Ишга қабул қилишда қандай ҳужжатлар талаб қилиниши керак

preview

Янги Меҳнат кодекси қоидаларини ҳисобга олган ҳолда иш берувчи ходимдан ишга жойлашаётганда қандай ҳужжатларни олиши  кераклигини ва қўшимча равишда қайсилари керак бўлишини «Норма» эксперти, юрист Ленара ХИКМАТОВА тушунтирди:

 

Мажбурий ҳужжатлар тўплами

– Янги ходимни ишга қабул қилиш чоғида қуйидаги ҳужжатларни талаб қилинг :

  • паспортни ёки унинг ўрнини босувчи ҳужжатни (масалан, паспорт расмийлаштирилгунга қадар ички ишлар органлари томонидан бериладиган шахсни тасдиқловчи вақтинчалик гувоҳнома) ёхуд ID картани. Ўн олти ёшгача бўлган шахслар – туғилганлик тўғрисидаги гувоҳномани ёки идентификацияловчи ID картани;
  • охирги иш жойи бўйича тасдиқланган қоғоз шаклидаги меҳнат дафтарчасини ёки электрон меҳнат дафтарчасидан кўчирмани. Биринчи марта ишга кираётган шахслар меҳнат дафтарчаси ва кўчирмани тақдим қилишмайди. Ўриндошлик асосида ишга кираётган шахслар меҳнат дафтарчасининг ўрнига асосий иш жойидан олинган белгиланган намунадаги маълумотномани тақдим этади.

Эътибор беринг! Янги МК қоғоз шаклидаги меҳнат дафтарчаларини юритишни бекор қилмайди. Иш берувчи (бундан жисмоний шахслар бўлган иш берувчилар мустасно) ташкилотда беш кундан ортиқ ишлаган барча ходимлар учун меҳнат дафтарчаларини юритиши шарт .

Электрон меҳнат дафтарчаси қоғоз шаклидагиси билан параллель  равишда юритилади.

Бунда  меҳнат фаолиятини 01.01.2020 йилдан бошлаб Ягона миллий меҳнат тизими (ЯММТ) жорий этилгандан кейин бошлаган шахсларда, одатда, қоғоз шаклидаги меҳнат дафтарчаси бўлмайди, чунки меҳнат органлари шу санадан бошлаб уларнинг бланкларини беришни тўхтатган.

Қоғоз шаклидаги меҳнат дафтарчаси бўлмаган ходимларга фақат электрон меҳнат дафтарчаси шакллантирилади, улар иш берувчига ундан кўчирмани тақдим этишади.

Шунингдек, 2020 йилдан кейин уни йўқотган шахсларда ҳам қоғоз шаклидаги меҳнат дафтарчаси бўлмаслиги мумкин. Улар дубликат олишга улгурмаган бўлишлари мумкин, шунинг учун уларнинг меҳнат фаолияти фақатгина ЯММТда акс этади. Тегишинча, бундай ходимларга худди биринчи марта ишга кираётганлар сингари фақат электрон меҳнат дафтарчаси юритилади.  

  • ҳарбий гувоҳномани – ҳарбий хизматга мажбурлар, ҳарбий ҳисобда турганлик ҳақидаги гувоҳномани эса чақирилувчилар тақдим этади;
  • олий ёки ўрта махсус, касб-ҳунар таълим ташкилотини тамомлаганлиги тўғрисидаги дипломни, ишни бажариш учун фақат тегишли маълумотга ёки махсус тайёргарликка эга бўлган шахслар қўйилиши мумкин бўлганда - ушбу ишни бажариш ҳуқуқига доир гувоҳнома (сертификат)ни ёхуд бошқа тегишли ҳужжатни;
  • ЖШШИР (агар мавжуд бўлса). Ўзбекистон фуқароларининг паспорти ва ID карталарда ЖШШИР кўрсатилган бўлади. ЖШШИРни, масалан, Ўзбекистонда ишловчи чет эл фуқаролари алоҳида тақдим қилишлари керак. Улар уни давлат хизматлари марказлари ёки ИИБ миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлими орқали олишади;
  • солиқ тўловчининг идентификация рақамини (СТИР)*;
  • жамғариб бориладиган пенсия дафтарчасини, бундан биринчи марта ишга кираётган шахслар мустасно.

* Ўйлаймизки, келгусида МКга тузатишлар киритилганда охирги икки позиция ўзгаради. Ахир 2021 йил 1 июлдан бошлаб солиқ органларида солиқ тўловчилар ҳисоби ЖШШИРдан фойдаланган ҳолда юритилади.  СТИР бериш ва фуқароларни жамғариб бориладиган пенсия тизимига ҳисобга қўйиш эса бекор қилинди. ЖШШИР барча давлат, банк, ижтимоий ва бошқа хизматларни кўрсатишда фуқаронинг шахсини тасдиқловчи ягона идентификатор ҳисобланади .

 

Қўшимча пакет

Зарурат бўлганда ходим қўшимча равишда қуйидагиларни тақдим қилади:

  • тиббий кўрик натижалари тўғрисидаги ҳужжат (маълумотнома, тиббий хулоса). Бу МКнинг 360-моддасида кўрсатилган шахслар тоифаларига тегишли. Хусусан, иш берувчи ишга жойлаштиришда қуйидагилар учун дастлабки тиббий кўрикни ташкил қилиши шарт:

– вояга етмаганлар;

– умумий белгиланган пенсия ёшига етган шахслар (эркаклар учун – 60 ёш, аёллар учун – 55 ёш);

– ногиронлиги бўлган шахслар;

– ноқулай меҳнат шароитлари, тунги ишлар, транспорт ҳаракати билан боғлиқ ишларга;

– озиқ-овқат саноати, савдо ва аҳолига бевосита хизмат кўрсатадиган бошқа соҳаларда ишлаш;

– болаларни ўқитиш ёки тарбиялаш билан бевосита банд бўлган умумий ўрта таълим ташкилотлари, мактабгача таълим ва бошқа ташкилотларнинг педагогик ва бошқа ходимлари;

  • агар ходим ўн беш ёшдан ўн олти ёш оралиғида бўлса,  ота-онадан бирининг (ота-она ўрнини босувчи шахснинг) ёзма розилиги, агар ходим ўн беш ёшдан кичик бўлса, ҳар иккала ота-онанинг (ота-она ўрнини босувчи шахснинг) ёзма розилиги ;
  • илмий даражалар ва илмий унвонлар ва б. тўғрисидаги диплом нусхалари –илмий, илмий-педагогик, ижодий ходимлар учун;
  • яшаш гувоҳномаси  – чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар учун ;
  • агар бу қонунчиликда назарда тутилган бўлса,  бошқа ҳужжатлар.

 

Қабул қилинган ҳужжатларни сақлаш 

Тақдим этилган ҳужжатлардан нусха олинг ва уларни ходимнинг шахсий иш ҳужжатлари билан бирга сақланг. У ерда меҳнат шартномаси, ишга қабул қилиш тўғрисидаги буйруқ ва  ходимга тегишли барча кейинги буйруқлар ва ҳужжатларнинг нусхаларини сақлашингиз мумкин. Қоғоз шаклидаги меҳнат дафтарчасининг аслини қолдиринг ва қатъий ҳисоботга оид ҳужжат сифатида ташкилотнинг кадрлар бўлимида –– сейфда ёки ёнғинга чидамли шкафда сақланг.

 

Маълумот учун: 

2021 йил 1 июндан бошлаб давлат органлари, хўжалик бирлашмалари, жойлардаги ижро этувчи ҳокимият органлари, давлат ташкилотлари ва муассасаларига аҳоли ва тадбиркорлик субъектларидан баъзи ҳужжатларни талаб қилиш тақиқланган. Хусусан :

– шахсни тасдиқловчи ҳужжат нусхалари;

– меҳнат дафтарчалари ва уларнинг нусхалари (ушбу ҳужжатни «Ягона миллий меҳнат тизими» идоралараро дастурий-аппарат комплекси орқали олиш имконияти мавжуд бўлмаган ҳолларда сўраш бундан мустасно).

Давлат органлари ва ташкилотлари ишга қабул қилишда ушбу ҳужжатларни масъул тузилмалардан, шу жумладан – «Электрон ҳукумат» тизимининг идоралараро интеграциялашув платформаси орқали мустақил равишда сўраб олади.

Шу билан бирга, ушбу қоидалар янги МКда ўз аксини топмаган.

 

 

Ишга қабул қилиш Ишга қабул қилиш Ишга қабул қилиш /publish/doc/text188274_ishga_qabul_qilishda_qanday_hujjatlar_talab_qilinishi_kerak