Моддий жавобгарлик тўғрисидаги шартномани тузишда йўл қўйиб бўлмайдиган 9 та хато

preview

Ходим моддий қимматликлар билан муомала қилади, иш берувчи эса йўқотиш ёки ўғирликдан суғурталаниш мақсадида у билан моддий жавобгарлик тўғрисида шартнома тузмоқчи. Қандай шартлар ушбу ҳужжатни ноқонуний қилади? Йўқотишлар бўлмаслиги учун бундай шартномани тузишда нималар ҳақида билиш керак?

«Norma» илтимосига кўра моддий жавобгарлик тўғрисида шартнома тузишда йўл қўйилиши мумкин бўлган хатолар ҳақида солиқ маслаҳатчиси Феруза Султонова гапириб берди:

 

1-хато. Шартнома бошқа ходим билан имзоланган ёки у умуман тузилмаган.

Сиз ходимдан тўлиқ моддий жавобгарлик доирасида етказилган зарарни ундира олмайсиз, агар:

  • у билан тўлиқ моддий жавобгарлик тўғрисида ёзма шартнома (ТМЖШ) тузмаган бўлсангиз;
  • уни пул ёки товар қимматликлари билан муомала қилиш ўз хизмат вазифасига кирмайдиган ходим билан тузган бўлсангиз;
  • ходим 18 ёшга тўлмаган бўлса;
  • ходимнинг лавозими улар билан ТМЖШ мажбурий тартибда тузилиши керак бўлган корхонада тасдиқланган лавозимлар тоифалари рўйхатига кирмайди.

Ушбу ҳолатларда тўлиқ моддий жавобгарлик ходимга фақат амалдаги Меҳнат кодексининг 203 ва 202-модда 1-қисм 2–7-бандларида назарда тутилган асослар мавжуд бўлганда юкланиши мумкин (янги МК 341-м. ва 342-м. 1–8-б.б.).

 

2-хато. Меҳнат қонунчилиги нормалари позициясидан «зарар» тушунчаси нотўғри талқин қилинди ва ходимдан янглишиб жарима ундирилди.

Муайян ходимлар томонидан зарарни қоплаш тўғрисида қарор қабул қилиш учун иш берувчи текшириш ўтказиши – етказилган зарар миқдорини, унинг сабаблари ва айбдор шахсларни аниқлаши шарт. Бунинг учун у комиссия тузиш ҳуқуқига эга .

Ходимдан албатта ёзма тушунтириш талаб қилинг, уни тақдим этишдан бош тортса – буни гувоҳлар иштирокида далолатнома билан расмийлаштиринг. Ходимнинг тушунтириш беришдан бош тортиши уни иш берувчига етказган зарари учун моддий жавобгарликка тортишга тўсқинлик қилмайди. Ходим текширишнинг барча материаллари билан танишиш ҳуқуқига эга.

Иш берувчига етказилган зарар миқдори бухгалтерия ҳисоби маълумотлари асосидаги ҳақиқий йўқотишлар бўйича белгиланади. Иш берувчининг асосий воситаларга тааллуқли бўлган мол-мулкига етказилган зарар миқдори белгиланган нормаларга кўра эскириш чегириб ташланган, моддий қимматликларнинг баланс қийматидан (таннархидан) келиб чиққан ҳолда ҳисоблаб чиқарилади .

Иш берувчининг асосий фондларга (воситаларга) тааллуқли мол-мулки ўғирланган, камомад бўлган, қасддан йўқ қилинган ёки қасддан бузилган тақдирда зарарнинг миқдори зарар аниқланган кунда ушбу ҳудудда амалда бўлган бозор нархлари бўйича ҳисоблаб чиқарилади .

 

3-хато. Зарарнинг сабаблари ва ушбу сабабларнинг ходим билан бевосита алоқаси аниқланмаган.

Иш берувчи ёдда тутиши керак: ходимнинг хатти-ҳаракати ва содир бўлган зарар ўртасидаги сабабий боғлиқликни исботлаш ва ҳужжатлаштириш муҳимдир.

Мисол келтирамиз: якка тартибдаги тадбиркор тўлиқ индивидуал моддий жавобгарлик тўғрисидаги шартнома шартлари бўйича иккита сотувчини ишга олди. Бироз вақт ўтгач, инвентаризация пайтида 3 млн сўмдан ортиқ  камомад аниқланди. Иккала сотувчи ҳам айбни тан олишдан ва етишмаётган суммани сўндиришдан бош тортишди, иш берувчи судга мурожаат қилди.

Биринчи инстанция суди жавобгарларнинг хатти-ҳаракатлари ва етказилган зарар ўртасида сабабий боғлиқлик борлиги тўғрисида етарли ва ишончли далиллар йўқлигини тан олиб, ходимларни қўллаб-қувватлади. Далилларни текшириш пайтида дўкон қўриқлаш сигнализацияси билан жиҳозланмаганлиги аниқланди; қўриқчилар ва қоровуллар йўқ; товар-моддий қимматликлар кўзга кўринадиган очиқ жойда;  сотувчилардан ташқари тадбиркорнинг оила аъзолари пул маблағлари ва товарларни олиш имконига эга эди.

Эътибор беринг

Ходимнинг моддий жавобгарлиги бошланишининг муҳим шарти унинг ҳаракати (ҳаракатсизлиги) ва юзага келган оқибатлар (зарар) ўртасидаги тўғридан-тўғри сабабий алоқадир. Ушбу алоқа тўғридан-тўғри ва ишончли бўлиши керак.

Ходимнинг моддий жавобгарлик шартномаси бўйича асосий мажбурияти (ҳам шахсий, ҳам тўлиқ) –  унга ишониб топширилган мол-мулкнинг бутлигини таъминлашдан иборат.У унга ишониб топширилган мол-мулкка эҳтиёкорона муносабатда бўлиши ва эҳтимолий зарарнинг олдини олиш учун қўлидан келганини қилиши керак. 

Ўз навбатида иш берувчи бунинг учун нормал ишлаш учун зарур шароитларни яратиши шарт. Бундай шароитларнинг бўлмаслиги (қўриқчиларнинг йўқлиги, сейфнинг йўқлиги, учинчи шахсларнинг мол-мулкка тўсиқсиз кириши ва б.) ходимдан (ходимлардан) юзага келган зарарни ушлаб қолмаслик учун асос бўлиб хизмат қилиши мумкин.

Иш берувчи ходимларга бундай шароитни таъминлаш учун қабул қиладиган чораларни моддий жавобгарлик тўғрисидаги  шартномада  акс эттириш зарур.

 

4-хато. Моддий жавобгарлик турини аниқлаш тартиби тўғрисидаги қонун ҳужжатлари нормалари нотўғри талқин қилинди ва моддий жавобгарлик чегаралари нотўғри белгиланди.

Ходимнинг моддий жавобгарлиги тўлиқ ёки чекланган бўлиши мумкин.

Ходимлар ўзларининг айби билан иш берувчига етказилган зарар учун тўлиқ моддий жавобгардирлар .

Аммо – ходимнинг зиммасига чекланган моддий жавобгарлик юкланиши мумкин иш берувчига етказилган зарар учун, агар:

1) у билан тўлиқ моддий жавобгарлик тўғрисида ёзма шартнома тузилмаган бўлса;

2) ходимнинг функционал мажбуриятларига пул ёки товар қимматликлари билан муомала қилиш кирмайди (ҳатто ТМҚШ тузилганда ҳам);

3) у 18 ёшга тўлмаган;

4) унинг лавозими мажбурий тартибда ТМҚШ тузилиши керак бўлган тасдиқланган ходимларнинг тоифалари  рўйхатида йўқ.

Бундай ҳолда ходимлар уларнинг айби билан етказилган зарар миқдорида, лекин уларнинг ўртача ойлик иш ҳақидан кўп бўлмаган миқдорда чекланган молиявий жавобгарликни ўз зиммаларига оладилар – эҳтиётсизлик оқибатида ёки қасддан зарар етказилганда:

  • материаллар, ярим тайёр маҳсулотлар, буюмлар (маҳсулотлар), шу жумладан – уларни ишлаб чиқаришда;
  • ходимга берилган ускуналар, ўлчаш асбоблари, махсус кийимлар ва бошқа нарсалар.

Шуни ҳам ёдда тутингки, қонун зарарнинг эҳтиётсизлик натижасида ёки қасддан етказилганига қараб жавобгарликнинг ҳар хил турларини назарда тутади:

1) агар – қасддан зарар етказилса, ходим тўлиқ моддий жавобгар бўлади ;

2) агар – эҳтиётсизлик оқибатида, ходим ўзининг ўртача иш ҳақидан ошмайдиган миқдорда чекланган моддий жавобгар бўлади ;

 

5-хато. Зарар юзага келганда иш берувчининг ҳаракатлари ва ходимни уни қоплашга жалб қилиш тартиби бузилди 

Иш берувчи ходимни моддий жавобгарликнинг тўлиқ ёки чекланган турига жалб қилмоқчи бўлганидан қатъи назар, у қуйидаги тартибда ҳаракат қилиши керак:

1) зарар етказилгани далилини аниқлаши (далолатнома, билдириш хати ва ҳоказо);

2) зарар етказилганлиги далилини текшириш бўйича комиссия тузиш (комиссияни ташкил этиш тўғрисида буйруқ);

3) зарарнинг юзага келиш ҳолатлари ва сабабларини, ходимнинг айбини аниқлаш (тушунтириш хатлари, далолатномалар ва б.);

4) зарар миқдорини белгилаш (бухгалтериядан маълумотномалар);

5) зарар миқдорини ушлаб қолиш учун чора-тадбирларни кўриш (зарарни қоплаш тўғрисида таклиф, ушлаб қолиш ҳақида фаромойиш,  судга мурожаат).

 

6-хато. Иш берувчи ходимдан етказилган зарар ҳақида тушунтириш талаб қилгани ҳақида ҳеч қандай далил йўқ.

Ходим август ойида ишдан бўшатилган, декабрь ойида эса инвентаризация пайтида камомад аниқланди. Иш берувчи мазкур ходимни айбдор деб топди ва уни судга берди.

Биринчи инстанция суди иш берувчига ходимни қуйидаги сабабларга кўра моддий жавобгарликка тортишни рад этди:

1) ундан тушунтиришлар талаб қилиш далили тасдиқланмаган;

2) инвентаризация ўтказиш қоидалари бузилган (уни моддий жавобгар ходим сменасида ўтказишмаган) ;

3) иш берувчи зарарнинг юзага келиш сабабини аниқламаган.

Амалдаги МКнинг 204 ва 207-моддаларида (янги МК 344-м.) иш берувчининг муҳим мажбуриятига урғу берилган: иш ҳақидан ушлаб қолиш тўғрисида фармойиш беришдан олдин ходимдан ёзма тушунтириш талаб қилиниши керак. Бу иш берувчи ички хизмат текшируви ўтказганидан дарак беради.

Тушунтиришларни ёзма равишда сўраш керак. Агар ходим тушунтириш беришдан бош тортса, ёзма тушунтириш беришни рад этиш тўғрисида далолатнома тузинг.

 

7-хато. Иш берувчи зарарни қоплашнинг мажбурийдан ташқари бошқа усулларини ҳисобга олмади.

Қонунчиликда зарарни қоплашнинг ихтиёрий ва мажбурий тартиблари назарда тутилган:

1) зарар етказган ходим зарарнинг ўрнини ихтиёрий равишда тўлиқ ёки қисман қоплашга ҳақли . Агар зарар ходим томонидан нақд пул шаклида қопланса, иш берувчи уни исталган миқдорда қабул қилиши шарт. Ходимнинг ва иш берувчининг келишувига биноан зарарнинг ўрнини бўлиб тўлаш асосида қоплашга йўл қўйилади. Агар ходим меҳнат муносабатларини тугатган бўлса ва зарарнинг ўрнини қоплашдан бош тортса, қопланмаган қарз нотариуснинг ижро хатларига асосан ундирилади;

2) иш берувчининг зарарни қоплаш тўғрисидаги даъвосини қондириш орқали суд ишнинг ҳолатига мувофиқ етказилган зарар учун жавобгар шахсни зарарни натурал шаклда қоплашга (баҳоси тенг бўлган мол-мулк бериши ёки шикастланган мол-мулкни тузатиш ва б.) ёки етказилган зарарни қоплашга мажбур қилади . Юридик шахснинг шахсига ёки мол-мулкига ноқонуний хатти-ҳаракатлар (ҳаракатсизлик) натижасида етказилган зарар зарар етказган шахс томонидан тўлиқ ҳажмда, шу жумладан йўқолган фойдаси билан мажбурий тартибда қопланади .

 

8-хато. Бухгалтер билан тўлиқ моддий жавобгарлик тўғрисида мажбурий шартнома тузилган.

Бухгалтернинг моддий жавобгарлиги тўғрисида шартнома тузиш тартиби унинг ишининг ўзига хос хусусиятларига боғлиқ. Бухгалтер учун тўлиқ моддий жавобгарлик тўғрисида шартнома шарт эмас, лекин у кассир билан албатта тузилиши керак, у хизмат кўрсатиладиган пул маблағлари ва бошқа қимматбаҳо нарсалар учун тўлиқ жавобгардир.

Агар сизда бош бухгалтер ва кассир лавозимини бирлаштирган кичик бизнесингиз бўлса, компания раҳбари бош бухгалтерга кассир ваколатларини топширадиган буйруқ чиқариши керак. Бош бухгалтернинг меҳнат шартномасига бир неча лавозимларда ишлаш тўғрисида қўшимча келишув тузилади. Тўлиқ моддий жавобгарлик тўғрисидаги шартнома эса кассирнинг вазифаларига нисбатан  тузилади. Шунда ходим пул маблағлари учун (кассир сифатида) тўлиқ моддий ва чекланган жавобгарликни – қолган иш қисми учун (бош бухгалтер сифатида) ўз зиммасига олади.

 

9-хато. Фуқаролик-ҳуқуқий тусдаги шартнома бўйича ходим билан тўлиқ моддий жавобгарлик тўғрисида шартнома тузилди.

Фуқаролик-ҳуқуқий тусдаги шартнома тузилган шахс моддий жавобгарликка тортилмайди. Агар у унга юклатиладиган бўлса, бу у компаниянинг ходими эканлигини аниқ кўрсатади. Моддий жавобгарлик фақат меҳнат муносабатлари доирасида қўлланилганлиги сабабли, бундай шартни фуқаролик-ҳуқуқий тусдаги шартномага киритиш шартномани қайта малакалаш учун сабаб бўлиши мумкин.

Агар буюртмачи  фуқаролик-ҳуқуқий тусдаги шартномада белгиланган тўлиқ жавобгарлик шартига мурожаат қилиб, суд орқали етказилган зарар учун пул ундиришга ҳаракат қилса, муносабатлар меҳнат деб тан олиниши мумкин.