Иш стажининг узлуксизлиги «стаж учун» қўшимча таътилга таъсир қиладими

preview

«Хусусий компанияда Меҳнат кодексининг 220-моддаси бўйича узлуксиз стаж учун  қўшимча таътил тақдим қилинади. Ходим билан меҳнат шартномаси бекор қилинади, олти ойдан кейин эса у яна ушбу ташкилотга қайтиб келади. Иш берувчи маҳаллий ҳужжатда  меҳнат шартномаси бекор қилинганда ва янгидан тузилган ҳолларда, бундай таътилни олиш учун стаж тўхтатилиши ва қайтадан бошланишини ёзиб қўйса бўладими?».

Тушунтиришни Ўзбекистон Республикасининг янги Меҳнат кодексини ишлаб чиқиш бўйича эксперт гуруҳи раҳбари Михаил ГАСАНОВ ва «Нормa» эксперти Ленара ХИКМАТОВА тайёрлашди:

 

– Аввало шуни таъкидлаш керакки, Меҳнат кодексининг 220-моддаси бўйича узлуксиз стаж учун қўшимча таътиллар бериш мажбурияти мулкчилик шаклидаги барча ташкилотларга нисбатан татбиқ қилинади. Микрофирмалар бундан мустасно. Меҳнат кодексининг 505-моддаси 3-қисмида микрофирмаларнинг ходимларига ушбу микрофирмадаги иш стажи учун қўшимча меҳнат таътили тақдим қилиниши мумкинлиги кўрсатилган. Унинг давомийлиги ва уни бериш тартиби жамоа келишувларида, жамоа шартномасида, ички ҳужжатларда ёхуд меҳнат шартномасида белгиланади.

Меҳнат кодексининг 220-моддасида узлуксиз иш стажи назарда тутилмаган. Меҳнат кодексининг 220-моддаси бўйича қўшимча таътил узлуксиз иш стажи учун тақдим қилинади. Моддада ушбу жумлага аниқлик киритилмаганлиги сабабли ходим вазиятини ёмонлаштирмаслик ва ноаниқликларни унинг фойдасига талқин қилиш принципидан келиб чиқиш керак. Мисол учун, ходим ташкилотда 5 йил ишлаган, кейин у билан меҳнат шартномаси бекор қилинган, олти ойдан сўнг у ўша ташкилотга қайта ишга жойлашган. Бу вазиятда ходим ҳали ҳам узлуксиз иш стажи учун 2 календарь кундан иборат қўшимча таътил олиш ҳуқуқига эга.

Ташкилотнинг маҳаллий ҳужжатларига фақат амалдаги қонунчиликка зид бўлмаган ва у билан таққослаганда ходимнинг вазиятини яхшилайдиган қоидаларни киритиш мумкин. Бу ҳақда Меҳнат кодексининг 8-моддасида айтилган: «Ҳеч бир ички ҳужжат, иш берувчининг якка тартибдаги ҳуқуқий ҳужжати ходимнинг ҳуқуқий ҳолатини норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга нисбатан ёмонлаштириши мумкин эмас».

Тасаввур қилайлик, иш берувчи маҳаллий ҳужжатга узлуксиз иш стажи учун қўшимча таътил фақат ташкилотда узлуксиз стажга эга бўлган ходимларга берилиши нормасини киритди. Ушбу норма Меҳнат кодексига нисбатан ходимларнинг вазиятини ёмонлаштиради, тегишинча, у Меҳнат кодексининг 17-моддаси 1-қисмига мувофиқ ҳақиқий эмас деб ҳисобланади.

Муҳим

Меҳнат кодексининг 220-моддаси бўйича ходимда у битта ташкилотда ёки тармоқда ишлаган бутун иш стажи учун қўшимча таътил олиш ҳуқуқи янги Меҳнат кодекси кучга кирган вақтдан бошлаб пайдо бўлади. Яъни, 2023 йил 30 апрелгача «жамғарилган» стаж ҳам ҳисобга олинади.

Узлуксиз иш стажи учун қўшимча таътил тўлаб берилади. Ушбу даврда ходимга иш жойи ва иш ҳақининг сақланиши кафолатланади .