Лавозим йўриқномаси қандай тузилади, у иш берувчига қачон қўл келиши мумкин

preview

Ходимнинг меҳнат мажбуриятлари ҳеч қаерда қайд этилмаган бўлса, ушбу мажбуриятларни бузгани учун уни ишдан бўшатиш жуда қийин бўлади. Бу масалада иш берувчига тўғри тузилган лавозим йўриқномаси ёрдам беради. Уни қандай тузиш ва у билан қандай ишлаш ҳақида меҳнатга оид ҳуқуқ масалалари бўйича «Норма» эксперти Ленара ХИКМАТОВА гапириб берди:

 

– «Мисол учун, маслаҳатчи сотувчингиз кунига ўнта товар ўрнига битта сотаяпти ва тегишинча, сотиш режасини бажармаяпти. Раҳбарият нуқтаи назаридан ишдан бўшатиш ҳақида қарор қабул қилиниши аён, бироқ ходимни шунчаки ишдан бўшата олмайсиз, уни меҳнат тўғрисидаги қонун ҳужжатлари ҳимоя қилади.

Меҳнат шартномасида ходим «мижозларга маслаҳат бериши ва товарни реализация қилиши» кераклиги ёзилган. Демак, ҳатто кунига битта товарни сотса ҳам, бу унга иш ўрнини сақлаб қолиш ҳуқуқини беради.

Лавозим йўриқномаси – корхонанинг локал ҳужжати бўлиб, унда асосий вазифалар, муайян лавозимда ишлаш учун талаб этиладиган кўникма ва ваколатлар қисқача баён этилади. Ходимларнинг меҳнат мажбуриятлари бошқа локал ҳужжатларда (ИМТҚ, уставлар, интизом тўғрисидаги низомлар ёки б.) ёки меҳнат шартномаларида батафсил ёритилмаган бўлса, у керак бўлади . Йўриқноманинг вазифаси – қуйидагиларни мустаҳкамлаш:

  • ходимнинг вазифалари,
  • унинг асосий ҳуқуқлари, мажбуриятлари ва жавобгарлиги,
  • малака талаблари;
  • ишнинг бошқа муҳим шартларини.

Йўриқномалар зиммасига ўхшаш мажбуриятлар юклатилган ходимлар ўртасида ишни тақсимлашда ҳам ёрдам беради. Масалан, офисда иккита референт ишлайди. Ким нима билан шуғулланаётганини билиш учун битта йўриқномада «қўнғироқларни қабул қилади ва ташриф буюрувчиларга маслаҳат беради», бошқасида – «кирувчи ва чиқувчи ҳужжатларга жавоб беради» деб ёзамиз. Офисда хат-хабарлар йўқолиб қолса, бунинг учун иккинчи референт жавоб беради.

Эътибор беринг
Ходимни лавозим йўриқномаси билан ундан тилхат олган ҳолда албатта таништириш керак. Тилхат матнига «Йўриқнома билан танишиб чиқдим» деган сўзларни, ходимнинг шахсий имзосини, фамилияси ва исми-шарифини, танишиб чиққан санасини киритинг. Йўриқномани имзолаган ходим ишдан бўшаган, унинг лавозимини бошқаси эгаллаган бўлса, янги қабул қилинган ходимни ундан тилхат олган ҳолда лавозим йўриқномаси билан таништиринг (агар бунда вазифалари ўзгармаса).

Ташкилотдаги ҳар битта лавозим бўйича лавозим йўриқномаси тузилиб, шахссиз тусга эга бўлади (намунага қаранг). Қонун ҳужжатлари билан тасдиқланган шакли йўқ. Шунингдек, йўриқномаларни ишлаб чиқиш, уларни тасдиқлаш ва ўзгартиришлар киритиш тартиби ҳам белгиланмаган.

Баъзан меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларда қарам ташкилотлардаги лавозим йўриқномаларини ким ишлаб чиқиши кўрсатилади. Масалан, ФҲДЁ бўлими ходимларининг лавозим йўриқномаларини – туман (шаҳар) ҳокимлиги, ФҲДЁ архиви ходимларининг лавозим йўриқномаларини эса Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари агентлиги ҳудудий бошқармалари раҳбарлари тасдиқлайди .

 

Нималарни қайд этиш керак

Йўриқномаларни ёзишда қуйидагиларни ҳисобга олинг:

юридик шахс стратегияси акс этган, ташкилий муносабатлар схемалари келтирилган, ходимларнинг ваколатлари белгиланган корпоратив ҳужжатлар ва бошқалар;

агар мавжуд бўлса, лавозим йўриқномаларининг намунавий шакллари.

Ҳар бир лавозим йўриқномасига  ташкилот номини киритинг; тузилган сана ва жой; тасдиқлаш муҳри; ҳужжатнинг тўлиқ номи.

Йўриқнома матнига умумий қоидалар, вазифалар, лавозим мажбуриятлари, ходимнинг ҳуқуқ ва мажбуриятларини киритинг. Ушбу бўлимларнинг мазмунини батафсил таҳлил қиламиз.

 

1. Умумий қоидалар

Бу ерга қуйидагиларни киритинг:

  • штат жадвали бўйича лавозим номи;
  • таркибий бўлинмага тегишлилик;
  • ходимларнинг бўйсуниши;
  • лавозимга тайинлаш ва ундан озод этиш тартиби;
  • ходимнинг вақтинча йўқлигида лавозимни алмаштириб туриш тартиби;
  • малака талаблари: таълим даражаси (умумий, ўрта, олий, махсус) ва амалий тажриба (шунга ўхшаш лавозимдаги иш стажи);
  • ходим амал қилиши керак бўлган меъёрий-ҳуқуқий, услубий ва ички ташкилий-маъмурий ҳужжатлар (раҳбарнинг буйруқ ва фармойишлари, таркибий бўлинма тўғрисидаги низом, ИМТҚ ва бошқалар).

 

2. Вазифалар

Ушбу бўлимда қуйидагиларни кўрсатинг:

  • ходимнинг асосий вазифалари;
  • иш турлари*;
  • иш майдони;
  • ҳужжатларни тайёрлаш, қайта ишлаш ва топшириш хусусиятлари, муайян вазифаларни бажариш усуллари ва муддатлари, раҳбарият буйруқларини бажариш тартиби.

* Мисол учун, канцелярия ходимининг асосий вазифаси ҳужжатларни рўйхатдан ўтказиш. Аммо турли ташкилотларда у бу вазифа доирасида турли ишларни бажариши мумкин. Бир ҳолатда, ҳужжатларни рўйхатдан ўтказиш бир ёки бир нечта журналларни юритиш билан чекланади. Бошқаларида бунга карточкаларни тўлдириш, компьютер маълумотлар банкини юритиш, ахборот узатиш, маълумотнома файлларини тузиш ва юритиш ҳамда бошқалар қўшилади.

Ташкилотда қабул қилинган ҳужжатлар билан ишлаш технологиясини ва қўлланиладиган техник воситаларнинг хусусиятларини ҳисобга олинг.

 

3. Лавозим мажбуриятлари

Олдинги бўлимда сиз ходимнинг вазифалари ҳамда унинг иш турлари ва алоҳида топшириқларни санаб ўтдингиз. Бунисида – уларни бажаришнинг аниқ тартибини белгиланг. Шунингдек, бу ерда ходим риоя қилиши шарт бўлган ахлоқий меъёрлар ва талабларни мустаҳкамлаб қўйинг.

 

4. Ҳуқуқлар

Ходим зиммасига юкланган мажбуриятларни бажариш учун зарур бўлган ваколатларни ва уларни амалга ошириш тартибини мустаҳкамлаб қўйинг:

  • ходимнинг маълум маълумотлардан фойдалана олиши;
  • ишда керакли маълумотларни олиш тартиби;
  • қарор қабул қилиш;
  • айрим ҳужжатларни тасдиқлаш;
  • ҳужжатлар расмийлаштирилишини назорат қилиш;
  • қўл остидагиларнинг ишини назорат қилиш;
  • меҳнат интизомига риоя этилишини назорат қилиш ва бошқалар.

 

5. Жавобгарлик

Иш берувчига зарар етказган, вазифаларни нотўғри бажаргани учун ходимнинг жавобгарлиги (интизомий, моддий) шаклларини сананг.

Матн икки хил талқин қилинмаслиги учун уни оддий қисқа гаплар билан ёзинг.

Агар ташкилотда ходимларнинг ишини баҳолаш, жарималар ёки мукофотлаш тўғрисида қоидалар мавжуд бўлса, уларнинг таркибини давозим йўриқномаларида такрорламанг. Ходим ўз ишида санаб ўтилган ҳужжатларга асосланиши кераклигини эслатиб ўтинг.

Феълларни ҳозирги замонда ва учинчи шахсда қўлланг. Масалан: «инспектор бажармоқда», «бўлим бошлиғи ташкил қилади», «референт тузади» ва ҳоказо.

 

Лавозим йўриқномаларини ким ёзиши керак

Қуйидагиларга йўриқнома тайёрлашни топширинг:

1) таркибий бўлинмалар раҳбарларига (лавозим мажбуриятларини шакллантиради, ўзаро алоқалар ва масъулият соҳасини аниқлайди);

2) кадрлар хизматига (бўлим раҳбарларидан олинган маълумотларни тизимлаштиради, лавозим йўриқномаси лойиҳасини расмийлаштиради).

Кейин тайёр лойиҳаларни юридик хизмат (агар мавжуд бўлса) ва компания фаолиятининг тегишли йўналишлари учун масъул бўлган мансабдор шахслар билан мувофиқлаштириш мақсадга мувофиқдир. Сўнгра улар бўлим бошлиқлари томонидан имзоланиши ва директор ёки унинг ўринбосари томонидан тасдиқланиши керак. Ниҳоят, якуний иш: агар сизда муҳр бўлса, у билан тайёр ҳужжатни тасдиқланг.

 

Буйруқ чиқариш керакми

Лавозим йўриқномалари тасдиқлангани ҳақида буйруқ чиқариш шарт эмас. Йўриқноманинг ўзида тасдиқлаш муҳри – директор ёки бошқа ваколатли мансабдор шахс томонидан имзоланган санани кўрсатиш етарли.

Керак бўлганда, лавозим йўриқномаларини  тикиб, орқа томонида директорнинг (бошқа мансабдор шахснинг) имзоси ва ташкилотнинг муҳри (агар муҳр бўлса) билан маҳкамланг.

Ўзгариш бўлганда йўриқномаларга тузатиш киритинг:

  • меҳнат вазифалари;
  • лавозим номи;
  • ташкилот номи;
  • таркибий бўлим номи ва бошқалар.

Барча ўзгаришлар ҳужжат қабул қилингандаги каби тартибда амалга оширилади».

Кадрларга доир ҳужжатлар Кадрларга доир ҳужжатлар Кадрларга доир ҳужжатлар /publish/doc/text183537_lavozim_yuriqnomasi_qanday_tuziladi_u_ish_beruvchiga_qachon_qul_kelishi_mumkin