Иш ҳақи сақланмайдиган таътилдан сўнг бўшаб кетиш мумкинми

preview

«Ходим кейинчалик ишдан бўшаш мақсади билан иш ҳақи сақланмайдиган таътилга ариза ёзиши мумкинми? Бу ҳолатда ишдан бўшатиш   қайси сана билан расмийлаштирилиши керак?».

Саволларга эксперт ва «Норма» кадрлар хизмати раҳбари Валерия ЛЯНДРЕС жавоб берди:

 

– Умумий қоидаларга кўра, кейинчалик меҳнатга оид муносабатларни тугатган ҳолда ходимларга фақат меҳнат таътиллари берилади . Меҳнат қонунчилигида кейинчалик ишдан бўшатиш билан иш ҳақи сақланмайдиган таътил назарда тутилмаган. Бундан ташқари, иш берувчи иш ҳақи сақланмайдиган таътил беришга мажбур эмас (ходимларнинг маълум бир тоифаси бундан мустасно) ва ходимнинг илтимосини рад этишга тўлақонли ҳақли .

 

Агар ходим «иш ҳақи сақланмайдиган» таътилда бўлиб турганида меҳнат шартномасини бекор қилиш тўғрисида ариза берган бўлса

Ходим бундай қила олади. Бундай ҳолда, унинг «иш ҳақи сақланмайдиган» таътилда бўлиш вақти ишдан бўшатиш тўғрисидаги огоҳлантириш муддатига ҳисобга олинади.

Эътибор беринг
Умумий қоидага кўра огоҳлантириш муддати 14 календарь кунга тенг. Аммо агар ходим «таътил тугаши билан ишдан бўшаш» учун ариза ёзса, таътил, айтайлик, 3 ҳафтадан кейин тугаса, ходимни ушбу ариза бўйича ишдан бўшатиб бўлмайди, чунки огоҳлантириш муддати 14 кундан ошади.

 

Агар ходим кейинчалик ишдан бўшаш мақсади билан маълум бир муддат учун иш ҳақи сақланмайдиган таътил беришни сўраса

Аввало, ушбу масалани ишлаб чиқариш манфаатлари юзасидан кўриб чиқинг, чунки иш берувчи бундай таътил бошланган санадан бошлаб мутахассиссиз қолади. Бу жойга янги ходимни ишга қабул қилиб бўлмаганидек, лавозимни бўш деб ҳисоблаш ҳам мумкин эмас.

Агар ходим меҳнат муносабатларини давом эттиришни режалаштирмаса, унга қуйидагиларни тушунтиринг:

1) иш ҳақи сақланмайдиган таътилда бўла туриб ва меҳнат шартномаси бекор қилинган санагача қўлига меҳнат дафтарчасини ёки унинг электрон версиясидан ишдан бўшатиш тўғрисидаги белги билан кўчирма ололмаслигини, демакки, ишга жойлаша олмаслигини. Агар ҳатто корхонада ходимнинг қўлига меҳнат дафтарчасини беришса ҳам, у ерда иш ҳақи сақланмайдиган таътилнинг тугаш санаси ишдан бўшатиш санаси деб кўрсатилади. Унгача ходим ишдан бўшатилган деб ҳисобланмайди ва ишга жойлаша олмайди;

2) икки ҳафтадан ошадиган иш ҳақи сақланмайдиган таътил меҳнат таътили олиш ҳуқуқини берувчи иш стажига киритилмайди .  Демак,  ишдан бўшатилаётганда фойдаланилмаган меҳнат таътили учун компенсация иш сақи сақланмайдиган таътилнинг биринчи 2 ҳафтасини ҳисобга олган ҳолда амалга оширилади ;

3) иш ҳақи тўғрисидаги маълумотномаларга киритилмаган иш ҳақи сақланмайдиган таътилларда бўлиш  вақти пенсияни ҳисоблашда иш стажидан чиқариб ташланади.

Ходим, агар у ушбу ташкилотда ишлашни давом эттиришни режалаштирмаса, иш ҳақи сақланмайдиган таътилга бўлган ҳақиқий эҳтиёжни баҳолаши ва эҳтимол ўз ташаббусига кўра меҳнат шартномасини бекор қилиш тўғрисида қарор қабул қилиши керак, бу ҳақда иш берувчини белгиланган муддатларда ёзма равишда хабардор қилиши керак .

 

Турли тоифадаги ходимларни «ўз ташаббусига кўра» ишдан бўшаш ҳақида қайси муддатда огоҳлантирадилар

1995 йилда ўзгартирилган Меҳнат кодекси билан таққосланганда, янги Меҳнат кодекси турли тоифадаги ходимлар учун иш берувчини ўз ташаббусига кўра ишдан бўшаш тўғрисида огоҳлантиришнинг турли муддатларини назарда тутади:

  • умумий қоидаларга кўра – 14 календарь кун ичида;
  • ташкилот раҳбарлари иш берувчини икки ой олдин огоҳлантирадилар ;
  • ташкилот раҳбарининг ўринбосарлари, бош бухгалтер ва алоҳида бўлинмалар раҳбарлари – 1 ой олдин ;
  • мавсумий ишчилар – уч календарь кун олдин ;
  • вақтинчалик ишда банд бўлган шахслар – уч календарь кун олдин ;
  • микрофирмалар ходимлари – етти календарь кун олдин ;
  • якка тартибдаги тадбиркорларнинг ходимлари – етти календарь кун олдин ;
  • уй ишчилари – етти календарь кун олдин .

Шунингдек, ишдан бўшатишни тарафларнинг келишувига кўра расмийлаштириш мумкин . Бу ҳолда меҳнат шартномасини бекор қилишнинг исталган санасини белгилаш мумкин.