўлаш мумкинми
«Компания ёш ходимни ишга олишни ва унга синов муддати белгилашни режалаштирмоқда. Ушбу даврда унга штат жадвалида кўрсатилганидан камроқ пул тўлаш мумкинми? Уни my.mehnat.uz сайтида рўйхатдан ўтказиш ва қоғоз меҳнат дафтарчасига ёзув киритиш шартми?».
Саволга «Нормa» эксперти, ҳуқуқшунос Ленара ХИКМАТОВА жавоб берди:
– Дастлабки синов шарти билан ишга олинган ходимларга камситувчи меҳнат шартларини белгилаш мумкин эмас. Жумладан:
- уларга иш ҳақи тўламаслик;
- камайтирилган иш ҳақи белгилаш;
- иш соатларини узайтириш;
- керакли асбоб-ускуналар, ҳимоя воситалари билан таъминламаслик ва б.
Меҳнат кодексининг 86-моддасига кўра, дастлабки синов даврида ходимларга меҳнат тўғрисидаги қонунчилик ва корхонада ўрнатилган меҳнат шартлари тўлиқ татбиқ этилади.
Акс ҳолда иш берувчининг мансабдор шахси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 49-моддаси бўйича маъмурий жавобгарликка тортилиши мумкин.
«Янги ходим» учун синов муддати белгилашга ҳаққингиз бор-йўқлигини текширинг.
Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларининг ҳамда олий таълим ўқув юртларининг тегишли таълим муассасасини тамомлаган кундан эътиборан уч йил ичида биринчи бор ишга кираётган битирувчилари ишга қабул қилинганда дастлабки синов белгиланмайди .
ЯММТ
Янги ходимнинг меҳнат шартномаси ЯММТ – my.mehnat.uz сайтида рўйхатдан ўтказилиши керак.
Меҳнат кодексининг 81-моддасига кўра, иш берувчи беш кундан ортиқ ишлаган барча ходимларга меҳнат дафтарчасини тутиши шарт (шу жумладан – дастлабки синов шарти билан қабул қилинганларга ҳам).
Меҳнат дафтарчасига ишга қабул қилиш, бошқа доимий ишга ўтказиш ва меҳнат шартномасини бекор қилиш тўғрисидаги маълумотлар ёзилади.
Меҳнат фаолиятини 01.01.2020 йилдан кейин бошлаган шахсларда қоғоз меҳнат дафтарчаси бўлмаслиги мумкин, чунки бу санадан кейин маҳаллий меҳнат органлари ушбу ҳужжатнинг қоғоз шаклларини беришни тўхтатдилар.
Худди шу сабабга кўра, сиз биринчи бор ишга кираётганлар учун ҳам қоғоз меҳнат дафтарчасини юргиза олмайсиз.
Тегишинча, бундай ходимларнинг меҳнат фаолияти тўғрисидаги маълумотлар, қоида тариқасида, фақат электрон меҳнат дафтарчасида шакллантирилади.