Бола парвариши таътилини тақдим қилиш тўғрисидаги буйруқни расмийлаштириш тартиби

preview

«Ходима 2 йил давомида бола парвариши таътилида бўлган, бола 20 январь куни 2 ёшга тўлади, у таътилни бола 3 ёшга тўлгунга қадар узайтирмоқчи.  Бола парвариши учун ҳақ тўланмайдиган таътилни  узайтириш учун буйруқ қандай тузилади?». 

Kadrovik.uz тушунтиради:

 

Бола уч ёшга тўлгунига қадар уни парваришлаш учун иш ҳақи сақланмайдиган таътил – бу узайтириш эмас.  У ходиманинг ёки унинг ўрнини босувчи шахснинг ёзма аризаси асосида алоҳида тақдим этилади .

Иккала таътилни ҳам битта буйруқ билан расмийлаштириш мумкин. Аммо бу ҳолда буйруқ матнида албатта ушбу 2 турдаги таътилни ажратинг, чунки улар турли тартибга мувофиқ тақдим этилади:

  • 2 ёшга тўлгунига қадар – нафақа тўлаш билан ;
  • икки ёшдан уч ёшга тўлгунга қадар – иш ҳақи сақланмаган ҳолда .

 

Буйруқ қандай расмийлаштирилади

1. Иш берувчи (масъул шахс) ходимадан ариза олгач, унда қуйидагиларни кўрсатган ҳолда буйруқ расмийлаштиради:

  • ходиманинг лавозими ва Ф.И.О.;
  • тақдим қилинаётган таътил тури;
  • таътилнинг бошланиш ва тугаш саналари;
  • ҳужжатлар – таътил бериш учун асослар (ходиманинг аризаси ва таътилнинг тугаш санасини тўғри кўрсатиш учун боланинг туғилганлик тўғрисидаги гувоҳномаси).

2. Кейин иш берувчи маълумотларни Т-2 шаклидаги шахсий карточкасига, иш вақтини ҳисобга олиш жадвалига ва ЯММТ тизимига киритади.

Ёдда тутинг, ходима исталган вақтда ўз қарори билан таътилни тўхтатиб, ишга чиқиши мумкин. Шунингдек, ишга чиққач, у бола 3 ёшга тўлгунга қадар исталган вақтда таътилга қайтишга ҳақли. Ушбу тартиб-таомилларнинг барчаси буйруқ билан расмийлаштирилиши ва маълумотлар Т-2 шаклидаги шахсий карточкасига, иш вақтини ҳисобга олиш жадвалига ва ЯММТга киритилиши зарур.

Қонунчиликда ижтимоий таътилни тақдим қилиш тўғрисида буйруқ шакли тасдиқланмаган, буйруқ эркин шаклда тузилади. Масалан:

  • «15-мактаб кутубхоначиси ҚЎЧҚОРОВА А. Р.га, унинг илтимосига кўра 2023 йил 21 январдан 2024 йил 20 январгача бола 3 ёшга тўлгунга қадар парвариш қилиш учун иш ҳақи сақланмайдиган  таътил тақдим қилинсин.

              Асос:

1) 21.01.2023 йилдан ҚЎЧҚОРОВА А.Р.нинг аризаси;

2) туғилганлик тўғрисидаги гувоҳнома сер.___ № _____».

Валерия ЛЯНДРЕС

 «Норма» эксперти