Бош бухгалтер зудликда ишдан бўшаши мумкинми

preview

Янги Меҳнат кодексининг 489-моддаси айрим тоифадаги ходимлар, шу жумладан бош бухгалтер учун «ўз ташаббусига кўра» ишдан бўшаш тўғрисида хабар бериш муддатини кўпайтирди. У бу ҳақда иш берувчини бир ой олдин ёзма шаклда огоҳлантириши керак. Эътиборлиси, ушбу моддада томонларнинг келишуви билан ушбу муддатни қисқартириш имконияти кўзда тутилмаган. Демак, гарчи иш берувчи «тезда» ишдан бўшатишга қарши бўлмаса ҳам бош бухгалтер барибир бир ой ишлаб бериши кераклиги келиб чиқадими?

Нега бундай эмаслигини «Норма» эксперти, юрист Ленара ХИКМАТОВА тушунтирди:

 

– Янги МКнинг 489-моддасида ташкилот раҳбари, унинг ўринбосарлари, ташкилот бош бухгалтери ва ташкилот алоҳида бўлинмаси раҳбари билан меҳнат шартномасини бекор қилишнинг ўзига хос хусусиятлари ёзиб қўйилган. Агар ушбу тоифадаги ходимлар ўз ташаббусига кўра ишдан бўшашни хоҳласалар, улар бу ҳақда иш берувчини қуйидаги муддатларда ёзма равишда хабардор қилишлари керак:

  • ташкилот раҳбарини – камида икки ой олдин;
  • ташкилот раҳбари, унинг ўринбосарлари, ташкилот бош бухгалтери, ташкилот алоҳида бўлинмаси раҳбарини – камида бир ой олдин.

Ушбу ходимлар «ўз ташаббусига кўра» муддатли меҳнат шартномасини муддати тугашидан олдин ҳам, номуайян муддатга тузилган меҳнат шартномасини ҳам бекор қилиш ҳуқуқига эга.

Бунда  янги МКнинг 489-моддасида ҳақиқатан ҳам огоҳлантириш муддатини қисқартириш имконияти тўғрисида айтилмаган, чунки меҳнат шартномасини ходимнинг ташаббусига  кўра бекор қилишнинг умумий қоидасини тартибга солувчи бу шарт МКнинг 160-моддасида аллақачон ёзилган.

Яъни, айрим тоифадаги ходимларни ишдан бўшатиш хусусиятларини тартибга солувчи моддаларда назарда тутилмаган қолган вазиятларда янги МКнинг 160-моддасида белгиланган умумий қоидалар қўлланилади.

Хусусан, ушбу модданинг 4-қисмида шундай дейилган: «Ходим ва иш берувчи ўртасидаги келишувга кўра меҳнат шартномаси огоҳлантириш муддати тугашига қадар бекор қилиниши мумкин». Ушбу қоида бош бухгалтерлар учун белгиланган огоҳлантириш муддатига ҳам қўлланилади.

Бундан ташқари, МКнинг 489-моддасида белгиланган ходимларнинг тоифалари «ўз ташаббусига кўра» ишдан бўшатилганда, янги МКнинг 160-моддасида белгиланган бошқа умумий қоидалар ҳам сақланиб қолади. Хусусан:

  • огоҳлантириш муддатини ҳисоблаш тартиби ;
  • меҳнат шартномасини бекор қилиш тўғрисида иш берувчига ариза юбориш усуллари ва уни чақириб олиш имконияти ;
  • ходим томонидан муддатли меҳнат шартномасини муддатидан олдин бекор қилишда неустойка тўлаш, агар унда бундай шарт белгиланган бўлса;
  • ходим ўз ишини давом эттириши мумкин эмаслиги (таълим ташкилотига қабул қилинганлиги, пенсияга чиққанлиги, сайлаб қўйиладиган лавозимга сайланганлиги ва бошқа ҳолларда) билан боғлиқ бўлган ҳолларда иш берувчининг меҳнат шартномасини ходим илтимос қилаётган муддатда бекор қилиш мажбурияти ;

Шу билан бирга, бош бухгалтер компаниянинг оддий ходими эмаслигини ва унинг ишдан бўшатилиши ўзига хос хусусиятга эга эканлигини унутманг. Хусусан, иш берувчи унинг юритувидаги ҳужжатларни ва унинг иши билан боғлиқ моддий бойликларни қабул қилиш ва топширишни ташкил қилиши керак. Шунинг учун, агар бош бухгалтер уни зудлик билан ишдан бўшатишни сўраса (объектив сабабларсиз ), бу вазиятда иш берувчи компания учун эҳтимолий бўлган салбий оқибатларни ҳисобга олган ҳолда бу масалани ҳал қилиш ҳуқуқига эга.

Бош бухгалтер алмашганда ишларни қандай қилиб тўғри қабул қилиш ва топшириш ҳақида батафсил қуйидаги мақолада ўқинг:

Эътибор беринг

Мавсумий ишчилар учун ҳам бошқа огоҳлантириш муддатлари белгиланган; вақтинчалик ишларда банд бўлган шахслар; микрофирма ходимлари ва якка тартибдаги тадбиркорлар; уй ишчилари; Меҳнат кодексида назарда тутилган ҳолларда бошқа ишчилар. Тушунтиришга қаранг:

Қолган ходимлар учун  «стандарт» икки ҳафталик огоҳлантириш муддати (14 календарь кун) сақланиб қолган.