Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 23.12.2022 й. ПФ-270-сон "2023 йилда расмий саналарни нишонлаш даврида қўшимча ишланмайдиган кунларни белгилаш ва дам олиш кунларини кўчириш тўғрисида"ги Фармони

Ҳужжатнинг тўлиқ матнини ўқиш учун авторизация қилинг

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ПРЕЗИДЕНТИНИНГ

ФАРМОНИ

23.12.2022 й.

N ПФ-270



2023 ЙИЛДА РАСМИЙ САНАЛАРНИ НИШОНЛАШ

ДАВРИДА ҚЎШИМЧА ИШЛАНМАЙДИГАН

КУНЛАРНИ БЕЛГИЛАШ ВА ДАМ ОЛИШ

КУНЛАРИНИ КЎЧИРИШ ТЎҒРИСИДА


2023 йилда фуқароларнинг расмий саналарни нишонлаш даврида тўлиқ дам олиши учун шарт-шароитлар яратиш, "Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қил!" ички туризмни ривожлантириш дастури доирасида ички ва зиёрат туризмини янада ривожлантириш учун дам олиш ва байрам кунларидан самарали фойдаланишни таъминлаш мақсадида:


1. 2023 йилда қуйидаги қўшимча дам олиш кунлари белгилансин:

барча ходимлар учун (иш ҳафтасининг туридан қатъи назар): 2 январь - душанба, 24 апрель - душанба, 29 июнь - пайшанба, 30 июнь - жума;

олти кунлик иш ҳафтасида ишлайдиган ходимлар учун: 3 январь - сешанба, 20 март - душанба, 22 март - чоршанба, 22 апрель - шанба, 1 июль - шанба, 2 сентябрь - шанба, 30 декабрь - шанба.

2. Ўзбекистон Республикасининг 2022 йил 28 октябрдаги ЎРҚ-798-сон Қонуни билан тасдиқланган Меҳнат кодексининг 208-моддасига мувофиқ:

ишланмайдиган байрам куни ҳисобланувчи "1 октябрь - Ўқитувчи ва мураббийлар куни" 2023 йилда якшанба - дам олиш кунига тўғри келганлиги муносабати билан ушбу дам олиш куни 2023 йил 2 октябрь - душанба кунига кўчирилиши;

бунда ишлаб чиқариш-техник ва ташкилий шароитлар (мавжуд узлуксиз ишлаб чиқариш, аҳолига ҳар куни хизмат кўрсатиш, навбатчилик асосида ишлаш ва бошқалар) туфайли ишланмайдиган байрам кунлари тўхтатиб қўйиш мумкин бўлмаган ишларни бажаришда дам олиш кунлари кўчирилмаслиги маълумот учун қабул қилинсин.


3. 2023 йилда беш кунлик иш ҳафтасида ишлайдиган ходимлар учун дам олиш кунлари қуйидаги тартибда кўчирилсин:

7 январь - шанба кунидан 3 январь - сешанба кунига;

11 март - шанба кунидан 20 март - душанба кунига;

25 март - шанба кунидан 22 март - чоршанба кунига.

4. Байрам (ишланмайдиган) кунларининг узайтирилишини ҳисобга олган ҳолда, республика аҳолисининг мароқли дам олиши учун:

Маданият ва туризм вазирлиги туризм намойиши объектлари (маданий мерос объектлари, музейлар) ва меҳмонхона хизматлари учун чегирмалар берилиши ҳамда акциялар ўтказилишини ташкиллаштирсин;

Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерациясига Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликлари билан биргаликда санаторийлар ва соғломлаштириш муассасалари учун чегирмалар бериш ҳамда акциялар ўтказиш тавсия этилсин;

"Uzbekistan Airways" АЖ, "Ўзбекистон темир йўллари" АЖга ички транспорт қатновлари учун чегирмалар бериш ва акциялар ўтказиш тавсия этилсин.


5. Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси кенгашига:

меҳнат жамоалари ўртасида ушбу Фармоннинг мақсади, мазмун-моҳияти тўғрисида тушунтириш ишларини ташкил этиш;

узайтирилган байрам кунларида ходимлар ва уларнинг оила аъзолари мароқли дам олишини таъминлаш юзасидан касаба уюшмалари ташкилотларининг ишини фаоллаштириш тавсия этилсин.


6. Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги билан биргаликда байрам кунлари ўтказиладиган тадбирлар тўғрисида оммавий ахборот воситалари, шу жумладан Интернет жаҳон ахборот тармоғи орқали аҳолининг кенг хабардор қилинишини таъминласин.


7. Мазкур Фармон 2024 йил 1 январдан эътиборан ўз кучини йўқотади.


8. Ушбу Фармоннинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н. Арипов ва Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбари С.У. Умурзаков зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикаси Президенти                                 Ш. Мирзиёев



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2022 йил 23 декабрь