Пригодится каждому кадровику в декабре:
Иш куни давомида танаффуслар қандай белгиланади
Иш вақтидаги танаффус – бу иш вақти давомида бериладиган, ходим меҳнат мажбуриятларини бажаришдан озод этиладиган, иш вақти давомийлигига киритиладиган ёки киритилмайдиган вақт ҳисобланади.
Амалиётда иш вақтидаги танаффуслар 2 турда бўлади:
- дам олиш ва овқатланиш учун танаффуслар, улар иш вақтига киритилмайди;
- айрим тоифадаги ходимларга бериладиган қўшимча танаффуслар, қоидага кўра, улар иш вақтига киритилади.
Дам олиш ва овқатланиш учун танаффуслар
Ходимга иш куни давомида дам олиш ва овқатланиш учун танаффус берилиши керак, бу танаффус иш вақтига киритилмайди .
Танаффусларнинг давомийлиги қонунда аниқ белгиланмаган. Шунингдек Меҳнат кодексида бундай танаффуслар иш бошлангандан кейин қайси вақтда берилиши белгиланмаган ҳамда уларнинг максимал давомийлиги чегараланмаган. Шу боисдан ҳар бир ташкилотда танаффус бериш вақти ва унинг аниқ муддати ички меҳнат тартиби қоидаларида, смена графикларида ёки ходим билан иш берувчи ўртасидаги келишувга биноан белгилаб қўйилади .
Амалиётда иш вақтининг нормал давомийлигида кўпинча танаффуслар иш бошланганидан сўнг 4 соатдан кейин белгиланади ва 1 соатни ташкил этади.
Шунингдек сиз ташкилотда мавжуд шарт-шароитлардан келиб чиққан ҳолда бир соатдан ошмайдиган вақтга танаффус белгилашингиз мумкин. Масалан, агар корхонада ходимларни бепул тушлик билан таъминлайдиган ошхона бўлса, танаффусни камроқ вақтга белгилаш мумкин.
Узоқ давом этадиган сменаларда иш вақтининг жамланган ҳисоби юритиладиган ходимлар учун дам олиш ва овқатланиш учун 2 та танаффус белгилаш мумкин. Танаффусларнинг ҳар бири 1 соатдан ошмаслиги, масалан, 30–45 дақиқа давом этиши лозим.
Айрим ҳолатларда дам олиш ва овқатланиш учун танаффусларни умуман белгиламаслик мумкин: иш вақти давомийлиги қисқартирилганда, тўлиқ бўлмаган иш кунида ва бошқалар. Масалан, агар иш режими соат 8.00 дан 12.00 гача этиб белгиланган бўлса, бундай танаффусларни белгилаш мантиқсиздир.
Ташкилот фаолиятининг ўзига хос хусусиятларига кўра айрим тоифадаги ходимларга дам олиш ва овқатланиш учун танаффус бериш мумкин бўлмаган ишларда ходимга иш вақтида овқатланиб олиш имконияти таъминланиши шарт. Бундай ишларнинг рўйхати, овқатланиш тартиби ва жойи ички меҳнат тартиби қоидаларида белгилаб қўйилади. Мазкур ҳолатда дам олиш ва овқатланиш учун танаффус иш вақтига киритилади ва ҳақ тўланади.
Қўшимча танаффуслар
Қонун ҳужжатларида дам олиш ва овқатланиш учун танаффуслардан ташқари, бажариладиган ишлар ва бошқа мажбуриятларнинг ўзига хос жиҳатлари ва тусини ҳисобга олган ҳолда қўшимча танаффуслар берилиши назарда тутилган.
Масалан, шаҳарлараро-вилоятлараро қатновларни, халқаро туристик-экскурсион ташишларни амалга оширадиган автобуслар жадвалида ҳайдовчилар учун автобусни 1,5 соат бошқарганидан кейин камида 15 дақиқа ёки 4,5 соат бошқарганидан сўнг 45 дақиқа танаффус белгиланиши шарт.
Шунингдек ноқулай меҳнат шароитларида, оғир ва ноқулай иқлим шароитларида иш билан банд бўлган айрим тоифадаги ходимлар учун қўшимча танаффуслар санитария қоидалари ва нормаларига биноан белгиланади.
Масалан, компьютер техникаси билан ишланганда иш бошлангандан кейин 2 соат ўтгач 15 дақиқалик, тушликдан сўнг ҳар бир иш соати оралиғида танаффуслар белгиланиши лозим 29.03.2007 йилдаги 0224-07-сон СанҚНнинг 7.6-б.
Ушбу қўшимча танаффуслар иш вақтига киритилиши лозим.
Корхонадаги қўшимча таътиллар локал ҳужжатлар ёки меҳнат шартномалари билан белгилаб қўйилиши мумкин.
Меҳнат кодекси билан 2 ёшга тўлмаган боласи бор аёлларга болани овқатлантириш учун қўшимча танаффуслар берилиши назарда тутилган.
Болани овқатлантириш учун бериладиган танаффуслар
2 ёшга тўлмаган боласи бор аёлларга, дам олиш ва овқатланиш учун бериладиган танаффусдан ташқари, болани овқатлантириш учун қўшимча танаффуслар ҳам берилади . Бундай танаффуслар боласи бор аёлнинг хоҳишидан қатъи назар, мажбурий тартибда берилади.
Бу танаффусларнинг аниқ муддати ва уларни бериш тартиби жамоа шартномасида, агар у тузилмаган бўлса, - ходимларнинг бошқа вакиллик органи билан келишиб белгилаб қўйилади .
Болани овқатлантириш учун қўшимча танаффуслар камида ҳар 3 соатда бир марта ҳар бири 30 минутдан кам бўлмаган муддат билан берилади. 2 ёшга тўлмаган икки ва ундан ортиқ боласи бўлган тақдирда, танаффуснинг муддати камида 1 соат қилиб белгиланади . Ана шу 3 соатга нафақат иш вақти, балки овқатланиш вақти ҳамда болани овқатлантириш учун бериладиган танаффуслар ҳам киритилади.
Яъни ўтган ҳар 3 соат инобатга олинади.
Боласи бор аёлнинг хоҳишига кўра, болани овқатлантириш учун бериладиган танаффуслар:
- дам олиш ва овқатланиш учун белгиланган танаффусга қўшиб берилиши;
ёки
- умумлаштирилиб, иш кунининг (иш сменасининг) бошига ёки охирига кўчирилиб, иш куни (иш сменаси) шунга яраша қисқартирилиши мумкин .
Болани овқатлантириш учун бериладиган танаффусларни иш вақтига киритинг ва ўртача ойлик иш ҳақи ҳисоби бўйича ҳақ тўланг .