Карантинда иш ҳақи қанча муддат тўланмай туриши мумкин

preview

Қайси пайтдан бошлаб корхонада иш ҳақини тўлаш бўйича қарз муддати ўтказиб юборилган ҳисобланади? Иш ҳақи бўйича муддат ўтказиб юборилганлиги учун ким ва қандай ҳажмда жавоб беради? Агар бунда банк айбдор бўлса, қандай йўл тутиш лозим? Ёки контрагентлар вақтида тўловни амалга оширмаганлиги учун корхонанинг ҳисобварағида пул мавжуд бўлмасачи? Вазиятни «Норма»нинг кадрлар масалалари бўйича эксперти Ленара ХИКМАТОВА тушунтирди.

- Иш ҳақини бир кунга бўлса ҳам кечиктириш, сабабларидан қатъи назар, меҳнат қонунчилигининг бузилиши ҳисобланади.

Мулкчиликнинг барча шаклидаги корхоналар ва ташкилотлар ўзининг молиявий ҳолатидан қатъи назар, ходимга бажарган иши учун ҳақни ўз вақтида ва тўлиқ ҳажмда тўлаши шарт . Бунинг учун раҳбар шахсан жавобгар бўлади .

Ходим шикоят билан юқори турувчи ташкилотга (агар мавжуд бўлса), касаба уюшма қўмитасига (агар у аъзо ҳисобланса), давлат меҳнат инспекциясига, прокуратурага ёки судга мурожаат қилиши мумкин.

Қонун бўйича жавобгарлик чоралари

Директорни маъмурий жавобгарликка тортишлари мумкин  (БҲМнинг 5 бараваридан 10 бараваригача, бир йил давомида ҳуқуқбузарлик такроран содир этилган бўлса - БҲМнинг 10 бараваридан 15 бараваригача жарима). Шунингдек, корхона мулкдори директорни интизомий жазолаши мумкин.

Агар кечиктирилишида банк айбдор бўлса, прокуратурага мурожаат қилиш зарур. Банк ходимларини МЖТКнинг 241-7-моддасига биноан маъмурий жавобгарликка тортиш (БҲМнинг 20 бараваридан 40 бараваригача жарима) тўғрисида ариза берилади. Агар маъмурий жазодан кейин банк яна иш ҳақи учун пул маблағларини беришни кечиктирса, бу унинг ходимларини жиноий жавобгарликка тортишга сабаб бўлади .

МКнинг 16-моддаси талаблари иш берувчига иш ҳақини ходимларга ҳар ярим ойда бир мартадан кам бўлмаган тарзда тўлаш мажбуриятини юклайди. Аниқ муддатлар корхонанинг жамоа шартномасида ёки бошқа локал норматив ҳужжатида кўрсатилган бўлиши даркор (“бўнак – жорий ойнинг __-санасигача, иш ҳақи - келаси ойнинг __-санасигача”).

Ходимни ишдан бўшатиш чоғида иш берувчи унга иш ҳақини МКнинг 110-моддасида белгиланган муддатларда тўлашга мажбур.

Жамоа шартномасида нимани ёзиш керак

Шунингдек, жамоа шартномасида иш берувчининг аниқ жавобгарлик чоралари белгиланади . Масалан, унда корхона иш ҳақи кечиктирилган ҳар бир кун учун ўз ходимларига тўлайдиган пеня белгиланиши мумкин. Ёки жамоа шартномасида ходимларнинг иш ҳақини тўлаш қанчадир муддатдан ортиқ кечиктириб юборилганда ишни тўхтатиб туриш ҳуқуқи белгиланиши мумкин.  Бунда шу давр учун ходимлар учун иш ҳақи сақланиб қолади.

Эътибор беринг
Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси томонидан 2020 йил учун ишлаб чиқилган жамоа шартномаси макетида иш берувчининг жавобгарлик чоралари қуйидаги тарзда белгиланган (5.9-банд): “Меҳнат ҳақи, таътил учун ҳақ, ишдан бўшаш ва бошқа ҳолатлар бўйича тўланадиган тўловлар ўрнатилган муддатларга нисбатан Иш берувчининг айби билан кечиктирилганда Иш берувчи ҳар бир кечиктирилган кун учун ходимга ____ % миқдорида, бироқ Марказий банкнинг қайта молиялаштириш ставкасининг 1/300 қисмидан кам бўлмаган миқдорда пуллик компенсация тўлайди.

Шунингдек, жамоа шартномаси макети иш ҳақи бошқа органлар айби билан кечиктирилган тақдирда иш берувчи қабул қилиши керак бўлган чораларни таклиф қилади:

  • “хизмат кўрсатувчи банкнинг айби билан содир бўлганда – Иш берувчи (2001 йил 22 июндаги 264-сон ВМҚ асосида тузилган банк ва мижоз ўртасидаги хизмат кўрсатиш шартномасига биноан) банк раҳбариятига жарима ундириш тўғрисида талабнома киритишни ва ундирилган жаримани меҳнатга ҳақ тўлаш фондига йўналтиришни ўз зиммасига олади;
  • “муддати ўтган дебитор қарздорлик мавжудлиги сабабли кечиктирилиш содир бўлганда - Иш берувчи дебитор қарзларни жарималар, пенялар билан бирга ундиришни ва ундирилган маблағни меҳнатга ҳақ тўлаш фондига йўналтиришни ўз зиммасига олади;
  • кечиктирилиш ҳисоб рақамида маблағнинг йўқлиги сабабли содир бўлганда - Иш берувчи тижорат банкидан кредит олиб меҳнат хақини тўлашни ўз зиммасига олади (2002 йил 19 мартдаги 88-сон ВМҚга биноан)”.

Жамоа шартномасида белгиланган чораларнинг бажарилишини нафақат тарафларнинг вакиллари ва меҳнат жамоаси, балки Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг органлари ҳам назорат қилади .

Эътибор беринг
МКнинг 161-модданинг 4-қисми иш берувчининг жавобгарлигини айнан жамоа шартномасида регламентлаш имкониятини тўғридан-тўғри назарда тутади. Шу боис мазкур нормани бошқа локал ҳужжатга киритиш мумкин эмас.