Ташқи ўриндошга штат жадвали ва буйруқ расмийлаштириш тартиби

preview

«Ҳафтасига 20 соат ишлайдиган, аммо иш ҳақи тўлиқ ставка бўйича тўланадиган ташқи ўриндошни 0,5 ставкага ишга қабул қилсак, унга штат жадвали ва буйруқни қандай қилиб тўғри расмийлаштириш мумкин? Унга нисбатан шахсий устамани қўллаш мумкинми?».

Саволларга эксперт ва «Норма» кадрлар хизмати раҳбари Валерия ЛЯНДРЕС жавоб берди:

 

– Штат жадвалида ўриндош қабул қилинаётган лавозим учун корхона эҳтиёжларидан келиб чиққан ҳолда штат бирликлари сонини кўрсатинг:

  • 1 ставка кўрсатилиши мумкин, лекин бунда ходим 0.5 ставкага қабул қилинганидан кейин қолган 0,5 ставка бўш қолади, бу ЯММТда кўринади;
  • 0,5 ставка кўрсатилиши мумкин. Бу вазиятда ходим ишга қабул қилингандан сўнг вакансия ҳосил бўлмайди ва ЯММТда акс этмайди.

Ўриндошлик асосида ишга қабул қилиш тўғрисидаги буйруқни меҳнат шартномаси асосида белгиланган тартибда расмийлаштиринг. Меҳнат шартномасида ҳам, ишга қабул қилиш тўғрисидаги буйруқда ҳам қуйидагиларни  ёзинг:

1) шартнома тури – ўриндошлик асосида;

2) ставка миқдори – 0,5;

3) иш вақти тартиби – ҳафтасига 20 соат;

4) иш ҳақи миқдори – штат жадвалига мувофиқ лавозим маошининг 50%и (ёки белгиланган сумманинг 1/2 қисми);

5) томонларнинг келишувига кўра шахсий устама миқдори (бу қонунчиликка зид эмас).

Буйруқ нусхаларини бухгалтерия бўлимига ва иш вақтини ҳисобга олиш табелини юритиш учун масъул ходимга беринг.

 

Устама

1. Белгиланган иш ҳақига устама ходим ишга қабул қилинаётганда – ўзаро келишув бўйича тайинланиши мумкин. Ушбу шарт ходим билан меҳнат шартномасига киритилади.

2. Шунингдек, бундай доимий устама ўзаро келишувга кўра иш жараёнида ҳам белгиланиши мумкин. Бу ҳақида ходим билан меҳнат шартномасига қўшимча келишув тузилади.

3. Ниҳоят, иш берувчи вақтинчалик шахсий устамани белгилаш тўғрисида ўзи қарор қабул қилиши мумкин – рағбат сифатида ёки бошқа сабабларга кўра. Бундай ҳолда, ушбу шарт меҳнат шартномасига киритилмайди, балки ишга қабул қилиш тўғрисидаги буйруқда алоҳида банд билан кўрсатилади ёки алоҳида буйруқ чиқарилади. Ходим ушбу буйруқ билан таништирилади.