Пригодится каждому кадровику в декабре:
Узлуксиз иш маромида иш вақтини ҳисобга олиш тартиби
«Ташкилот узлуксиз иш жадвалига эга. I-смена 08:00 дан 17:00 гача, 8 соат ишлайди. II-смена –17:00 дан 01:00 гача, 7 соат (шундан – 22:00 дан бошлаб тўлов 1,5 баравар). III-смена – 01:00 дан 08:00 гача, 6 соат (шундан 22:00 дан бошлаб тўлов 1,5 баравар). Тўлов II ва III - сменалар учун кўпроқ бўлиши учун табелга ҳар уч сменага 8 иш соатини қўйиш мумкинми? Даромад солиғи катта суммани ташкил қилади, натижада 1,5 баравар миқдордаги тўлов I-сменадаги ишчиларнинг иш ҳақига зўрға етади. Агар уларга аслида 7 ва 6 соат ёзадиган бўлсак, улар жуда ҳам кам олишади. Бундай вазиятда нима қилиш керак?».
– Иш вақтини ҳисобга олиш табелига фақат сменада ҳақиқатда ишлаган вақтни қўйиш керак. Табелда ўртача иш вақтини олиш мумкин эмас, чунки бу кўплаб талабларга зид келади. Ҳақиқий рақамлар нафақат иш ҳақи бўйича ҳисоб-китобларни амалга ошириш учун, балки ходимнинг форс-мажор шароитда иш жойида ўтказган вақтини аниқлаштириш, расмий текширувлар ёки тергов чораларини кўриш учун ҳам керак бўлиши мумкин.
Меҳнат кодексининг 122-моддасига мувофиқ, соат 22-00 дан 6-00 гача бўлган вақт тунги вақт деб ҳисобланади. Тегишинча, юқоридаги мисолда II сменага 7 соат ишлаган вақтдан тунги 3 соат, III сменада эса ишлаган 6 соатдан тунги 5 соат тўғри келади. Бу тунги соатлар учун камида 1,5 баравар миқдорда ҳақ тўланиши керак .
Берилган мисолдаги муаммони ҳал қилишда иш вақтини жамлаб ҳисобга олиш ёрдам беради.
Жамлаб ҳисобга олишдан ким ва нима учун фойдаланади
Агар ишнинг ўзига хос хусусиятларидан келиб чиққан ҳолда кунлик ёки ҳафталик узлуксиз иш вақтига риоя қилишнинг имкони бўлмаса, корхоналар ҳисобга олишнинг ушбу усулини жорий қилишлари мумкин. Қоида тариқасида, мослашувчан иш вақти ва 8 соатдан ортиқ давом этадиган сменали ишда бунга эҳтиёж юзага келади. Иш вақтининг умумлаштирилган ҳисоби корхоналар томонидан қуйидагиларда қўлланилади:
- узлуксиз ишлаб чиқариш жараёни билан;
- ишни ташкил этишнинг вахтали усули билан;
- транспорт ва бошқалар.
Иш вақтини жамлаб ҳисобга олиш (кунлик ва ҳафталикдан фарқли ўлароқ) кунига ва ҳафта давомида белгиланган иш вақтидан четга чиқишга имкон беради. Бунда бир кунда (ҳафта) ортиқча ишлаш бошқа кун ёки ҳафтада камроқ ишлаш билан қопланиши мумкин. Асосийси, ҳисобга олинадиган даврдаги иш вақтининг умумий давомийлиги нормадан ошиб кетмаслиги .
Масалан, анестезиология/реанимация бўлимлари шифокорлари учун қисқартирилган иш вақти белгиланган – ҳафтасига 33 соатдан ошмайди. Шифокорлар, қоида тариқасида, сутка давомида навбатчилик қилишади (ушбу режимда ишлаш Меҳнат кодексининг 123-моддаси билан тақиқланган). Агар шифокор ҳафтада 2 марта навбатчиликда турса, у белгиланган ҳафталик иш вақти нормасидан ошиб кетади. 24 соат ишлайдиган дўконлар сотувчилари, ҳайдовчилар, умумий овқатланиш корхоналари ходимлари ва бошқалар шунга ўхшаш вазиятга тушишлари мумкин. Бундай ҳолларда қонунда иш вақтини жамлаб ҳисобга олишни жорий этиш назарда тутилган. Тегишинча, иш вақтининг давомийлиги бир кун (смена) ёки бир ҳафта учун эмас, балки бошқа – узоқроқ ҳисобот даври учун ҳисобга олинади.
Шундай қилиб, ҳар бир ходимнинг ҳисобот давридаги (ой, чорак ва ҳоказо) иш вақти давомийлиги нормал иш соатлари сонидан ошиб кетмаслигини назорат қилиш учун умумлашган ҳисоб киритилади. Меҳнат кодексининг 115-моддасига мувофиқ ходим учун иш вақтининг нормал муддати ҳафтасига 40 соатдан ортиқ бўлиши мумкин эмас. Бунда айрим тоифадаги ходимлар, шу жумладан тўлиқсиз иш куни ёки тўлиқсиз иш ҳафтаси белгиланганлар учун чекловлар мавжуд.
Қандай ўрнатиш керак
Иш вақтини жамлаб ҳисобга олиш иш ҳақини ҳисоблаш ва тўлаш шартлари каби жамоа шартномасида белгиланади. У тузилмаган бўлса, иш берувчи бундай ҳисобга олишни касаба уюшмаси қўмитаси ёки ходимларнинг бошқа вакиллик органи билан келишув бўйича корхонанинг маҳаллий ҳужжатида белгилайди (ИМТҚ ёки иш вақти режими ҳақидаги алоҳида далолатномада).
Маҳаллий норматив ҳужжатда ҳисобот даврининг давомийлиги (ой, чорак ва бошқалар), иш сменасининг максимал давомийлиги, сменаларни алмаштириш тартиби, сменалараро дам олиш давомийлиги ва бошқа муҳим шартлар кўрсатилиши керак.
Шунингдек, ходим ва иш берувчи ўртасида меҳнат шартномаси ёки бошқа келишувда иш вақтини белгилаш мумкин.
Умумлашган ҳисоб корхонанинг барча ходимлари ёки уларнинг алоҳида тоифалари учун киритилиши мумкин. Иш берувчи ҳар бир тоифадаги ходимларни ҳисобот даврида талаб қилинадиган иш вақти билан таъминлаши керак. Тегишинча, иш вақтининг умумлашган ҳисоби жорий этилаётган ходимлар одатдагидан фарқли жадвал асосида ишлашлари керак.
Ҳисобот даври – бу қонунда белгиланган иш вақти нормасига риоя қилиниши керак бўлган вақт даври.
Ҳисобот даври корхона томонидан мустақил равишда белгиланади. Бу бир ой, чорак ёки бир йилдан ортиқ бўлмаган бошқа даврга тенг бўлиши мумкин.
Ушбу белгиланган вақт давомида ходим иш вақти нормасини ишлаб бериши керак. Агар у ҳақиқатда кўпроқ ишлаган бўлса, ортиқча соат таснифланади ва ортиқча иш сифатида тўлов қилинади.
Барча ҳолатларда кунлик иш (смена) давомийлиги 12 соатдан ошмаслиги керак.
Иш вақтини танлаш иш берувчининг ваколатидир. У ўз ходимлари учун у ёки бу режимни мустақил равишда аниқлаш ва ўрнатиш ҳуқуқига эга. Шунингдек, у режимларни аралаштириши, яъни ходимларнинг бир тоифаси учун иш турига ёки асосий ва ортиқча иш вақтига қараб бир вақтнинг ўзида турли хил иш режимларини белгилаши мумкин.
Шунингдек, ишнинг хусусияти, корхона эҳтиёжлари ва бошқа омилларга қараб турли тоифадаги ходимлар учун ҳар хил иш соатларини белгилашга рухсат берилади.
Смена жадваллари қандай ишлатилади
Қуйидагиларни таъминловчи узлуксиз ишлаб чиқариш билан банд бўлган корхоналарда смена жадвалларидан фойдаланилади:
- ишлаб чиқариш жараёнига узлуксиз хизмат кўрсатиш;
- ходимларнинг ротацияси, уларнинг бир сменадан иккинчисига ўтиши.
Ходим смена жадвалига мувофиқ маълум миқдордаги иш кунидан кейин мунтазам равишда бир сменадан иккинчисига ўтиши керак. Одатда 4 бригада смена жадвалларидан фойдаланилади. Бунда ҳар куни учта бригада ишлайди, уларнинг ҳар бири ўз сменасида ишлайди, битта бригада эса дам олади.
Мисол келтирамиз. Фараз қилайлик:
- I смена 08: 00 дан 17: 00 гача – 8 соат ишлайди;
- II смена 17: 00 дан 01: 00 гача – 7 соат ишлайди;
- III смена соат 01:00 дан 08:00 гача – 6 соат ишлайди.
Корхонада ушбу иш режимига тўртта бригада жалб қилинган. Ходимларнинг сменалар оралиғида даврий дам олишини таъминлаш учун иш қуйидагича ташкил этилади:
Бригадалар |
1 смена |
2 смена |
3 смена |
1 смена |
2 смена |
3 смена |
1 смена |
2 смена |
3 смена |
|
1 сутка |
2 сутка |
3 сутка |
||||||
1 |
+ |
|
|
|
+ |
|
|
|
+ |
2 |
|
+ |
|
|
|
+ |
Дам |
||
3 |
|
|
+ |
Дам |
+ |
|
|
||
4 |
Дам |
+ |
|
|
|
+ |
|
Ушбу иш тартиби иш жойига бориш ва тунги вақтда ортга қайтиш билан боғлиқ муайян қийинчиликлар билан боғлиқ. Қоида тариқасида, бундай иш режимига эга бўлган корхона ва ташкилотларда ходимларни хизмат транспортида ташиш корхона ҳисобидан ташкил этилади.
24 соатлик иш учун энг кенг тарқалган ва мақбули 12 соатлик иш жадвали бўлиб, унда:
1) биринчи суткада 1-сонли бригада (ёки 1-сонли ходим) эрталабдан кечгача ишлайди; тундан тонггача – 2-сонли бригада (2-сонли ходим);
2) иккинчи суткада – эрталабдан кечгача 3-сонли бригада (3-сонли ходим) ишлайди тундан тонггача – 1-сонли бригада (1-сонли ходим);
3) учинчи суткада – эрталабдан кечгача – 4-сонли бригада (4-сонли ходим), тундан тонггача – 3-сонли бригада (3-сонли ходим).
Оддий қилиб айтганда, ҳар бир бригада биринчи суткада – кундузи, иккинчисида – тунда ишлайди. Кейинги кундузги сменага қадар – икки кун дам олади.
Смена жадвали жамоа шартномасида, у бўлмаганда эса – иш берувчи томонидан касаба уюшмаси қўмитаси ёки ходимларнинг бошқа вакиллик органи билан келишилган ҳолда белгиланади. Биринчи ҳолда, смена жадвали жамоавий битимга илова, иккинчисида – корхонанинг мустақил маҳаллий ҳужжати.
Тасдиқлангандан сўнг сменалар жадвали кучга киргунга қадар 2 ойдан кечиктирмасдан тегишли ходимларнинг барчасига етказилади.
Смена давомийлигини қандай ўзгартириш мумкин
Иш берувчи ишлаб чиқариш шароитида зарур бўлганда тунги сменанинг давомийлигини ўзгартириши, уни кундузги сменага тенглаштириши мумкин. Хусусан, бу ишлаб чиқариш узлуксиз бўлган жойларда ёки бир кун дам олинадиган олти кунлик иш ҳафтаси шароитида смена бўлиб ишланаётган жойларда талаб қилиниши мумкин .
Корхонада иш ҳақи тизими ва Меҳнат кодекси талабларини ҳисобга олган ҳолда реал эҳтиёжни синчковлик билан таҳлил қилиш ва корхонанинг молиявий-иқтисодий хизматлари билан ҳисоб-китобларни амалга оширишни тавсия этамиз.
Валерия ЛЯНДРЕС
«Норма » эксперти