Меҳнат кодексининг 110-«Меҳнат шартномасининг муддати» моддасига шарҳ

28.05.2023

        Ўзбекистон Республикасининг Меҳнат кодекси

        110-модда. Меҳнат шартномасининг муддати

        Меҳнат шартномаси:
        (1-қ.) номуайян муддатга;
        (2-қ.) уч йилдан кўп бўлмаган муайян муддатга (муддатли меҳнат шартномаси) тузилиши мумкин.
Агар меҳнат шартномасида унинг амал қилиш муддати шартлашилмаган бўлса, шартнома номуайян муддатга тузилган деб ҳисобланади.

 

Меҳнат кодексининг 110-моддасига шарҳ

 

             

1. Шарҳланаётган модданинг биринчи қисмида меҳнат шартномалари қанча муддатга тузилиши мумкинлиги белгиланган. Меҳнат шартномасининг номуайян муддатга тузилиши ходим доимий ишга қабул қилинганини ва у билан меҳнатга оид муносабатлар меҳнат шартномасининг муддати тугаши муносабати билан бекор қилиниши мумкин эмаслигини англатади (МКнинг 158-моддаси). Меҳнат шартномасида ишнинг бошланиш санаси белгиланган, бироқ унинг амал қилиш муддати қайд этилмаган бўлса, у ҳолда шартнома номуайян муддатга тузилган деб ҳисобланади.

Уч йилдан кўп бўлмаган муайян муддатга тузилган меҳнат шартномалари муддатли меҳнат шатномалари ҳисобланади.

Меҳнат кодексида «меҳнат шартномаси» атамаси қўлланганда у барча – ҳам муддатли, ҳам номуайян муддатга тузилган меҳнат шартномаларини қамраб олишига эътибор қаратиш зарур. Аниқлаштириш зарур бўлган ҳолларда МК моддаларида меҳнат шартномасининг қандай тури назарда тутилаётганлиги тўғридан-тўғри кўрсатилади.

Муддатли меҳнат шартномаси бир қатор ўзига хос хусусиятлари билан ажралиб туради, меҳнат тўғрисидаги қонунчиликни тўғри қўллаш учун уларни билиш муҳим амалий аҳамиятга эга. Уларга батафсил тўхталиб ўтамиз.

Биринчидан, муддатли меҳнат шартномасида нафақат шартнома бўйича ишнинг бошланиш санаси, балки у тугайдиган пайт, яъни шартнома муддати ҳам белгиланиши кераклиги унга хос жиҳат ҳисобланади.  

Иккинчидан, Меҳнат кодексида иш берувчининг ходим билан муддатли меҳнат шартномасини тузишга доир ҳуқуқи чекланади, бундай шартнома тузиладиган (112-моддага шарҳга қаранг) ва бундай шартнома тузилиши мумкин бўлган (113-моддага шарҳга қаранг) ҳоллар белгиланади.   

Учинчидан, иш берувчининг ходимга меҳнат тўғрисидаги қонунчиликда ва бошқа ҳуқуқий ҳужжатларда назарда тутилган ҳуқуқлар ва кафолатларни беришдан бош тортиш мақсадида муддатли меҳнат шартномасини тузиши тақиқланади (111-модданинг 8-қисмига шарҳга қаранг).   

Тўртинчидан, меҳнат шартномасининг муддати тўғрисидаги шарт фақат ходим ва иш берувчи ўртасидаги келишувга кўра ўзгартирилиши мумкин.  

Бешинчидан, тарафлар шартноманинг муддати тўғрисидаги шартни бажаришлари учун муддатли меҳнат шартномаси муддатидан олдин бекор қилинган тақдирда унда қўшимча равишда тарафларнинг неустойка тўлаш ҳақидаги ўзаро мажбурияти назарда тутилиши мумкин (159-моддага шарҳга қаранг).

Олтинчидан, исталган тараф муддатли меҳнат шартномасини унинг муддати тугаганлиги муносабати билан бекор қилишга ҳақли (158-модданинг 1-қисмига шарҳга қаранг).

Еттинчидан, меҳнатга оид муносабатлар давом этса ва тарафлардан бирортаси ҳам шартнома муддати тугагач бир ҳафта давомида уларнинг тугатилишини талаб қилмаган бўлса, муддатли меҳнат шартномаси номуайян муддатга тузилган меҳнат шартномасига айланади (158-модданинг 2-қисмига шарҳга қаранг).

     

2. Шарҳланаётган модданинг иккинчи қисмида белгиланишича, агар меҳнат шартномасида ишнинг бошланиш санаси назарда тутилган (108-модданинг 2-қисмига шарҳга қаранг), бироқ шартнома муддати тугайдиган пайт кўрсатилмаган бўлса, у ҳолда бундай шартнома номуайян муддатга тузилган шартнома деб ҳисобланади. МК 108-моддасининг 3-қисмига мувофиқ, агар меҳнат шартномасида иш бошланадиган кун белгиланмаган бўлса, у ҳолда ходим шартнома кучга кирган кундан кейинги иш кунида ишга киришиши керак. Бундай вазиятда амал қилиш муддати белгиланмаган меҳнат шартномаси ҳам номуайян муддатга тузилган шартнома деб ҳисобланади. Амалиётда меҳнат шартномасида у муддатли шартнома эканлиги кўрсатилган, бироқ Меҳнат кодексида назарда тутилган усулларни ҳисобга олган ҳолда (114-моддага шарҳга қаранг) унинг муддати белгиланмаган ҳоллар учрайди. Ушбу вазиятда ҳам меҳнат шартномаси номуайян муддатга тузилган деб ҳисобланади. Бинобарин, қанча муддатга тузилгани аниқ белгиланган меҳнат шартномасигина муддатли шартнома деб эътироф этилади.

 

Барча моддалар 109-модда 111-модда Бошига
Чтобы получать новости от Kadrovik.uz первыми, подписывайтесь на Telegram-канал