Ўриндошни тўлиқ ставкага ишга олиш мумкинми

preview

«Ташкилотда моддий бухгалтер лавозими бўш. Бу лавозимга ташқи ўриндошлик асосида ишлашга тайёр муносиб номзод бор. У асосий иш жойида 1 ставкада ишласа, уни тўлиқ ставкага ишга қабул қилишимиз мумкинми?». 

Саволга эксперт ва «Нормa» кадрлар хизмати раҳбари Валерия ЛЯНДРЕС жавоб берди:

 

– Янги МКда ўриндошлик асосида ишловчи шахсларнинг меҳнатини ҳуқуқий тартибга солишга алоҳида боб бағишланган . Аммо, аввал бўлганидек тўлиқ иш куни режимида ёки ҳисобга олинадиган давр учун иш вақтининг тўлиқ меъёрига амал қилишни назарда тутувчи ишга ўриндошни тўлиқ ставкага расмийлаштириб бўлмайди .

Кўпчилик, агар асосий иш жойи бўйича  0.5 ставка бўлса, ўриндошлик асосида тўлиқ ставкани расмийлаштириш мумкин деб ҳисоблайди. Аммо қонунчиликда бундай шарт йўқ.

Ўриндошлик асосида ишлашда ўриндошлик асосида ишлашнинг давомийлиги ходимларнинг ушбу тоифаси учун белгиланган иш вақти нормасининг ярмидан ортиқ бўлиши мумкин эмас (соғлиқни сақлаш тизими врач ходимлари бундан мустасно). Яъни – кўпи билан 0,5 ставка  .

Ходим асосий иш жойидаги меҳнат мажбуриятларини бажаришдан озод бўлган кунларда у ўриндошлик асосида тўлиқ иш кунида ишлаши мумкин .

Агар  ўриндошлар учун иш вақти давомийлигининг ҳар кунлик норманинг ярмига риоя этилиши мумкин бўлмаса, иш вақтини жамлаб ҳисобга олишни юритишга йўл қўйилади. Бундай ҳисобга олишда ўриндошлик асосидаги иш вақти (смена)нинг умумий давомийлиги ҳисобга олинаётган давр учун ўриндошлик лавозими бўйича иш вақти нормасининг ярмидан кўп бўлмаслиги керак. Ҳисобга олинадиган даврнинг чекланган давомийлиги Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги томонидан Ижтимоий-меҳнат масалалари бўйича уч томонлама республика комиссияси билан келишилган ҳолда белгиланади .   

 

Тавсия қиламиз:

Агар янги ходимни тўлиқ ставкага қабул қилиш зарурати бўлса, эҳтимол у асосий ишдаги мақомини – «ўриндош» ва 0,5 ставкага ўзгартиришга, янги иш жойида эса – асосий ходим сифатида тўлиқ ставкага расмийлаштиришга рози бўлар.