Пригодится каждому кадровику в сентябре:
Давлат ҳомиладорлик ва туғиш бўйича нафақани қандай тўлайди
«Ходима декрет таътилига кетмоқда. 1 сентябрдан бошлаб ҳомиладорлик ва туғиш нафақасининг бир қисми давлат томонидан қопланади. Ушбу механизм қандай ишлайди? Пул корхонага тушиб, кейин ходимага тўланадими? Қаерга ва қандай ҳужжатларни тақдим этиш керак?».
Саволларга МВ департамент директори Гулнора МУРОДОВА жавоб берди:
– 2022 йил 1 сентябрдан бошлаб :
бюджет ташкилотларидан ташқари барча юридик шахсларда охирги 6 ой давомида узлуксиз иш стажига эга бўлган аёлларга ҳар ой учун минимал истеъмол харажатлари миқдоридан келиб чиққан ҳолда Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан ҳомиладорлик ва туғиш нафақаси тўланади;
мазкур юридик шахсларнинг ушбу ходимлар олдидаги мажбуриятлари Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан тўланган ҳомиладорлик ва туғиш нафақаси ҳажмида камайтирилади.
20.09.2022 й. 515-сонли Вазирлар Маҳкамаси қарори билан давлат ижтимоий суғуртаси доирасида ҳомиладорлик ва туғиш нафақасини тайинлаш ҳамда тўлаш тартиби тўғрисида низом тасдиқланди. Ушбу ҳужжат, хусусан, қуйидаги шартларни назарда тутади:
1) ҳомиладорлик ва туғиш нафақаси Ижтимоий суғурта жамғармаси ҳисобидан минимал истеъмол харажатларининг 4 баравари (МИХ) миқдорида тўланади. Ҳозирги вақтда МИХ 498 000 сўмни ташкил қилади. 4 МИХ – 1 992 000 сўм;
2) нафақани тайинлаш ва тўлаш тўғрисидаги қарор «Ижтимоий ҳимоя ягона реестри» ахборот тизимида автоматик равишда шакллантирилади ва қабул қилинади:
- фуқаролардан қўшимча ҳужжатлар талаб қилмасдан;
- Соғлиқни сақлаш вазирлигининг ахборот тизими орқали олинган вақтинчалик меҳнатга қобилиятсизлик варақаси асосида. Варақа ходимнинг яшаш жойидаги оилавий поликлиника (қишлоқ врачлик пункти) томонидан очилади ва ахборот тизимига киритилади;
3) нафақа иш ҳақи кўринишидаги даромадлар тўғрисидаги маълумотлар ДСҚ маълумотлар базасида акс эттирилган ва иш стажи тўғрисидаги маълумотлар «Ягона миллий меҳнат тизими» идоралараро дастурий-аппарат комплексида жойлашган аёлларга берилади (mehnat.uz);
4) нафақа бевосита аёлга унинг банк ҳисоб рақамига (пластик карточкасига) ёки яшаш жойидаги Халқ банки филиаллари орқали нақд пулда тўланади;
5) иш берувчига солиқ тўловчининг шахсий кабинети ва «Ягона миллий меҳнат тизими» ИДАК орқали нафақани тайинлаш ва тўлаш тўғрисида хабар берилади.
Иш берувчи қандай ҳаракат қилиши керак
Ходимдан вақтинчалик меҳнатга қобилиятсизлик варақасини олгач, корхона ҳомиладорлик ва туғиш нафақасини ҳисоблаб чиқади. Агар унинг миқдори:
- 4 МИХдан ортиқ бўлса – корхона ходимага фарқни ўз ҳисобидан тўлайди;
- 4 МИХга тенг ёки кам бўлса – корхона нафақа тўламайди.
Ходима Ижтимоий суғурта жамғармаси ҳисобидан ҳомиладорлик ва туғиш нафақаси учун белгиланган суммани олиши учун корхона:
1) унинг меҳнат шартномаси ва ишга жойлашиши ҳақидаги маълумотларни ўз вақтида «Ягона миллий меҳнат тизими» (mehnat.uz) ИДАКга киритиши;
2) ЖШДС ва ижтимоий солиқ бўйича меҳнатга ҳақ тўлаш кўринишидаги даромадлар ҳақидаги ҳисоботларда маълумотни тўғри акс эттириши (ҳисоб-китобга 5-илова) керак.