2022 йил 8 июль – қисқартирилган иш куними?

preview

Ўзбекистон меҳнаткашлари Қурбон ҳайити байрами ва дам олиш кунларини орзиқиб кутмоқда! Дам олишни бугун – 8-июль, жума кунидан бошлаш истаги ҳам йўқ эмас, албатта. У кимлар учун  қисқа иш куни бўлишини ва неча соатга қисқаришини «Норма» эксперти, ҳуқуқшунос  Ленара ХИКМАТОВА тушунтиради:

– Меҳнат кодексининг 121-моддасига кўра, байрам (ишланмайдиган) кунлар арафасида кундалик иш (смена) муддати барча ходимлар учун камида бир соатга қисқартирилади.
2022 йилда Меҳнат кодексининг 131-моддасида белгиланган Қурбон ҳайити байрами 9 июлга тўғри келмоқда . Тегишинча, байрам арафасидаги кун – 8 июль – камида 1 соатга қисқартирилиши керак. Корхона ва ташкилотларнинг маҳаллий ҳужжатларида узоқроқ қисқартириш назарда тутилиши мумкин (аммо 1 соатдан кам эмас, бу жуда муҳим!).
Байрам кунлари арафасида иш вақтини қисқартириш мажбурияти мулкчилик шаклидан қатъи назар, барча ташкилотларга тегишли.
Қисқартирилган иш вақти белгиланган ходимлар учун 8 июлдаги иш куни ҳам 1 соатга қисқартирилади. Бу қуйидагиларга тааллуқли:

  • 18 ёшга тўлмаган шахслар ;
  • I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахслар ;
  • Ноқулай меҳнат шароитларидаги ишларда банд бўлган шахслар  ;
  • алоҳида тусга эга бўлган ишлардаги ходимлар ;
  • уч ёшга тўлмаган болалари бор, бюджет ҳисобидан молиявий жиҳатдан таъминланадиган муассасалар ва ташкилотларда ишлаётган аёллар .
Мисол учун, офиснинг иш вақти: 09:00 дан 18:00 гача. Вояга етмаган ходим (референт) одатда 09:00 дан 16:00 гача ишлайди. 2022 йил 8 июль куни қолган ходимлар 17:00 гача ишласа, у 15:00 да ишдан кетишга ҳақли.

Бундан ташқари, иш берувчи билан келишилган ҳолда тўлиқсиз иш вақти белгиланган  ходимлар 8 июль куни ишдан эрта кетишлари мумкин .

Масалан, ходимга касал оиланинг бетоб аъзосини парвариш қилиш зарурати туфайли унинг илтимосига биноан тўлиқсиз иш куни белгиланган – 08:00 дан 15:00 гача. 2022 йил 8 июль бошқа ходимлар сингари унга ҳам қисқа иш куни бўлади – соат 14:00 гача.

Ишлаб чиқариш, техник ва бошқа сабабларга кўра (объектларни муҳофаза қилиш, уларнинг хавфсизлигини таъминлаш, аҳолига хизмат кўрсатиш, шошилинч таъмирлаш ва юклаш-тушириш ишлари ва бошқалар) ишларни тўхтатиб туриш мумкин бўлмаган ташкилотларда махсус тартиб амал қилади. У ерда байрамолди кунида иш (смена) муддатини қисқартиришнинг иложи бўлмагани учун ортиқча ишлаганлик учун ишдан ташқари иш ҳисобида камида 2 ҳисса ҳақ тўланади .

Ёдда тутинг!
Агар байрам 2022 йил 10 июлга (якшанба) тўғри келганда 8 июль (жума) байрам арафасидаги кун бўлмагани учун иш куни қисқартирилмас эди. Шанба, 9 июль фақат 6 кунлик иш ҳафтасида ишлайдиганлар учун қисқартирилган иш куни бўлар эди.