Ўз хоҳишига кўра бўшашда иш вақтида “иш қидириш” мумкинми

preview

“Ходим ўз хоҳишига кўра ишдан бўшаш учун ариза берди. Энди эса “қачон хоҳласа, янги иш жойи қидириш учун ишга чиқмаслик ҳуқуқи”ни талаб қилмоқда. Ходим 2 ҳафталик огоҳлантириш муддати давомида иш вақтида ўзига янги иш жойи қидиришга ҳақлими?”.

Kadrovik.uz тушунтиради:

 

-  Йўқ, ходим ноҳақ.

Огоҳлантириш муддати давомида янги иш жойи қидириш учун ишга чиқмаслик ҳуқуқи иш берувчининг ташаббуси билан меҳнат шартномаси бекор қилинадиган ходимга берилади (айбли хатти-ҳаракатлар содир этганлиги муносабати билан бекор қилишдан ташқари) . Бунинг учун ҳафтада камида 1 кун ажратилади. Айнан қайси кунни ажратиш масаласи – томонлар келишувига биноан ҳал қилинади (масалан, бу жума куни бўлиши мумкин).

Мазкур ҳолда ходимнинг сўровига биноан бошқа иш қидириш учун бўш кун тақдим этиш – иш берувчининг тўғридан-тўғри мажбурияти.

МКнинг 99-моддаси бўйича ходимнинг ташаббуси билан ишдан бўшатиш билан боғлиқ вазиятда ҳам бу мумкин, бироқ фақат иш берувчи билан келишилган ҳолда.

МКнинг 99-моддаси 1-қисмига мувофиқ ходим номуайян муддатга тузилган меҳнат шартномасини ҳам, муддати тугагунга қадар муддатли меҳнат шартномасини ҳам, 2 ҳафта олдин иш берувчини ёзма равишда огоҳлантириб, бекор қилишга ҳақлидир.

Бундай огоҳлантиришнинг мақсади иш берувчига янги ходимни қидириш, ишни топширишни ташкил этиш ва ҳоказо имкониятни тақдим этиш ҳисобланади. Шу боис ўз хоҳишига кўра меҳнат шартномасини бекор қилиш тўғрисида ариза берилган кундан бошлаб барча вақт огоҳлантириш муддатига ҳисобга олинади.

 

Агар ходим ишга чиқмаса ёки иш берувчининг розилигисиз маълум вақтга чиқиб кетса

Буни “узрли сабабларсиз прогул” сифатида малакалаш мумкин. Бу ҳолда иш берувчи қонунчилик ҳужжатларида назарда тутилган тартибда ўз ташаббусига кўра ходим билан меҳнатга оид муносабатларни бекор қилишга ҳақли.

Меҳнат интизомини бузганлиги учун ходимни МКнинг 100-моддаси 2-қисмининг 3-4-бандлари бўйича ишдан бўшатиш мумкин.