Ходимга “такрорий” синов муддатини белгилаш

preview

Дастлабки синов назарда тутилган бирламчи шартнома муддати (1 йил)  ўтиб бўлганидан сўнг кейинги муддатли меҳнат шартномасини тузишда “такрорий” синов муддатини ўрнатиш мумкинми?

kadrovik.uz нинг бу саволига “Норма” мутахассиси, ҳуқуқшунос Ленара Ҳикматова жавоб берди:


– “Аввало эслатиб ўтишим керакки, муддатли меҳнат шартномалари  МКнинг 76-моддасида назарда тутилган алоҳида ҳолларда тузилиши мумкин.

Умумий қоидага кўра муддатли меҳнат шартномаси муддати тугаши билан бекор қилинади.  Аммо, муддат тугагандан кейин ҳам меҳнатга оид муносабатлар давом этаётган  ва тарафлардан бирортаси бир ҳафта давомида унинг бекор қилинишини талаб қилмаган бўлса, шартнома номуайян муддатга узайтирилган деб ҳисобланади .

Амалиётда кўпчилик "қайта тузиш" деганда мавжуд меҳнат шартномасига унинг амал қилиш муддатини ўзгартириш тўғрисидаги қўшимча келишув райсмийлаштиришни тушунади.

Бу ҳолатда дастлабки синов муддатини такроран белгилаш қонунга зид саналади.

меҳнат шартномасига дастлабки синовни ўташ ҳақидаги шарт фақат ишга қабул қилишда, ходимнинг топширилаётган ишга лаёқатлилигини текшириб кўриш мақсадида киритилади .


Қачон “такрорий” синов муддати керак бўлмайди

Янги меҳнат шартномаси тузилгандан сўнг ходим аввалги ишини давом эттирса, бунга зарурат бўлмайди.

Кўрилаётган мисолда ходим маълум лавозимда дастлабки синов муддати шарти билан бир йил давомида ишлаган. Синов муддати тугагандан сўнг унинг ишни давом эттиргани иш берувчига ходим маъқул келгани ва лавозимига мос келганини англатади.

Демак, янги меҳнат шартномасини худди ўша вазифалардан иборат худди шу лавозим учун дастлабки синов муддати кўрсатилган ҳолда тузиш маънога эга эмас.  Ваҳоланки, бу расман тақиқланмаган: янги меҳнат шартномаси тузилади – янги синов муддати белгиланади. Аммо синов муддатини белгилаш мақсадидан келиб чиқсак, бунда  мантиқ йўқ.

 

“Такрорий” синов қачон белгиланади

Агар ходим билан қуйидаги ҳолатларда янги меҳнат шартномаси тузсангиз, бу қонуний бўлади:

  • бошқа мутахассислик, малака ёки лавозим бўйича;
  • аввалги лавозимга, аммо кенгайтирилган меҳнат вазифалари билан.

 Яъни янги меҳнат шартномасига  у аввал бажармаган янги лавозим мажбуриятлари киритилади.

Шу билан бирга аввалги шартнома МКнинг 107 ва 108 - моддаларининг барча  қоидалари бўйича бекор қилинади, ходим эса янги давр учун қабул қилинади.

 

Кимларга дастлабки синов муддати белгиланмайди 

Дастлабки синов муддати қуйидагиларга белгиланмайди

  • ҳомиладор аёлларга;
  • уч ёшга тўлмаган боласи бор аёлларга;
  • корхона учун белгиланган минимал иш жойлари – “квоталанган ўринлар” ҳисобидан ишга юборилган шахсларга;
  • ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларининг ҳамда олий ўқув юртларининг тегишли таълим муассасасини тамомлаган кундан эътиборан уч йил ичида биринчи бор ишга кираётган битирувчиларга;
  • олти ой муддатга меҳнат шартномаси тузилган ходимларга”.


Ишга қабул қилиш Ишга қабул қилиш Ишга қабул қилиш /publish/doc/text177702_hodimga_takroriy_sinov_muddatini_belgilash