Директорни ноқонуний ишдан бўшатишлар учун қандай жазолашлари мумкин

preview

«МЧЖ директори Меҳнат кодексини доимий равишда бузади, яъни белгиланган талабларга риоя қилмасдан ўзига номақбул ходимларни ноқонуний равишда ишдан бўшатади. Масалан, бизда зарарли ишлаб чиқариш бўлгани учун бундай ишда бошқа ишлай олмаслиги важи билан «соғлиғи ҳолатига кўра номувофиқлиги» учун ҳомиладор ходималардан халос бўлади. Бошқа асослар бўйича шунга ўхшаш ноқонуний ишдан бўшатиш ҳолатлари жуда кўп». 

«Норма» эксперти, ҳуқуқшунос Ленара Хикматова қоидабузар қандай жавобгарликка тортилиши мумкинлигини тушунтирди:

 

– Аввало, аёллар ва уч ёшга тўлмаган боласи бор аёллар билан тузилган меҳнат шартномасини иш берувчининг ташаббуси билан бекор қилинишига йўл қўйилмаслигини эслатиб ўтамиз. Корхонанинг бутунлай тугатилиш ҳоллари бундан мустасно.  Бундай ҳолларда меҳнат шартномаси уларни албатта ишга жойлаштириш шарти билан бекор қилинади .

Ҳомиладор ходимани ишдан бўшатганлик учун маъмурий жарима билан қутулиб бўлмайди. Бу ҳолда қонун иш берувчига нисбатан муросасиз бўлади.

Аёлни ҳомиладорлиги муносабати билан ёки болани парвариш қилаётган шахсни ишдан ноқонуний бўшатганлик учун айбдор мансабдор шахс жиноий жавобгарликка тортилади. Жазо – БҲМнинг 25 бараваригача миқдорда жарима ёки уч йилгача муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш ёхуд уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари. Бу Жиноят кодексининг 148-моддасида назарда тутилган.

 

Жарима, ахлоқ тузатиш ишлари ёки муайян ҳуқуқдан маҳрум қилишми?

Бундай вазиятда қонун ишчилар томонида. Агар уларнинг ҳуқуқлари бузилган бўлса, улар уларни ҳимоя қилиш учун меҳнат инспекцияси, прокуратурага мурожаат қилишлари мумкин.

Меҳнат ва меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузиш мансабдор шахс учун БҲМнинг 5 бараваридан 10 бараваригача маъмурий жаримага сабаб бўлади. Маъмурий жазо қўлланилгандан кейин такрорий қоидабузарлик учун жарима БҲМнинг 10-15 бараваригача ошади. Аммо ноқонуний ишдан бўшатиш билан боғлиқ вазиятда иш бироз бошқача.

Агар гап ҳомиладор аёлни ишдан бўшатиш ҳақида кетмаётган бўлса, аввал директор умумий қоидаларга кўра маъмурий жавобгарликка тортилади (БҲМнинг 5-10 миқдорида жарима). Вояга етмаган ходимни ноқонуний ишдан бўшатганлик учун – БҲМнинг 10-20 баравари.

Маъмурий жазо қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор содир этилса, директорни Жиноят кодексининг 148-моддаси бўйича жиноий жавобгарлик кутади.

Ушбу моддага кўра шундай қилмишлар учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин ноқонуний ишдан бўшатиш БҲМнинг 25 бараваригача миқдорда жарима ёки уч йилгача муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш ёки уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланади. Жазо жиноят судининг ажримига кўра қўлланилади.

 

Муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш – бу суд томонидан тайинланган муддатда муайян лавозимларни эгаллаш ёки муайян фаолият билан шуғулланишни тақиқлаш. Жазонинг бу тури бевосита айбдорнинг лавозими ёки унинг фаолияти билан боғлиқ жиноятлар учун қўлланилади.

Суд муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиши мумкин :

  • асосий жазо тариқасида — бир йилдан беш йилгача муддатга;
  • қўшимча жазо тариқасида  — бир йилдан уч йилгача муддатга.

Бу ҳолатда директор билан меҳнат шартномаси, қоида тариқасида, меҳнат шартномаси тарафлар ихтиёрига боғлиқ бўлмаган ҳолатлар туфайли - МК 106-модданинг 3-банди бўйича бекор қилинади.  Ёки таъсисчиларнинг қарори билан директор ўз розилиги билан шу корхонада суд ҳукми билан тақиқланмаган бошқа ишга ўтказилиши мумкин.

Ахлоқ тузатиш ишлари – шахс иш ҳақининг ўн фоизидан ўттиз фоизигача миқдорини давлат даромади ҳисобига ушлаб қолган ҳолда уни меҳнатга мажбуран жалб қилишдан иборат. Жазо суднинг ҳукмига мувофиқ маҳкумнинг ўз иш жойи ёки мазкур жазо ижросини назорат қилувчи органлар белгилаб берадиган бошқа жойларда ўталади  .

 

Томонлар ярашиши мумкин

Бу тартиб Жиноят кодексининг 66-1 -моддасида назарда тутилган. Агар директор ўз айбини тан олган, жабрланувчи билан ярашган ва етказилган зарарни қоплаган бўлса, жиноий жавобгарликдан озод қилиниши мумкин.