Пригодится каждому кадровику в декабре:
Тарафлар келишувига кўра ишдан бўшатиш
Ходим меҳнат шартномасини бекор қилмоқчи ва иш берувчи у билан тегишли келишув тузди. Меҳнат шартномасини бекор қилиш учун асос сифатида Меҳнат кодексининг 97-моддаси 1-банди кўрсатилди. Тарафлар меҳнат шартномасини етти кундан кейин бекор қилишга келишиб олди. 5 кундан сўнг ходим келишувни бажаришдан бош тортди. Иш берувчи эса келишув шартларидан бош тортмоқчи эмас. Мазкур ҳолатда келишув ўз кучини йўқотган деб ҳисобланадими? Иш берувчи ушбу ходим билан меҳнат шартномасини мазкур келишувга асосан бекор қилиши мумкинми?
Мазкур ҳолатда меҳнат шартномасини бекор қилиш учун асос сифатида МКнинг 99-моддаси (ходимнинг ташаббуси билан) эмас, балки МКнинг 97-моддаси 1-банди (тарафларнинг келишувига кўра) танланганлигини эътиборга олиш керак. Шунга кўра МКнинг 99-моддаси учинчи қисми қўлланилмайди. Ходимнинг келишувни бажаришдан бир тарафлама тартибда бош тортиши иш берувчига меҳнат шартномасини МКнинг 97-моддаси 1-бандига кўра бекор қилиш учун тўсиқ бўла олмайди. Келишув – бу икки тарафнинг иродасини ифода этадиган икки тарафлама ҳужжатдир. Унинг амал қилишини ўзгартириш ёки бекор қилиш фақат икки тараф биргаликда хоҳлаганда қонуний бўлади. Шунга кўра, агар иш берувчи ходимнинг меҳнат шартномасини бекор қилмаслик хоҳишига розилик билдирса, у ҳолда у МКнинг 97-моддаси 1-бандига асосан бекор қилиниши мумкин эмас. Мазкур ҳолатда иш берувчи ва ходим илгари тузилган келишувни бекор қилиш учун бошқа келишув имзолаши лозим. Агар иш берувчи дастлабки келишувнинг шартларини бажаришдан бош тортмаса, ходимнинг позицияси ўзгарганлигидан қатъи назар кўрсатилган келишув шартларига мувофиқ меҳнат шартномасини бекор қилиш тўғрисида буйруқ чиқаришга ҳақли. Бироқ, келишув матнида ҳар қайси тараф бир тарафлама тартибда уни бажаришдан бош тортиш ҳуқуқига эга эканлиги назарда тутилган ва мазкур рад этиш унинг амал қилишининг тугашига олиб келиши белгиланган бўлса, иш берувчи шунга асосан меҳнат шартномасини бекор қилиши мумкин эмас.