Ходим ишдан бўшаш фикридан қайтса

preview

«Ходим огоҳлантиришнинг  охирги кунида   ўз хоҳиши билан ишдан бўшаш ҳақидаги аризасини қайтариб олмоқчи. У кетиш фикридан қайтганини айтяпти. Аммо, биз унинг аризасини рўйхатдан ўтказиб, ишдан бўшатиш ҳақида буйруқ ҳам расмийлаштирганмиз. Энди қандай йўл тутишимиз керак?».

Саволга «Норма» эксперти Ленара ҲИКМАТОВА жавоб берди:

 

 

– Ходим икки ҳафталик ( ёки томонлар келишувига кўра қисқартирилган) огоҳлантириш муддати давомида меҳнат шартномасини бекор қилиш тўғрисидаги аризасини қайтариб олишга ҳақли .

Агар ходим ҳатто охирги  иш кунида ҳам ўз фикрини ўзгартирса, у компанияда ишлашни давом эттиришга ҳақли. Унга буни рад этиб бўлмайди.

 

Бу вазиятни қандай расмийлаштириш керак 

Ходим меҳнат шартномасини бекор қилиш тўғрисида илгари тақдим этган аризасини қайтариб олиш тўғрисида эркин шаклда янги ариза ёзади.

У қайтариб олиш сабабларини тушунтириши шарт эмас, негаки бу ҳолда улар аҳамият касб этмайди. Ҳар қандай ҳолатда ҳам иш берувчи унинг талабини қондириши шарт.

Агар иш берувчи ҳатто бўшаётган мутахассиснинг ўрнига бошқа мутахассисни таклиф қилган бўлса ҳам,  ходимга огоҳлантириш муддати тугагунига қадар аризасини қайтариб олишни рад этишга ҳақли эмас.

Қайтариб олиш ҳақидаги аризанинг тахминий мазмуни қуйидагича бўлиши мумкин:

  • «Вазият ўзгариши муносабати туфайли меҳнат шартномасини бекор қилиш учун аввал тақдим этилган аризани ўз хоҳишим билан қайтариб оламан».

Шу тариқа қайтариб олиш ходим томонидан яна бир ариза тақдим этишни англатади, иш берувчидан дастлабки  аризани талаб қилишни

эмас.  Ходим ишдан бўшаш ҳақидаги  рўйхатдан ўтказилган аризани олиб кетишга ҳақли эмас.

 

Агар ариза рўйхатдан ўтказилган, аммо ишдан бўшатиш тўғрисидаги буйруқ ҳали расмийлаштирилмаган бўлса

Ходимдан янги аризани олгандан сўнг жорий сана билан биринчи аризага (ишдан бўшаш ҳақидаги) "Бекор қилинган" белгисини қўйинг. Асос сифатида қайтариб олиш тўғрисидаги аризанинг тафсилотларини киритинг. Ёзувларни имзоингиз билан тасдиқланг.

 

Агар меҳнат шартномасини бекор қилиш тўғрисида буйруқ чиқарилган бўлса

Бу ҳолда қайтариб олиш ҳақидаги ариза асосида меҳнат шартномасини бекор қилиш ҳақидаги биринчи буйруқни бекор қилиш тўғрисида янги буйруқ чиқаринг:

  • «Меҳнат шартномасини бекор қилиш тўғрисидаги аризани қайтариб олиш (ходимнинг тўлиқ исми-шарифи) муносабати билан у билан меҳнат шартномасини бекор қилиш тўғрисидаги буйруқ ___ сон билан  "__" ________дан бошлаб бекор қилинсин. Асос – фалон санадан қайтариб олиш (ходимнинг тўлиқ исми-шарифи) аризаси».

Агар қоғоз меҳнат дафтарчасига ёзув киритиб бўлган бўлсангиз,  унинг ортидан янгисини киритинг: « ___ сонли ёзув ҳақиқий эмас». «Ёзув ниманинг асосида киритилган» 4-устунида меҳнат шартномасини бекор қилиш тўғрисида илгари чиқарилган буйруқни бекор қилиш тўғрисидаги буйруқнинг тафсилотларини кўрсатинг. Электрон меҳнат дафтарчасида ишдан бўшатишни бекор қилинг.