Меҳнат шартномасини қонунга хилоф равишда бекор қилишнинг ҳуқуқий оқибатлари қандай
Тавсияномада:
- Меҳнат шартномасини бекор қилиш қачон қонунга хилоф ҳисобланади
- Ходим меҳнат шартномасининг қонунга хилоф равишда бекор қилиниши устидан шикоят билан қаерга мурожаат қилишга ҳақли
- Ходимга у билан меҳнат шартномасининг қонунга хилоф равишда бекор қилинганлиги учун нималар лозим
- Меҳнат шартномасининг қонунга хилоф равишда бекор қилинганлиги учун иш берувчининг жавобгарлиги қандай
Меҳнат шартномасини бекор қилиш қачон қонунга хилоф ҳисобланади
Меҳнат шартномасининг қуйидаги ҳолларда бекор қилиниши қонунга хилоф ҳисобланади:
1) ходим билан меҳнат шартномасини бекор қилиш учун қонуний асослар (сабаблар) бўлмаганда. Яъни, меҳнат шартномасини МК ёки бошқа қонунларда назарда тутилмаган асосларга кўра бекор қилиш мумкин эмас. Бу ҳақида батафсил: Ходим билан меҳнат шартномасини қандай асосларга кўра бекор қилиш мумкин тавсияномасини қаранг.
2) меҳнат шартномасини бекор қилишнинг мазкур асосини қўллаш мумкин бўлмаган ходим билан.
Масалан, ташкилот мулкдори ўзгарганлиги муносабати билан иш берувчининг ташаббусига кўра меҳнат шартномасини фақат ташкилот раҳбари, унинг ўринбосарлари, ташкилот бош бухгалтери, ташкилот алоҳида бўлинмаси раҳбари билан бекор қилиш мумкин
. Яъни, МК мазкур асосга кўра меҳнат шартномасини бекор қилиш мумкин бўлган ходимлар тоифасининг тўлиқ рўйхатини белгилаган. Демак, ташкилот мулкдори ўзгарганлиги муносабати билан меҳнат шартномасини ушбу рўйхатга кирмайдиган бошқа ходимлар билан бекор қилиш қонунга хилоф ҳисобланади.
3) меҳнат ва машғулотлар соҳасида камситиш белгилари билан.
Масалан, ташкилотда ходимлар штатини қисқартириш жараёни кетмоқда ва алоҳида ходимларни ишда қолдириш афзаллиги тўғрисидаги масала ҳал қилинмоқда. Агар бунда иш берувчи МК 167-моддасининг талабларига асосланмай, жинси, ёши ёки ишчанлик сифатлари ва меҳнати натижалари билан боғлиқ бўлмаган бошқа жиҳатларига асосланадиган бўлса, - меҳнат ва машғулотлар соҳасида камситишни тақиқлаш принципини бузиш ҳисобланади
.
4) меҳнат шартномасини бекор қилишнинг белгиланган тартибини бузган ҳолда.
Демак, МК қуйидаги талабларини ҳисобга олмаган ҳолда ходим билан меҳнат шартномасини бекор қилиш қонунга хилоф ҳисобланади:
- иш берувчи учун мажбурий бўлган, ходим билан тузилган меҳнат шартномаси алоҳида асосларга кўра бекор қилинганда ходимни бошқа ишга ўтказиш тўғрисидаги
. Ходимни доимий бошқа ишга ўтказиш қандай амалга оширилади тавсияномасини қаранг. - ходимларининг сони ёки штати ўзгарганлиги муносабати билан меҳнат шартномаси бекор қилинганда ишда қолдиришга доир имтиёзли ҳуқуқ тўғрисидаги
; - агар жамоа келишувида ёки жамоа шартномасида меҳнат шартномасини иш берувчининг ташаббусига кўра бекор қилиш учун касаба уюшмаси қўмитасининг олдиндан розилигини олиш назарда тутилган бўлса, меҳнат шартномасини бундай розиликсиз бекор қилиш
; - ходим томонидан айбли ҳаракатлар содир этилганлиги учун ходимга нисбатан интизомий жазо қўллашнинг МК белгиланган тартиби ва муддатларига риоя этмаган ҳолда
ва ҳоказо;
5) муайян даврларда меҳнат шартномасини иш берувчининг ташаббусига кўра бекор қилишга чеклашларни ҳисобга олмаган ҳолда:
- ходимнинг вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик даврида;
- ходим таътилларда бўлган даврларда;
- ходим давлат ёки жамоат мажбуриятларини бажарганлиги муносабати билан ишдан озод этилган даврда;
- ходим хизмат сафарида бўлган даврда, шунингдек ходим бошқа иш берувчига вақтинча хизмат сафарига юборилган даврда
.
6) ҳомиладор аёллар ва оилавий мажбуриятларни бажариш билан банд бўлган шахслар билан меҳнат шартномасини иш берувчининг ташаббусига кўра бекор қилишга чеклашларга риоя этмаган ҳолда
.
Демак, ҳомиладор аёллар билан тузилган меҳнат шартномасини иш берувчининг ташаббусига кўра бекор қилишга йўл қўйилмайди, бундан ташкилот (унинг алоҳида бўлинмаси) тугатилган ёки якка тартибдаги тадбиркорнинг иш фаолияти тугатилган ҳоллар мустасно. Уч ёшгача боласи бор аёл ёхуд уч ёшгача бўлган болани ёлғиз тарбиялаётган ота (васий) билан меҳнат шартномасини иш берувчининг ташаббусига кўра бекор қилишга фақат қуйидаги асослар бўйича йўл қўйилади:
- ташкилот (унинг алоҳида бўлинмаси) тугатилганлиги ёхуд якка тартибдаги тадбиркор томонидан фаолиятнинг тугатилганлиги
;
- ходимнинг ўз меҳнат мажбуриятларини мунтазам ёки бир марта қўпол равишда бузганлиги
.
Ходим меҳнат шартномасининг қонунга хилоф равишда бекор қилиниши устидан шикоят билан қаерга мурожаат қилишга ҳақли
Ўзи билан меҳнат шартномаси қонунга хилоф равишда бекор қилинган деб ҳисоблайдиган ходим:
- бевосита иш берувчига мурожаат қилиши;
- меҳнат шартномасининг бекор қилиниши устидан белгиланган тартибда, шу жумладан суд тартибида ҳам шикоят қилиши мумкин
.
Ходим барча инстанцияларда, шу жумладан судда ўз ишларини шахсан ёки ўз вакиллари – қонуний ёки шартнома бўйича вакили орқали юритиши мумкин. Қонуний вакиллар муомалага лаёқатсиз ёки муомала лаёқати чекланган шахсларнинг, шунингдек вояга етмаганларнинг манфаатларини ҳимоя қилади. Бу - ота-оналари, уларни фарзандликка олганлар, васийлар, ҳомийлар
. Ходимнинг шартнома бўйича (ихтиёрий) вакиллари, хусусан, адвокатлар бўлиши мумкин
.
Иш берувчига мурожаат қилиш.
Ходим иш берувчига ёзма ариза билан мурожаат қилишга ҳақли, унда:
- меҳнат шартномасини бекор қилишда иш берувчи томонидан йўл қўйилган бузилишлар кўрсатилади;
- ходимнинг талаблари баён этилади: меҳнат шартномасининг бекор қилинишини қонунга хилоф деб тан олиш, меҳнат шартномасини бекор қилиш тўғрисидаги буйруқни бекор қилиш, ходимни аввалги ишига тиклаш, мажбурий прогул вақти учун ҳақ тўлаш ва бошқалар.
Ариза, одатдагидек, икки нусхада тузилади, бир нусхаси иш берувчига юборилади, иккинчи нусхасини (иш берувчининг аризани қабул қилганлиги тўғрисидаги белгиси билан) ходимда ёки унинг вакилида қолади.
Ходим ва иш берувчи ишга тиклаш тўғрисидаги меҳнат низосини кўриб чиқиш ҳақида медиация тартиб-таомилидан фойдаланган ҳолда келишиб олишлари мумкин. Буни меҳнат низолари бўйича комиссияда ёки судда кўриб чиқишнинг исталган босқичида, суд алоҳида хонага (маслаҳатхонага) суд ҳужжатини қабул қилиш учун киришидан олдин қилиш мумкин
.
Олий органга ёки юқори турувчи мансабдор шахсга мурожаат қилиш
Қонунчиликда назарда тутилган ҳолларда ходим ўзи билан меҳнат шартномасининг бекор қилиниши устидан юқори турувчи орган ёки юқори турувчи мансабдор шахсга шикоят қилишга ҳақли.
Демак, “Давлат божхона хизмати тўғрисида”ги Қонуннинг 23-моддасининг 19 қисмига биноан, божхона органи ходими бўйсунув тартибида юқори турувчи органга ёхуд судга мурожаат этиб, ўзининг хизматдан бўшатилиши юзасидан шикоят қилиш ҳуқуқига эга. Ўзбекистон Республикаси давлат солиқ хизмати органларида хизматни ўташ тўғрисидаги Низомнинг 47 бандига (17.04.2019 йилдаги ВМҚ-320-сон қарорга 3-илова) мувофиқ, солиқ органларининг мансабдор шахсларини хизматдан бўшатиш Ўзбекистон Республикасининг Меҳнат кодексига мувофиқ амалга оширилади. Ушбу Низомнинг 23 бандида назарда тутилишига кўра, мансабдор шахслар уларга нисбатан интизомий жазо чорасини қўллаш, шу жумладан лавозимидан четлатиш ёки бўшатиш тўғрисида қабул қилган қарорлар юзасидан юқори ташкилотларга ва судларга шикоят беришга ҳақлидирлар.
Меҳнат инспекциясига мурожаат қилиш
Ходим ўзи билан меҳнат шартномасининг қонунга хилоф равишда бекор қилинганлиги тўғрисидаги шикоят билан давлат меҳнат инспекциясига мурожаат қилишга ҳақли. Давлат меҳнат инспекцияси тўғрисидаги Низомнинг 10 банди (31.12.2018 йилдаги ВМҚ-1066-сон қарорга 3-илова) инспекцияга қуйидаги ҳуқуқларни беради:
- ташкилотларнинг раҳбарлари ва бошқа мансабдор шахсларига қонун бузилишларини бартараф қилиш тўғрисида бажарилиши шарт бўлган кўрсатмалар бериш ва уларнинг ижросини назорат қилиш;
- ташкилотларнинг меҳнат ва меҳнатни муҳофаза қилиш, аҳоли бандлиги ва иш берувчининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларига зид бўлган буйруқлари ва бошқа ҳужжатларини белгиланган тартибда тўхтатиб туриш, зарур ҳолларда уларни белгиланган тартибда бекор қилиш юзасидан кўрсатмалар киритиш;
- қонун ҳужжатларини бузганлик тўғрисида баённома ҳамда меҳнат ва аҳоли бандлиги, меҳнатни муҳофаза қилиш ва иш берувчининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлик учун жарима солиш ҳақидаги қарорни расмийлаштириб, айбдор мансабдор шахсларни маъмурий жавобгарликка тортиш.
Прокуратурага мурожаат қилиш
Ходим ўзи билан меҳнат шартномасининг қонунга хилоф равишда бекор қилинганлиги тўғрисида шикоят билан прокуратурага мурожаат қилишга ҳақли. “Прокуратура тўғрисида”ги Қонуннинг (09.12.1992 йилдаги ЎРҚ-746-XII-сон, янги таҳрири) 24-моддасига биноан, прокуратура вазирликлар, идоралар, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, жамоат бирлашмалари, корхоналар, муассасалар, ташкилотлар ҳамда вазирликлар ва идораларнинг ҳарбий қисмлари, ҳарбий тузилмалари, ҳокимлар ва бошқа мансабдор шахслар томонидан фуқаронинг ҳуқуқлари ҳамда эркинликларига риоя этилиши устидан назоратни амалга оширади.
Прокурор ўз зиммасига юкланган вазифаларни бажаришда:
- фуқаронинг ҳуқуқ ва эркинликлари бузилганлиги тўғрисидаги аризалар, шикоятлар ҳамда бошқа маълумотларни кўриб чиқади ва текширади;
- аризачиларга уларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш тартибини тушунтиради;
- фуқаронинг ҳуқуқ ва эркинликлари бузилишининг олдини олиш ва бартараф этиш, қонунни бузган шахсларни жавобгарликка тортиш ҳамда етказилган зарарни қоплаш чора-тадбирларини кўради;
- “Прокуратура тўғрисида”ги Қонунда назарда тутилган ваколатлардан фойдаланади.
Касаба уюшмасига мурожаат қилиш
Касаба уюшмалари ва уларнинг бирлашмалари иш жойларида иш берувчилар томонидан меҳнат қонучилиги талаблари ҳамда меҳнатни муҳофаза қилиш қоидаларига, шунингдек жамоа келишувлари ва жамоа шартномаси, иш берувчи томонидан касаба уюшмаси билан келишилган ҳолда қабул қилинган бошқа ҳужжатлар талабларига риоя этилиши устидан жамоатчилик назоратини амалга оширишга ҳақли.
”Касаба уюшмалари тўғрисида”ги Қонуннинг (06.12.2019 йилдаги ЎРҚ-588-сон) 44-моддасига мувофиқ, меҳнат қонунчилиги, меҳнат тўғрисидаги бошқа ҳуқуқий ҳужжатларга ҳамда меҳнатни муҳофаза қилиш қоидаларига риоя этилиши устидан жамоатчилик назоратини амалга ошириш мақсадида касаба уюшмалари ва улар бирлашмалари ўз инспекцияларини тузишга ҳақли. Ўзи билан меҳнат шартномаси қонунга хилоф равишда бекор қилинган деб ҳисобловчи ходим ўзининг меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилиш учун тегишли касаба уюшмаси ёки касаба уюшмаси инспекциясига мурожаат қилишга ҳақли. Жамоатчилик назорати қисмига оид касаба уюшмаларига қуйидаги ҳуқуқлар берилган:
- иш берувчиларга меҳнат қонунчилиги, меҳнат тўғрисидаги бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ҳамда меҳнатни муҳофаза қилиш қоидаларининг аниқланган бузилишларини бартараф этиш тўғрисида кўриб чиқилиши мажбурий бўлган тақдимномалар юбориш;
- меҳнат қонунчилиги, меҳнат тўғрисидаги бошқа ҳуқуқий ҳужжатларнинг бузилишида айбдор бўлган шахсларни жавобгарликка тортиш талаби билан тегишли органларга мурожаат қилиш.
Касаба уюшмалари ва уларнинг инспекциялари жамоат ташкилотлари ҳисобланади ва шунинг учун уларда меҳнат қонунчилигига риоя қилиниши устидан назоратни амалга оширувчи органлар эга бўлган ваколатлар йўқ. Шу билан бирга касаба уюшмалари ва уларнинг инспекциялари прокуратура, давлат меҳнат инспекцияси органлари ҳамда меҳнат қонунчилиги, меҳнат тўғрисидаги бошқа ҳуқуқий ҳужжатларга риоя этилиши устидан давлат назоратини ўтказиш учун ваколатланган ижро этувчи ҳокимият органлари билан ўзаро ҳамкорлик қилади. Ушбу органлар касаба уюшмалари ва уларнинг испекцияларидан меҳнат қонунчилигининг бузилишлари, шу жумладан ходим билан меҳнат шартномасининг қонунга хилоф равишда бекор қилинганлиги тўғрисидаги ахборотни олиб, йўл қўйилган бузилишларни бартараф этиш ва ходимнинг меҳнат ҳуқуқларини тиклаш бўйича чоралар кўради.
Судга мурожаат қилиш
Ўзи билан меҳнат шартномасини қонунга хилоф равишда бекор қилинган деб ҳисобловчи ходим бевосита ёки ўзининг вакили орқали даъво аризаси билан судга мурожаат қилишга ҳақли. Меҳнат шартномаси бекор қилинган ходимнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш учун судга шунингдек:
- касаба уюшмаси ёки ходимларнинг бошқа вакиллик органи;
- Давлат меҳнат инспекциясининг мансабдор шахслари;
- адлия органлари;
- прокурор мурожаат қилишлари мумкин.
Меҳнат шартномасини бекор қилиш асосларидан қатъи назар, ишга тиклаш тўғрисидаги, меҳнат шартномасини бекор қилиш санасини ва асослари таърифини ўзгартириш ҳақидаги, мажбурий прогул ёки кам ҳақ тўланадиган иш бажарилган вақт учун ҳақ тўлаш тўғрисидаги якка тартибдаги низолар бевосита судда кўриб чиқилади. Меҳнат низолари бўйича комиссия бундай низоларни кўриб чиқмайди.
Низони кўриб чиқишда ходим билан меҳнат шартномасининг бекор қилинишининг қонунийлигини исботлаш вазифаси иш берувчининг зиммасига юклатилади. Яъни, айнан иш берувчи:
- ходим билан меҳнат шартномасини бекор қилиш учун ҳақиқатда қонуний асослар бўлганлигини;
- қонунчилик томонидан белгиланган ходим билан меҳнат шартномасини бекор қилиш тартибига риоя қилинганлигини исботлаши керак.
Ходимга у билан меҳнат шартномасининг қонунга хилоф равишда бекор қилинганлиги учун нималар лозим
Меҳнат шартномаси қонунга хилоф равишда бекор қилинган тақдирда, ходимнинг қуйидаги талаблари қаноатлантирилиши керак:
1) аввалги ишини тақдим этиш тўғрисидаги. Ўзи билан меҳнат шартномаси қонунга хилоф равишда бекор қилинган ходим аввалги ишига тикланиши керак. Бошқача қилиб айтганда, унга қуйидагилар тақдим этилиши лозим:
- у билан меҳнат шартномаси бекор қилингунга қадар у бажарган айнан ўша иш;
- аввалги меҳнат шартлари (меҳнатга ҳақи миқдори, иш вақтининг, меҳнат таътилининг давомийлиги ва бошқалар.).
2) моддий зарарнинг ўрнини қоплаш тўғрисидаги, у қуйидагиларни ўз ичига олади:
- мажбурий прогул вақти учун ҳақни мажбурий тўлашни.
Агар меҳнат низосини кўриб чиқаётган суд ходимнинг пулли талабларини асосли деб тан олса, улар бутун вақт учун тўлиқ миқдорда, муддати чекланмаган ҳолда қаноатлантирилади.
Маълумот учун. Илгари амал қилган МК бўйича ходимнинг меҳнат шартномасининг қонунга хилоф равишда бекор қилиниши, қонунга хилоф равишда бошқа ишга ўтказиш ёки қонунга хилоф равишда ишдан четлаштириш сабабли юзага келган мажбурий прогул вақти учун ҳақ тўлаш тўғрисидаги пулли талаблари узоғи билан бир йилда қаноатлантирилган.
- меҳнат шартномаси бекор қилинганлиги устидан шикоят қилиш билан боғлиқ қўшимча харажатларни (мутахассисларнинг маслаҳатлари, иш юритишга доир харажатлар ва бошқалар) компенсация қилишни.
3) маънавий зиённи компенсация қилиш, агар меҳнат шартномасининг қонунга хилоф равишда бекор қилиниши муносабати билан ходимга ахлоқий ёки жисмоний азоб етказилган бўлса.
Маънавий зиён пул шаклида ходим ва иш берувчи ўртасидаги келишувга кўра белгиланадиган миқдорда компенсация қилинади. Низо келиб чиққан тақдирда, ходимга маънавий зиён етказилганлик факти ҳамда уни компенсация қилиш миқдорлари иш берувчининг ҳаракатларини баҳолашни ҳисобга олган ҳолда, ўрни қопланиши лозим бўлган моддий зарардан қатъи назар, суд томонидан белгиланади. Бунда маънавий зиён учун компенсация миқдори ходимнинг ўртача ойлик иш ҳақидан кам бўлиши мумкин эмас.
Шундай вазият бўлиши мумкинки, ходим меҳнат шартномасининг бекор қилинишини қонунга хилоф деб тан олинишини талаб қилган ҳолда, ишга тиклашларини хоҳламайди, яъни ишни аввалги иш берувчида давом эттиришни истамайди. Ходимнинг бундай қарорга келишининг сабаблари ҳар хил бўлиши мумкин: бошқа жойга кўчиб ўтиш, бошқа ишга жойлашиш, оилавий шароитлар, ўзига нисбатан адолатсизлик қилган иш берувчида ишлашни давом эттиришни хоҳламаслик ва ҳоказо. Бундай ҳолатда суд ишга тиклаш ўрнига ходимнинг илтимосига кўра унинг фойдасига 3 ойлик иш ҳақидан кам бўлмаган миқдорда қўшимча товон ундириши мумкин. Ушбу сумма иш берувчидан юқорида келтирилган ходимга тўланиши лозим бўлган бошқа тўловлардан ташқари ундирилади.
Меҳнат шартномасининг қонунга хилоф равишда бекор қилинганлиги учун иш берувчининг жавобгарлиги қандай
Меҳнат шартномасини қонунга хилоф равишда бекор қилганлик учун иш берувчининг зиммасига қуйидаги жавобгарликлар юклатилади:
- моддий жавобгарлик. Бу ҳақида олдинги бўлимда айтилган, яъни иш берувчи ходимга етказилган моддий зарарнинг ўрнини қоплаши ва маънавий зиённи компенсация қилиши шарт.
Бунда ўзи билан тузилган меҳнат шартномаси ғайриқонуний равишда бекор қилинган ходимга иш ҳақи тўлаш билан боғлиқ ҳолда мансабдор шахс томонидан иш берувчига зарар етказилган тақдирда, суд етказилган зарарнинг ўрнини қоплаш мажбуриятини меҳнат тўғрисидаги қонунчиликни бузганликда айбдор бўлган мансабдор шахс зиммасига юклатади. Бундай мажбурият мансабдор шахс ходимни ишга тиклаш тўғрисидаги суднинг қарорини кечиктирган тақдирда ҳам юклатилади. Моддий зарарнинг ўрнини қоплаш миқдори мансабдор шахснинг уч ойлик маошидан ортиқ бўлмаслиги керак
.
- маъмурий жавобгарлик. Меҳнат инспекцияси меҳнат шартномасини қонунга хилоф равишда бекор қилишни меҳнат ва меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисидаги қонунчиликни бузиш сифатида баҳолаши мумкин ва иш берувчининг айбдор мансабдор шахсига БҲМ 5 бараваридан 10 бараваригача миқдорда маъмурий жарима солиши мумкин
. Вояга етмаган шахс билан меҳнат шартномасини қонунга хилоф равишда бекор қилганлик учун эса БҲМ 10 бараваридан 20 бараваригача миқдорда жарима солиниши мумкин..
- жиноий жавобгарлик. Маъмурий жазо қўлланилгандан кейин бир йил давомида қонубузарликни такрор содир этганлик учун иш берувчининг айбдор мансабдор шахсини энди ЖК 148-моддасига кўра жиноий жавобгарлик кутади. Мазкур моддага кўра, била туриб, ғайриқонуний равишда ишдан бўшатиш, шундай қилмишлар учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилса, базавий ҳисоблаш миқдорининг 25 бараваригача миқдорда жарима ёки 3 йилгача муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш ёки 3 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланади. Жазо жиноий ишлар бўйича суд ҳукмига кўра қўлланилади.
Муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш – бу суд тайинлаган муддат давомида муайян мансабни эгаллашни ёхуд муайян фаолият билан шуғулланишни тақиқлашдир. Жазонинг бу тури айбдорнинг мансаби ёки иш фаолияти билан бевосита боғлиқ бўлган жиноятларни содир этганлик учун қўлланилади.
Суд муайян ҳуқуқдан, МК 45-моддаси:
- асосий жазо тариқасида – 1 йилдан 5 йилгача муддатга;
- қўшимча жазо тариқасида – 1 йилдан 3 йилгача муддатга маҳрум қилиши мумкин.
Бундай ҳолатда айбдор мансабдор шахс билан меҳнат шартномаси, одатда, тарафларнинг хоҳиш-иродасига боғлиқ бўлмаган ҳолатларга кўра – МК 168-моддаси 1 қисмининг 3 бандига кўра бекор қилинади. Ёки у таъсисчиларнинг қарорига кўра унинг розилиги билан ушбу ташкилотдаги суд ҳукми билан тақиқланмаган бошқа ишга ўтказилиши мумкин.
Ахлоқ тузатиш ишлари – бу айбдорни иш ҳақининг 10 фоизидан 30 фоизигача миқдорини давлат даромади ҳисобига ушлаб қолган ҳолда уни меҳнатга мажбуран жалб қилишдир. Ахлоқ тузатиш ишлари суднинг ҳукмига мувофиқ маҳкумнинг ўз иш жойи ёки мазкур жазо ижросини назорат қилувчи органлар белгилаб берадиган бошқа жойларда ўталади
.
Ҳомиладор аёл билан меҳнат шартномасини қонунга хилоф равишда бекор қилиш.
Ҳомиладор аёл билан меҳнат шартномасини қонунга хилоф равишда бекор қилганлик учун маъмурий жариманинг ўзи билан қутилиб бўлмайди. Мазкур ҳолатда қонун иш берувчига нисбатан жиддий чора кўрилишини талаб қилади.
Ҳомиладор аёллар билан тузилган меҳнат шартномасини иш берувчининг ташаббусига кўра бекор қилишга йўл қўйилмайди. Бундан ташкилот (унинг алоҳида бўлинмаси) тугатилган ёки якка тартибдаги тадбиркорнинг иш фаолияти тугатилган ҳоллар мустасно
.
Аёлни ҳомиладорлигини била туриб, у билан меҳнат шартномасини қонунга хилоф равишда бекор қилганлик учун айблор мансабдор шахс дарҳол жиноий жавобгарликка тортилади. Жазо – БҲМ 25 бараваригача миқдорда жарима ёки 3 йилгача муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш ёхуд 3 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари. Бу Жиноят кодексининг 148-моддасида назарда тутилган.
Яъни, мазкур ҳолатда иш берувчининг ходим аёл билан меҳнат шартномасини ғайриқонуний равишда, бошқа сабабларга кўра эмас, айнан унинг ҳомиладорлиги сабабли бекор қилганлиги исботланиши керак.
- Меҳнат шартномасини иш берувчининг ташаббусига кўра бекор қилиш учун ходимларнинг вакиллик органининг розилиги қандай олинади
- Меҳнат шартномасини бекор қилиш қандай расмийлаштирилади
- Меҳнат шартномасини бекор қилишда кўп йўл қўйиладиган хатолар
- Аввалги ходим ишга тикланганда меҳнат шартномасини бекор қилиш тартиби
- Аввалги ходим ишга тикланганда меҳнат шартномасини бекор қилиш тартиби


Канал в телеграм