Намунавий йўрқномалар бўлганда, ўзининг йўриқномасини ишлаб чиқиш керакми

preview

«Бизда ишлаб чиқариш корхонаси бор. Агар биз юқори турувчи ташкилот томонидан  «туширилган» намунавий йўриқномалардан фойдаланаётган бўлсак, ходимлар учун меҳнат муҳофазаси бўйича ўз йўриқномаларимизни ишлаб чиқишимиз шартми? Намунавий йўриқномаларнинг ўзи  етарли эмасми?».

Саволга «Нормэксперти, ҳуқуқшунос Ленара ХИКМАТОВА жавоб берди:

 

 

– Бўйсунувчи корхоналар учун намунавий йўриқномалар вазирликлар, идоралар, корпорациялар, концернлар, ассоциациялар ва бирлашмаларнинг меҳнатни муҳофаза қилиш хизматлари томонидан ишлаб чиқилади.  Корхоналар эса ўз навбатида уларни асос қилиб олиб, ўз ходимлари учун ички йўриқномаларни ишлаб чиқади. Негаки намунавий йўриқномаларда алоҳида корхоналарнинг барча ўзига хос шароитларини ҳисобга олиш имконсиз.

Шу тариқа, идоранинг намунавий йўриқномалари асосида сиз ходимларингиз учун меҳнат муҳофазаси бўйича йўриқномаларни ишлаб чиқишингиз ва тасдиқлашингиз керак. Бунинг учун сизга қуйидагилар керак бўлиши мумкин:

  • асбоб-ускуна ишлаб чиқарувчиларининг хавфсизлик талаблари баён қилинган фойдаланиш ва таъмирлаш ҳужжатлари;
  • аниқ ишлаб чиқариш шароитларини ҳисобга олган ҳолда корхонанинг технологик ҳужжатлари.

Йўриқномалар алоҳида касблар учун ҳам (электр пайвандчилар, дастгоҳ операторлари, чилангарлар, электромонтёрлар, фаррошлар, лаборантлар ва бошқалар), шунингдек алоҳида иш турлари учун (баландликда ишлаш, монтаж ишлари, созлаш, таъмирлаш ишлари, синовларни ўтказиш ва бошқалар) ҳам бўлиши мумкин.

Шунингдек, сиз намунавий йўриқномалардан уларни расмийлаштириш, келишиш ва белгиланган тартибда тасдиқлаш шарти билан  ишловчилар учун йўриқномалар сифатида фойдаланишингиз мумкин. Тартиб 870-сонли меҳнат муҳофазаси бўйича йўриқномаларни ишлаб чиқиш тўғрисидаги низомда белгиланган.

Тахминий ҳаракатлар режаси:

1) агар зарур бўлса, корхонанинг ўзига хос шароитларига нисбатан намунавий йўриқномага қўшимчалар киритинг. Намунавий  йўриқномалар тасдиқлангандан кейин кучга кирган норматив ҳужжатлар талабларини ҳисобга олинг;

2) йўриқномани меҳнатни муҳофаза қилиш хизмати билан, у бўлмаган тақдирда, зиммасига меҳнатни муҳофаза қилиш хизмати вазифаларини бажариш юклатилган раҳбар ва бошқа манфаатдор хизматлар, ташкилотлар ва мансабдор шахслар билан келишинг;

3) келишилган ҳужжатни тасдиқлаш учун 3 нусхада тақдим қилинг, улардан бири «биринчи» бўлиши керак. Йўриқнома корхона раҳбари (иш берувчи) ёки бош муҳандис томонидан тасдиқланади;

4) йўриқномани меҳнат муҳофазаси бўйича йўриқномаларни рўйхатдан ўтказиш журналида  рўйхатдан ўтказинг ;

5) ходимларни йўриқнома билан имзо чектириб таништиринг. Шунингдек:

  • дастлабки йўл-йўриқда уларни қўлга беринг;
  • уни иш жойларига ёки участкаларга ёки – ишчилар кўра олиши мумкин бўлган жойларга осиб қўйинг.
Эътибор беринг

Йўриқномаларнинг талаблари корхона ходимлари учун мажбурийдир. Ушбу талабларни бажармаслик ишлаб чиқариш интизомини бузиш ҳисобланади. Меҳнат муҳофазаси бўйича йўл-йўриқдан ўтмаган шахсларга ишлашга рухсат этилмайди.

Меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича йўриқномалар йўқлиги учун иш берувчи Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 49-моддасига биноан маъмурий жавобгарликка тортилиши мумкин.