Мулкдорлар томонидан ўз корхонаси директорини ишдан бўшатиш тартиби
Тавсияда:
– директорни ишдан бўшатиш учун умумий қабул қилинган асослар;
– директорни ишдан бўшатиш учун махсус асослар;
– директор ишдан бўшатилаётганда ҳужжатларни топшириш;
– бир таъсисчининг ҳаракатсизлиги оқибатида директорни ишдан бўшатиш хусусиятлари;
– ягона таъсисчи директорнинг ўзи бўлганда уни ишдан бўшатиш;
– битта таъсисчи иштирокисиз директорни ишдан бўшатиш.
Раҳбар – бу корхонанинг жорий фаолиятини бошқарадиган ягона ижрочи орган. У қандай номланиши муҳим эмас, асосийси у бажарадиган функциялар. Биз кўпроқ «Бош директор» ёки оддийгина «директор» деб номлашга ўрганганимиз, яъни раҳбар корхона номидан ишончномасиз иш олиб боради 06.12.2001 йилдаги 310-II-сон ЎРҚ 39-м. 11.12.2003 йилдаги 558-II-сон ЎРҚ 14-м. 26.04.1996 йилдаги 223- I-сон ЎРҚ 79-м. Бироқ, у ўз ишида тўлиқ эркинликка эга эмас. Турли тижорат тизимларида энг юқори бошқарув органи таъсисчилар ёки акциядорларнинг умумий йиғилиши ҳисобланади.
Бир томондан, директор корхона ходимлари учун иш берувчи бўлса, бошқа томондан, корхонанинг иқтисодий муваффақияти кўп жиҳатдан унинг фаолиятига боғлиқ бўлган ёлланма ходимдир. Шу билан бирга, амалиётда директор билан меҳнат шартномасини бекор қилиш зарур бўлган ҳолатлар мавжуд. Уни ўз хоҳишига кўра ишдан бўшатиш ҳамма учун энг безарар жараён. Аммо, директор ишдан кетишни истамаган вазият жуда зиддиятли бўлиб, у нафақат ходимларнинг, балки бизнес шерикларнинг ҳам манфаатларига таъсир кўрсатади. Директор корхонанинг асосий шахсларидан бири бўлганлиги сабабли, уни ишдан бўшатиш билан боғлиқ ҳужжатлардаги хатолар жиддий оқибатларга олиб келади. Раҳбар билан меҳнат шартномасини бекор қилишни расмийлаштириш ўзига хос хусусиятларга эга ва оддий ходимларни ишдан бўшатиш тартибидан фарқ қилади.
Директорни ишдан бўшатиш учун қабул қилинган умумий асослар
Директор оддий ходим каби меҳнат шартномаси бекор қилинишидан камида икки ҳафта олдин корхона таъсисчиларига ишдан бўшаш тўғрисида ариза билан мурожаат қилиши керак. Бунда огоҳлантириш даври барча календарь кунларини, шу жумладан байрам ва дам олиш кунларини, шунингдек раҳбар бетоб бўлган вақтни ҳам ўз ичига олади 17.04.1998 йилдаги 12-сон ОСПҚ 15-б..
Агар корхона мулкдорлари у билан шундай келишувга эришса, директорни аввалроқ ишдан бўшатиш мумкин МК 160-м. 4-қ. Директорнинг истагига кўра икки ҳафталик муддатни қисқартириш мумкин эмас.
Иккала томон рози бўлса ҳам, огоҳлантириш муддатини узайтириш мумкин эмас Намунавий қоидалар 2.24-б., АВ рўйхат рақами 746, 14.06.1999 й. Корхонанинг маҳаллий ҳужжатлари билан огоҳлантириш муддатининг узайтирилиши ходим учун шароитларнинг ёмонлашуви сифатида баҳоланади.
Шунингдек, директорни ходим сифатида ишдан бўшатишнинг кечикишига ҳаттоки у бошлаган иш тугатилмаганлиги ҳам сабаб бўла олмаслигини унутманг. Қарзи йўқлиги ҳақида имзоланган варақа, ҳужжатлар ва моддий бойликларнинг қабул қилиш-топшириш далолатномасининг йўқлиги ҳам икки ҳафталик муддатни узайтириш учун асос бўла олмайди 17.04.1998 йилдаги 12-сон ОСПҚ 15-б..
- Меҳнат шартномасининг амал қилиш муддати тугаши муносабати билан МК 158-м.
Қонун иш берувчининг оддий ходим билан муддатли меҳнат шартномасини тузиш ҳуқуқини маълум шартлар билан чеклайди. Аммо, корхона директори билан муддатли шартнома тузиш тўғридан-тўғри Меҳнат кодексида кўрсатилган МК 113-м. Директорнинг ваколат муддати низомда ёки таъсисчиларнинг директорни тайинлаш тўғрисидаги қарорида ҳам белгиланиши мумкин. Меҳнат шартномасининг амал қилиш муддати тугагач, бекор қилинган ҳисобланади. Бунда шартноманинг тугаши ҳақида директорни олдиндан хабардор қилиш шарт эмас. Бундан ташқари меҳнат шартномаси унинг амал қилиш муддати тугаган кунда ҳам, ушбу кундан кейин бир ҳафта ичида ҳам бекор қилиниши мумкин МК 158-м. 2-қ.
- Томонлар келишувига биноан МК 157-м.
Директор билан тузилган меҳнат шартномаси томонларнинг келишуви билан исталган вақтда бекор қилиниши мумкин. Бу меҳнат муносабатларини тугатишнинг энг яхши вариантидир, чунки ишдан бўшатилгандан сўнг директор, одатда, корхона шериклари ва рақобатчилари билан ишбилармонлик алоқаларини сақлаб туради, тижорат сирларидан хабардор бўлади, шунингдек ишнинг барча жиҳатларини билади. Шунинг учун ишдан бўшатишда зиддиятнинг юзага келиши бутун бизнесга салбий таъсир кўрсатиши мумкин. Бундай ҳолларда айниқса йирик корхоналарда одатда собиқ директорнинг садоқати учун «воз кечиш учун талаб қилинадиган сумма» тўланади. Бунда, агар ишдан бўшатиш нафақаси директор билан тузилган меҳнат шартномасида кўзда тутилмаган бўлса, томонларнинг келишувига биноан ишдан бўшатилгандан кейин пуллик компенсация тўланиши ихтиёрийдир.
- Иш берувчининг ташаббуси билан МК 161-м.
Ушбу асос билан директорни ишдан бўшатиш учун бир нечта сабаблардан бири бўлиши керак:
– ташкилот унинг муассислари ёки таъсис ҳужжатларида ваколати белгиланган юридик шахснинг органи қарори бўйича тугатилиши;
Корхона тугатилиши ҳақида директор камида 2 ой олдин ёзма равишда хабардор қилиниши лозим МК 165-м. 1-қ. Директорнинг ваколатлари тугатувчи тайинланганидан кейин тўхтатилади 21.08.2019 йилдаги 704-сон ВМҚга 1-илова 6-б. 21.08.2019 йилдаги 704-сон ВМҚга 1-илова 19-б. Бунда тугатувчининг мажбуриятларини собиқ директорнинг ўзи ҳам, лекин фуқаролик-ҳуқуқий шартнома доирасида бажариши мумкин.
– ходимнинг малакаси етарли бўлмаганлиги сабабли эгаллаб турган лавозимига ёки бажараётган ишига мувофиқ эмаслиги;
– ўз меҳнат мажбуриятларини мунтазам равишда бузганлиги;
Аввал меҳнат мажбуриятларини бузганлиги учун ходим интизомий ёки моддий жавобгарликка тортилган ёхуд унга нисбатан меҳнат тўғрисидаги қонунчиликда ва меҳнат ҳақидаги бошқа ҳуқуқий ҳужжатларда назарда тутилган таъсир чоралари қўлланилган кундан эътиборан бир йил ичида ходим томонидан такроран интизомий ножўя ҳаракат содир этилганлиги меҳнат мажбуриятларини мунтазам равишда бузиш ҳисобланади.
– ходимнинг ўз меҳнат мажбуриятларини бир марта қўпол равишда бузганлиги. Бунда ушбу қўпол равишда бузиш ҳолати директор билан тузилган меҳнат шартномасида қайд этилган бўлиши лозим МК 170-м. 5-қ.;
– меҳнат тўғрисидаги қонун ҳужжатларида белгиланган бошқа сабаблар.
Корхонани бошқариш жараёнида директор нотўғри қарорлар қабул қилиши ёки унинг фаолияти ходимларнинг соғлиғига зиён келтириши ёинки корхона мулкига зарар етказиши каби вазиятлар юзага келиши мумкин. Бундай вазиятда раҳбарнинг хоҳиши инобатга олинмай, иш берувчининг ташаббуси билан бўшатилади. Бундай ишдан бўшатиш интизомий жазо чораси ҳисобланади, одатда, у корхона мулкдорлари томонидан қўзғатилади. Асосийси, ишдан бўшатиш чораси қўлланилиши мумкин бўлган қоидабузарликлар директор билан тузилган меҳнат шартномасида қайд этилиши лозим МК 170-м. 5-қ.
Нуфузига путур етказувчи асослар билан ишдан бўшатишда қонун ҳужжатларида белгиланган тартиб-таомилга пухта риоя қилиш муҳим. Агар у бузилган бўлса, суд собиқ директорни лавозимига тиклайди ва мажбурий прогул учун компенсация тўлашга ҳам мажбур қилади МК 320-м.
- Дастлабки синов натижаси бўйича МК 129-м.
Корхона мулкдорлари – иш берувчиларга нисбатан директор ҳам бошқалар каби ходим. Шунинг учун унга дастлабки синовни ўрнатиш имконияти татбиқ этилади. Бунда у меҳнат шартномасида кўрсатилиши ва 6 ойдан ошмаслиги керак МК 129-м. МК 130-м. Дастлабки синов муддати тугагунига қадар тарафларнинг ҳар бири иккинчи тарафни камида 3 кун олдин ёзма шаклда огоҳлантирган ҳолда, сабабини кўрсатмасдан меҳнат шартномасини бекор қилиши мумкин МК 132-м.
- Директорнинг янги меҳнат шароитида ишлашни давом эттиришдан бош тортганлиги муносабати билан МК 137-м.
Бундай асос директорлар билан муносабатларда кам учрайди, лекин бу рўй бериши мумкин. Қоида тариқасида, ишнинг хусусияти, технологияси, ишлаб чиқариш ва меҳнатни ташкил этиш хусусиятининг ўзгариши бевосита фақат меҳнат жамоасига таъсир кўрсатади, аммо корхонадаги умумий муҳит раҳбарнинг иш ҳажми ва хусусиятига таъсир қилади.
Шунингдек, бу асос бутун корхона ёки унинг асосий қисмининг жойлашишини ўзгартиришда мумкин бўлади. Мулкдор ўз ихтиёрий қарори билан корхонани, масалан, Тошкентдан Самарқандга кўчиради. Бу директорга тўғри келмагани учун у шу асосда ишдан бўшайди МК 146-м. 5-қ.
- Ташкилотнинг мулкдори алмашганда, ташкилот қайта ташкил этилганда, унинг идоравий тааллуқлилиги ёки бўйсунуви ўзгарганда МК 156-м.
Мазкур ҳолатда директор ишни давом эттиришни рад қилганда у билан тузилган меҳнат шартномаси ишдан бўшатиш нафақасини тўлаган ҳолда бекор қилинади.
- Тарафлар ихтиёрига боғлиқ бўлмаган ҳолатлар бўйича МК 168-м..
Булар қуйидагилар бўлиши мумкин:
– ходимнинг ҳарбий ёки муқобил хизматга чақирилганлиги;
– шу ишни илгари бажариб келган ходимнинг аввалги ишга тикланганлиги;
– ходим суднинг қайси ҳукми билан аввалги ишини давом эттириш имкониятини истисно этадиган жазога ҳукм қилинган бўлса, ўша суд ҳукмининг қонуний кучга кирганлиги, шунингдек суднинг қарорига биноан ходимнинг ихтисослаштирилган даволаш-профилактика муассасасига юборилганлиги;
– ишга қабул қилишга доир белгиланган қоидаларнинг бузилганлиги, агар йўл қўйилган қоидабузарликни бартараф этиш имкони бўлмаса ва у ишни давом эттиришга тўсқинлик қилса;
– қонунчиликка мувофиқ меҳнатга оид муносабатларни давом эттиришга монелик қиладиган ҳолатлар юзага келганлиги (ходимнинг белгиланган тартибда берилган тиббий хулосага мувофиқ меҳнат фаолиятига тўлиқ қобилиятсиз деб эътироф этилганлиги, шунингдек давлат сирларидан фойдаланиш ҳуқуқи бекор қилинганлиги, агар бажарилаётган иш шундай фойдаланиш ҳуқуқини талаб қилса, муайян ишни бажаришга доир рухсатномадан ёки лицензиядан маҳрум этилганлиги ва бошқалар);
– ташкилотни тугатиш ёки иш берувчи бўлган якка тартибдаги тадбиркор фаолиятини тугатиш тўғрисидаги суд қарорининг қонуний кучга кирганлиги;
– ходимни ишга тиклаш ҳақидаги суд қарори бекор қилинганлиги ёки Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги Давлат меҳнат инспекциясининг қарори бекор қилинганлиги (қонунга хилоф деб эътироф этилганлиги);
– ходим вафот этганлиги, шунингдек суд томонидан ходимнинг бедарак йўқолган деб эътироф этилганлиги ёки вафот этган деб эълон қилинганлиги;
– Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатининг, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатида доимий асосда ишлаган Сенат аъзосининг ваколатлари муддати тугаганлиги ёки Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси ва Сенати тарқатиб юборилганлиги муносабати билан аввалги лавозимига (ишига) қайтганлиги;
– қонунда назарда тутилган бошқа ҳоллар.
Директор билан меҳнат шартномасини бекор қилиш учун махсус асослар
Агар корхона мулкдори ўзгарган бўлса, у уч ой мобайнида корхона раҳбари, унинг ўринбосарлари, бош бухгалтер билан тузилган меҳнат шартномасини бекор қилишга ҳақли. Ташкилотга бўлган мулкчилик ҳуқуқи янги мулкдор муассис сифатида таъсис ҳужжатларида давлат рўйхатидан ўтказилган пайтдан бошлаб вужудга келади. Мазкур муддатга директорнинг вақтинча меҳнатга қобилиятсизлиги даврлари, унинг таътилларда бўлганлиги вақти, бошқа узрли сабабларга кўра ишда бўлмаган даврлари киритилмайди.
Корхона номининг ўзгариши, шунингдек корхонанинг бир орган ихтиёридан бошқасига ўтказилиши мулкдор ўзгариши деб баҳоланиши мумкин эмас ва бу меҳнат муносабатларининг бекор қилинишига олиб келмайди 17.04.1998 йилдаги 12-сон ОСПҚ 27-б. Янги мулкдор корхона раҳбари билан меҳнат муносабатларини тугатишга ҳам, уларни сақлаб қолишга ҳам ҳақли.
Бундай ҳолларда меҳнат шартномасини бекор қилишда касаба уюшмаси қўмитаси ёки ходимлар бошқа вакиллик органининг розилигини олиши талаб этилмайди МК 164-м. 2-қ. Янги мулкдор камида 2 ой олдин директорни у билан меҳнат муносабатларини тугатиш тўғрисида ёзма равишда хабардор қилиши ёки унга мутаносиб равишда компенсация тўлаши шарт МК 165-м. Огоҳлантириш муддати давомида раҳбарга бошқа иш қидириш учун ҳафтада камида бир кун шу вақт учун иш ҳақи сақланган ҳолда ишга чиқмаслик ҳуқуқи берилади МК 165-м. 4-қ..
Директор учун бошқа ходимлар сингари меҳнат қонунчилигида назарда тутилган барча ижтимоий кафолатлар сақлаб қолинади.
- Меҳнат шартномасида назарда тутилган асослар бўйича ишдан бўшатиш МК 489-м. 1-қ.
Бу асослар фақат раҳбар ёки бош бухгалтер учун назарда тутилиши мумкин. Бунда шартномада қонун ҳужжатларида назарда тутилмаган асосларни белгилаш мумкин эмас. Агар баҳсли вазият юзага келса, суд уларни ноқонуний деб тан олади 17.04.1998 йилдаги 12-сон ОСПҚ 45-б.
Одатда, директорнинг корхонадаги фаолияти мулкдор томонидан қуйидагилар бўйича баҳоланади:
– йиллик айланма;
– ҳисобот даври охиридаги соф фойда кўрсаткичлари;
– корхона рентабеллиги;
– ишлаб чиқарилган маҳсулотлар, ишлар, хизматлар сифати;
– корхона маблағларидан оқилона фойдаланиш;
– ривожлантириш ва модернизация қилиш, замонавий технологияларни жорий этиш;
– инвесторларни жалб этиш;
– кадрлар қўнимсизлиги ва ҳ.к.
Шартномада директор ишини баҳолашнинг бундай мезонларини тавсифлаб, кейинчалик уларнинг ёмон ишлашини ҳисобга олган ҳолда, директорни қонун билан белгиланган «директорнинг малакаси етарли эмаслиги ёки соғлиғи ҳолати туфайли бажарилган ишига номувофиқлиги» асоси билан ишдан бўшатиш мумкин. Бунда агар ишдан бўшатилган директор судга мурожаат қилса, бу номувофиқлик ва бу корхона манфаатларига зарар етказганлигини исботлаш зарурлигини унутмаслик керак.
- Банкрот корхона раҳбарини лавозимидан четлаштириш 12.04.2022 йилдаги 763-сон ЎРҚ
Бундай ишдан четлаштириш фақат кредиторлар йиғилишининг ёки санация қилувчи бошқарувчининг илтимосига биноан хўжалик суди томонидан амалга оширилиши мумкин. Раҳбар фақат суд санацияси режасини бажармаганлиги ёки лозим даражада бажармаганлиги, қарздор ёки кредиторларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини бузувчи ҳаракатларни содир этганлиги тўғрисида маълумот мавжуд бўлган тақдирда ишдан бўшатилиши мумкин. Қарздор корхона раҳбари шу пайтдан бошлаб ишдан четлаштирилади:
– қарздорнинг раҳбарини ўз вазифасини бажаришдан четлаштириш ва корхона бошқарувини санация қилувчи бошқарувчига ўтказиш тўғрисида ажрим чиқарилганда;
– иқтисодий суд томонидан ташқи бошқарувни жорий этиш ва корхона бошқарувини ташқи бошқарувчига
ўтказганда 12.04.2022 йилдаги 763-сон ЎРҚ 109-м.;
– иқтисодий суд томонидан қарздорни банкрот деб топиш ва тугатишга доир иш юритишни бошлаш тўғрисида қарор қабул қилганда 12.04.2022 йилдаги 763-сон ЎРҚ 141-м..
Директор ишдан бўшатилаётганда ишларни топшириш
Директор билан меҳнат шартномасини бекор қилиш тўғрисида буйруқ чиқарилгандан сўнг, у ўз юритувидаги барча ҳужжатларни янги тайинланган директорга ёки комиссияга топширади. Таъсис ва рўйхатга олиш ҳужжатлари, умумий йиғилиш баённомалари ва иштирокчиларнинг қарорлари, бухгалтерия ҳисоби ва банк ҳужжатлари, шунингдек корхонанинг кўчмас мулк, транспорт ва бошқа мол-мулкка эгалик ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжатлар далолатнома бўйича топширилади. Корхонага берилган лицензия ва рухсатномалар, корхона муҳри ва штамплари, сейф калитлари ҳам топширилганда далолатнома тузилади.
Агар директор ишларни топширишни рад этса ёки бундай ишни топшириш имконияти бўлмаган ҳолатлар вужудга келганда (касаллик, ўлим, йўқолиб қолиш) мулкдор қабул қилинган ҳужжатларни инвентаризация қилувчи комиссия тузади.
Ҳужжатларни топширишни ташкил этиш мажбурияти иш берувчи зиммасида бўлади. Агар у белгиланган икки ҳафта ичида ушбу жараённи амалга оширмаса, ишдан бўшатилган куни директор ишни топширмасдан кетишга ҳақли, чунки огоҳлантириш муддати тугагандан сўнг у ишни тўхтатиши мумкин 17.04.1998 йилдаги 12-сон ОСПҚ 15-б. 5-хатбошиси.
Қоидага кўра, таъсисчиларнинг битта қарори билан эски директор ўз лавозимидан озод қилинади ва худди шу қарор билан янгиси тайинланади. Қарорда кўрсатилган сана директорни ишдан бўшатиш санаси бўлади.
Директор билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилингандан кейин унинг номига расмийлаштирилган электрон рақамли имзо (ЭРИ) ташкилотнинг my.mehnat.uz порталидаги кабинетига кириш учун ҳақиқий бўлмайди. Бу ЯММТдан фойдаланиш имконияти бутунлай йўқолиши мумкинлигини англатади.
Муаммоларнинг олдини олиш учун:
- Директор ишдан бўшашидан олдин янги раҳбарнинг шахсий ЭРИси расмийлаштирилганлиги ва фаоллаштирилганлигига ишонч ҳосил қилинг.
- Аввалги директор билан шартномани бекор қилишдан олдин янги калит билан тизимга киришни текширинг.
- Агар кабинетга кириш имконияти йўқолган бўлса, мутахассисларнинг «Мy.mehnat Тизимига қандай кирилади» тавсияномасидан фойдаланинг.
Иштирокчиларнинг ҳаракатсизлигида ишдан бўшатишнинг хусусиятлари
Корхона раҳбари истеъфога чиқиш истагини билдирган бўлса-ю, лекин умумий йиғилишни чақириш ва унинг кун тартиби тўғрисида хабардор қилинган таъсисчилар йиғилиш ўтказмаган ва янги директорни тайинламаган бўлса ҳам, амалдаги раҳбар ишга чиқмаслиги мумкин. Унинг ишдан бўшаши учун бошқа шартлар, таъсисчиларнинг умумий йиғилишида иш берувчини хабардор қилиш бундан мустасно, қонун ҳужжатларида назарда тутилмаган. Бунда ишдан бўшатиш тартиби бир хил бўлади.
МЧЖ таркибида юридик шахслардан иборат бўлган иккита иштирокчи мавжуд, улардан биттаси Ўзбекистон резиденти, иккинчиси эса норезидент. Ҳозирги вақтда МЧЖ директори ўз хоҳиши билан ишдан бўшамоқчи. Норезидентнинг вакили иштирокчиларнинг умумий йиғилишини чақириш тўғрисидаги такрорий билдиришномаларига жавоб бермаяпти.
МЧЖ директори икки таъсисчидан бири йўқлигида ёзма огоҳлантириш асосида ва икки ой ишлагандан
сўнг меҳнат шартномасини бекор қилиши мумкинми?
– Ходимга нисбатан татбиқ этиладиган меҳнат қонунчилигининг барча нормалари корхона директорига ҳам татбиқ этилади. Директор меҳнат шартномасини ўз хоҳишига кўра бекор қилиш тўғрисида ариза бериб, Меҳнат кодексининг 160-моддасига асосан ишни тугатишга ҳақли. Бу ҳолатда меҳнат шартномасини бекор қилиш тўғрисидаги қарор таъсисчиларнинг хоҳишларига боғлиқ эмас. Таъсисчилардан бирининг унга ариза тақдим этилмаганлиги ҳақида мурожаат қилишига йўл қўймаслик учун унинг манзилига расмий хат юборилиши ва директор аризасининг нусхаси илова қилиниши керак. Почта квитанцияси ёки курьерлик ҳужжати далил бўлади. Агар корхона электрон ҳужжат айланишига ўтган бўлса, таъсисчининг расмий электрон почтасига юборилган директорнинг ЭРИси билан имзоланган хат ҳам далил бўлади.
Директорни у ягона таъсисчи бўлган корхонадан ишдан бўшатиш
Ягона таъсисчи бўлган МЧЖ директори ўз улушини бошқа шахсга ўтказмоқчи ва директор лавозимидан ишдан бўшамоқчи. Бундай ҳолатда қуйидаги ҳужжатлар расмийлаштирилади:
- оддий ёзма шаклдаги олди-сотди шартномаси ёки улушдан воз кечиш шартномаси. Нотариал тасдиқлаш, агар у тўғридан-тўғри низомда ёки томонлардан бирининг илтимосига биноан назарда тутилган бўлса, мажбурийдир;
- монополияга қарши давлат органининг олдиндан розилиги тўғрисида қарори. Шартномани тузиш вақтида активларининг жами баланс қиймати ёки унда иштирок этувчи шахсларнинг охирги календарь йилда товарларни реализация қилишдан олинган жами тушуми БҲМнинг 100 минг баравари миқдоридан ортиқ бўлса, уни олишингиз шарт 06.01.2012 йилдаги 319-сон ЎРҚ 17-м.;
- МЧЖ иштирокчисининг таъсис ҳужжатларига ўзгартиришлар киритиш тўғрисидаги қарори;
- янги таҳрирдаги низом;
- таъсис ҳужжатларини давлат рўйхатидан ўтказиш учун зарур бўлган бошқа ҳужжатлар (ариза, давлат божи тўланганлиги тўғрисида тўлов ҳужжати).
Бошқа ҳолатларда директорни ишдан бўшатиш оддий тартибда амалга оширилади. Корхонадаги барча буйруқлар директор томонидан чиқарилганлиги ва имзоланганлиги сабабли, ўзини ишдан бўшатиш тўғрисидаги буйруқни ёки топшириқни ҳам ўзи расмийлаштиради.
Агар таъсисчиларнинг умумий йиғилиши битта иштирокчи йўқлиги сабабли директорни ишдан бўшата олмаса, нима қилиш керак
Корхона уставида ижро этувчи органни тайинлаш, сайлаш, ваколатларини тугатиш таъсисчилар умумий йиғилишининг мутлақ ҳуқуқи эканлиги белгилаб қўйилган. Қарорлар уларнинг кўпчилик овози билан қабул қилинади. Барча иштирокчилар ҳозир бўлса, умумий йиғилиш адолатли ўтказилган ҳисобланади.
Агар таъсисчилардан бири хорижий корхона бўлса ва охирги пайтларда у билан алоқа узилган бўлса, нима қилиш керак. Таъсисчини йиғилиш куни ва вақти тўғрисида хабардор қилиш тўғрисида далиллар мавжуд бўлишига қарамай, таъсисчининг розилигисиз директорни бўшатиш тўғрисида қарор қабул қилиш мумкин эмас. Директор ишни топшириш истагини билдирмаганлиги сабабли, умумий йиғилишда кворум бўлмаганлиги учун ишдан бўшатиш тўғрисидаги буйруқ устидан шикоят қилади. Шунингдек, низомга таъсисчиларнинг 2/3 қисми иштирок этиши етарлилиги тўғрисида ўзгартириш киритиш мумкин эмас, чунки низом ҳужжатларидаги бундай ўзгартиришлар мулкдорларнинг 100 фоиз иштирокида умумий йиғилиш томонидан тасдиқланади. Энг яхши вариант ҳеч бўлмаганда конференц-алоқа орқали хорижий таъсисчининг иштирокига эришишдир. Ёки сиз ундан директорни ишдан бўшатиш тўғрисида расмий ёзма розилик олишингиз керак.
Агар бунинг иложи бўлмаса, қийин, аммо эришиш мумкин бўлган йўл мавжуд. Таъсисчи таъсисчиларнинг умумий йиғилишида иштирок этишни истамаганлиги билан корхонанинг фаолият кўрсатишига имкон бермаётганлиги сабабли, иштирокчини таъсисчилар сафидан чиқариш тўғрисида даъво билан судга мурожаат қилишингиз мумкин 06.12.2001 йилдаги 310-II-сон ЎРҚ 8-м.
Қоида тариқасида, корхоналар низомларида умумий улушлари устав капиталининг камида 10 фоизини ташкил этувчи жамият иштирокчилари суд тартибида иштирокчини жамият таркибидан чиқаришни талаб қилиш ҳуқуқига эга эканлиги назарда тутилган. Фақат ўз вазифаларини қўпол равишда бузадиган ёки ўз ҳаракати (ҳаракатсизлиги) билан корхона фаолиятини имконсиз қиладиган ёки уни сезиларли даражада мураккаблаштирадиган шахсни чиқариб ташлаш мумкин. Таъсисчиларнинг умумий йиғилишини ўтказишга эътибор бермаслик корхонанинг бир меъёрда фаолият юритишига тўсқинлик қилиш бўлади.
Иштирокчининг таъсисчилар таркибидан чиқиши тўғрисидаги суд қарори қонуний кучга киргандан сўнг, қолганлари директорни ишдан бўшатиши мумкин.
- Ишдан бўшатиш нафақаси: кимларга, қачон ва қандай тўлаш керак
- Меҳнат мажбуриятларини бир марта қўпол равишда бузганлиги учун ходимни қандай ишдан бўшатиш мумкин
- Иш қидириш даврида ишдан бўшатиш нафақаси ва ўртача иш ҳақи қандай тўланади
- Узоқ вақт ишда бўлмаган ходимни қандай ишдан бўшатиш керак
- ЯММТ ёрдамида ходимни ишдан бўшатиш ҳақида қандай хабардор қилиш керак


Канал в телеграм