Ходим 2 ойлик огоҳлантириш муддатини ишлаб бермаса бўладими

preview

«Ходимларга МКнинг 100-моддаси 2-қисми 1-бандига кўра  «ишлар ҳажмининг қисқарганлиги» муносабати билан «ходимлар сони қисқартирилиши» юзасидан меҳнат шартномаларининг бекор қилиниши мумкинлиги тўғрисида 2 ой олдиндан огоҳлантириш берилди. Огоҳлантиришда шундай дейилган: «ходим ва иш берувчининг ўртасидаги келишувга биноан огоҳлантириш муддати ўртача иш ҳақингиз ҳисобидан тўлиқ ёки қисман пуллик компенсацияга алмаштирилиши мумкин». Айрим ходимлар дарҳол бу ҳуқуқдан фойдаланишга қарор қилишди, бироқ иш берувчи улар огоҳлантириш муддатини ишлаб беришларини талаб қилмоқда.

Иш берувчи огоҳлантириш муддатини ходимнинг хоҳишига (аризасига) кўра тўлиқ ёки қисман пуллик компенсация билан алмаштиришга мажбурми?».

 

– Йўқ, иш берувчи бунга мажбур эмас.

Огоҳлантириш матни МКнинг 102-моддасига мос келади. Унда ходимлар сони (штати) ёки иш хусусиятининг ўзгаришига олиб келган ишлар ҳажмининг қисқарганлиги муносабати билан меҳнат шартномаси иш берувчининг ташаббуси билан бекор қилинганда иш берувчи камида 2 ой олдин бу ҳақда ёзма равишда огоҳлантириши шарт. Бунда огоҳлантириш муддати тарафларнинг келишувига биноан (бир тарафнинг илтимосига кўра эмас) пуллик компенсация билан алмаштирилиши мумкин (бу мажбурий эмас).

Бир тарафлама тартибда огоҳлантириш муддатини ўзгартириш ёки ўзгартиришни талаб қилишга ҳеч ким ҳақли бўлмайди. Ходимларнинг ҳеч бир тоифаси учун истиснолар қилинмайди. 

 

Агар мазкур даврда ходим бошқа иш топган бўлса

Ходим ўз манфаатларини ҳисобга олган ҳолда 2 ойлик огоҳлантириш муддати мобайнида бошқа иш топса-ю, лекин огоҳлантириш муддатининг қолган қисмини пуллик компенсация билан алмаштиришга иш берувчининг розилигини ололмаса, у ўз ихтиёрига кўра меҳнат шартномасини бекор қилиш тўғрисидаги аризани тақдим этиш ҳуқуқига эга бўлади .

Мазкур ҳолатда ходим МКнинг 99-моддасида  назарда тутилган 2 ҳафталик муддатни ишлаб бериши лозим, шундан кейин меҳнат шартномаси бекор қилинади. Бунда у МКнинг 100-моддаси 2-қисми 1-банди бўйича иш берувчининг ташаббуси билан ишдан бўшатилганда олишга ҳақли бўладиган моддий ёрдамдан маҳрум бўлади:

  • унга МКнинг 109-моддасига кўра ўртача ойлик иш ҳақидан кам бўлмаган миқдордаги ишдан бўшатиш нафақаси тўланмайди;
  • у МКнинг 67-моддасига мувофиқ иш излаш даврида ўртача ойлик иш ҳақини олиш ҳуқуқини йўқотади;
  • ходим жорий иш йили тугагунига қадар меҳнат таътилидан фойдаланган бўлса, ундан таътилнинг ишлаб берилмаган кунлари учун ортиқча тўланган таътил пули ушлаб қолинади.
Эътибор беринг
Ходим штат қисқартирилганлиги сабабли иш берувчининг ташаббуси билан ишдан бўшатилган тақдирда фойдаланилган таътилнинг ишлаб берилмаган кунлари учун тўланган таътил пули ушлаб қолинмайди .

 

Валерия ЛЯНДРЕС,

«Норма» компанияси эксперти.

Меҳнат шартномасини бекор қилиш Меҳнат шартномасини бекор қилиш Меҳнат шартномасини бекор қилиш /publish/doc/text181775_hodim_2_oylik_ogohlantirish_muddatini_ishlab_bermasa_buladimi