Масофадан туриб ишловчи ходимларни расмийлаштириш ва улар билан ишлаш тартиби (2-қисм)

preview
Эътибор беринг
Тушунтириш 2023 йил 30 апрелдан кучга кирадиган янги МК асосида тайёрланган.

Аралаш (масофадан ва оддий) иш вақти режимини ўрнатиш ёки ходимни мажбурий тарзда масофадан туриб ишлашга ўтказиш мумкинми?  Саволларга «Норма» эксперти, ҳуқуқшунос Ленара ХИКМАТОВА ва Меҳнат кодекси муаллифларидан бири, юридик фанлар номзоди  Михаил ГАСАНОВ жавоб беришди:

 

Агар масофавий иш вақтинча ўрнатилаётган бўлса, уни бажариш муддатини кўрсатиш керакми?

–  Вақтинча масофадан туриб ишлашда албатта унинг муддати кўрсатилади. Буни  қуйидагилар воситасида амалга ошириш мумкин:

  • кун, ой ва бошқа муддатларда масофадан туриб ишлашнинг умумий муддати давомийлигини кўрсатиш орқали. Масалан: «масофадан туриб ишлашнинг муддати – 3 ой»;
  • масофадан туриб ишлаш бошланадиган ва тугалланадиган календарь санани белгилаш орқали. Масалан: «масофадан туриб ишлаш режимининг бошланиши  2022 йил 1 ноябрь, охири 2023 йил 1 май);
  • юз бериши билан масофадан туриб ишлаш режими муддати тугашига олиб келадиган ҳодисани аниқлаш (аввал жорий этилган карантин чораларининг бекор қилиниши, табиий ёки техноген хусусиятга эга ҳалокатлар, ишлаб чиқариш аварияси оқибатларининг бартараф этилиши ва бошқалар).
Эътибор беринг
Вақтинча масофадан туриб ишлашга ўтишнинг энг кўп муддати 1 йилдан ошмаслиги керак.

Вақтинча масофадан туриб ишлаш муддати тугагач, иш берувчи ходим учун аввалги иш режими ва аввалги меҳнат вазифасини ( агар у ўзгарган бўлса) белгилаши  шарт.

 

Фавқулодда вазиятларда ходимларни вақтинча масофадан туриб ишлашга қандай ўтказиш керак? Буни мажбурий тарзда амалга ошириш мумкинми?

– Умумий қоидага кўра,  меҳнат шартномаси тарафларининг келишуви бўйича ходимни масофадан туриб ишлашга ўтказиш мумкин. Фақат қуйидаги ҳоллардагина ходимнинг розилигисиз вақтинча масофадан туриб ишлашга ўтишга йўл қўйилади:

  • табиий ёки техноген хусусиятга эга ҳалокатлар;
  • ишлаб чиқаришдаги авариялар, ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодиса;
  • ёнғинлар, тошқинлар, зилзилалар, эпидемиялар ёки эпизоотиялар рўй берган тақдирда;
  • аҳолининг ёхуд унинг бир қисмининг ҳаётига ёки нормал яшаш шароитларига таҳдид соладиган бошқа алоҳида ҳолларда .

Бундай ҳолларда иш берувчи камида икки ҳафта олдин ёзма равишда огоҳлантирган ҳолда ходим учун тўлиқсиз иш вақтини жорий этишга ҳақли. 

Агар бундай ҳолларда ходимни масофадан туриб ишлашга вақтинча ўтказишни амалга ошириш имкони бўлмаса (ишнинг ўзига хос хусусиятлари имкон бермаса, уни масофадан ишлаш учун зарур воситалар билан таъминлашнинг имкони бўлмаса) иш берувчи қуйидагиларга ҳақли :

1) ходимга таътиллар жадвалига мувофиқ йиллик меҳнат таътилини беришга (таътиллар жадвали бўйича ёки ундан қатъи назар, лекин ходимнинг розилиги билан);

2) ходимнинг розилиги билан унга иш ҳақини қисман сақлаб қолган ёки иш ҳақи сақланмаган ҳолда таътил беришга (28.10.2022 й. 798-сон ЎРҚ янги МК 241-м.да назарда тутилган чекловларни ҳисобга олмай туриб);

3) ходим учун тўлиқсиз иш вақтини белгилашга.

Агар иш берувчида ушбу чораларни амалга ошириш имкони бўлмаса, ходим ўз меҳнат вазифаларини бажармаётган вақт томонларга боғлиқ бўлмаган сабабларга кўра бекор туриб қолиш ҳисобланади.  Бекор туриб қолинган вақт учун тариф ставкасининг (маошининг) камида учдан икки қисми миқдорида ҳақ тўланади .  Агар бу жамоа келишувлари, жамоа шартномаси ёки ички ҳужжатларда назарда тутилган бўлса, тўлов кўпроқ бўлиши мумкин.

Эътибор беринг

Санаб ўтилган фавқулодда ҳолатларда вақтинча масофадан туриб ишлашга ўтиш ёки ўтказиш учун устувор ҳуқуқ бериладиган ходимларнинг тоифалари қуйидагилардан иборат :

  • ҳомиладор аёллар;
  • ўн тўрт ёшгача бўлган болаларнинг ота-оналари (васийлари);
  • ногиронлиги бўлган шахслар;
  • ёшга доир пенсионерлар;
  • ногиронлиги бўлган шахсларни ёки оиланинг ўзгалар парваришига муҳтож бўлган бемор аъзоларини парваришлаётган ходимлар;
  • жамоа келишувларида, жамоа шартномасида, ички ҳужжатда, меҳнат шартномасида назарда тутилган ходимларнинг бошқа тоифалари.

 

Масофадан туриб ишлашнинг аралаш  режимини ўрнатиш мумкинми?

– Ҳа, мумкин. Аралаш режим стационар иш жойида ишлашни ва масофадан туриб ишлашни ўз ичига олади. Иш режими муддатлари ҳамда навбат алмашиниш тартиби тарафларнинг келишувига биноан аниқланади .

 


Ишга қабул қилиш Ишга қабул қилиш Ишга қабул қилиш /publish/doc/text186046_masofadan_turib_ishlovchi_hodimlarni_rasmiylashtirish_va_ular_bilan_ishlash_tartibi_2-qism