Ишдан бўшатиш нафақаси қандай ҳисоб-китоб қилинади

19.03.2024
author avatar

Александр НАВОТНЫЙ

Тавсияда:

– ишдан бўшатиш нафақасининг ҳисоб-китоби;

– ўриндошлар учун ишдан бўшатиш нафақасининг ҳисоб-китоби;

– ишдан бўшатиш нафақасини тўлашнинг мажбурийлиги.

Ишдан бўшатиш нафақаси қандай ҳисоб-китоб қилинади 

Меҳнат шартномаси бекор қилинган қуйидаги ҳолларда ишдан бўшатиш нафақаси тўланади МК 173-м:

  • иш берувчининг ташаббусига кўра, ходимнинг айбли ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) муносабати билан ишдан бўшатилиши бундан мустасно;
  • тарафларнинг хоҳиш-иродасига боғлиқ бўлмаган ҳолатларга кўра, алоҳида ҳоллар бундан мустасно;
  • ходим янги меҳнат шартларида ишни давом эттиришни рад этганлиги муносабати билан;
  • ходим тиббий хулосага мувофиқ соғлиғининг ҳолатига кўра ўзига қарши кўрсатма бўлмаган бошқа ишга ўтказишни рад этганлиги ёхуд иш берувчида тегишли иш бўлмаганлиги муносабати билан;
  • ходим иш берувчи билан бирга бошқа жойдаги ишга кўчишни рад этганлиги муносабати билан;
  • ходим ташкилотнинг мулкдори алмашганлиги, унинг қайта ташкил этилганлиги, идоравий тааллуқлилиги (бўйсунуви) ўзгарганлиги муносабати билан ишни давом эттиришни рад этганлиги муносабати билан.

Ишдан бўшатиш нафақасининг миқдори мазкур иш берувчидаги иш стажига боғлиқ бўлади ва у ходимнинг ўртача ойлик иш ҳақининг қуйидаги миқдоридан кам бўлиши мумкин эмас:

  • 3 йилгача иш стажига эга бўлган ходимлар учун – 50 %идан;
  • 3 йилдан 5 йилгача иш стажига эга бўлган ходимлар учун – 75 %идан;
  • 5 йилдан 10 йилгача иш стажига эга бўлган ходимлар учун – 100 %идан;
  • 10 йилдан 15 йилгача иш стажига эга бўлган ходимлар учун – 150 %идан;
  • 15 йилдан ортиқ иш стажига эга бўлган ходимлар учун – 200 %идан.
Эътибор беринг

Жамоа келишувларида, жамоа шартномасида, ички ҳужжатларда, меҳнат шартномасида ходимларга иш берувчининг маблағлари ҳисобидан ишдан бўшатиш нафақасини тўлаш чоғида қўшимча кафолатлар белгиланиши мумкин:

  • ишдан бўшатиш нафақасининг оширилган миқдорлари;
  • ишдан бўшатиш нафақасининг миқдорига таъсир кўрсатадиган иш стажига ходимларнинг муайян тармоқдаги ёки муайян касбга доир меҳнат фаолияти даврларини киритиш;
  • ушбу ташкилотга иш берувчининг таклифи билан ишга кирган ходимларнинг кўрсатилган стажида ходим илгари меҳнат қилган ташкилотда ишлаган вақтни ҳисобга олиш.

Ходим унинг айбли ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) билан боғлиқ бўлган асосларга кўра ишдан бўшаётган бўлса, жамоа келишувларида, жамоа шартномаларида, ички ҳужжатларда, меҳнат шартномаларида ёхуд иш берувчининг (юридик шахс ваколатли органларининг, ташкилот мулкдорининг ёки мулкдорлар томонидан ваколат берилган шахсларнинг) қарорларида ходимларга ишдан бўшатиш нафақаларини, компенсацияларни тўлаш ва (ёки) уларга ҳар қандай шаклда бирор-бир бошқа тўловларни тайинлаш назарда тутилиши мумкин эмас.

Ўртача иш ҳақини ҳисоблаб чиқариш қоидалари Меҳнат кодексининг 257-моддасида белгиланган.

Иш вақтининг ойлик нормасини ишлаб берган ва меҳнат шартномасида белгиланган меҳнат вазифасини бажарган ходимнинг ўртача ойлик иш ҳақи ҳисоблаш кунидаги МҲЭКМдан кам бўлиши мумкин эмас.

Ўртача иш ҳақини ҳисоблаш учун қуйидаги формулалардан фойдаланинг:

Меҳнатга ҳақ тўлашнинг вақтбай тизимида ўртача иш ҳақи = Таътилдан олдинги охирги календарь ой учун тариф ставкаси (маош) + Ҳисоб-китоб даври учун иш ҳақининг қўшимча қисмининг ўртача ойлик суммаси;

Меҳнатга ҳақ тўлашнинг ишбай тизимида ўртача иш ҳақи = Таътилдан олдинги охирги календарь ой учун ишбай баҳолар бўйича ҳақиқатда ҳисобланган иш ҳақи + Ҳисоб-китоб даври учун иш ҳақининг қўшимча қисмининг ўртача ойлик суммаси;

Меҳнатга ҳақ тўлашнинг тарифсиз тизимларида ўртача иш ҳақи = МҲЭКМ + МҲЭКМдан ошадиган тўловларнинг ўртача ойлик суммаси. 

Ҳисоб-китоб даври учун иш ҳақининг қўшимча қисмининг ўртача ойлик суммаси – бу иш ҳақининг қўшимча қисми суммасининг 1/12 қисми (1/11, 1/10 ва ҳ.к. – тўлиқ йил ишламаганлар учун). Иш ҳақининг қўшимча қисми – қўшимча тўловлар, устамалар, мукофотлар ва компенсация ёки рағбатлантириш хусусиятига эга бошқа тўловлар суммаси МК 248-м. 3-қ.

Бу ҳақда батафсил бу ерда қаранг «Ўртача иш ҳақи қачон ва қандай ҳисобланиши керак». 

Мисол
Ишдан бўшатиш нафақасининг ҳисоб-китоби

Ходим 20 июль куни иш берувчининг ташаббусига кўра штатлар сони қисқартирилиши муносабати билан ишдан бўшатилади. Июнь ойида унинг лавозим маоши – 4 000 000 сўм. 

Ҳисоб-китоб давридаги (ўтган йилнинг июль – жорий йилнинг июнь ойларидаги) иш ҳақининг қўшимча қисми – 3 600 000 сўм.

Ходимнинг ушбу ташкилотдаги стажи – 12 йил.

Ишдан бўшатиш нафақаси қуйидаги миқдорни ташкил этади:

(4 000 000 + 3 600 000 : 12) х 150 % = 6 450 000 сўм.

Эътибор беринг
Мавсумий ходим билан меҳнат шартномаси МК 173-моддасининг 2-қисмида санаб ўтилган асосларга кўра бекор қилинган тақдирда, унга ўртача ойлик иш ҳақининг 50 %и миқдорида ишдан бўшатиш нафақаси тўланади МК 494-м. 5-қ.

Ўриндошлар учун ишдан бўшатиш нафақаси қандай ҳисоб-китоб қилинади

Ишдан бўшатиш нафақаси умумий тартибда ўриндошларга ҳам тўланади.

Мисол
Ўриндошга ишдан бўшатиш нафақасининг ҳисоб-китоби

Ўриндош 11 апрель куни иш берувчи билан бирга бошқа жойдаги ишга кўчишни рад этганлиги муносабати билан ишдан бўшатилади.

Унинг март ойидаги лавозим маоши – 2 000 000 сўм (4 000 000 сўмнинг 50 %и).

Ҳисоб-китоб давридаги (ўтган йилнинг апрель – жорий йилнинг март ойларидаги) иш ҳақининг қўшимча қисми – 1 200 000 сўм.

Ходимнинг ушбу ташкилотдаги стажи – 2 йил.

Ишдан бўшатиш нафақаси:

(2 000 000 + 1 200 000 : 12) х 50 % = 1 050 000 сўм.

Нега ишдан бўшатиш нафақасини тўлаш мажбурий

Агар Меҳнат кодексида ишдан бўшатиш нафақасини тўлаш назарда тутилган бўлса, унда буни албатта амалга ошириш лозим. Акс ҳолда иш берувчига нисбатан унинг тўланиши тўғрисида кўрсатма берилиши, шунингдек Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 49-моддасига мувофиқ маъмурий жавобгарликка тортилиши мумкин.

Агар ишдан бўшатиш нафақаси ўз вақтида тўлаб берилмаган бўлса, ходим назорат қилувчи органларга ёки судга мурожаат қилишини кутмасдан тўловни расмийлаштиринг.

Вазият
Агар ходим аллақачон иш топган бўлса, ишдан бўшатиш нафақаси тўланадими

Ходимни штатлар сони қисқартирилганлиги сабабли ишдан бўшатишмоқда. У аллақачон бошқа иш топганини, ишдан бўшатилгандан кейин эртаси куни уни ишга қабул қилишларини айтди. 

Бундай ҳолатда ишдан бўшатиш нафақасини тўлаш керакми?

– Ишдан бўшатиш нафақаси – бу ходим янги иш топган ёки топмаганлигидан қатъи назар, унга тўланадиган пул суммаси. У ишдан бўшатилаётган ходимни моддий жиҳатдан қўллаб-қувватлашга хизмат қилади.

Чтобы получать новости от Kadrovik.uz первыми, подписывайтесь на Telegram-канал