Масофадан туриб ишловчи ходимларни расмийлаштириш ва улар билан ишлаш тартиби (3-қисм)

preview
Эътибор беринг
Тушунтириш 2023 йил 30 апрелдан кучга кирадиган янги МК асосида тайёрланган.

Масофадан  туриб ишловчи ходим билан ҳужжат айланишини қандай йўлга қўйиш керак, унга иш вақтини қандай белгилаган маъқул – қатъий ўрнатилган тарздами ёки мустақилми, агар ходим бошқа ҳудудда яшаса, унинг иш берувчининг олдига  иш сафарлари қандай расмийлаштирилади? Саволларга   «Норма» эксперти, ҳуқуқшунос Ленара ХИКМАТОВА ва Меҳнат кодекси муаллифларидан бири, юридик фанлар номзоди  Михаил ГАСАНОВ жавоб беришди:

 

– Масофадан туриб ишловчи ходим ва иш берувчи ўртасидаги ҳамкорлик электрон ҳужжатлар алмашинуви орқали амалга оширилади. Буни хабар юборувчини ишончли  аниқлашга имкон берадиган исталган усулда амалга ошириш мумкин. Муҳими, ушбу усулни ички ҳужжатларда ёки ходимнинг меҳнат шартномасида мустаҳкамлаб қўйиш керак . Масалан, ҳужжатларни электрон почта орқали юбориш мумкин.

Электрон ҳужжатларни юбора туриб:

  • иш берувчи масофадан туриб ишловчи ходимни ички ҳужжатлар, буйруқлар, билдиришномалар, талаблар ва бошқа ҳужжатлар билан ёзма шаклда, шу жумладан имзо қўйдириб таништиради;
  • масофадан туриб ишловчи ходим иш берувчига ариза билан мурожаат қилади, иш берувчига тушунтиришлар, шунингдек бажарилган ишлар натижасини тақдим қилади.

 Бунда тарафларнинг ҳар бири масофадан туриб ишлаш тўғрисидаги меҳнат шартномасида назарда тутилган муддатда электрон ҳужжатни олганлигини тасдиқлаши шарт.   Бундай тасдиқни юбориш шакли меҳнат шартномасида ёки ички ҳужжатда ҳам белгиланиши керак. Масалан, томонлар ҳужжатни электрон мессенджерлар  (Телеграм, WhatsApp ва бошқалар) ёки электрон почта орқали қабул қилишни тасдиқлайдилар.

Эътибор беринг
Ходим ижтимоий суғурта бўйича (вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик нафақаси, ҳомиладорлик ва туғиш нафақаси ва бошқа) тўловларни олиш учун ҳужжатларнинг кўчирма нусхаларини иш берувчига маълум қилинадиган буюртма хат билан почта орқали юборади. Асосий ходим ҳужжатларнинг аслини, ўриндош ходим эса нусхаларини юборади.

 

Ходим иш билан боғлиқ ҳужжатларни қандай олиши мумкин

Масофадан туриб ишловчи  ходимга иш даврида ишга қабул қилиш ва ўтказишлар тўғрисидаги буйруқларнинг нусхалари, меҳнат дафтарчасидан кўчирмалар, шу жумладан электрон меҳнат дафтарчасидан, ушбу иш берувчида ишлаш даври,  ходимга ҳисобланган ва у томонидан ҳақиқатда тўланган солиқлар, иш ҳақи, бошқа мажбурий тўловлар тўғрисида маълумотнома ва бошқалар керак бўлиши мумкин. Уларни олиш учун ходим иш берувчига ариза юбориши керак. Унда – ҳужжатларни қандай шаклда – қоғоз  ёки электрон ҳужжат сифатида олишни хоҳлаши кўрсатилади.

Шундан кейин иш берувчи ходим томонидан ариза берилган кундан уч иш кунидан кечиктирмай ҳужжатларни ходим сўраган шаклда: электрон ҳужжат кўринишида ёки – агар бу ҳужжатларнинг тасдиқланган нусхалари бўлса – маълум қилинадиган буюртма хат билан почта орқали юбориши шарт .

 

Масофадан туриб ишловчи ходимга иш вақти режимини қандай ўрнатиш керак

Масофавий ишчининг иш вақти қуйидагиларни ўз ичига олади:

1) масофадан туриб ишловчи ходим иш берувчи билан алоқада бўлиши (бевосита ҳамкорлик қилиши) керак бўлган белгиланган иш вақтини. Бундай ҳамкорлик тартиби қуйидагилар билан белгиланади:

  • касаба уюшмаси қўмитаси билан келишилган ҳолда қабул қилинган ички ҳужжат;
  • масофадан туриб ишлаш тўғрисидаги меҳнат шартномаси.

Уларда  масофадан туриб ишловчи ходим иш берувчи билан ҳамкорлик қиладиган: қўнғироқларга, электрон хатларга жавоб бериш ва иш берувчининг иш билан боғлиқ бошқа сўровларини бажариш давридаги аниқ вақт даври назарда тутилади.

Эътибор беринг
Агар меҳнат шартномасида ҳамкорлик қилиш тартиби белгиланмаган ёки ходим тегишли ички ҳужжат билан таништирилмаган бўлса, ходим ўз вақтида жавоб бермаганлиги ёки жойида йўқлиги учун уни жавобгарликка торта олмайсиз .

Ходим учун белгиланган иш вақти давомийлигидан ташқари ишга жалб этиш иш вақтидан ташқари иш деб ҳисобланади. Унинг учун ўз тартиби ва  2 ҳиссадан кам бўлмаган оширилган ҳақ назарда тутилган.

Аммо бу ерда ходим билан ҳамкорлик шаклидан келиб чиқиш керак.

Айтайлик, иш берувчи ходимга ишдан ташқари вақтда электрон почта орқали ходим эртаси куни белгиланган иш вақтида бажариши керак бўлган топшириқ юборади. Яъни, иш берувчи ходимни ишлашга жалб қилмайди, фақат эртанги кун учун топшириқ тўғрисида хабар беради. Бундай ҳамкорлик  иш вақтидан ташқари иш саналмайди.

Аммо агар иш берувчи иш вақти тугаганидан кейин ходимга қўнғироқ қилиб, зудлик билан бир соат ичида ҳисобот тайёрлаш ва уни электрон почта орқали юбориш кераклигини айтган бўлса, бу энди иш вақтидан ташқари иш бўлади;

2) фойдаланиш тартиби ходим томонидан мустақил равишда белгиланадиган иш вақти.  

Бундай иш вақтига бир ҳисса миқдорида ҳақ тўланади ҳамда унга нисбатан ишдан ташқари иш, дам олиш кунларидаги ва ишланмайдиган байрам кунларидаги иш, тунги вақтдаги иш учун меҳнатга ҳақ тўлаш шартлари татбиқ этилмайди .

Иш берувчи қатъий ўрнатилган иш вақти учун неча соат белгилашни ва ходимга эркин фойдаланиши учун қанча вақт қолдиришни бажариладиган ишнинг ўзига хос хусусиятларидан келиб чиқиб ҳал қилади.

Ишнинг хусусияти фойдаланиш тартиби ходим томонидан мустақил равишда белгиланадиган иш вақтини назарда тутмаслиги мумкин. Масалан, ишонч телефони  маслаҳатчилари соат 09:00 дан 18:00 гача дам олиш ва овқатланиш учун бир соатлик танаффус билан қатъий алоқада бўлишлари керак. Тегишинча, бундай ходимлар учун фақат қатъий иш вақти белгиланади.

Эътибор беринг
Масофадан туриб ишловчи ходим учун ишлаб чиқариш топшириғини белгилаш чоғида иш берувчи ишларнинг айрим турларини бажариш вақти нормативларини инобатга олиши керак. Бунда бир ойга мўлжалланган ишнинг бутун мажмуини бажариш учун иш вақтининг умумий давомийлиги иш вақтининг нормал ёки қисқартирилган давомийлигидан ошмаслиги керак .

 

Ходим бошқа ҳудудда яшаса, унинг иш берувчи жойлашган ерга иш сафарларини қандай расмийлаштириш керак

Агар ходим яшаш жойига ҳар куни қайтиш имкониятига эга бўлмаса, иш берувчи жойлашган ерга қилган сафари буйруқ билан хизмат сафари сифатида расмийлаштирилади.

 

Масофадан туриб ишловчи ходимга ҳар йилги меҳнат таътилини қандай бериш керак

Бундай ходимга ҳар йиллик меҳнат таътилини тақдим қилишда алоҳида шартлар йўқ. МКда белгиланган умумий қоидалар амал қилади.

Таътилнинг давомийлиги (қонунчиликда белгиланганидан камида асосий минимал ёки асосий узайтирилган таътил учун) ва уни тақдим қилиш тартиби иш берувчининг ички ҳужжатларида, жамоа келишувлари ва шартномаларида белгиланади.

 

Масофадан туриб ишловчи ходимнинг  меҳнатига қандай ҳақ тўлаш керак

Агар  масофадан туриб ишловчи ходим меҳнат нормаси ва меҳнат вазифаларини бажараётган бўлса, унинг меҳнатига ҳақ тўлаш қонунчилик билан белгиланган меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдоридан кам бўлиши мумкин эмас. Тўловнинг максимал миқдори чегараланмаган.

Меҳнатга ҳақ тўлашнинг вақтбай тизимида ҳақиқатда ишлаб берилган вақт учун, меҳнатга ҳақ тўлашнинг ишбай тизимида эса ҳақиқатда бажарилган иш ҳажми учун ҳақ тўланади .

Ишлаб чиқариш нормалари ва ишбай нархлар ишларни бажариш учун меҳнат тўғрисидаги қонунчиликка мувофиқ белгиланган нормал  иш вақтидан келиб чиққан ҳолда иш берувчи ва ходим ўртасидаги келишувига кўра белгиланади.

Эътибор беринг
Масофадан туриб ишловчи ходимнинг меҳнатига ҳақ тўлаш миқдори иш берувчининг ишлаб чиқаришида банд бўлган ходимлар меҳнатига ҳақ тўлаш шартлари билан таққосланадиган бўлиши керак.

Агар ходим иш ҳақига туман коэффициенти ўрнатилган ҳудудда ишласа, меҳнатга ҳақ ушбу коэффициентни ҳисобга олган ҳолда тўланади .

Жамоа келишувларида, жамоа шартномасида ёки ташкилотнинг ички ҳужжатларда ходимларнинг иш жойига келиши ва ортга қайтиши билан боғлиқ харажатларни компенсация қилиш назарда тутилиши мумкин . Аммо масофадан туриб ишловчи ходимлар масофадан туриб ишлаганлари ва иш жойига бориш ва қайтиш харажатларини амалга оширмасликлари сабабли, уларга бундай компенсация тўловлари тўланмайди.

 

Масофадан туриб ишловчи ходим билан меҳнат шартномасини қандай бекор қилиш керак

Масофадан туриб ишловчи ходим билан меҳнат шартномаси Меҳнат кодексида белгиланган асослар бўйича умумий тартибда бекор қилинади. Масофадан туриб ишловчи ходим билан тузилган меҳнат шартномасида бошқа шартлар, шу жумладан меҳнат шартномасини бекор қилиш учун қўшимча асослар ҳам назарда тутилиши мумкин .

Агар масофадан туриб ишловчи ходимнинг иш берувчининг масофадан туриб ишлаш тўғрисидаги меҳнат шартномасини бекор қилиш тўғрисидаги буйруғи билан танишиб чиқиши электрон ҳужжат тарзида амалга оширилса, иш берувчи меҳнат шартномаси бекор қилинган куни буйруқ нусхасини маълум қилинадиган буюртма хат билан почта орқали қоғозда юбориши шарт . Ўз навбатида ходим буйруқни  олгани ва у билан танишганлиги тўғрисида тасдиқнома юбориши керак.